Бухоро шаҳри ва Шаржа Амирлиги ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилди

Бухоро шаҳри ва Шаржа Амирлиги ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилди


Бугун, 17 апрель куни вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бирлашган Араб Амирликлари Шаржа амирлиги ҳукумати ижрочи раиси Шайх Фаҳим ибн Султон Ол Қосимий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда шунингдек, Ўзбекистоннинг БААдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдулазиз Оққулов ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг муваққат ишлар вакили Муҳаммад ал-Даҳирий, вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров, Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носировлар иштирок этишди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқот аввалида Ботир Зарипов Шайх Фаҳим ибн Султон Ол Қосимий жанобларини қадим ва навқирон Бухорога ташрифи билан қутлади. Шунингдек, вилоят раҳбари БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама алоқаларнинг барча соҳаларда жадал ривожланиб бораётганини қайд этди.

Мулоқот давомида Ботир Зарипов Бухоронинг бой тарихи, бугунги куни, иқтисодий-ижтимоий соҳаларда эришилаётган ютуқлари, саноат, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва инвестициявий йўналишлардаги имкониятлари тўғрисида маълумот берди. Ҳамда барча йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, янги йўналишларда икки томонлама шериклик алоқаларини йўлга қўйишга тайёр эканини билдирди.

Ўз навбатида Шайх Фаҳим ибн Султон Ол Қосимий жаноблари Бухорода эканлигидан хурсандлигини билдириб, ушбу шаҳарнинг тарихий қадамжоларда бўлганини, уларнинг маҳобати ва жозибадорлигидан ҳайратда эканини яширмади.

Шунингдек, Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик бугунги кунда юксак даражага чиққани катта мамнуният билан таъкидлади. Ҳамда имзоланадиган Меморандум бу алоқаларни келгусида ҳам янада ривожлантириш, барча йўналишларда ҳамкорлик қилиш учун қўйилган навбатдаги қадам бўлишини айтиб ўтди.

Шундан сўнг Бухоро шаҳри ва Шаржа Амирлиги ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилгани тўғрисида Англашув Меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page