Бугунги кунда биолабораториялар ва Ўсимликлар клиникаларининг фойдали жиҳатлари ҳақида нималарни биламиз?
Бугунги кунда Самарқанд вилоятида ҳам 2022 йил ғалла ва ғўза экинларидан мўл ҳосил олиш мақсадида туманларда биолабораторияларни ва Ўсимликлар клиникларини кенгайтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борадаги юмушлар жадаллик билан ташкил этилмоқда.
Хабаримиз бор, энтомофоглар дейилганда, биолабораторияларда етиштириладиган трихограмма, бракон, олтинкўз ва бошқа турдаги фойдали ҳашаротлар тушунилади.
Ўсимликлар клиникаларининг асосий мақсади эса, фермер ва аҳоли томорқаларига ҳар хил турдаги маҳсулотларга, турли хилдаги хизматларга бўлган эҳтиёжини тўлароқ қондириш, ҳамда тадбиркорликдан даромад олишдан иборатдир.
Мисол тариқасида бугунги кунда Пахтачи туманида ташкил этилган Пахтачи кластерга қарашли иккита биолабораторияларда энтомофаглар кўпайтирилиб шартномалар асосида ғалла ва ғўза майдонларига етказиб берилмоқда.
Ғалла ва ғўза майдонларига, полиз экинлари, сабзавот экинларининг зараркунандаларига қарши фойдаланишда Пахтачи кластерга қарашли биринчи биолаборатория 80 та фермер хўжалиги ўртасида биомаҳсулот етказиш бўйича шартнома имзолаган бўлиб, шартнома асосида биомаҳсулот етказиб берилмоқда.
Тумандаги ушбу биолабораторияда экинларнинг зарарланиш даражасига ҳамда зарарловчи ҳашаротларнинг турларига қараб биомаҳсулотни кўпайтириш кучайтирилиб, ҳар дойим биолаборатория шароитида энтомофагларни кўпайтириш янгилаб борилиши натижасида таъсири эса жуда яхши бўлмоқда дейди – кластерга қарашли биринчи биолаборатория мудираси Йўлдошева Мусхол.
Пахтачи кластерининг иккинчи биолабораторияси эса кластерга қарашли 2300 га пахта, 1800 га ғалла майдонига хизмат кўрсатади.
Ғўза кемирувчи ва сўрувчи зараркунандалар, кўсак қурти, кузгу тунлам, хасва, ўргамчакканалар, сабзавот-полиз ва картошка экинлари зараркунандалари, иссиқхона оққаноти, боғ экинлари ва калифорния қалқондори, соҳта қалқондорларга ҳамда бошқа кўп турдаги зараркунандаларга қарши биомаҳсулотлар етказиб берамиз дейди - билаборатория мудираси Сатторова Нодира.
Самарқанд вилоятида мавжуд биолабораторияларда амалга
оширилаётган ишлар юзасидан маълумот ўрнида шуни таъкидлаш мумкинки, ҳозирги вақтда Вилоятда
32 та биолаборатория фаолият кўрсатмоқда. Шундан, 17 та хусусий ва МЧЖ биолабораториялар, 5 та Пахта тўқимачилик кластерларига, 2 та Пахта тозалаш корхоналирига қарашли, 8 та Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасига қарашли биолаборатория.
2022 йил мавсумида ушбу биолабораториялар томонидан 386 кг. трихограмма, 296 млн. дона олтинкўз, 273 млн. дона бракон фойдали энтомофагларини ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Режадаги биомаҳсулотларни кўпайтириш учун 2022 йил мавсумида озуқа маҳсулотларидан 250 тонна арпа, 4.82 тн шакар, 3.23 тн мерва, 4.71 кг маргарин озуқа маҳсулотлари ҳамда 69.5 тонна кўмир ёқилғиси талаб этилади.
Режадаги биомаҳсулотларни сифатли қилиб, ўз вақтида кўпайтириш учун 2022 йил мавсумида бошланғич озуқа маҳсулотларидан 86 тонна арпа дони, 1.7 тонна шакар, 0.85 тонна мерва, 1.35 тонна маргарин бошланғич озуқа маҳсулотлари ҳамда 26 тонна кўмир заҳираси яратилган.
2022 йил хосили учун биолабораториялар 1890 та пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари ва 5 та пахта тўқимачилик кластерлари ўртасида 65 минг гектар майдонга биомаҳсулотлар етказиб бериш бўйича уч томонлама шартномалар имзоланган.
Энтомофаглар билан биологик ишлов самарадорлиги, бир гектар ғўза майдонида шира-трипсга қарши кимёвий воситалар билан ишлов берилганда 140 минг сўмга, Олтинкўз фойдали ҳашорати билан биологик ишлов ўтказилганда 21 минг сўм ҳаражат кетади.
Бир гектар ғўза майдонида кўсак куртига қарши кимёвий воситалар билан ишлов берилганда 200 минг сўмга, трихограмма ва Бракон фойдали хашоратлари билан биологик ишлов ўтказилганда 30 минг сўм ҳаражат кетади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 октябрдаги ПҚ-4861-сонли қарорига мувофиқ 99 та Ўсимликлар клиникалари ташкил этилган. Ушбу клиникаларда 384 та янги иш ўринлари яратилган.
Вилоятимизнинг Каттақўрғон туманида ташкил этилган Ўсимликлар клиникалари ҳам бугунда ф/х, деҳқон ва аҳоли томорқаларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалик экинларини парапришлашда керакли бўлган препаратларни етказиб бериш билан бирга аҳоли томорқаларидаги зарарли ҳашаротларнинг морфологик ва систематик ҳолатини ўрганиш экинларнинг асосий касалликлари ва уларнинг систематикасини ўрганиш, зараркунанда ва касалликларнинг зарарлаш даражасини аниқлаш, асосий зараркунанда ва касалликларга қарши кураш услубини аниқлаш, экинлардаги зараркунандаларга қарши самарали биологик ва кимёвий кураш чоралари ва усулларини олиб бориш, зараркунанда ва касалликларнинг йил давомида ривожланиш кўрсаткичларини аниқлаш, ташкиллаштириш ва назорат қилиб бориш, аҳоли томорқаларидаги экин маҳсулотлари сифатини аниқлаб хулоса бериш, кимёвий воситаларни сотиб олиш ва сотиш, минерал ўғитлар сотиб олиш ва сотиш, махсус техника ускуналар орқали органик ва кимёвий хизматлар кўрсатиш каби фаолиятни олиб бормоқда.
Бугунги кунда Самарқанд вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси туман бўлимлари инспекторлари ва агроном энтомологлари томонидан фермер хўжаликлари, деҳқончилик ва аҳоли томорқаларида ҳамда аграр соҳа вакилларига юқоридаги энтомофагларнинг фойдали хусусиятлари, биологик тоза маҳсулот етиштиришдаги самарадорлиги ва иқтисодий тарафдан тежамкорлиги ҳамда Ўсимликлар клиникларининг афзаллик тарафлари ҳақида тушунчалар ва тавсиялар бериб келинмоқда. Шу билан бирга жойларда бу борада семинарлар ташкил этилмоқда.
Самарқанд вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимоя бошқармаси ахборот хизмати.
Каналга уланиш 👇👇