Пойтахтнинг тўрт ҳудудида “Китоб уйчалари” ўрнатилди

Пойтахтнинг тўрт ҳудудида “Китоб уйчалари” ўрнатилди


Китобни мутолаа қилиш инсонни маънавий камолатга эриштириб, жамиятда ўз ўрнини топишига хизмат қилади. Бу инсоният тарихида кўп бора исботини топган ҳақиқат. Шу сабабдан бугун мамлакатимизда китобхонликка эътибор кучайтрилиб, бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Айни дамда юртимизда аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга, мутолаа маданиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 13 сентябрда “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Қарорнинг имзоланиши, шунингдек, Ҳукумат қарори билан “2020 — 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури” қабул қилиниши фикримизнинг исботидир. Бу ислоҳотлар ўз навбатида ёш авлоднинг маънан баркамол инсон бўлиб вояга етишида муҳим аҳамият касб этади.

"Artel" компанияси ўтган йили пойтахтимиздаги Ф.Н.Русанов номидаги Тошкент ботаника боғида 20 та микро кутубхона вазифасини бажарувчи “Китоб уйчалари”ни ўрнатган. Бу гал эса пойтахтнинг тўрт ҳудудига, жумладан, “Мовий гумбазлар” хиёбонига 4 дона, Адиблар хиёбонига 2 дона, Япон боғига 3 дона ва Республика онкологик касалликлар шифохонаси ҳудудига 1 дона, жами 10 дона китоб уйчалари ўрнатмоқда. Сиз бу китоб уйчаларидан тўғри фойдаланган ҳолда турли китобларни мутолаа қилишингиз ва ўзингиз яхши кўриб ўқиган китобларни олиб келиб, бошқалар билан ўзаро китоб алмашишингиз мумкин.

Шунингдек, “Ёш китобхон клуби” хайрия лойиҳасига ҳам старт берилди. Бу лойиҳадан кўзланган мақсад республикамиздаги барча ташкилотларни ҳар томонлама кўмакка муҳтож болаларга “Китобхон клуби” доирасида хайрия қилишга ундашдир.

Ушбу лойиҳалар орқали "Artel" компанияси халқимизни, айниқса, ёшларни китоб билан дўстлаштириш, китоб орқали ўзаро мулоқотни мустаҳкамлаш, китоб ўқишга меҳр уйғотиш, аҳолини бевосита китоб билан ошно қилиш ва вақтларини мазмунли ўтказишга муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилган.

Келгусида ушбу лойиҳани давом эттириб бошқа истироҳат боғларига ҳам “Китоб уйчалари”ни ўрнатиш орқали китобсевар халқимизга мутолаа учун қулайлик яратиш давом эттирилади.

Таъкидлаш керак, ватанпарвар, профессионал кадрларни етиштириб чиқаришда китобхонликнинг ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Негаки, китоб инсоннинг билимлар манбаи бўлиши билан бирга унинг яқин дўсти, маслаҳатчиси ҳам ҳисобланади. Китоб ўқиётган инсон фикрлайди. Бошқача айтганда китоб тафаккуримиз манбаидир.
"Artel" компанияси юртимиздаги мутолаа маданиятини янада оширишга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида бошлаган янги лойиҳасини китобни нондай азиз билган халқимиз қўллаб-қувватлаб, уни ривожлантиришда жонбозлик кўрсатишига умид қиламиз. Келгусида “Китоб уйчалари”ни республикамизнинг барча ҳудудларига ўрнатиш режалаштирилган.
Тадбир иштирокчилари томонидан компаниянинг китобхонликни тарғиб этишга қаратилган янги лойиҳаси илиқ кутиб олинди ва уни оммалаштиришдан ҳар бир юртдошимиз манфаатдор эканини такидлашди. 



Toshkent shahar Turizm va madaniy meros
bosh boshqarmasi Matbuot xizmati

Report Page