Бош мақсад – халқ фаровонлиги

Бош мақсад – халқ фаровонлиги


Юртимиз тараққиёти кўп жиҳатдан фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги ва дахлдорлигига боғлиқ. Бу эса уларнинг ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган янги ҳуқуқий ҳужжатлар моҳиятини чуқур англаб етишини, янгиланишлар жараёнида ўз ўрнини топишини тақоза этади. 

Бухоро давлат университетида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган қонунчилик ҳужжатлари тарғиботига бағишлаб, олимлар, турли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда журналистлар иштирокида ташкил этилган мулоқотда бу фикр устувор бўлди.

Тадбирда аввалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг октябрь ойида бўлиб ўтган йигирма учинчи ялпи мажлисида муҳокама этилган масалалар диққат марказида бўлди. Таъкидландики, ялпи мажлисда 31 масала кўриб чиқилган бўлиб, жумладан, 19 та қонун маъқулланди. Уларнинг 12 таси янги, 5 таси амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳужжатларни ратификация қилишга оид ҳужжатлардир.


– Қабул қилинган қонунлар ва қарорлар мамлакатимиз тараққиётининг сифат жиҳатидан янги босқичида белгиланган мақсадлар ва вазифаларни, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳамда Президентимизнинг қатор фармон ва қарорларида илгари сурилган вазифалар ижросига қаратилган, – деди мамлакат парламенти юқори палатасида доимий ишловчи сенатор Раҳматулла Назаров. – Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, унинг экспорт салоҳиятини оширишга йўналтирилган лойиҳаларнинг рўёби молия институтларига ҳам боғлиқ. Сенатда қабул қилинган қонунларнинг тўртдан бир қисми, аниқроғи 5 таси Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки, банклар фаолияти ва молиявий операцияларни тартибга солиш ҳамда уларни такомиллаштириш тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатлар эканлиги ҳам бунга далил. Масалан, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунда банк фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш, бу фаолиятнинг ўзига хос таваккалчиликларини назорат қилиш, жумладан таваккалчиликларни бошқаришга доир талаблар белгиланган.Унда банк хизматларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи ҳам муҳим ўрин олган.

Мулоқотда  қабул қилинган бошқа қонунлар ҳамда тегишли ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

  Шунингдек, жорий йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича сайлов қонунчилиги масаласи ҳам муҳокама қилинди. Мазкур масала юзасидан маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 23-Бухоро сайлов округи раиси Қаҳрамон Турсунов янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг сайловларни партиялараро соғлом рақобат муҳитида кечишини таъминловчи ўзига хос жиҳатлари, ундаги янги нормалар ҳақида тўхталди.

Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати  Кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрда қабул қилган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу ҳақда вилоят Кенгаши депутати Фармон Аминовнинг маърузаси тингланди.

2020 йилнинг 1 январидан кучга кирадиган мазкур ҳужжат ижтимоий ҳаётимизда учраб турадиган кўплаб иллатларнинг ва улар туфайли юзага келадиган муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланди.         Мазкур ҳужжатда белгиланган тартиблар, уларга риоя қилиниши устидан давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган назорат ҳақида атрофлича сўз юритилди         


                                                                                      Эркин ЁДГОРОВ,

                                                                              “Бухоронома” мухбири

                                                                

                             

Report Page