Бугунги кунда Ўзбекистонда 45 мингдан ортиқ шахс ОИВ касаллиги билан яшаб келмоқда

Бугунги кунда Ўзбекистонда 45 мингдан ортиқ шахс ОИВ касаллиги билан яшаб келмоқда

https://t.me/aoka_uz

АОКАда ўтказилган брифингда Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори ўринбосари Гулифор Нормуратова тизимда 2022 йилда олиб борилган ишлар ҳамда жорий йилда режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди:

Одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) касаллиги билан бугунги кунда Республикамизда 45 мингдан ортиқ шахслар яшаб келмоқда. Бу касаллик тузалмас дард бўлиб, шу инфекцияга чалинган беморлар умрининг охиригача вирусга қарши дори препаратларини қабул қилиб юришлари зарур.

2018 йилда тасдиқланган 3493 ва 3800-сонли Президент қарорларининг ижроси натижасида 63 та туманлараро ОИВ диагностик лабораториялар ОИТСга қарши курашиш марказлари тасарруфига ўтказилиб, зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланди, ҳар бир вилоят юқумли касалликлари негизида 5 тадан 40 тагача ОИВ беморларга хизмат кўрсатадиган ўринлар ташкил этилди. Беморларга қўлайликлар яратиш мақсадида 260 та юқумли касаллик хоналари мутахассислари қайта ўқитилиб, тайёрланди ва ОИТСга чалинган беморларни даволаш ишларига жалб этилди. ОИВ инфекциясига текширувлар сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёки 5 баробарга ортди. Ҳукуматимиз томонидан дори воситаларини молиялаштириш 80%ни ташкил этиб, Халқаро ташкилотлар томонидан 20% ҳолатларда дориларни Республикамизга олиб кирилиши ҳамда касаллик аниқланиши биланоқ, барча беморларга дори воситаларини бериб бориш йўлга қуйилди.

Онадан болага ОИВ инфекциясини юқишини олдини олиш мақсадида ҳар йилига 600 нафар оналари шу касалликка чалинган болаларга қуруқ сут маҳсулотлари олиб берилмоқда.

18 ёшгача бўлган ОИВ инфекциясига чалинган болаларга ижтимоий нафақалар бериб борилиши йўлга қўйилди.

Тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, “Инсон қадри учун” деб номланган 2022 йилнинг 18 март куни соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган “очиқ мулоқот”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 20 январида  “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-14-сонли Президент қарори қабул қилинди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун “95-95-95” стратегияси олға сурилган бўлиб, унинг доирасида ОИВ инфекцияли шахсларнинг 95 фоизи ўз мақомини билишлари, 95 фоизи махсус даволаш курслари билан қамраб олинишлари ҳамда 95 фоизи қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушишига эришиш мақсади белгиланган.

Ушбу мақсалга эришишни ўз ичига олган, жорий йилнинг 20 январида қабул қилинган “Аҳоли орасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури”ни амалга ошириш мақсадида 120 млрд сўм ва 54 млн доллар йўналтирилади.

Мазкур дастур доирасида:

а) ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида:

ҳар йили камида 3 млн аҳоли текширувлар билан қамраб олинади ва бунинг учун 11,4 млн дона диагностик тест-тизимлари ҳамда 587 мингта диагностик воситалар, 50 минг нафар аҳолини махсус даволаш курслари билан қамраб олиш учун 22 турдаги ретровирусга қарши дори воситалари харид қилиш;

ОИВ инфекциясини онадан болага юқишига барҳам бериш мақсадида ОИВ инфекцияли оналардан туғилажак 2 минг нафардан ортиқ 6 ойгача бўлган болаларни қуруқ сут аралашмалари билан таъминлаш;

б) соғлиқни сақлаш тизими томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда ОИВ инфекцияси юқиши эҳтимоли юқори гуруҳлар орасида профилактик тадбирлар ҳамда  аҳоли орасида кенг тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш;

в) 2023 йил 1 июнга қадар Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, йил якунига қадар эса бошқа ҳудудларда ФҲДЁ органлари ва тиббиёт муассасалари ўртасида никоҳланувчи шахсларни ОИВ инфекцияси бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича электрон маълумот алмашинув тизимини жорий этиш;

г) 2023 йил якунига қадар ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатлар мониторингини таъминлаш, реал вақт режимида дори ва диагностик воситаларнинг ҳаракатланишини кузатиб бориш имконини берувчи электрон ахборот тизимини яратиш;

д) Республика ОИТСга қарши кураш маркази лабораториясини халқаро аккредитациядан ўтказиш ва ўтказилган текширувлар натижаларини халқаро миқёсида тан олинишига эришиш;

е) ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказлари ва уларнинг

туманлараро лабораторияларининг моддий-техника базасини ривожлантириш,

ж) мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш мақсадида камида 50 нафар тиббиёт ходимларини хорижга малака оширишга юбориш, ОИВ инфекцияси бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш кўзда тутилган.


Report Page