Бухоро давлат университетида кўчат ўтқазиш тадбирлари бўлиб ўтмоқда
Buxoro.uz
Жорий йил 2 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари кўриб чиқилиб, 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.
Шундан келиб чиқиб, Бухоро давлат университети раҳбарияти, хўжалик бўлими, Табиий фанлар факультети, Экология ва атроф муҳит муҳофазаси таълим йўналиши талабалари билан биргаликда университет кампусида дарахтзорлар барпо этиш, “Ёшлар боғи”ни ташкил қилиш, шунингдек, долзарб экологик муаммоларни ҳал қилишга кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш мақсадида “40 кун кўчат ўтқазайлик!” шиори остида кўчат ўтқазиш тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Бухоро давлат университетида Экология ва атроф муҳит муҳофазаси ҳамда Биология таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади. Экология ва география кафедраси профессор-ўқитувчилари ва талабалалари “Бухоро–Мўйноқ” экологик акцияси доирасидаги тадбирларда мунтазам иштирок этмоқда. Ушбу акцияда шу вақтга қадар 300 тупдан ортиқ тут ҳамда 1000 тадан кўп саксовул ниҳоллари ўтқазилган.
Бундан ташқари вилоятимизда барқарор экологик муҳитни сақлаб қолиш борасида Олот ва Қоракўл туманлари ҳудудларида 2021-2022 йиллар давомида Бухоро давлат университети ташаббуси билан 150 мингдан ортиқ тез ўсувчи ва манзарали дарахтлар экиш ойлиги ўтказиляпти. Экилган дарахтларнинг сув ва озиқа моддалар билан таъминотини яхшилаш эвазига уларнинг 80-90 фоизи ҳозирги пайтда яхши ривожланган. Айни кунларда келгуси 2022 йилда вилоят миқёсида терак-иҳотазорлар барпо қилишнинг илмий асосларини яратиш ва стресс омилларнинг салбий таъсирини юмшатиш борасида кенгайтирилган дастур ишлаб чиқиляпти.

Куз фасли дарахт ва ниҳолларни ўтқазишнинг айни вақти ҳисобланади. Мазкур тадбирлар университет миқёсида давом этмоқда.