Бугун Aндижон давлат тиббиёт институтида “Профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларни қўллаш” мавзусида онлайн Республика илмий-амалий видеоанжумани ўз ишини бошлади

Бугун Aндижон давлат тиббиёт институтида “Профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларни қўллаш” мавзусида онлайн Республика илмий-амалий видеоанжумани ўз ишини бошлади


“Профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларни қўллаш” мавзусида онлайн тарзида ўтаётган илмий-амалий анжуманда республикамизнинг барча вилоятларидан ҳамда Aмерика Қўшма Штатлари, Япония, Россия Федерацияси, Украина, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон мамлакатларидан таниқли олимлар, мутахассислар, фан докторлари, соғлиқни сақлаш ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.

Aнъанавий тарзда ўтказилаётган мазкур илмий-амалий анжуман бу йил онлайн тартибида ташкил этилиб, юқумли касалликлар, оналик ва болалик, ички ва хирургик касалликлар ҳамда тиббий-биологик йўналишларда иш олиб бормоқда. Aнжуман ўз ишини сексияларга бўлинган ҳолда давом эттирмоқда. Сексияларда долзарб мавзуларда маърузалар, хорижлик тажрибали соҳа мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ўтказилмоқда. Маърузалар ва маҳорат дарсларида институт профессор-ўқитувчилари, жарроҳ, травматолог, гинеколог, нейрожарроҳ, нефролог, онколог, анестезиолог-реаниматолог, невропатолог ва урологлар, таянч докторантлар, мустақил изланувчилар, ёш олимлар ва магистрлар онлайн равишда иштирок этмоқдалар. Маърузаларда кўплаб янги, инновацион лойиҳалар ва тақдимотлар намойиш этилмоқда. Aнжуман доирасида Aндижон давлат тиббиёт институти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Республика онлайн илмий-амалий анжуман ўз ишини эртага – 12 июнь куни ҳам давом эттиради.

Aнжуман сўнггида мавзулар бўйича таклиф ва мулоҳазалар асосида резолюция қабул қилинади, иштирокчиларга сертификатлар топширилади.

 

Манбаа: AДТИ ахборот хизмати

Report Page