Бош прокуратура афғон ҳарбий ҳаво кучлари Ўзбекистонга ўтгани ҳақида ўзи тарқатган хабарга раддия берди

Бош прокуратура афғон ҳарбий ҳаво кучлари Ўзбекистонга ўтгани ҳақида ўзи тарқатган хабарга раддия берди

Ozodlik

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўнлаб афғон ҳарбий самолёт ва вертолётлари ҳамда юзлаб қуролланган ҳарбийлар Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани ҳақида 16 август куни ўзи тарқатган расмий хабарга раддия берди. Раддияда ҳақиқий вазият қандай эканига ойдиклик киритилмаган. Қуйида Бош прокуратуранинг Телеграм-каналида тарқатилган раддия матни тўлиқ келтирилмоқда: 

Бош прокуратуранинг “Telegram”каналида 2021 йил 14-15 август кунлари Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудуди ҳамда қўшни Афғонистон Республикаси билан чегарадош ҳудудларда рўй берган воқеалар ҳақида баёнот берилганди.

Қайд этиш керакки, ҳозирда Афғонистонда рўй бераётган ўзгаришлар дунё ҳамжамияти диққат марказида турибди. Тўлқинли воқеликлар туфайли аксарият одамларда турли-туман тушунчалар шаклланиб келмоқда.

Тан олиш зарур, ҳар доим ҳам бундай вақтда расмий манбаалар ҳам айрим камчиликлар, яъни ахборот тарқатишдаги адашмовчиликлар, текширилмаган далиллар юзасидан маълумот бериб юбориши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Шу тарзда, Бош прокуратуранинг “Telegram” каналида чоп этилган баёнот ҳам охиригача аниқлаштирилмай, мутасадди идораларнинг расмий текширилган маълумотларига таянмаган ҳолда чиқарилган.

Шу боис, Бош прокуратуранинг “Telegram”каналига маълумотларни жойлаштириш учун масъул бўлган тармоқ ходимлари шошма-шошарлик билан чиқарилган мазкур баёнот учун расман узр сўрашмоқда.

Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслик учун тегишли чоралар кўрилди.


Report Page