Бону

Бону

Иқбол МИРЗО


29-қисм.



* * *


Ёрмуҳаммад қаердандир Олмос иккимиз Арк ёнида тушган суратимизни топиб, менга юборди. Расм сифатсизроқ чиққан бўлса-да, иккимизнинг ҳам навқиронлигимиз, беғуборлигимиз, камтарлик нега, чиройимиз балқиб турибди, тағин... чароғон кўзларимизда ишқ шуъла сочяпти. Олмоснинг мен томон журъатсиз сал узанган қўли севгимизга ғубор қўнмаганидан, бир-биримизни қандайлар авайлашимиздан дарак.

Мен суратларни ёқтирмайман, кўзгуга қарагим келмайди. Сабабини сиз яхши биласиз. Аммо мана бу расм... ахир ҳаётимнинг энг ширин, энг сеҳрли, энг бахтиёр палласи бу!

Мана шу суратга орзиқиб, орзу қилиб қанча хуш хаёллар сурганимни, уни кўксимга босиб, кўзларимни юмиб энтикканимни, кейин... термулиб-термулиб кўзёшларим кипригимга парда солиб йиғлаганларимни ерда мен, кўкда худо билади.

У замонларда Олмос менинг Олмосим эди. Энди... Ҳа, майли...

Ҳол сўраб ёзган СМСимга биринчи бор узуқ-узуқ, лекин батафсил, баракали жавоб қайтди: “Ас.ал.! Бону, сиз билан қайта топишгунча ўтган кунларим ўнгидан келган даҳшатли тушдек эди. Кун сайин дармоним қуриб, кўзим хиралашиб бораётганини, юрагим, жигарим, ўпкам қовжираб, бужмайиб, сой четида учрайдиган шўҳак тошдай мўрт тортаётганини ҳис қилиб ётардим”.

“Эй худо, дердим, тезроқ омонатингни олақол, бечора оилам, яқинларим мени деб хонавайрон бўляпти, уларнинг ҳам мушкулини тезроқ осон қил! Энг ёмони, қизчаларим менинг қоқ суяк ва теридангина иборат юзларимга чўчинқираб қараётгани, бегонасираб бораётгани эди. Ажаб савдо, одам сўнгги манзилга ёвуқ борганда, ё эси пасайиб бемаъни гапларни айтиб алжираб, ё сўкиб-қарғаниб, жигарларининг кўнглини совутар экан”.

“Ва ё мендай тўшакка михланиб одам қиёфасини йўқотиб, қўрқинчли кўриниш касб этиб, атрофдагиларни безиллатиб қўяркан. Бунда ҳам худонинг кароматини кўраманки, бандаси севикли кишиси оламдан ўтса куйиб адо бўлмасин деб шундай совуқчилик санъатини қўлласа эҳтимол...”

“Бироқ энди мен Роббил оламийндан ёлвориб умр тилайман, тани-жонимда умид уруғлари ниш ураётганини, юрагим, жигарим, ўпкам қизалоқларим пуфлайдиган пуфакдай лаҳза сайин дуркунлашиб, кенгайиб бораётганини сезиб турибман. Балки, бу алдамчи таассуротдир, ахир шам ҳам сўниш олдидан бир ҳилпираб жонланиб олади-ку”.

“Эсингиздами, сизда алланечук илоҳий хислат бор, дердим. Ҳа, шундай, бунга яна бир бор амин бўлдим. Сиз билан боғланганимдан бери дўхтирларнинг муносабати ўзгарди, мени алоҳида шинам хонага кўчиришди, ноёб дориларни топиб келтириб, томизғи қилишяптики, буларнинг барида сизнинг ғойибона шарофатингизни кўриб тургандекман”.

“Яна бир гап, Бону, хайр ҳам қўшқанот бўлади, хотинимнинг айтишича, қайноғаларимнинг ишлари юришиб, “Аввал хеш, сўнг дарвеш”, деб менинг муолажамга ҳар иккови бир талай маблағ ажратибди. Мен дори кучи билан эмас, меҳр сеҳри билан соғайяпман. Ёрмуҳаммадга “дори керак бўлса, айтинглар”, дебсиз. Менга меҳрингиз, эътиборингиз ўта зарур... Дариғ тутмагайсиз...”

Бу хатга нима деб жавоб ёзиш мумкин? Мурғак болаларни кўрган одамнинг қалбида ўз-ўзидан аллақандай ачиниш, шафқат туйғуси уйғонади. Нега? Менимча, бунга, аввало, болачаларнинг ожизлиги, нотавонлиги боис бўлса, қолаверса, уларнинг оламдан бехабарлиги, ғофиллиги сабабдир.

Олмос айни шу ҳолатида мурғак ва ҳимоясиз, ташқи дунёдан узилган ғафлатдаги болакайнинг ўзгинаси эди.

...йиғлагайман, ўзга нетгаймен?...*


*Бобурдан


10 май


Ёрмуҳаммад Олмосни кўргани боргани, ухлаб ётган жойида билдирмай расмга олганини айтиб, ўша суратни илова қилиб қўйибди.

Одам боласи шундай кўйга тушиши мумкинми? Фашистлар концлагеридаги жуҳуд асирлардан фарқи қолмабди. Танимадим. Бу суратда менинг Олмосимдан зарра ҳам жузъ кўринмади. Яхшиям, уйқу пайти тасвирга туширибди, йўқса унинг кўзларидаги ҳар қандай ифода мени адойи тамом қилиши мумкин эди.

Шу қоқшол ҳолига нигоҳи чилпарчин экани аён, магарким қароқларида қувонч кўринса, бу ўн карра аянчли бўларди.

Мен: “Ёрмуҳаммад ака, айёмингиз билан! Яхши одамсиз, амин бўлганман. Лекин нега бунақа расм жўнатяпсиз? Менда қасдингиз борми? Унинг мана шу ҳолатини кўрмаслик учун ҳар қандай кулфатга тайёр эдим. Гарчи бу дард шундай оқибат билан кечишини яхши билсам-да, барибир хаёлимдан мудҳиш манзарани имкон қадар ҳайдаб, узоқлаштириб юрувдим. Шоира опам “Бориб кўриб қўйсаммикан? Ўша шифохонада қўшним ишлайди, балки ёрдами тегиб қолар”, деганида ҳам унамаганим сабаби шунда эди. Опам Олмосни кўрса, аёлларга хос куйинчаклик билан менга ҳикоя қилиши, юрак-бағримни тилимлашидан қўрққандим...”

Орадан бир неча дақиқа ўтказиб Ёрмуҳаммад Олмос билан талабаликда тушган расмини жўнатди. Буниси ярага туз сепгандек бўлди. Қандай йигит эди...

Рашк масаласида ёзганим эсингиздами? Ёнимиздан ўтаётган чиройли қизга қараб қўйганда енгидан тортганим? Ўша қиз ҳам менинг елкам оша Олмосдан кўз узмай ўтгани, балки, ғамзалар билан қош қоққани эҳтимолга жуда яқин. Унга бир қараган қиз яна бир қараши тайин эди. Баланд бўйли, елкали, оқ юзли, қорақош, қоракўз, қиррабурун ва дид билан пўрим кийинган барно йигитга қайси бўйсара қиз қарамайди?

Бизнинг ишқ достонимиздан хабардор курсдош дугоналарим ҳам Олмосга суқ билан қараганини кўп кузатганман. Энди... бу аҳвол...


* * *


Шоира опам қўнғироқ қилиб, узоқ ҳол-аҳвол сўради.

Одати шунақа, агар нозикроқ, муҳимроқ масалани кўтармоқчи бўлса, кириш сўзини сал чўзиб юборади.

– Бонужон, жонингдан айланай сени, кўнглингга оғир олма, биламан, сен уни ҳалиям жонингдан ортиқ севасан. Биз аёллар шунақа, илк севгимизнинг қурбони бўламиз, эркаклар буни икки дунёда тушунмайди. Хуллас, ғайирлик қиляпти, пулга куйяпти дема, сенга ачинганимдан айтяпман, икки ҳафта ичида шу-унча пул бервординг, бу ернинг ўлчамида сарфинг ҳаддан зиёд! Бунча маблағ билан бемалол Европага, Германияга обориб даволатса бўларди. Суриштирдим, Берлинда шу дарднинг шифо маркази бор экан, дунёда энг зўри шу дейишди. Шпэт-Швальбе деган машҳур онколог бошқараркан. Тузалиб келганларни ўзлари билан гаплашдим...  

Тилимни тишлаб турибман, “Опам жоним, ўша пулларнинг аксари Икром акамни қутқаришга кетди, кузга бориб суюниб қоласиз”, деб айтолмайман-ку. Агар аввалбош опамга маслаҳат солганимда, ўламан обло, деб кўнмаслиги аниқ эди.

Биринчидан, Икром ака бундай ҳаракатни фойдаси йўқ деб айтган, иккинчидан, опам менинг мусофирчиликда “ўлай деб” топган топилдиғимни ғиштдек қилиб қинғир иш усталарига топширишимни ҳечам истамасди. Лекин ҳаракат қилмасдан, тақдирни оқим измига ташлаб қўйиш, кўрган тушга қувониб, қўлтиққа қўл солиб туравериш акага нисбатан мен томондан, энг камида, кўрнамаклик бўларди.

– Опажон, гаплашган эдик шекилли, бечоралар фоизга қарз олиб, роса ботишган экан, ўшани текислашяпти. Бундан буёғи катта харажатлари йўқ, худо хоҳласа, у оёққа туриб олса, қаторга қайтса, ҳамма ғуборимиз чиқиб кетади. Одамлар мачит солади, эҳсон қилади, бизникиям савоб йўлидаги хайрия деб қўяқолинг.

– Жонимни қоқай, ўша мачит солганлар мол-мулки ошиб-тошиб кетганидан қилади, сенгина чумчуқдек жонинг билан ўрисни нонини еб, пешонангни енгинг билан артиб бу пулни топяпсан. Сенга осонми? Тағин ўйлама опам айниб қопти деб, меҳнатингга куяман-да, жондай синглимсан ахир...


11 май


Одатимга кўра нонуштадан кейин онамга сим қоқсам, нари-бери ҳол сўраган бўлдию қувониб “Мана, Мирхонд ёнимда, гаплаш”, деб телефонни акамга берди.

– Ҳа, акажон, бир оғиз айтмасдан, қуённи расмини чизворибсиз? Одамлар баҳорда Россияга келса, сиз тескарисини қилипсиз-ку? Ё тез қайтасизми? Тинчликми ишқилиб?

– Ҳа, тинч, шукур, – унинг овозида шодлик бор эди, – ўзинг қалайсан? Ҳа, шошилинч бўлип қолли. Қачонгача оққулоқлардан панд еб юраман? Буёқда бола-чақа қийналиб кетди, худо ҳоким, қора қозон қайнаб қолар... Бошим жойнамозга тегадиган фурсатим ҳам етди. Онамиз ғанимат бўлип қолипти: эрталаб ундоқ, пешинда бундоқ...

– Янгам зўр келдими? Думингиздан тортдими? Хотин битта сизда бор-да!

– Бонужон, қаҳрингни қўзғатма, сен бўлмасанг, мен бўлмасам, ота уйга ким қарайди? Ўрисни об-ҳавосини кўтаролмай қолдим, белим ҳеч қўйвормайди.

– Шифо берсин ишқилиб. Мен ҳар эҳтимолга қарши кўча қоровуллигини банд қилиб тураман, агар ёстиқ бўйнингизга ботса, келаверасиз, – деб хайр-маъзурни қисқа қилдим.

Акам онамнинг ёнида бўлгани маъқулку-я, фақат менга қайтаётганини айтиб қўймагани бигиз урди. Битта қўнғироқ қилиб, икки оғиз гап айтиш қанча вақт олади?

Ичим ғашланиб қолди...


* * *


Қизалоқлигимда Мирхондни ҳаммадан кўп яхши кўрардим. Доим унга эргашар, яхши нарсаларни илинар, бирор соат кўринмай қолса, ҳовлини бошимга кўтарардим. Кенжа сингил бўлганим учунми, уям мени етовидан қўймас, дарахтларга тирмашиб, хомхатала меваларни юлқиб тушиб оғзимга тутар, музқаймоқчининг ўтараваси товушини биринчи бўлиб илғаб, мени кўтарганча кўчага югурарди.

Эркалигим сабаб хархашам кўп, гоҳида арзимаган нарсага опаларимни ёппа сўкишга тушарканим:

– Ҳамманг тентаксанлар! Тен-так-лар! – ҳақоратим акажонимга тегиб кетиб, кўнгли оғриб қолмасин десам керакки, шу заҳоти қўлини тутиб, – Мирхонд, сен тентакмассан-а? – деб уни “тентактўпи”дан ажратиб олганларимни онам эслаб айтиб юрарди.

Ўзи шунақа бўлади-ку, сиз кимнидир яхши кўрасиз ва у ҳам мени ўз-ўзидан ёқтириши керак деган хотиржам ишончингиз бўлади. Унинг шунчаки айтган сўзлари, қараши сизга каттароқ маъноларда кўринаверади.

Йигитларнинг меҳри ёмбидек яхлит бўладими? Фақат бир одамгагина аталадими?

Мирхонд уйландию менинг бор-йўғимни пайқамайдиган бўлиб қолди.

Қанча одамларга меҳр, ихлос, эътиқод қўйдим, оқибатда оқибат топмадим...

“Мирхонд, сен оқибатсиз эмассан-а?”...



12 май


Бир донишнамо одам “Бир жойим оғриб турмаса, ўзимни ёмон ҳис қиламан”, деган экан. Мен ҳам ҳаётим бир йилу уч ой мойлаб қўйилгандай силлиқ, ишкалсиз кетаётганидан хавотирланиб, охири бахайр бўлсин деб қўярдим.

Ростдан, уй соҳиблари билан муносабатлар ҳавас қилгулик, ойлик важҳидан зориқиш йўқ, ишим болажонлар баҳонасида дунё кезиб, денгизлар бўйида ҳаво янгилаш каби роҳатижон эди. Бироқ кўнгилда бойчечак соясидай ҳадик ҳам йўқ эмасди, ахир Бонужоннинг ишлари бир умр чамандагул бўлиши мумкин эмас-ку!

Айтганим бўлди: аҳён-аҳёнда “Ўзимга кўз тегмасин, илоҳо”, деб пайшанба-пиртак дуоларимни ўқиб юрувдим, кутилмаганда валинеъматларим тагига сув кетди. Бирдан бесаранжомлик бошланиб, дарвозахонага қўшимча қоровул қўйилди.

Юз-кўзида ташвиш акс этган ҳар хил олазарак кишилар хонадонга серқатнов бўлиб қолди. Эски танишлар чол билан нималардир ҳақида қизғин баҳслашишар, гоҳо Макарни ҳам чақириб, узоқ суҳбатлашиб ўтиришарди.

Бу зиқ асабий вазият бизга ҳам кўчиб ўтди, наманганлик хизматчи қиз – Зилол бўғчасини тугиб, кетаманга тушиб қолди. Менга ўзаро гурунгда оқшом пайти бир гала турқи совуқ йигитлар дарвоза атрофида уймалашиб юрганини, биттасининг қўлида милтиқ кўрганини айтиб, кўзларини алмойи қилди: “Оя, мани сочим тим қоро, кўзим алвалидай думмало, тарбия кўрмаганла маниям лўлибашара деб пўқиллатиб отиб тешласа-я, абамми кўраманми?!”


* * *


Дераза пардалари туширилган ним қоронғи хонада Лариса вазиятни менга тушунтирди:

– Бону, азизам, бизни иззатимиз битди, губернатор қамалди, душманларимиз бирин-кетин мансабга миниб, бизникиларни қувғин қиляпти. Ҳовли сотилди, дўконлар ҳам эгасини топди. Руминияга қочяпмиз. Макар айтдики, агар рози бўлсанг, сенгаям чипта оламиз, биз билан учасан...

Энди буларга эргашиб юртма-юрт санғишим қолувди. Айтишарди, лўлининг уйи бору, ватани йўқ деб. Осонгина “Руминияга қочяпмиз” эмиш... У менинг рангим ўзгарганини пайқаб, секингина:

– Азизам, ихтиёр ўзингда, мен ҳам Макарга Бону биз билан кетмаса керак, дегандим. Лекин истаган вақтингда қучоғимиз сен учун очиқ. Боғланиб, гаплашиб турамиз. Алишерга айт, эрта тонг қоронғисида сени олиб кетсин, анави қизниям. Ҳозир лаш-лушларни йиғиштиришга ёрдам бервор, илтимос...


14 май


Алишер Зилолга иш топиб берадиган бўлди, менга икки кун кейин Тошкентга учишга чипта олиб келди:

– Пулларингни беш минг-беш минг қилиб “Вестерн”дан таниш-билишларингга юборамиз. Бирдан бунча яхлит пул бир кишининг номига борса, шубҳаланишади. Тақинчоқларинг кўпайиб кетибди, таваккал, ҳаммасини тақиб ол, индашмаса керак, сўрашса, ўзимни зийнатларим дейсан, – ака хаёлига келган гапдан завқланиб “пиқ” этиб кулиб олди, – жуда тиқилинч қилишса, кафтингизни тутинг, фол очиб бераман, деб қўяқоласан.

– Рўпара қилган ўзингиз-ку, яна куласиз, – дедим мен ҳам жилмайиб, – тағинам кийим-кечакларини олмадим.

– Олавермабсан-да, ўзимизда харидорлар бор эди, – Алишер ака хотинига тегишиб қаради. Аёли қўлидаги капгир билан ёлғондакам пўписа қилиб, қошларини кўтариб, “ҳап, сеними!” дегандай “ёвқараш” қилди.

Зилолнинг таъбири билан айтганда, “Оянинг лоямути” пишгунча фейсбукка кириб, “йўқланди”ларни текшира бошладим. Қаранг-да, худонинг қудрати билан интернетга шунақа ўрганибманки, ҳар соатда бош суқмасам, бир нарсалардан қуруқ қолаётгандай юрагим ҳовлиқади денг.

Кечадан бери биз фақирни ҳеч ким йўқламабди. “Қўйингни чўпонга ишон, лекин пичоғидан кўз узма”, деган мақолга амал қилиб, Ёрмуҳаммадга нома жўнатдим: “Ассалому алайкум! Нима янгиликлар? Муддат яқинлашиб қолди-ку... Олмос қалай?”

Маҳаллий телевизўрда собиқ губернаторнинг кирдикорлари, ҳамтовоқлари ҳақида кўрсатув берилаётган экан, “бизникилар” ҳам чиқиб қолса-я деган хавотирда юрак ҳовучлаб, охиригача кўрдим. Хайрият, қочиб қутулишибди шекилли. Яна фейсбукка қайтиб, йўқотган бир пой зирагини топиб олган келинчакдай бир ҳовлиқиб олдим: жавоб бор!

У: “Салом! Катта билан кеча гаплашдим. Акангиз “катак”да ҳам мунтазам тартибни бузиб, ҳаракатимизга халақит қилаётган экан. Опангизга айтинг, учрашувга борганда тайинласин, ака ўзини тийиб олсин, бўлмаса айб ўзида қолади. Катта: “Бўлмаганга бўлишма дегани рост экан, бунақада “сўнгги қўнғироқ”қача ўтиради”, деяпти.

Олмос сизнинг шарофатингиз билан кун сайин ўнгланиб боряпти. Бирор ойлардан кейин оёққа туриб кетсаям ажабмас. Лекин келиннинг айтишича, яна бироз моддий кўмак керак эмиш. Қанчалигини аниқ айтмади. “Опадан сўрагани бетим чидамайди, аммо йўл ярмида муолажани тўхтатиш Олмос акамни тоғдан итариб юбориш билан тенг”, дейди. Менимча, кўп эмас, икки-уч минг кетса керак.

Катта билан индинга яна кўришаман. Бирор гап бўлса, ёзиб юбораман”.

Мен: “Яхши, опамга айтиб қўяман. Каттангизга айтинг, нима қилиб бўлса ҳам акани чиқариб берсин, мукофоти нақд.

Янга хижолат бўлмасин, айтган пулини қўлларига ўзим бераман. Эртага Тошкентга учаман. Худо хоҳласа, сиз билан ҳам юртда юзма-юз кўришиб, гаплашамиз...”

У қайтиб фейсбукка кирмади.


15 май


Ўз уйингдаги ўлан тўшак бировнинг пар кўрпасидан минг марта аъло!

Долче вита* қавми – ширинтомоқлар танда қўйган тамаддихоналарнинг довруғи достон таомларидан татиб, пахта ҳашари мавсумида шийпондаги қоратол соясида ўтириб, қоқнон бўктирилган пиёва шўрва ичганларимни орзиқиб эсладим.

Қора денгиз бўйида биз учун махсус тикилган лўличодирда ўн кун ётиб, беармон чўмилиб, беозор қуёшдан тоб оларканман, хаёлимдан Хожа Уббоним кетмади...

Малайзиянинг сув урилган тандирдай иқлимидан лоҳас бўлиб, ҳолгинамга маймунлар йиғлаб, меҳмонхона ҳавосовутгичи нафасидан базўр ўзимга келиб, Ларисанинг раъйи билан тамаддихонага тушган пайтим чувак юзига териси ёпишган мўғулбашара киши чакка мускуллари ўйнаб-ўйнаб, қалин кўзойнак ортидаги ифодасиз кўзларини бир нуқтага тикканча бетиним кавшанаркан, унинг рўпарасида ялпайиб ўтирган тепакал лорс худди малай фили ноласидай шовқин солиб қоғозсочиққа такрор-такрор бурун қоққанини кўриб, дадажоним ўсмир опаларимга: “Пиёлани ювгач, алоҳида-алоҳида қўйинглар, бир-бирига тегиб чиқирласа, меҳмонни кўнглига келиши мумкин”, деганлари хотирамда уйғониб, негадир ўксиб кетдим.

Буньоль кўчаларида Лья Томатина деб аталмиш ҳосил байрами чоғи бир-бирларини беаёв помидорбўрон қилиб, тўпиғигача чиққан қизилбўтқада сирпаниб, ғайритабиий завқ жазбасида қийқириб юрган оломонни кўрганда ҳовлимиз ишкомига онам шода-шода иладиган “памадурқоқи” ёдимга тушди.

Нега шунақаман?

Нега доим дилимнинг бир чети хижил, ўқпати юлиб олинган каптардайман, имкон туғилиши билан ўзимнинг барханларим томон йилдиримдек учгим келаверади?

Балки, фикрим чеклангани, кимларгадир ошно мутлақ эркинлик туйғуси менга бегоналиги учундир...

Эҳтимол, эл қатори камсуқум-камхарж яшаганим, исрофни гуноҳи азим деб билганим сабабдир...

Ватан масаласига келсак... мен шу кўҳна тупроқда ҳурпайиб ўсган янтоқлар панасида дунёга келган хонгули қуралайи кабиман, тилло қумлар ўйнаган булоқларда кўз очган гулимоҳдайман.

“Ҳувайдо” бобом елкасини бериб ўтирган қудуқ ёқасига яшил бахмалдай ёпилган чимнинг серсоқол илдизларига попук томирларим тарам-тарам ўришу арқоқ бўлиб туташиб кетган.

Ҳужайраларим шу диёрнинг иқлимидан семириб, об-ҳавосидан атиргулдай очилган, ҳар бир заррам қишлоғим сувтомчисини танийди... фақат онамдай мунис ва мунир ўлкамнинг ҳур-ҳур шабадасигина тани-жонимга лаззат бахш этади...


* * *


Онажоним ёнида елкаларига бош қўйиб ўтириб, кексаларга хос паришонроқ, ҳорғинроқ товушларини эшитиб томирларимда ҳузурбахш оқ шуъла оқаётгандай, ёшим ўттиздан ошган бўлсаям, қизалоқлик давримга, ўша қизамиқлар тошган пайтларимга қайтгандай бўлдим:  

– Энди тузалмайманми, она? – дейман.

– Вой дадасини эркаси! Нима дейди бу? Нега тузалмас экансан? Тузалиб қопсан-ку, мана, кўзгуга қара!

Мен кўзгуга қарагани чўчийман. Бордию яна юзлари ажи-бужи одам қараб турган бўлса-я...

– Она, мени ким тузатди? Сизми? Дадамми? Ё бобожонимми?

– Худойим... Ўзи чевар, Ўзи зардўз...

– Ўзи тузатар экан, нега мени бунча қийнади?

– Бу синов-да, болам, Яратганнинг катта имтиҳони.

– Катта имтиҳонни катталарга берса бўлмайдими, онажон?

Онам кулимсираб, мени бағрига тортади. Мен мушукчадай мулойимланиб, илиқ ва хушбўй пинжга суқиламан.

Огоҳлантирувчи йўтал билан акам кириб келди. Қўлида амири қовун. Дадам раҳматли шу қовунни яхши кўрарди. Бозор кунлари қийиғига боғлаб, елкасида кўтариб кириб келар, “Дадасини эркаси лаган келтирсин-чи, опаларини чақирсин-чи, бир пуд асал обкелдим”, деб ўзи чақмоқлаб, тилигига икки энликдан кўндаланг пичоқ уриб, қўлимизга тутқазар, биз кесилган жойдан қайириб, бир оғзим-бир оғзим қилиб ураверардик.

Қовунга қараб, ўша кунлар акамниям эсида экан-да, деб ўйладим. Оғзимнинг суви келди.

Акам мени қучоқлаб, “Тошюраклар эридими, а? Московингни кимга ишониб омонат ташлаб келдинг, Бонужон?” деб юзларимдан ўпди. Аразим офтоб кўрган шабнамдай буғланди-кетди.  

– Ўзиям, ёз бўйи денгизма-денгиз юрдингми дейман-а?

– Ҳа, шоли баҳона сув ичиб...

– Ёқибди сенга, туф-туф-туф! Она, тўйга ошпаз гаплашиб келаверайми? 

Онам гап тагидаги гапни тушунмади:

– Тўй? Ҳовли тўйими? Уйинг битдими?

Акам негадир бир қизариб олди:

– Йўғ-а, ҳали иши бор... Бонуни тўйини айтаман...

Онам яна Юсуфни эслади, яхши йигит эди бечора, ёш ўлиб кетди, деб фотиҳа тортди. Менинг кайфиятим бузилганини кўрган акам усталар ҳали тушлик қилган йўқ эди, деб келтирган қовунини қўлтиқлаб кўчага шошилди.


16 май


Бобур жияним ўғилчали бўпти.

“Чилласиям чиқиб қолди-ёв”, деди онам. Атаганимни олиб қўшалоқ қутловга отландим.

– Иби, вой-бў, шунча нарса кўтариб... овора бўпсиз-да, Бонужон, – холам қўлимдаги совғаларни авайлаб олиб, ичкарига қўйиб чиқди. 

Бобур томорқада сув тараб юрган шекилли, шимининг почаси қайрилган, калиши лой аҳволда шошилиб келиб мен билан қўл бериб кўришди.

– Холажон, сизга невара, Бобурга фарзанд, менга жиян муборак! Умри билан, ризқи билан бергани чин бўлсин! Қалай, суюниб ўтирибсизми? Янги меҳмон қайда? 

Холам дами чиққандай уф тортиб, супа четига букланиб чўкди.

– Гўрда суюнаманми? Бу келин эмас, бошгинамга бало бўлди. Худо урган жўгининг ўзи экан. Лайлак тарбиянинг ўрнига нуқул гўшт берган эканми, фикри-зикри еб-ичишда! Қишни кунида олмага бало борми!

– Она, бошқоронғи бўлгандан кейин... дадам ҳам айтди-ку, – Бобур супага дастурхон ёзаркан, эътироз билдириб, ён тараф бир қараб қўйди.

– Нима? Келган кунлариёқ бошқоронғимиди? Оғироёқ хотин обкелганмидинг? Сен биласанми, мен биламанми?! Ўша мен айтган пайтда эркак бўлиб жавобини берганингда шунча гап йўқ эди! Бўғоз бўлмасидан, иссиғида қутулардик. Мана, энди шалтоғини бир умр тозалаб ўтасан!

– Узр, холажон, келин... кетдими?

– “Кетдими?” Шундай жаннат жойдан осонликча кетармиди? Қайнота ғинг деб оғиз очолмаса! Эрнинг аҳволи бу туриш! Моховканадай ёпишиб олди-ку! Ҳайдаб-сўкиб зўрға кетказдик.

Бўғриқиб кетган Бобур эшитилар-эшитилмас “Бир оғиз сўзингиз билан кетди-ку, она, Фарҳоджонни кўтариб”, деб яна томорқа томонга ўтиб кетди.

– Фарҳоджонмиш-а! Товуғимни отини Тўтиниса қўйдим, деган экан битта девона. Энди нимаймиш, бу лайлаквачча алимент тўлатармиш. Бу бола бир жойда ишламаса, ойликчи бўлмаса, катта холамдан обераманми пулни?

Шу тобда менинг кўз олдимга холамнинг “катта хола”си – шол рўмол ўраган, бурнининг чап ёнида сўгали бор истарали момомнинг ромдаги сарғайган сурати келди.

– Бекор бўпти-да, ёшгина нарсанинг умри...

– Бонужон, бизга насиҳат-пасиҳат керакмас. Ҳамма иш ҳал бўлган! Бир ҳафтадан кейин маҳкамада ажрим бўлади. Ўзи, бошида тўй дарагини эшитиб кимдир “Икки-уч ойда келинчак кўзингизга хунук кўриниб қолади”, деб совуқ ният қилганди. Фаришталар кафт жуфтлаб турган экан-да! Тағин кўнглингизга келмасин...

Акажон, шугина маломатдан кўнглим оғрисинми? Бу кўнгилга не-не заранг таёқлару қирраш тошлар тегмади.

Энди уни бемалол палахмонга солиб кимсасиз томонларга отса ҳам бўлади.


29-қисм тугади.

©️Иқбол МИРЗО

@Ummuzaynabummuijodi

Report Page