Бошидан сасиган балик думидан тозаланмасин

Бошидан сасиган балик думидан тозаланмасин


2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури қабул қилинган. Унга кўра, Ўзбекистонда давлат хизматчилари даромадларини декларация қилишга киришилиши керак эди, қатор соҳаларда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилиши белгиланганди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг бош прокурорлар бўлган аввалги учта раиси коррупционер сифатида қамалиб кетганидан сўнг, Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев комиссия раиси этиб тасдиқланди. Аммо у ҳам тез орада навбатдаги коррупцияда айбланган республика прокуратураси раҳбари ўрнига бош прокурор этиб тайинланди. Бу идорадаги масъуллар шу пайтгача “коррупцияга қарши курашни бошқариш” ўрнига коррупциянинг ўзини бошқаришни афзал кўришди.

Борис Ельцин даврида “Аргументы и факты” газетасида оддий халқнинг бир хатини ўқигандим: “Жаноб Президент! Мафияни жиловланг, йўқ қилинг! Агар йўқота олмасангиз, бизга ҳам рухсат беринг, бироз иштирок этайлик...”

Ниҳоят, мамлакатимизда мажбурий меҳнатга чек қўйилмоқда ва биз бунга қувондик. Акс ҳолда: “Раҳбар келяпти, кўча супуришга одам керак? Ўқитувчини топ!”, “Коммунал тўловдан қарз кўпайиб кетдими? Муаллимларни уйма-уй югуртир!”, “Пахта терилмай қоляптими, совуқ тушдими? Дўхтирларни далага ҳайда!”, “Мажлис бўладими, зални тўлдириш керакми? Ҳамшираларни чақир, касаллар кутиб туради”, – эди.

Янги Бош прокурор Н.Йўлдошев ҳам “коррупцияга қарши кураш”ни таълим ва тиббиётдан бошлади. Энг катта коррупционерлар муаллимлар ва шифокорлар экан?!

Беш йилдан бери айтиб келинаётган “мансабдорларнинг даромадларини декларация қилиш” ҳали-ҳануз жорий этилгани йўқ. 2017 йилдан бери ваъда қилинадиган “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинмади. “Суд ҳокимиятининг мустақиллиги” (судлар қонунга эмас, ҳокимларнинг имо-ишорасига кўпроқ бўйсунмоқда), “давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг 

шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш” (урилган-сурилганларни яна лавозимга келтириш авжида), “манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш” (қўлга илингулик бизнес борки, амалдорлар ва уларнинг қариндошлари қўлида), “давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш” (ҳисоб эшитиш ва танқид қилиш ўрнига сиёсий партиялар сайлов пайтида ҳам ҳукуматни қўллаб-қувватлади, “ҳокимиятга келсангиз, кимни ҳукуматга кўрсатасиз?” деган саволга жавобан иқтидордаги бош вазир ва ҳукуматни кўрсатишди, ҳокимиятни қабул қилишни истамас экан) орзулигича қолмоқда. “Фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш” сари бир қадам олдинга қўйилса, икки қадам орқага ташланмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш ҳам аксарият ҳолларда йиғилиш, семинар, тренинг ўтказиш ва чиройли расмлар билан матбуотда эълон қилиш даражасида турибди. 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб “таълим муассасаларида ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш бўйича комплекс чора-тадбирлар татбиқ этилиши” бошланди, “умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларида коррупцияга қарши мавзулар янада кучайтирил”ди, “Дастур”, “йўл харитаси”, “чора-тадбирлар режаси” ва ҳоказолар ишлаб чиқилди ва ҳоказолар ва шунга ўхшашлар...

Кўчада, ҳаёт дошқозонида кўҳна бозор авжида: “Сих ҳам куймасин, кабоб ҳам куймасин”, “Йўлини топибдими, омадини берсин”, “Бизда ҳам қолиб кетмайди”, “Таниш-билишинг бор бўлса, юкинг ерда қолмас”, “Қаловини топиб, қор ёғдириш мумкин”, “Хамир учидан патир”, “Ака-укачилик”, “Муомаласини қилинг”, “Хизмат бўлса шаймиз, ака”, “Сиздан угина, биздан бугина”...

Дарвоқе...

Мадомики, коррупцияни юқоридан бошлаб тугатиш самара бермаётган экан, уни пастдан бошлашга қарор қилинган кўринади.

Шунинг учун бугун қамоқда ўтирган бир катта бош прокурор чиқиб: “Ўртоқлар, порахўрликка қарши кураш самарали бўлиши учун пастдагилар пора беришни тўхтатиши керак!” – деганди Олий Мажлис минбаридан. Албатта, саволлар юзага келади: “Бермасак, иш битмаяпти-да”. “Бермасак, ҳатто қиё ҳам боқмайди-да...”, “Берсанг, қўйдай жовдираб туради. Бермасанг, бўридай ташланади...”

Коррупцияга қарши курашга халқни жалб қилиш учун “Жамоатчилик назорати тўғрисида” қонун қабул қилинди ва жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва ҳатто ҳар бир фуқаро ҳар бир идорани ё муассасани текширишига изн берилди. Лекин халқ ҳали бунга киришгани йўқ. Қўрқув, ҳадик ва хавотирлар бор ҳамда улар бежиз эмас.

Президент аниқ ва тиниқ даъват этди: “Жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги масаласида орқага қайтиш бўлмайди!”

Миллат бир қалқиниб, уйғониши керак: наҳотки ҳалол яшай олмасак, “яна бир-икки йил” аввалгидай яшаб 

турайлик, десак.

Мана, Kun.uz мухбирига бир сенаторнинг сўзи: “Ўзбек жамиятидаги коррупция иллатини икки-уч йилда бирданига тозалаб ташлашнинг иложи йўқ... Бу иллатларнинг илдизини жамиятдан суғуриб ташлаш учун эса йиллар керак”. Сўрагинг келади: “Биз-ку кўрмаймиз, шекилли... Болаларимиз, невараларимиз кўрадими?!”

Коррупция нима ўзи?

Коррупция – давлат органлари, ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний, шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодиса.

Афсуски, ижтимоий фикр сўралганда коррупция энг кўп тарқалган соҳалар сифатида тиббиёт ва таълимни айтишади. Чунки прокуратура ёки милицияга ҳар кимнинг иши тушавермайди ва тушмасин ҳам. Аслида коррупция ботқоғига ботмаган соҳа қолмаган. Бола туғиладиган туғруқхонадан то сўнги манзил – қабристонгача. Чегарадан ўтадиган божхонадан нолийди, судга борган судловнинг қаллоблигидан фиғон чекади, банкка борган кредитни порасиз олиб бўлмаслигидан додлайди.

Албатта, таълим ва тиббиёт ҳам коррупциядан холи эмас. ЎзАдаги хабарга кўра: “Масалан, тиббиётда бюджет маблағларининг 25-30 фоизи самарасиз сарфланмоқда. Кўплаб соҳаларда давлат харидлари ёпиқ ҳолда амалга ошириляпти”. Ўзимизнинг тилга ўгирсак, бюджетнинг учдан бири – триллионлаб маблағ ўмарилмоқда, дегани ва бу давлат ахборот агентлигининг авайлаб айтган хабари, холос.

Балиқ бошидан сасиган бўлса, бошидан тозаланиши тўғрироқ эмасми? Акс ҳолда, коррупциянинг сабаблари билан эмас, оқибатлари билан курашамиз ва бу курашнинг охири бўлмайди.

Коррупциянинг кўламини ҳис қилиш учун порахўрлик, “откат” (бюджетдан маҳсулот харид қилишда улуш олиш), ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, қавм-қариндошчилик ва таниш-билишчилик қайси соҳаларда эканига эътибор бериш керак. Умрида паспорт алмаштириш учун бир неча бор милицияга борган, иши умуман судга ва прокуратурага тушмаган аксарият одамлар бу тизимлардаги коррупцияни билмаслиги табиий. Халқ мактаб ва институтга боради, мазаси қочса, поликлиника ва шифохонага югуради, сув, газ ва электр корхоналарига иши тушади. Шунинг учун фақат шу соҳаларда коррупция бор, деб билади.

Аслида коррупция дарахтининг асл илдизлари узун ва – пастга эмас – юқорига қараб кетган, кетганда ҳам юқорилаган сари йўғонлашиб кетган!

Аслида бу соҳалардаги коррупция – юқоридаги улкан коррупциядан келиб чиқади – бу бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилмаслигидан, “йўлда” ўмарилиб, университет, мактаб, касалхонага етиб келмаслигидан юзага келган оқибатлар!

Мактабда халқ нимадан нолийди: маош озлиги учун ўқитувчилар тез-тез пул йиғади: байрамга, муаллимлар кунига, синфни таъмирлашга, деразага парда олишга, мактаб фондига, кириб-чиқиш электрон тизимига... Бунга бюджетдан маблағ ажратилмайдми?

Тиббиётда халқ нимадан норози: ҳамма нарса пуллик, маош камлигидан малакали шифокорлар хусусий клиникаларга ишга ўтиб кетган. Давлат поликлиникасига ёки шифохонасига борсанг, ташҳис ва таҳлил учун пуллик клиникаларга юборади.

Савол туғилади: хусусий клиникадаги ўша оддий тадбиркор сотиб олган хорижий ташҳис ё таҳлил аппаратини бюджети триллионлаб бўлган давлат сотиб ололмайдими?!

Бу пуллар ўрталиқда – молия вазирлигида ва соҳа вазирликларида, вилоят, шаҳар ва туман бўлимларида, ҳокимиятларда “ҳазм” қилинади. Глобал коррупциядан келиб чиққан бу маиший коррупция – муаллимлар ёки шифокорларнинг коррупцияси халқнинг кўзига кўринади, одамларнинг назарида шифокорлар ёки муаллимлар асл айбдор бўлиб чиқади.

Ишга қабул қилиш ҳам – коррупциянинг таркибий қисмидир, лавозимнинг “шапкаси” ноқонуний даромади борлигининг даражасига қараб белгиланади. 

“Соққа қилиш” имкони юқори ўринларга миллионлаб доллар пора билан кирилади, “даромади” камроқларига камроқ пора берилади, таниш-билишчилик, ҳамюртлик, тўдачилик муносабатлари ишга тушади. Бу иллат бутун маъмурий ва ижтимоий соҳани қамраб олган.

Эшитиб қоламиз, боғчага, мактабга, шифохонага ишга киришга пора олаётганлар ёки бераётганлар қўлга тушади. Ҳайратли ҳол, лекин сабаби аниқ. 700 000-800 000 сўм (70-80 АҚШ доллари) маоши бор ҳамшираликка ишга киришга 1000-2000 АҚШ доллари пора сўрашади ва, қарз-ҳавола қилиб, берадиганлар бор?! Чунки бу ишда ҳам ҳаром “қўшимча даромад” олиш мумкинлигини ҳамма билади.

Коррупция ошкораликдан қўрқади, холос. Шунинг учун журналистлар, блогерлар таъқиб ва танқид нишонига айланган. Бугунги энг зарур ислоҳот – сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш ва бозор иқтисодиётини жорий этишдир. Қишлоқ хўжалигини ва саноатни давлат монополиясидан чиқариш, ҳалол рақобатни ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш керак.

Ҳуқуқ-тартибот идорларини хўжалик ишларига жалб этиш коррупцияни кучайтиради. Пахта ва ғаллага давлат буюртмасини бекор қилиш – шу йўналишдаги инқилобий қадамдир.

Монополизм ва протекционизм – иқтисодий коррупциянинг ўқ илдизлари. Улкан давлат лойиҳаларида очиқлик ва ошкораликка йўл очиш, чорак аср ҳукм сурган коррупцияни юзага келтирган шахслар ўрнига ҳалол ходимларни, “садоқатли” эмас, ақлли кадрларни амалга келтириш коррупция илдизига болта уради.

Коррупцияга қарши курашадиган “алоҳида идора”га етарлича ваколатлар бериш ва ҳалоллиги, қатъияти шубҳасиз бўлган ходимлардан тузиш муҳимдир. Бу идоранинг ўзи ҳам парламент, жамоат ва матбуот назорати остида доимий туриши керак. Коррупцияга қарши идоранинг ўзи коррупциялашуви мумкинлигини кўп бора кўрдик.

Фақат маъмурий чора – давлат муа￾ссассасини ташкил этиш – етарли эмас. Сиёсий чоралар ва сиёсий ирода керак – парламент, матбуот, судларга ҳаққоний эркинлик бериш, пастдан энг юқоригача.

Ҳамманинг даромадларини очиқ декларация қилиш, хўжалик субъектларига имтиёзлар беришни тўхтатиб, чинакам рақобатга йўл очиш ва молиявий оқимларни шаффофлаштириш шарт.

Карим БАҲРИЕВ,

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси жамоатчилик кенгаши аъзоси.

Report Page