Ботир Зарипов ўзи таҳсил олган мактабда “Сўнгги қўнғирок” тадбирида иштирок этди
Бугун, 25 май куни вилоятимиздаги мавжуд 534 та умумтаълим мактабларида ҳам “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари ўтказилди.
Бухоро вилояти хокими Ботир Зарипов Ғиждувон туманидаги ўзи таҳсил олган 49-умумтаълим мактабида ташкил этилган ана шундай тадбирда қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Ботир Зарипов Президентимизнинг мамлакатимиз мактаблари битирувчиларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбарининг табригини нафақат мустақил ҳаёт остонасида турган ёшлар, балки уларнинг ота-оналари ва устозлар ҳам катта қизиқиш ҳамда зўр ҳаяжон билан тинглади.
Шунингдек, вилоят раҳбари ўзининг қадрдон мактабидаги ўқувчилик йиллари ва устозлари ҳақида тўхталди.
-Бугун сизнинг чақноқ кўзларингизга қараб туриб, ўзимнинг ўқувчилик даврларим ёдимга тушди ва очиғини айтаман, ҳавасим ҳам келяпти. Бир пайтлари мен ҳам айнан ана шу мактабда таълим олганман. У пайтларда ҳозиргидек шароит бўлмаган. Лаборатория жиҳозлари у ёқда турсин, ўқув қуроллари етишмасди, синфхоналар етарлича ёритилмасди, қишда совуқ, ёзда иссиқ бўларди. Ўқитувчиларнинг ойлик маоши ҳам жуда кам бўлган. Яна бир ҳаётий мисол. Илгари ўқитувчилар асосий вазифаси бир четда қолиб, фаолиятига мутлақо алоқадор бўлмаган ишларга жалб этиларди. Аниқроқ айтганда, улар болаларни ўқитиш, таълим бериш ўрнига бутун кузни пахта даласида ўтказарди. Бу эса нафақат таълим сифатига, балки соҳа ходимларининг касбий муносабатига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Бугун вазият ва шароит умуман бошқача. Чунки давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятларининг дастлабки кунларидан юртимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш мақсадида таълим тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқдалар,-деди вилоят ҳокими ўз нутқида.
Қайд этилганидек, Бухоро вилоятининг ўзида ўтган йилда тегишли дастурлар асосида 43 та мактабларда қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини олиб бориш учун 191 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилди. Шу қаторда Ғиждувон туманидаги 49-умумтаълим мактаб биноси ҳам реконструкция қилиниб, сифатли таълим-тарбия олиш учун қулай имкониятлар яратилди. Бундан ташқари, бутун ҳаётини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаган жонкуяр ўқитувчилар, устоз-мураббийлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг иш ва турмуш шароитини яхшилаш, жамиятдаги обрў-эътиборини оширишга ҳам муҳим аҳамият қаратилмоқда. Тараққий топган давлатлар тажрибаси асосида мактаб таълими учун янги ўқув дастурлари ва дарсликлар яратилмоқда, мактаблар юқори тезликдаги интернет тармоғига уланиб, локал тармоқ ҳамда Wi-Fi зоналари ташкил қилинмоқда.Ёшларимиз ўртасида китобхонликни кучайтириш, уларни адабиёт, санъат ва спорт тўгаракларига янада фаол жалб этиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.Бунинг натижаси ўлароқ, жорий ўқув йилида 9 нафар ўқувчилар фан олимпиадаларининг республика босқичи ғолиби бўлишди, 11 нафари Халқаро фан олимпиадаларида юқори натижаларни қайд этишди.
Яна бир нарсани фахр билан айтиш жоизки, бугун мактаб партасидаёқ нуфузли хорижий ва миллий олийгоҳ талабаси бўлиш имкониятини қўлга киритаётган ўқувчилар сафи тобора ортиб бормоқда. Жорий йилда ҳам бундай иқтидорли йигит-қизларимиз сони 200 нафардан ошди. Айнан Ғиждувон туманидаги 49-умумтаълим мактабида ҳам ана шундай интилувчан ёшларнинг кўплиги мени ниҳоятда хурсанд қилди. Мактаб битирувчиси Беҳруз Акмалов Тошкент тиббиёт академиясига, Жавоҳир Ризоев бир вақтнинг ўзида 3 та халқаро университетга ўқиш имкониятига эга бўлди.
Ботир Зарипов битирувчиларни давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятларни қадрлаб, улардан янада самарали фойдаланишга чақирди. Уларга оқ йўл тилади. Тадбирда битирувчилар ҳам сўз олиб, таълим-тарбия берган устозлари, ота-оналари ишончларини оқлашга ваъда бердилар.
Тадбир доирасида йил давомида намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори кўрсаткичларга эришган иқтидорли битирувчилар рағбатлантирилди.
Мактаб узра жаранг сочган “Сўнгги қўнғироқ” дилларга завқ улашди. Тадбир якунида ўқувчилар "Хайр, мактабим" қўшиғини жўрликда ижро этдилар.
Ботир Зарипов устозлари, мактаб маъмурияти ҳамроҳлигида мактабда ўқувчиларнинг билим олиши, ҳунар эгаллаши учун яратилган шарот-шароитлар билан ҳам яқиндан танишди. Мавжуд муаммолар билан қизиқди. Уларни ҳал қилиш бўйича вазифалар белгиланди.
Шунингдек, вилоят ҳокими устозлари ва мактаб жамоаси билан ҳам мулоқот қилди. Ёрқин хотиралар ёдга олинди.
Маълумот учун: Вилоят мактабгача таълим ва мактаб таълими бошқармасидан маълум қилишларича, бу йил вилоятимиздаги мактабларни 21 минг 944 нафар ўқувчи мактабни битирмоқда. Уларнинг 676 нафари ўқишни олтин, 147 нафари кумуш медаль билан якунлаяпти.
Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, уларнинг 19 минг 426 нафари олий ўқув юртларига кириш истагини билдирган. 1 минг 10 нафари техникумларга, 365 нафари коллежда ўқишни давом эттирмоқчи. Мактаб остонасиданоқ, “Устоз-шогирд” анъанасига кўра, ўз-ўзини иш билан таъминлаган ўқувчилар сони 334 нафарни ташкил этмоқда. 474 нафари тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи. 335 нафари эса ҳунар ўрганиб, ишламоқчи.
"Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари вилоятимизнинг барча мактабларида бўлиб ўтди. Тадбирларда ўқув йили давомида ўқиш ва иш фаолиятида ўрнак кўрсатган ижодкор педагог-ходимлар, аълочи ўқувчилар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати