Бухоро шаҳрида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ўтказилди

Бухоро шаҳрида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ўтказилди

Buxoro.uz

Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан бугун, 31 июль куни вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Бухоро шаҳридаги 32-Меҳрибонлик уйи, Бухоро Мараказий деҳқон бозори, “Арк” қўрғони мажмуаси олдида ташкил этилган ярмарка ички ишлар идоралари, Миллий гвардия ва санитария осойишталик маркази ходимлари назорати остида карантин қоидаларига мувофиқ тарзда ўтказилди. 

Мазкур ярмаркада бозор ва савдо мажмуаларида сотилаётган маҳсулотлардан кўра, сифатли ва арзон нархлардаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдога қўйилди. 

— Ярмаркада вилоятимизнинг миришкор деҳқон ва чорвадорлари етиштирган 2 минг 200 кг гўшт, 8 тонна мева-сабзавот, 9 тонна полиз маҳсулотлари, шунингдек, 8 минг дона тухум арзонлаштирилган нархларда Бухоро шаҳри аҳолисига тортиқ қилинди,-дейди вилоят ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги котибияти бош мутахассиси Озод Нўкаров. — Масалан, 1 кг мол гўшти 40-45 минг ёки бир дона тухум 500 сўм нархда сотилди. Аслида, ярмарканинг ташкил этилгани муборак Қурбон ҳайити кунларида юртдошларимиз учун жуда қўл келди.  

Дарҳақиқат, бу каби чегирма ва арзонлаштирилган маҳсулот ярмаркаларининг ўтказилгани халқимизнинг байрамни кўтаринки руҳда кутиб олишига замин яратди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати