Бугун Тошкентда "Йога фестивали" ўтказилди

Бугун Тошкентда "Йога фестивали" ўтказилди


21 июнь - Халқаро йога куни. Шу муносабат билан пойтахтимизда “Йога фестивали” ташкил этилди.


Дастлаб сана муносабати билан А.Навоий номли опера ва балет театри олдида фестивалнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Туризм ва спорт вазирлиги, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ҳиндистон маданият маркази ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимияти билан ҳамкорликда ташкил этилди.


Эрталаб соат 07:00да ўтказилган маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Туризм ва спорт вазири А.Абдухакимов, Тошкент шаҳар ҳокими, Ўзбекистон йога федерацияси раиси Ж.Ортиқхўжаев, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси Р.Шоабдурахмонов, Ҳиндистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Маниш Прабхат, Лал Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маркази директори, профессор Чандер Шекхар, Йога устози Прасобх Нану ва бошқа расмий шахслар қатнашди. Ушбу тадбир қарийб 300 нафар кишини қамраб олди.


Тадбирда сўзга чиққан Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов сўнгги йилларда юртимизда спортга берилаётган эътибор, аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган кенг ислоҳотларга тўхталиб ўтаркан, бу жараёнда йога машқлари муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтди.


Бу ерда йога ихлосмандлари учун махсус гиламлар тўшалган бўлиб, уларга йога устози Прасобх Нану махсус машқларни кўрсатиб берди ва биргаликда бажарди.

 

Йога фестивалининг асосий тадбирлари пойтахтимиздаги Эко-паркда давом эттирилди. Бу ерда ташкил этилган тадбирга минг нафарга яқин юртдошимиз иштирок этди. Шулардан йога машғулотларига 150 нафар киши қатнашди.


Report Page