Бухоро шаҳрида 6-7 август кунлари бўлиб ўтадиган “Қовун сайли”га марҳамат!

Бухоро шаҳрида 6-7 август кунлари бўлиб ўтадиган “Қовун сайли”га марҳамат!

Buxoro.uz

Бухорои шариф ўзининг ноёб тарихий-меъморий ёдгорликлари, қадим обидалари, муқаддас қадамжолари, пир-у авлиёлар макон тутган зиёратгоҳлари билан дунё эътиборини ўзига қаратиб келаётган бўлса, серқуёш заминимизнинг ширадор боғ-роғлари, ҳосилдор токзорлари, серқуёш заминда ғарқ пишиб етиладиган сабзавот-полизлари билан ҳам довруғ қозонган десак, муболаға эмас.

Табиат саховати — ҳар йили пишиқчилик мавсумида алоҳида уюшқоқлик билан ташкил этилаётган кўргазмалар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари, қовун-тарвуз сайллари, асал ва зираворлар намойиши фикримизга ёрқин далил. Булар барчаси кейинги йилларда қадим ва навқирон шаҳримизда сайёҳлар оқимини кенгайтиришга, воҳа халқи меҳмондўстлигининг гастрономик имкониятларини юзага чиқаришда ўзига хос аҳамият касб этаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Аммо минг афсуски, жорий деҳқончилик мавсуми пандемия муносабати билан эълон қилинган карантин чекловлари даврига тўғри келди. Шунга қарамасдан, ҳар йили вилоятимиз марказининг “Фавворалар майдони”да кўтаринки кайфиятда ўтиши яхши анъанага айланган “Қовун сайли”ни бу йил карантин қоидаларига мувофиқ ҳолда Бухоро шаҳрининг 11 та ҳудудида ўтказишга қарор қилинди.

“Қовун сайли” тадбирлари шу йил 6-7 август кунлари вилоят марказининг қуйидаги манзилларида бўлиб ўтади:

Абу Али ибн Сино номидаги “Фавворалар майдони”да;

“Арк” тарихий қўрғони олдида;

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ёнида;

32-сонли “Меҳрибонлик уйи” яқинида;

“Гулистон” МФЙда, аниқроғи “Гулистон” чойхонаси олдида;

Ислом Каримов кўчасидаги “Малика” тўйхонаси ёнида;

5-кичик ноҳия, А.Сомий кўчасидаги 1-сонли ИИБ рўпарасида;

Мустақиллик кўчасидаги собиқ “Баҳор” кафеси олдида;

“Шарқ-1” мавзесидаги “Олтин минора” чойхонаси рўпарасида;

Навоий шоҳ кўчасида жойлашган “Мега Маркет” савдо мажмуаси олдида;

Алпомиш кўчасидаги эски “Тўқимачи” бозори автотураргоҳида.    

Азиз юртдошлар ва шаҳримиз меҳмонлари!

Миришкор бободеҳқоннинг пешона тери, машаққатли меҳнати эвазига серқуёш заминимизда ғарқ пишиб етилган, тилими тилни ёрадиган «Амири», «Баргинай», «Бўрикалла», «Гулоби», «Кўкча» «Шерози» каби хушхўр қовунлардан баҳраманд бўлинг!

Report Page