Ўзбекистон Марказий Осиёдаги юқори технологик тиббиёт хабига айланади
Бугун соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли трансформация жараёнлари давом этмоқда. Энг илғор диагностика ва даволаш усулларини туман-шаҳарлар даражасида йўлга қўйиш орқали тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш чоралари кўриляпти. Сўнгги йилларда тиббиёт учун ажратилаётган маблағлар миқдори 6 карра оширилиб, 42 триллион сўмга етгани, сифатли тиббий хизматлар маҳаллагача туширилгани бунинг яққол тасдиғи.
Президентимизнинг 2025 йил 19 майдаги “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг халқаро тажрибага асосланган янги моделини жорий этишга киришилди. Ҳозир 15 та ҳудудда бошланган тажриба-синов лойиҳаси асосида бажарилаётган ишлар айни шу мақсадлар рўёбига хизмат қилмоқда.
Ўтган қисқа даврда бу манзилларда туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ташкил этилди. 490 та муассаса қайта тузилиб, 350 та юридик мақомга эга мустақил оилавий поликлиникаларга айлантирилди. “Аҳоли жон бошига кўра молиялаштириш”, аутсорсинг асосида стоматологик хизмат кўрсатиш тизимлари йўлга қўйилди. Электрон йўлланмалар ва рақамли ҳисобот механизмлари амалиётга татбиқ этилди. “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури амалга оширилиб, тиббиёт муассасаларида қулай шароитлар яратилди.
Натижада тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та туман-шаҳарда тез тиббий ёрдам хизматига чақириқлар сони ўтган йилдагига нисбатан қарийб 100 мингтага, шифохоналарда даволанувчи беморлар сони эса салкам 43 минг нафарга камайишига эришилди.
Дори воситалари таъминоти яхшиланди, лаборатор текширувлар 5 турдан 34 тага, инструментал текширувлар эса 10 турдан 29 тагача оширилди. 53 турдаги 7940 дона тиббий жиҳоз билан таъминлаш учун 325 млрд сўм маблағ йўналтирилди.
Соғлиқни сақлашнинг янги моделини жорий қилиш бўйича бошланган ислоҳотлар келгуси йил Самарқанд вилоятининг барча туман ва шаҳарларида давом эттирилади.
Юртимизда тез тиббий ёрдам хизмати илғор хорижий тажриба ва замонавий ёндашувлар асосида такомиллаштирилмоқда.
Хусусан, шу йилнинг ўтган даврида соҳада электрон бошқариш тизими ишга туширилди. Бунинг учун 2,4 минг нафар диспетчер ўқитилди. Натижада мурожаат манзилларига кечикишлар сони 1,1 фоиздан 0,3 фоизга камайди. Ўз навбатида, Жанубий Кореянинг KOFIH ташкилоти билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятларида ташкил этилган симуляцион ўқув марказларида ушбу ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам бригадалари ходимларининг малакаси оширилди.
Умуман, ўтган саккиз йил давомида “103” хизмати шохобчалари сони 818 тадан 1 680 тага, “Тез ёрдам” бригадалари 1 648 тадан 2 865 тага, битта чақирувга дори-дармон учун ажратилган маблағ эса 750 сўмдан 11 800 сўмга ошди. Натижада тез тиббий ёрдам бригадаларининг чақирувга ўртача етиб бориш вақти 25-30 дақиқадан 10-15 дақиқага қисқарди. Келгусида тизимни рақамлаштириш жараёни янада жадаллашади. Хусусан, 2026 йилда “103” хизматида аҳоли учун “Online-шифокор” консультациялари тизими жорий этилади. Соҳада қўлланилаётган электрон дастурлар шифохоналар ҳамда бирламчи тизим муассасалари билан интеграция қилинади.
Ихтисослашган тиббий хизмат халққа янада яқинлашмоқда.
Жумладан шу йилнинг ўтган даврида Республика тиббиёт марказлари фаолиятида 179 та янги ташхислаш ва 199 та даволаш усули йўлга қўйилди. Жигар ва буйракнинг кам инвазив усулдаги трансплантацияси, юрак кардиомиотомияларида сунъий чап қоринча ўрнатиш (LVAD), умуртқа поғонаси диск чуррасини олишнинг кам инвазив жарроҳлик амалиёти, суяк кўмиги трансплантацияси, эпилепсия касаллигида мияга чип ўрнатиш шулар жумласидандир.
Республика ихтисослашган тиббиёт марказларининг ҳудудий филиалларида жами 379 турдаги ноёб ва мураккаб операциялар жорий этилди. Шу туфайли жойлардан пойтахтдаги республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларига мурожаатлар 80 фоиздан қарийб 15 фоизга камайишига эришилди.
Бу йил биринчи марта давлат тиббиёт муассасаларига робот технологиялари кириб келди ва улардан Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Миллий тиббиёт марказида диагностика, даволаш ҳамда жарроҳлик амалиётларида самарали фойдаланиш йўлга қўйилди.
Сунъий интеллект асосида бажарилаётган текширув ва муолажа турлари 43 тага етказилди. Бундан ташқари, жорий йилда Миллий неврология ва нейрореабилитация тиббиёт маркази ташкил этилди.
Келгусида МРТ, КТ ва рентген тасвирларини автоматик таҳлил этиш, хирургик операцияларни виртуал симуляция қилиш имкониятларини кенгайтириш, гибрид жарроҳлик амалиётлари кўламини оширишда сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш режалаштирлган.
Ўтаётган йилда тиббиётни рақамлаштириш ишлари бутунлай янги босқичга кўтарилди. Соҳада DMED ягона электрон ахборот тизими йўлга қўйилиб, бу платформага 36 миллион нафардан зиёд аҳолининг тиббий маълумотлари киритилди. Вазирликда “Рақамли соғлиқни сақлаш” маркази очилди.
Давлат тибиий суғуртасининг янги механизмлари жорий этила бошланди. 2026 йил охиригача бу тизим республикамизнинг барча ҳудудида тўлиқ йўлга қўйилади. Натижада аҳоли кафолатланган тиббий ёрдам ҳажми билан тўлиқ қамраб олинади. Соҳада шаффофлик таъминланади.
2017 йилдан буён оналар ўлими кўрсаткичи 21,0 промилледан 11,0 промиллега, гўдаклар ўлими эса 11,5 промилледан 7,8 промиллега камайгани ҳам тиббиётдаги трансформация жараёнлари самарасидир.
Тиббий таълимда ҳам салмоқли ютуқларга эришиляпти. Соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида учта олий ўқув юрти негизида Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилди. Урганч давлат тиббиёт институти фаолияти йўлга қўйилди. Саккизта тиббиёт олий ўқув юртининг таълим йўналишлари халқаро аккредитациядан ўтди.
Йил бошидан буён 300 нафарга яқин мутахассисларимиз давлат ҳисобидан АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Франция, Туркия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Озарбайжон, Беларусь каби дунёнинг етакчи мамлакатларида ўз билим ва малакасини ошириб қайтди.
Сўнгги саккиз йилда тиббиётда хусусий сектор улушини ошириш, нодавлат тиббиёт муассасалари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Натижада 2017 йилда хусусий шифохоналар сони қарийб 3,5 мингтани ташкил этган бўлса, бугунга келиб улар сони 9 мингдан ортди. Юртимизда кўрсатилаётган барча турдаги тиббий хизматларда хусусий секторнинг улуши саккиз йил ичида 10 фоиздан 30 фоизга етди.
Жорий йилнинг ўтган даврида лицензиялаш жараёнлари рақамлаштирилди. Лицензиялаш ва аккредитациялаш йўналишлари бўйича консалтинг хизматлари йўлга қўйилди. Тиббиёт ташкилотларини аккредитацилашнинг Миллий стандартлари тасдиқланди. Хусусий секторда фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларининг малакасини ошириб бориш тизими жорий этилди.
Эндиликда чегара ҳудудларда клиника, реабилитация маркази, меҳмонхона ва лабораторияларни ўз ичига олган тиббиёт кластерларини ташкил қилиш режалаштирилган.
Фармацевтика бозори миллий маҳсулотларимиз билан тобора бойиб бораётгани қувонарли ҳол. 2017 йилдан буён ушбу секторда ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 триллион сўмдан 6,3 триллион сўмга, экспорт миқдори эса 6,3 миллион доллардан 250 миллион долларга кўтарилгани бу йўналишдаги ислоҳотларнинг амалий натижаларини ифодайлайди.
Муҳими, бундай янгиланишлар туфайли аҳолининг турмуш шароитлари яхшиланиб, ўртача умр кўриш даражаси 73,8 ёшдан 75,1 ёшга узайди.
Албатта, кўзланган мақсадлар катта. Соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар йўқ эмас. Уларни самарали ҳал этиш учун барча имкониятлар ишга солинади. Тиббиётни халққа яқинлаштириш, бу соҳани одамларимиз рози бўладиган тизимга айлантириш бундан кейин ҳам давлатимизнинг бош мақсади бўлиб қолади. Натижада Ўзбекистон яқин истиқболда минтақадаги юқори технологик тиббиёт хабига айлантирилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.