Бухоро шаҳрига янги ҳоким тайинланди
Buxoro shahar hokimligiБугун, 4 март куни Бухоро шаҳар фаолларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутатлари, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, шаҳар ҳокимлиги аппарати масъул ходимлари, шаҳардаги давлат бошқаруви ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, тегишли шаҳар корхона, ташкилот ва муассасалари, секторлари раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Фаоллар йиғилишини вилоят ҳокими Карим Камолов олиб борди.
Вилоят ҳокими Карим Камолов ўз нутқида Давлатимиз Раҳбари Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан Бухоро шаҳрида мисли кўрилмаган даражада ислоҳотлар амалга оширилганлиги, мазкур янгиланишларда шаҳардаги ҳар бир ташкилот ва муассаса ҳодимларининг хизмати борлигини эътироф этди.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилиб, Бухоро вилоят ҳокимининг қарорига асосан Бухоро шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Ўткир Жумаев Бухоро шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганлиги маълум қилинди.
Йиғилишда шунингдек, Бухоро шаҳар ҳокими вазифасида ишлаб келган, айни кунда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловнинг Бухоро шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қўшган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди. Унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
Йиғилиш давомида шаҳар фаолларининг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Бухоро шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати