Божхона кодекси ҳамда «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонунга киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар

Божхона кодекси ҳамда «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонунга киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар

https://t.me/aoka_uz

Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 1 февралдаги "Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги Қонуни билан божхона кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Кодексдаги 71 та моддага тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, 11 та янги модда билан тўлдирилди, 1 та модда чиқариб ташланди.

Кодекс билан божхона расмийлаштируви муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилди. Чунки, соҳага Хавфни бошқариш тизими жорий этилгандан сўнг расмийлаштирув вақти импортда 3 баробарга ва экспортда 2 баробарга қисқартирилишига эришилди.

Товар ва транспорт воситларини тегишли божхона режимларига жойлаштириш мақсадида талаб этиладиган рухсатномалар бериш тартиби бекор қилинди.

Қайта ишлаш натижасида ҳосил бўладиган товарларнинг чиқиш нормасини ваколатли шахслар томонидан белгиланиши жорий этилмоқда. Бунга қадар қайта ишлаш меъёрлари ваколатли идоралар томонидан белгилангани сабабли, тадбиркорлардан ортиқча ҳужжатлар талаб этилишига сабаб бўлаётган ва режим икониятларидан тўлақонли фойдаланилишига тўсқинлик қилаётган эди.

Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорни улар чиқариб юборилгунга қадар қабул қилиш имконияти яратилди.

Шунингдек, божхона омборининг, бож олинмайдиган савдо дўконининг ва эркин омборнинг фаолиятини лицензиялаш ҳудудий бошқармалар томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Ўзбекистон Респбуликасининг туристик салоҳиятини ошириш мақсадида бож олинмайдиган савдо дўконининг янги учинчи тури ташкил этилди. Натижада божсиз савдо қилувчи Duty Free дўконлар энди нафақат аэропортларда, балки қадимий шаҳарларимиз ва вилоятлар марказларида ҳам фаолият юритади. Бу эса мамлакатда шопинг-туризм ривожланишига имкон беради.

Қонун билан ташувчилар ёки товар жўнатувчилар томонидан қўйилган пломба ва муҳрларни божхона органи томонидан тан олишнинг ҳуқуқий асоси белгиланди.

Шунингдек, Божхона кодексида божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби – Ягона божхона тўловини ундиришни назарда тутувчи нормалар белгиланди.

Божхона кодексида ваколатли иқтисодий оператор институтига тушунча бериб ўтилди. Ҳозирда республикамизда 40 дан зиёд инсофли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ваколатли иқтисодий оператор мақомига эга ҳисобланади.

Божхона кодексида ахборот тизимлари ёрдамида божхона органи иштирокисиз божхона операцияларини амалга оширишнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамлаб қўйилди.

Ҳозирда божхона органларидаги мавжуд “Автоматлаштирилган тарзда чиқариб юбориш” ахборот тизими кўмагида хавф даражаси паст бўлган яъни яшил йўлакка йўналтирилган божхона юк декларациялари автоматик равишда инсон омилисиз божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда. Бунга эса ўртача 2 дақиқадан 5 дақиқагача вақт сарфланмоқда, холос.

Божхона кодексида божхона ва тадбиркорлар ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича янги тизим ҳам ўз ифодасини топди. Яъни, эндиликда божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида тадбиркорлик субектлари билан вужудга келадиган низоли ҳолатларни судгача тартибда, яъни божхона органларида жорий қилинган Аппеляция Кенгашлари томонидан кўриб чиқиш йўлга қўйилади.

Бу эса мавжуд низоларни дастлаб божхона органларида ҳал этиш ва бу орқали судда кўрилаётган низоларни ўртача 2 баробарга қисқартириш имконини беради.

Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига киритилган қўшимча ва ўзгартишлар божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишда муҳим рол ўйнайди.

Товарларни экспорт ва импорт қилиш жараёнидаги мавжуд тартиботларни янада соддалаштириш орқали расмийлаштирув жараёнлари тезлашади ва шаффофлиги таъминланади.

 Энди эса 2022 йил 18 февралда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонунига киритилган қўшимча ва ўзгартишлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Қонунга биноан божхона органларига эндиликда “жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш” вазифаси ҳам юкланди.

Шунингдек, божхона органларига божхона аудитини амалга ошириш ҳуқуқи берилди.

Қонун билан эндиликда божхона органлари жисмоний ва юридик шахсларга қонунчиликда белгиланган тартибда пуллик хизматлар кўрсатишлари мумкин.

Ушбу хизматлар қаторига

– божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товар ва транспорт воситалари юзасидан статистик маълумотларни конфиденциал шартларга риоя этган ҳолда тақдим этиш;

– божхона экспертизасини ўтказиш;

– ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси бўйича товар кодларини аниқлаш;

– Миллий кинология маркази томонидан кинологларни тайёрлаш, хизмат итларини ўргатиш ва сотиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга ветеринария соҳасидаги хизматлар;

– Божхона институтида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун божхона иши бўйича ўқув курсларини ташкил этиш кабилар киради.

Қонунга биноан эндиликда алоҳида ҳолларда Давлат божхона қўмитаси Раисининг буйруғи асосида ёши 30 дан ошган, тор ихтисосликдаги юқори малакали мутахассислар ҳам соҳага қабул қилиниши мумкин.

 Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси ҳамда «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилган қўшимчалар ва ўзгартиришлар ҳақида сизни қизиқтирган саволлар бўлса, Давлат божхона қўмитасининг 11-08 қисқа рақамли ишонч телефони орқали ҳам мурожаат қилишингиз мумкин.

 


Report Page