Бугун ҳам электр энергияси таъминотида маълум миқдорда чекловлар киритилиши кутилмоқда

Бугун ҳам электр энергияси таъминотида маълум миқдорда чекловлар киритилиши кутилмоқда


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

Кеча, 3 март куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берамиз.

 3 март куни электр станциялар орқали 237,1 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 42,3 млн кубометр табиий газ, 20,4 минг тонна кўмир ҳамда 10,8 минг тонна мазут ёқилди.

 Туркманистон Республикасидан 20,9 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинди.

 Республика истеъмолчиларига 227,5 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 6 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди.

 Шунга қарамай, қишнинг совуқ кунларида магистраль газ қувурларида газ босимининг кескин тушиб кетганлиги ҳамда аҳоли истеъмолчиларида электр энергиясига нисбатан талабнинг ошиб бориши туфайли 3 март куни мамлакатимиз бўйлаб асосан куннинг тиғиз вақтларида 960 МВтгача чекловлар киритилишига мажбур бўлинди.

 Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, бугун ҳам куннинг тиғиз пайтларида маълум миқдорда чекловлар киритилиши кутилмоқда.

 Газ босимининг паст эканига қарамай, 3 март куни ҳам унинг истеъмоли юқорилигича қолди. Кеча мазкур миқдор 148,5 млн кубометрни, режадагига нисбатан 11 фоиз кўпни ташкил қилди.

 17 февраль куни Бухоро вилоятида кучли шамол ва муз аралаш ёққан қор туфайли содир бўлган авариядан сўнг магистраль газ қувурларида газ босими кескин тушиб кетганининг оқибатларини бартараф этиш, республика истеъмолчилари ҳамда иссиқлик электр станцияларини табиий газ билан бир маромда таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни бир меъёрда тутиб туриш мақсадида барча ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг иш фаолияти маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида тизимли равишда йўлга қўйилмоқда.

 Кеча мамлакатимиздаги 280 та ана шундай шохобча орқали аҳолига ва ижтимоий соҳалар объектларига тегишли автомобиллар, шунингдек, жамоат транспортларининг барча турларига 2 миллион 571 минг кубометр табиий газ сотилди. Шунингдек, автомобилларга газ қуйиш станциялари орқали жами 390 минг тонна суюлтирилган газ етказилди.

 Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари автобензин ҳамда дизель ёнилғиси билан мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қоплайдиган даражада таъминланмоқда. Хусусан, 3 март куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан юртимиздаги барча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига қўшимча 1 минг 165 тонна автобензин етказиб берилди.

 Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар 24 соатлик навбатчилик режими асосида ишлаяпти.

 Республика ҳудудлари бўйлаб қишнинг совуқ кунларида истеъмолнинг кўпайиши туфайли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар ҳам тезкор бартараф этиб борилмоқда.

 Кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларида юзага келган 7 та, газ таъминотида юзага келган битта носозлик бартараф қилинди.

Қайд этиш жоизки, қиш кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф қилиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида тузилган махсус бригадаларнинг 7 минг 300 нафардан ортиқ ишчи-ходимлари туну кун ишлаб, жойларда муаммоларни зудлик билан бартараф этмоқдалар.

 3 март куни электр таъминотидаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 514 та мурожаат келиб тушди ва барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.

 Табиий ҳамда суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 186 та мурожаат бўйича ҳам тегишли тартибда тезкор чора-тадбирлар кўрилди.

 Ҳурматли истеъмолчилар! Агар Сиз электр энергияси ва газ таъминоти бўйича қандайдир муаммога дуч келсангиз, электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақамига, шунингдек, 71-207-23-76 телефон рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 қисқа рақамларига, шунингдек, 71-202-11-04 телефон рақами ёки “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги махсус гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.


Report Page