Бош вазир ўринбосари қатор ташкилот ва муассасаларда бўлди
Buxoro.uzЎзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова вилоятимизда хотин-қизлар ижтимоий муҳофазаси, бандлиги ва таълим-тарбияси, жойларда “Аёллар дафтари”дан ўрин олган оилаларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишиш мақсадида вилоят марказидаги қатор ташкилот ва муассасаларда бўлди.
Жумладан, Бухоро шаҳар ҳокимлигида хотин–қизлар фаоллари, маҳалла масъуллари билан бўлиб ўтган мулоқотда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, улар учун яратилаётган имконият ва берилаётган имтиёзлар самарадорлиги хусусида суҳбатлашилди. Шунингдек, ҳудудларда «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг рисоладагидек турмуш кечиришларини таъминлаш, уларни аввало даромад манбаи – иш билан таъминлаш, моддий таъминотини ўрнига қўйиш, чеварликка ва бошқа ҳунарга лаёқати бўлганларга субсидия асосида тикув машиналари ёки бошқа зарур ускуналарни олиб бериб, ўзини ўзи банд қилиш баробарида кичик бизнесни йўлга қўйиш, оилавий бюджет ва доимий даромад манбаига эга бўлиш имконини яратиш лозимлиги таъкидланди.
Бухоро шаҳар ҳокимлигида "Аёллар дафтари"нинг 3-босқичида ишсизлар тоифаси рўйхатига киритилган, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 10 нафар хотин-қизга субсидия асосида асбоб-ускуналар берилди.
— Маълумотим олий, ҳисобчи бўлиб ишлаганман. Аммо оила, фарзандлар ташвиши, шахсий муаммоларим билан банд бўлиб, кўп йил ўз соҳамда ишлаш имконим бўлмади, – дейди "Баҳоуддин Нақшбанд" МФЙ да истиқомат қилувчи Нозима Идрисова. — Нафақа ёшига етганимда “Аёллар дафтари”дан ўрин олдим ва мен бугун маҳалла маъмурияти ёрдами билан мономарказда тикувчилик йўналишида уч ойлик курсни ўқиб чиқдим. У ерда бухгалтерия йўналишида қисқа муддатли курсни ҳам ўқидим, чунки бу соҳада янгиликлар кўп. Энди ўз тадбиркорлик ишимни йўлга қўйиш ҳаракатидаман.
Республика Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Бухоро шаҳридаги 1-сон умумтаълим мактабида умумтаълим мактабларнинг раҳбарлари, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари ва психологлари, соғлиқни сақлаш масъуллари ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида оила-маҳалла-мактаб ҳамкорлиги, таълим–тарбия масалалари, ёшлар ўртасидаги эрта турмуш, эрта туғруқ, қолаверса, оилавий низо ва ажримларнингг олдини олиш каби долзарб мавзуларда муҳокама йиғилишини ўтказди.
Шунингдек, вилоят марказидаги "Monday" дастурлаш маркази ва бунда инновацион ёндашув асосида замонавий IТ, яъни ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб бораётган хотин-қизлар ҳамда "Ишга марҳамат" мономарказида миграциядан ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган, пробация ва профилактик назоратда турган, боқувчисини йўқотган хотин-қизларни касб-корга ўргатишдаги чора-тадбирлар, улар ижтимоий муҳофазаси Зулайҳо Маҳкамовани бефарқ қолдирмади.
Мономарказда бу тоифадаги хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш мақсадида сайёр қабул ҳам ўтказилди.
Ўрганишлари давомида республика Бош вазирининг ўринбосари Бухоро Давлат университетида ихтирочи, олима аёллар ҳамда вилоят олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизлар билан учрашиб, юзма-юз мулоқот қилди. Бу жараёнда алоҳида тоифага кирган хотин-қизлардан бир гуруҳига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 сентябрдаги 585-сонли қарорига мувофиқ талаба хотин–қизларнинг олий таълим олишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун белгиланган Тавсияномалар тақдим қилингани кўпларни хурсанд қилди.
XVII асрнинг иккинчи ярми, аниқроғи, 1670–71 йилларда Бухоро шаҳрида барпо қилинган “Жўйбори Калон” мадрасаси нафақат тарихий аҳамиятга эга иншоот, балки бунда аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юрти 1992 йил 1 сентябрда фаолиятини бошлаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфига ўтказилган. Мазкур муассаса ўрта маълумотли бошланғич араб тили мураббийси, диний маърифий ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари маслаҳатчиси мутахассисларини тайёрлайди. Айни пайтда бу таълим даргоҳида республикамизнинг турли вилоятларидан 75 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Ўз навбатида, Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова “Жўйбори Калон” аёл-қизлар Ислом билим юртида бўлиб, таълим даргоҳининг мударрисалари ва талабалари билан мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, маърифатнинг тараққиётда тутган ўрни хусусида мулоқот ўтказди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати