Бугуннинг талаби – таълимга янгича ёндашув 

Бугуннинг талаби – таълимга янгича ёндашув 


Чиноз туманида “Таълим-тарбия соҳасига янгича ёндашув – барқарор тараққиёт гарови” шиори остида анъанавий август анжумани бўлиб ўтди. Карантин қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Носиржон Аминов, туман ҳокими Акмалхон Мадиев, туман секторлари раҳбарлари, мактаб директорлари, фаол ўқитувчилар иштирок этишди.

Дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Носир Аминов сўзга чиқиб, бугунги глобаллашув даврида таълимга бўлган эътибор, педагогларга қўйилаётган талаблар, офлайн тарзда ўқув дарсларини ташкил этишда мактаб раҳбарларининг вазифалари, масъулияти тўғрисида ўз фикрларини билдириб, ўқитувчиларни янги ўқув йили, мустақиллик байрами билан қизғин табриклади.

Туман ҳокими Акмалхон Мадиев ўз маърузасида ўқув йилини бошлаш, ота-оналарнинг фикрини инобатга олиб, карантин қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда дарсларни ташкил этиш тўғрисида сўз юритиб, тегишли мутасаддиларга топшириқлар берди. Шунингдек, таълим сифатини ошириш, хусусан, битирувчиларни олий таълим муассасаларига қамраб олинишига орқали ишга баҳо берилиши, рейтинги, директор ва ўқитувчилар салохияти шунга қараб белгиланишини алоҳида таъкидлади. 5 та муҳим ташаббус бўйича ўқувчиларнинг бўш вақтини тўғри ташкил этишда тўгаракларни ўрни беқиёс эканлиги, бу ўқитувчилардан катта маҳорат ва фидойилик талаб этилишига ҳам тўхталди. 

Маъруза якунида туман ҳокими халқ таълими бўлимига ҳокимлик томонидан тор, рубоб, доира, скрипка, гитара ва ғижжак каби мусиқа асбоблари, копток, шашка, шахмат, теннис ракеткалари ҳамда волейбол сеткаси каби спорт инвентарлари, 54 номдаги бадиий адабиётлар тўплами, иқтидорли болаларни янада рағбатлантириш учун робототехника йиғма ускуналарини совға қилди.

Тадбирда туман халқ таълими бўлими мудири Муҳаббат Алимова сўзга чиқиб, қўйилган вазифалар ижроси юзасидан режа ва таклифлари билан ўртоқлашди. Анжуман сўнгида иштирокчилар байрам дастурхонига таклиф этилди. 

Report Page