“Бухоро амири қўшбегиси маҳкамаси” деб номланган И-126 рақамли архив фонди ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” Дастурига рўйхатга киритилди

“Бухоро амири қўшбегиси маҳкамаси” деб номланган И-126 рақамли архив фонди ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” Дастурига рўйхатга киритилди

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзархив" агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев маълум қилди:

ЮНЕСКО халқаро ташкилотининг “Жаҳон хотираси” Дастури доирасида дунёда ноёб ҳужжатли меросга эга бўлган архивларни аниқлаш ва махсус рўйхатга киритиш амалиёти жорий қилинган. 2017 йилда Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган «Хива хони девонхонаси» ҳужжатлари архив фонди мазкур дастурга кирилган.  Дастлаб, «Хива хони девонхонаси» архив фонди Ўзбекистон Миллий архивга 1948 йилда қабул қилинган. Фонд таркибидаги ҳужжатлар 1874-1917 йилларни қамраб олган.

1936 йилда шарқшунос П.Иванов Ленинград (ҳозирда Санкт-Петербург)даги М.Е.Салтиков-Шчедрин номидаги Давлат оммавий қутубхонасида (аввалги Россия императори кутубхонаси) Хива хонлари архивини тасодифан топиб олган. 1962 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивига М.Е.Салтиков-Шчедрин номидаги Давлат оммавий кутубхонасидан (собиқ Император оммавий кутубхонаси, ҳозирда Россия Миллий кутубхонаси) Хива хонлари архив ҳужжатлари қайтариб берилган. Архив фонди таркибида жами 1268 та йиғмажилд сақланиб, уларнинг даврий чегараси XVII  асрдан 1920 йилларни қамраб олади.

Мазкур фонд бугунги кунда тўлиқ рақамлаштирилган.

2023 йил 10-24 майда Парижда бўлиб ўтган ЮНЕСКО ижроий кенгашининг 216-йиғилишида Ўзбекистон Миллий архивда сақланаётган “Бухоро амири қўшбегиси маҳкамаси” деб номланган И-126 рақамли архив фонди рўйхатга киритилди.

Бугунги кунда мазкур фондда жами 9441 йиғмажилд 2 та архив рўйхатига киритилган. Ҳужжатларнинг даврий чегараси 1718-1920 йилларни қамраб олади. Уларнинг ичида Бухоро амирлигининг ташқи сиёсати, коммуникация ва логистика, ҳарбий иш, паспорт тизими, фуқароларни ҳуқуқларини муҳофаза қилиш масалалари, маъмурий-ҳудудий тузилиши, соғлиқни сақлаш, тиббиёт ва санъатга оид ҳужжатлар сақланади.

Бухоро амирлиги Қушбегиси девонхонаси турли номлар билан мавжуд бўлган. Масалан: Ёзма манбаларга кўра, 1930-йилларда Бухоро Аркидан топилган ҳужжатлар тўплами тарихчилар орасида “Қушбеги архиви” деб аталган. Лекин 1942-йилда Тошкентга келтирилгач, “Бухоро амири Абдулаҳадхон қушбеги”, кейин “Бухоро амирлиги қушбегиси”, 1956-йилдан бошлаб эса “Бухоро амирлиги қушбегиси девонхонаси” деб атала бошлаган. 1938 йилдагина Бухоро амирлиги қўшбеги девонхонаси архивининг бир қисм ҳужжатлари Қори Аҳмад Муҳаммедов ва Иброҳим Халиловлар томонидан тузилган рўйхатлар билан Тошкентдаги архивга юборилади. Қолган қисми Бухоро ўлкашунослик ва тарих музейида сақловда қолади.

Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган “Бухоро амирлиги қушбеги девонхонаси” архив фонди ҳужжатлари тўплами Ўрта Осиё ҳукмдорларининг осиё тилларида (араб, форс, чиғатой, рус ва туркий) тўпланган ҳужжатли мероси сақланадиган йирик архивлардан бири ҳисобланади. Ушбу архив ҳужжатлари тўплами Ўрта Осиё халқларининг ўзига хос мероси бўлиб, мусулмон Шарқига оид сақланиб қолинган энг катта ҳужжатлар тўплами ҳисобланади.

Барча ҳужжатлар асл ва ҳақиқийдир. Ҳужжатларнинг аксарияти Бухоро амирлари (амир Музаффар, Абдулаҳад ва охирги амир Олимхон), шунингдек, махсус ваколатли амалдорлар (қози, шайхул - ислом, муфтийлар, биклар, қорауллар, муҳрлар билан тасдиқланган) томонидан имзоланган.

XVIII аср бошидан XX аср бошларигача бўлган давридаги Бухоро амирлиги тарихини, маданият ва савдо-сотиқни, шунингдек, хорижий давлатлар билан алоқаларни, Марказий Осиё билан давлатлар ва унга алоқадор минтақавий жараёнларни ўрганишда архив ҳужжатлатлари муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур ҳужжатларда Тожикистон, Ҳиндистон, қисман Афғонистон ҳудудида содир бўлган тарихий воқеалар акс эттирилган . Шунингдек, уларда Бухоро амирлигининг Россия, Англия, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Афғонистон, Япония, Америка, Хива ва Қўқон хонликлари билан боғлиқ минтақавий жараёнлар ва дипломатик алоқалари ҳақида батафсил маълумотлар келтирилган.

Архив материалларида Бухоро амирларининг манғитлар сулоласи ва амирликда хизмат қилган амалдорлар ҳақида маълумотлар бор. Ушбу ҳужжатлар асосида генеалогик тадқиқотлар олиб борилиши мумкин. Ҳужжатли меросда Бухоро амирлигидаги сиёсий-ижтимоий тараққиёт, аҳоли ҳаётига таъсир кўрсатган давлат бошқаруви тизими, иқтисодий шароитларнинг ривожланиши, жамият тараққиётининг бориши, савдо-сотиқ, ирригатсия тизими ва бошқалар ўз аксини топган.

Архив ҳужжатлари матни амирлар, вазирлар ва бошқа мансабдор шахсларнинг ваколатларини акс эттирувчи, уларнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи асл имзолар, муҳрлар, сув белгилари, муҳрлар ва бошқа белгилар билан ажралиб туради. Ҳужжатлар Бухоро амирлигининг расмий ҳужжатлари намунаси бўлиб хизмат қилади.

Маълумот тариқасида айтишимиз мумкинки ЮНЕСКО “Жаҳон хотираси” реести ҳужжатли мерос-қоғоз, аудиовизуал, рақамли ёки бошқа ҳар қандай форматдаги муҳим ва доимий қийматга эга бўлган ҳужжатлар ёки ҳужжатлар тўпламининг қайтариб бўлмайдиган йўқотилишини олдини олиш, авайлаб асраш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган дастур ҳисобланади. Ўзбекистондан ушбу реестрга жами 5 та ҳужжат киритилган бўлиб, “Бухоро амири қўшбегиси маҳкамаси” фонди 4-ҳисобланади.


Report Page