Бухоро шаҳрининг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режаси муҳокама қилинди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 94-сессиясида Бухоро шаҳрининг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режаси муҳокамаси ўтказилди.
Бухоро шаҳрининг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги ПҚ-59-сон қарори бўйича Техник топшириққа асосан ишлаб чиқилмоқда.
Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади Бухоро шаҳри жамоат транспорти тизимини комплекс ривожлантириш, йўловчиларга сифатли ва хавфсиз транспорт хизматларини кўрсатиш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш, ҳаракат таркибини барча қулайликларга эга бўлган замонавий автобуслар билан янгилаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда пиёдаларга қулай ҳаракатланиш муҳитини яратиш учун лойиҳавий ечимлар ишлаб чиқишдан иборат.
Бухоро шаҳрининг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режасини амалга оширилишининг пировард натижаси - доимий ўсиб бораётган аҳолининг ҳаракатланишга бўлган эҳтиёжини, аввало хавфсиз, кейин эса қулай, сифатли ва арзон бўлган барқарор жамоат транспорти хизматлари билан таъминлашга қаратилган. Бунда жамоат транспорти жозибадорлигини оширишга йўналтирилган қатор ташкилий ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича тадбирлар амалга оширилиши белгиланган.
Ташкилий йўналишда, аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, брутто-шартнома (сифат ва ҳажм мезонлари бўйича ташувчилар билан ҳисоб-китоб қилиш) асосида автобуслар йўналишларини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу йўналишларда аҳолининг барча қатламлари учун давлатнинг ижтимоий сиёсати тамойиллари асосида имтиёзли тарифлар жорий этилади.
Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш йўналишида, автобус йўналишлари тизимини жорий этилишидан олдинроқ амалга оширилиши керак бўлган муҳим масала бўлиб, унда жамоат транспортининг барқарор ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга қаратилган тадбирлар амалга оширилади.
Лойиҳанинг биринчи босқичида транспортда ҳаракатланиш учун талаб юқори бўлган кўча-йўл тармоғининг асосий участкаларида транспортнинг барқарор ҳаракатланишини таъминловчи ҳамда светофорларнинг ўзаро мувофиқлаштирилган тизими жорий этиш бўйича умумий узунлиги 23,3 км масофага тенг бўлган 7 та транспорт коридорини ташкил қилиш бўйича лойиҳавий ечимлар ишлаб чиқилди, жумладан:
1) Ислом Каримов кўчаси бўйлаб – узунлиги 3,4 км;
2) Мирдўстим кўчаси бўйлаб – узунлиги 2,2 км;
3) Муҳаммад Иқбол кўчаси бўйлаб – узунлиги 3,2 км;
4) Мустақиллик кўчаси бўйлаб – узунлиги 3,8 км;
5) Марат Каримов кўчаси бўйлаб – узунлиги 1,7 км;
6) Баҳовуддин Нақшбандий кўчаси бўйлаб – узунлиги 4,8 км;
7) Ғиждувон кўчаси бўйлаб – узунлиги 4,2 км.
Транспорт коридорлари бўйича илмий жиҳатдан асослантирилган лойиҳавий ечимлар ишлаб чиқиш учун махсус дастурий таъминот ёрдамида коридорларнинг транспорт моделлари ишлаб чиқилди.
Белгиланган транспорт коридорларни реконструкция қилиш бўйича лойиҳавий ечимларда қуйидагилар кўзда тутилган:
1) йўл ҳаракатини ташкил қилиш жараёнини такомиллаштириш мақсадида чорраҳалар ҳамда жамоат транспорти бекатларини реконструкция қилиш ва қайта қуриш;
2) чорраҳаларда транспорт воситалари тўхтаб туриш вақтини камайтириш ва транспорт юкламасини бир маромда тақсимланиши таъминлаш учун ўзаро мувофиқлаштирилган светофор бошқарувини жорий этиш;
3) бекатлар яқинида, талаб юқори бўлган жойларда енгил транспорт жумладан такси учун алоҳида йўловчи тушуриш чиқариш жойларини ташкил этиш;
4) йўл бўйи тартибга солинган автомобиллар тўхтаб туриш жойлари тизимини жорий этиш;
5) йўл-транспорт ҳодисалари ўчоқларида йўл ҳаракатининг барча иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш.
Транспорт коридорлари реконструкция қилиш бўйича таклиф қилинаётган лойиҳавий ечимларни амалга ошириш натижасида И.Каримов кўчаси бўйлаб транспорт коридори мисолида узунлиги 3,3 км бўлган моделлаштириш натижасида қуйидаги натижаларга эришилади:
ҳаракатланаётган транспортлар сони 30% га (11264 тадан 14643 тага) оширилади;
коридордан бўйлаб ҳаракатланиш вақти 30% га (945 секунддан 610 секундга) тежалади;
транспорт воситалари ёқилғи сарфи соатига 1098 литрга тежалади;
транспортдан чиқариладиган зарарли газлар миқдори соатига 238 кг миқдорга камайтиришга эришилади.