Бону.

Бону.

Иқбол Мирзо

роман.

28-қисм.


3 май


Бировнинг хасми деган ибора бор.

Кўпчилик эркаклар буни хотинларга тегишли деб ўйлайди. Менимча, эркак ҳам шундай. Ҳарҳолда, аёллар мен тараф бўлиши аниқ: “Бу менинг хасмим, унга кўз тикма, яқинлашма, хаёлинггаям, тушинггаям киритма! Мен уни сенга бергунча, жон бераман ёки икковингниям жонингни оламан!”

Олмоснинг хотини – янга ёмон аёл эмас экан, лекин барибир ноқулайлик бор: у муносабатларимизни билади, рашк қилиши, қизғаниши аниқ. Ҳатто шу аҳволда ҳам.

Ўшан-чун мендан тўғридан-тўғри пул олгиси келмади.

Шу гапларни ёзаётиб қачондир Олмос айтиб берган латифа эсимга келди: бир аёлнинг уйига дугонаси меҳмонга келибди. Алламаҳалгача гурунглашиб ўтиришибди ҳамки, хонадон соҳибидан дарак йўқмиш. Хотин қўнғироқ қилса, “доирадан ташқарида” деган жавоб келармиш. Бетоқатланиб, ўзига ўзи “Бунақа одатлари йўғиди, тинчликмикан”, деса, дугонаси “Эринг кўзга яқин йигит, бирорта жонон билан топишгандир, ҳозир қаймоқлашиб ўтиргандир”, дебди. Хотиннинг бу гапдан эсхонаси чиқиб, “Йўғ-е, нима деяпсан? Нафасингни шамол учирсин! Йўлда мошина-пошина уриб кетгандир”, деган экан.

Олмос ёнимиздан ўтиб кетаётган хушқомат қизга қараб қўйганида енгидан силтаб тортганимдан завқи жўшиб, шу латифани айтиб, охирида қўшимча қилганди: “Рашк иймон белгиси, рашк қилаверинг, хурсанд бўламан”.

Дадам баъзан ҳазил аралаш: “Ошсиз уй бор-у, рашксиз уй йўқ”, деб қўярди.

Ишқилиб, янга билан очиқ гаплашиш қийин, умуман, аёл билан аёл самимий бўлиши мушкул, йигит ва қиз тил топишиши осон, ўртада деворсиз сирлашиши, дардлашиши мумкин, аммо “Қиз болага қиз бола дўст бўлмайди ҳеч қачон”, дейилади-ку қўшиқда, а?

Яна Ёрмуҳаммадга хат ёздим: “Салом! Безовта қилаётганим учун узр, лекин бошқа иложим йўқ. Аҳволи қалай? Бизда дори топиш осонроқ. Агар керак бўлса, номини ёзиб юборсангиз, топиб жўнатардим. Дўхтирлар нима дейишяпти?”

У: “Бугун эрталаб ёнига ўтиб келдим. Пул юборган экансиз, келин хурсанд, дуо қилиб ётибди. Анчагина қарзга ботишган экан, ҳақини қистаб жанжал кўтараётганларни тинчитдим, деди. Мендан бемаслаҳат фоизга пул олган экан, ўшаям болалаб кўпириб кетган, нима қилишга бошим гаранг, деб йиғлаб берди. Ажал човут солиб турса, одамнинг кўзига мол кўринадими? Ташвиши, муаммоси бор одам бахтли, кулфати бор инсон дод деса арзийди. Мен ҳам бор молу мулкимни совуриб, акамни қамоқдан яқинда чиқазиб олдим. Жон омон бўлса, мол топилади. Имконингиз борича Олмосга ёрдам қилаверинг. Муҳими, дўстим бир кун бўлсаям узоқ яшаса дейман. Агар қизчаларининг кўзчаларини кўрсангиз, жону жаҳонингиздан воз кечиб юборасиз. Сизга катта раҳмат! Дунёда ҳали муҳаббат, меҳр ва оқибат, инсонийлик борлигига мени ишонтирдингиз!”

Шоира опамга қўнғироқ қилсам, ҳансираб, “Ҳозир поездга чиқяпман, ўзим қайтарвораман”, деди.

Беш дақиқалардан кейин телефоним зингиллади.

– Алў, опажон, тузукмисиз?

– Шукур, ўзинг дурустмисан? Акангни ёнига кетяпман-да сени ҳисобингдан...

– Яхши бориб келинг, салом айтинг!

– Омонатни эгасига кеча оқшом етказдим. Хотини келиб олиб кетди. Жуда бамаъни аёл экан. Деярли пешонамиз бир экан, дедим. Меники қафасда, сизники тўшакда, бахтимизга Бону бор экан, дедим. Йиғлаб-йиғлаб кетди. Бонужон, сени жонинг соғ бўлсин, ҳаммага ёрдам қиласан, худойим ёрлақасин. Бизниям қарздор қилиб ташладинг. Яхши кунингга қайтарармиз...

– Опажон, энг ёмон кўрган гапим шу “қарз”. Қўйинг, гапирманг шуни! Мени ишим яхши, топганимни нимаям қилардим. Хижолат бўлманг, ўзимдан, онамдан орттирганимни сизга юборяпман. Акам омон-эсон чиқса бўлди. Сизни, укаларимни юз-кўзида аввалги кулгини кўрсам, менга етади, опажон.


5 май


Ёрмуҳаммад билан яна боғландим: “Акангиз нима сабабдан қамалганди? Узр, саволим қўпол чиққан бўлса. Мениям бир акам “кесилиб” кетган. Дардлашай дейман-да... Балки, маслаҳат берарсиз, чиқазиб олдим, деганингизга қараганда, анча тажрибангиз бор...”

У: “Ҳа, бунақа тажрибани душманимга ҳам раво кўрмайман. Акамни савдогар дўстлари иғво уюштириб, қаматиб юборишди. Ғаламис, мараз одамлар кўп-да. Бировга ёмонлиги тегмайдиган, фақат ўз ишини биладиган ҳалол одамниям душманлари бўларкан. Ишлари юришиб кетганига кунлашиб, кимларгадир пора бериб, уйидан, машинасидан “қорадори” топтиришди. Ўн беш йил беришганди, тўрт йилда олиб чиқдим. Ўзиям у ер-бу ердамас, нақ Жаслиқда ўтирди”.

Мен: “Мениям акам ўша ерда. Акамга ўн уч йил беришган. Жинояти – ноқонуний ишбилармонлик. Лекин айби йўқ. Мен аниқ биламан”.

У: “Очиқда юрганларнинг барчаси фаришта бўлмаганидек, уёқдагиларнинг бари ҳам жиноятчи эмас. Афсуски, кимнинг қанақалигига сиз билан мен берган баҳо ҳеч қаерга ўтмайди, инобатсиз. Акамга келсак, яхшики, омадим чопиб, шу соҳада ишлайдиган зўр “танка” топдим. Харажатсиз ҳаракатнинг қиймати – нолга тенг. Чиқимдан қочмадим. Уям беш бармоғини оғзига тиқмади. Асосийси, ваъдасининг устидан чиқди...”

Мен: “Агар менинг акамгаям ёрдамингиз тегса, ўша одамни ишга солишга кўмаклашсангиз, икки дунё савобига эришган бўлардингиз”.

У: “Узр, сизга айтгандим-ку, ўртага тушмайман деб. Савоб ишлайман деб маломатга қолиш ҳеч гапмас. Қолаверса, у инсон жуда катта одам. Илтимос билан борсам, ўзингнинг ишинг битди, энди бошқаларникини кўтариб келяпсанми, нима бало, бу соҳани бизнес қилиб олдингми, дейиши аниқ. Яхшиси, адвокат топинг. Тошкентда зўрлари бор”.

Мен: “Адвокатларнинг энг зўрлари бу ишга тишимиз ўтмайди, деб турибди. Болтани бўғинга ур, дейди. Илтимос, ёрдамингизни аяманг. Олижаноб инсон экансиз. Яхшилигингиз ерда қолмайди”.

У: “Яхшилигингиз ерда қолмайди?” Бу нима деганингиз? Сенгаям улуш бор демоқчимисиз? Кечирасиз, манзил бўйича адашдингиз! Мен унақа пасткашлардан эмасман! Яхшики, ўртада Олмос бор... Бўлмаса, шу гапингиз учун айтадиганимни айтардим! Хайр, саломат бўлинг!”

Мен: “Иби, мен асло ундай демоқчимасдим, агар шунақа маъно чиққан бўлса, узр сўрайман. Сизни ўзимга яқин олиб сирлашдим, ҳасратимни айтдим. Агар оғир ботган бўлса, кечиринг. Хўп, бошқа безовта қилмайман, яна бир бор узр”.


* * *


Бу Ёрмуҳаммад деганлари жуда тегманозик, инжиқ йигит экан-ку!

Арзимаган гапга тўнини тескари кийиб, тумтайиб олганини қаранг.

Ҳар хил одам бор-да, балки, бировларга яхшилик қилиб куйганлардандир. Эҳтимол, қайтиб ҳеч кимга қайишмайман деб қасам ичиб қўйгандир. Барибир яхши иш бўлмади. Бир инсоннинг кўнглини оғритиб қўйдимми...

Шу дудмал хаёллар гирдобида ўй суриб ўтирсам, телефоним “хат келди” деб бонг урди. Қарадим – Олмосдан: “Ассалому алайкум, Бону, яхшимисиз? Мен тузукман. Дўхтирларга худо инсоф бериб, астойдил қарай бошлашди. Юқоридан текширув бор шекилли. Томиримдан қанақадир ноёб дори юборишди, бирдан енгилладим. Икки ойдан бери сувичак орқали озиқланаётган эдим, шукур, бугун эрталаб келинингиз пиширган товуқшўрвадан икки қултум ютдим. Хатларингиз жавобсиз қолгани учун узр сўрайман. Ажаб дунё экан, соғ пайтинг на вақтни қадрлайсан, на нақдни. Ҳозир кичик қизим Рисолатнинг бошини силаб ўтирибман. Эрта унинг камолини кўрмаслигим аниқ-ку, бироқ одамда илинж жон билан чиқади шекилли, ҳечам шуларни, Сизни ташлаб кетгим келмайди. Хат ёзиб туринг, Сизнинг мактубларингиз мен учун жон озиғи... Ҳозирча хайр, имло хатолари учун узрлар сўралади.     ”

Демак, унга мен пул жўнатганимни айтишмабди. Тўғри қилишибди, эркак одамнинг, айниқса, Олмоснинг ғурурига тегадиган ҳар қандай мурувват ҳақоратдай кўринади. Унинг ўзиям бировнинг ғурурини капалакдай авайларди, ўзганинг дилини оғритишдан кўра оғир жиноят йўқ, дерди. Фақат... бир марта ўзи билмасдан менинг иззат-нафсимга теккан.

Дадам бандалик қилганда таъзия изҳор этгани уйимизга келиб, дарвозахонада анча ўтирган, мен уни узоқдан кўриб руҳим енгиллашган, табиий, яқин бориб сўрашолмаган эдим. Кейинчалик шаҳарда кўришганимизда суҳбат ичида “Анча фақир яшаркансизлар, ҳовли-жой ҳам ўта қишлоқча қурилган экан. Мен сизни биринчи кўрганимда кийим-бошингизга қараб тузукроқ хонадоннинг қизи бўлса керак деб ўйловдим”, деганда дунё кўзимга қоронғи кўриниб кетганди. Кейин у, “Йўқ, мен сизни ерга урмадим, сиз бутун борлиғингиз билан кошоналарга муносибсиз, ўша саройни қуриш менинг вазифам демоқчиман”, деб вазиятни юмшатганди.

Қаранг, ёмонман-да, шу арзимас гап шунча йилдан бери хотирамда турган экан.

Ҳа, одамнинг кўнгли гулкапалак қанотидан нозик...


6 май


Наманганлик хизматчи қизлардан бири шошилинч қишлоғига кетадиган бўлиб қолди.

Ўтириб гаплашсам, уч йил бурун Кореяга ишга кетган акаси қайтиб келиб, синглиси четдалигини эшитиб уйларига ўт қўйворишига сал қопти. Онаси: “Тезда етиб келмасан, эҳвал чатто, акан учинчи жаҳон уруши қилутти, одомла иснод қилади деб ўзини ўзи урутти, биласан, дидонгни пели бундаям бо”, деб қўнғироқ қипти.

Хулласи калом, қизгинанинг ҳисоб-китобини тўғрилаб, поездга чиқазиб юбордик. Кампир ёрдамчи ишчи кучи ҳақида сўз очиши билан кифтини келтириб, Шакаржон опамни тавсия қилдим. Розилик олиб, опамга сим қоқсам, телефони ўчиқ.

Денис билан дўконга бориб суриштирсам, бир ҳафта бурун уям юртга қайтиб кетибди. Оббо, дедим, бу кетишда Россияда фақат Дилбарлар қолади шекилли кўланкаси майдон бўлиб...


7 май


Орадан икки-уч кун ўтиб профилимга яна Ёрмуҳаммаддан нома келди.

Хайрият-е, дедим, ҳарҳолда, хафалиги ёзилганки, хат битяпти. “Сендан мактуб олдим. Энди уни ўқиш шарт эмас”, деган шеър бор-ку, эслайсизми?

Айтганимдай, юмшабди йигит: “Ўша куни қизишиб кетибман, хатларни қайта ўқиб шундай хулосага келдим. Ўйлаб кўрсам, сиз Олмосга беминнат кўмак беряпсиз, нега ўзингизга шундай беғараз ёрдам қайтмаслиги керак? Дўстим яхшилигингизни қайтара оладими, йўқми даргумон, лекин айни пайт Олмос номидан сизга эзгу жавоб қайтариш имкони менда бор-ку! Нега мен шундай савоб ишлаш имконини қўлдан бой беришим керак! Фақат битта шартим бор, мен қўлимга пул ушламайман, ишончли кишингиз орқали Олмоснинг хотинига етказсангиз, у бевосита иш битирадиган одамга узатади. Шунда, менимча, кўнгилхонлик бўлмайди. Айтиб қўяй, акангизнинг муддати анча экан, ҳар бир йилига алоҳида тўлов қилишга тўғри келади. Шу гап... Узрингиз қабул. Бизникини ҳам қабул этгайсиз...”

Жоним кириб қолди, касал тузаламан деса шу-да! Шўрликкина опам бормаган эшиги, эгилмаган бошлиғи қолмади. Ҳар бир ишнинг ўз ечим вақти бор, деган гап шу жойда оқ яктакка дўппидай мос тушди.

Рост-да, товуқ атрофида минг айлан, ўргил, хоҳласанг ўйинга туш, хоҳласанг сиқта, барибир йигирма кунсиз жўжа очмайди.

Опамга беш минг жўнатдим. У бизнинг ҳаракатимиздан бехабар, қўлидаги пул эрининг озодлик тўлови, жон солиғи эканини билмасдан, янгани чақириб, санаб берибди. Янга менга сим қоқиб омонатни олганини, керакли одамга бугун-эрта етказишини айтиб, мени хотиржам қилди. Хайрлашаётиб, эрининг аҳволи сал бўлсаям ўнгланаётганини, агар яна озроқ ёрдам бўлса, умри икки-уч ойга узайиши мумкинлигини билдирдию кўнглим қайта бесаранжом бўлди.

Бошим қотиб ўтирсам, Алишер йўқлаб қолди. Девонанинг ишини парвона ўнглабди дегандай, шу одам доим жонимга ора киради:

– Ватанга бориб келай, укам тўй қиляпти, ров бориб, ров қайтаман, – деди ака мендан рухсат олиб иш қиладигандай.

Қувониб кетдим:

– Акажон, фақат сизга ишонадиган бир юмуш бор, бир опамга тилла тақинчоқ етказиш керак.

– И-е, Бону, сенам лўлиларга қўшилиб тиллавоз бўлиб кетдингми? Нима, тақинчоқ савдосига тортишдими сени?

– Йўғ-е, хизматимга беришган нарсаларни юртга берворай, бу ерда эртага нима гап-нима сўз, худо билади.

– Макар сени қаҳрамонлигингни оғиз кўпиртириб айтиб берди. Ўзи мен одамни бир кўришда кимлигини биламан. Мақтаниш эмасу, одам зотини кўзидан ўқийман. Сендаям адашмадим, Бонужон...

Тиллаларимни қоғозга ўраб, елимтасма билан чирмадим, бир духоба қутичага жойлаб, эртасига Денис орқали Алишерга етказдим.


* * *


Шоира опам кўзи тўқ, зодагон оиланинг фарзанди.

Икром акам опамни маликалардай эъзозлаб, ҳеч нарсага зориқтирмай, керагидан зиёд қилиб тўкин олиб юрган. Мен уларнинг хонадонига борган дастлабки кунларим опамнинг кийимлари, зеб-зийнатларини кўриб эсим оғай деб қолган.

Бир хона лиқ тўла асл кийим-кечак, пардоз-андоз ашёлари, атирлар, чўгирмадек бир думалоқ қути олтин-кумуш тақинчоқлар... Опа менга “Хоҳлаганингни олиб тақавер, қиз бола нарса безаги билан, кейин, ёмон назар тақинчоғингга тушиб, ўшангга уради, сенга тегмайди”, дерди. Ҳозир эса худди бирор кор-ҳол рўй бергандай ҳовлиқиб, мен юборган тиллаларнинг тагини суриштириб ётибди.

– Опажон, таги тоза, ўғирлаганим йўқ, меҳнатимга мукофот, – деб изоҳладим, – буларни қадрини ерга урмайдиган харидор топиб ўтказиш керак. Менга нақд пул жуда зарур, опажон, фақат сизни занжирларингизни сотган бозоримизга асло олиб борманг. Заргарларга сотинг, ёнингизда укангизми, бирор жигарингиз бўлсин. Тилло билан иш қиладиган одам худони унутади, алдаши, алмаштириб қўйиши ҳам мумкин. Анави қашқари балдоқдан узук ясатганимиз эсингиздами? Ярим тиллани уриб қолиб, тағин фалон пул берасанлар, деб ёқамиздан олган бурунбой бор эди-ку... Айниқса, ўшанинг ёнига борманг! Бошқалариям “Ташлаб кетинг, сотиб берамиз”, деса ҳечам кўнманг. Соатни икки мингдан камига берманг, қаранг, четларида дур кўзчалари бор. Билагузукни вазнига қараб олишса ҳам, беш мингдан камига кетмайди. Пишиқ бўлинг, илтимос. Тушундингиз-а?

Суҳбатимизни эшитган бегона одам Шоира деган қизча Бону деган холаси билан гаплашяпти деб ўйлайди. Начора, ҳаёт шу, бир пир, бир мурид... 

Эсимга яна бобомнинг тангалари тушди. Қизиқ-да, уларни ўз кўзим билан кўрганман, ушлаганман, деразадан тарамланиб тушган кун нурига солиб, аксини деворда ўйнатганман. Агар амакимларга бўлиб берганида, овозаси чиқарди – ҳовдираб қолишарди.

Бобом раҳматли донишманд инсон эди, тиллаларини аросатга ташлаб, яширган жойини сир қилиб у дунёга олиб кетганига ақлим бовар келмайди.

Намунча бу тиллага ўч қиз экан деб қолдингизми? Ҳар қандай одамда озгина бўлса ҳам қимматбаҳо ашёларга, айниқса, олтинга ишқибозлик бўлади. Бир китобда ўқигандим, эрамиздан беш юз йил аввал ҳам Римда тилла тиш қўйиш урф бўлган экан.

Ҳайратим ошадики, дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, одамбашара махлуқлар тиллани кўзга сурган. Америкадаги майа қабиласини биласиз, испанлар истило қилган пайти шўрликлар тилла тахтакачларини қучоқлаб жон берган экан. Менга эса тилла танга, биринчидан, аждодлардан келиб бобомнинг қўлига тушган мерос сифатида қадрли, қолаверса, мени жондан севган одам, қани, кимни мендан азиз тутиб сийлаб топшириб кетдийкан деган гумонли изтиробим ҳам йўқ эмас.

Танга жумбоғи ажал чангалида кўкка кўтарилиб, бандаси ғафлатда қолган деган тахминга қарши далилим борки, бобом бир лаҳзада жон таслим этиб боқий оламга рихлат қилмаган, икки-уч кун тўшакда ётган, калимасини айтиб узилган.

Эс-ҳуши жойида эди. Демак, тилла сирини қариндошлардан кимдир билади...


8 май


Шоира опам барибир бўшлик қипти. Камида етти минглик тиллани Саркис деган заргарга беш минг олти юзга кўтарасига бериб юборибди.

– Ҳеч ким ундан баланд баҳоламади, инсофлиси шу экан, – деди опагинам ўзини оқлаб.

– Майли, ёмон кетмабди, – деб қўяқолдим.

Ювилган ўсмани қошга қайтариб бўлармиди?

– Икки ярим минги ўзингизда турсин, олти юзини рўзғорга сарфланг, қолган икки яримини Олмоснинг хотини обкетади, – деб тасарруф қилдим.

Фейсбукка кирсам, Ёрмуҳаммад хат ёзибди: “Ака пулни олиб ҳайрон бўлди, бу нима майнавозчилик, мен нос чекмайман, носвой пули керакмас, деб ранжиб қолди, яна шунча қўшилса, бошқа гап, амнистияга бу йил тушираман, йўғасам кейинги йилга қолади, деяпти”.  

Мен: “Яна қанча бериш керак? “Йилига қараб”, деганингизга ўталмаган саккиз йилини чамалаб саккизта бўлади деб ўйлабман. Яна беш бериш керакми?”

У: “Ўзи шу ишга кўнглим чопмаганди, оҳангингизда зардани сезяпман, гўё мен еб, аллаким қуруқ қолаётгандай. Тушунинг, у жуда катта одам, битта улфатчиликка сиз берганча ақчани сарфлайди, ўғилчасини туғилган кунини Ҳавайи оролларида ўтказади. Сиз билан менга ён босиб, тағинам чегирма қилиб беряпти. Бошқасига борсангиз йигирмадан камига кетини кўтармайди. Пул бўлса, ҳаракат қилайлик, бўлмаса мениям хижолатга қўйманг”.

Мен: “Узр, яна қовун туширдим шекилли. Ҳозирча, икки ярим минг бериб турсаму қолганини бир ҳафтада узатсам бўлмайдими?”

У: “Бонужон, биз Ғиждувонни отбозорида эмасмизки савдолашсак. Ё беш мингни яхлит беринг, ё беш мингни мен қайтариб олиб берай”.

Мен: “Хўп, эртага кечгача янгага етказилади. Сизни тушундим. Демак, акам сентябрга чиқиб қоларкан-да?”

У: “Сентябрь эмас-у, ноябрнинг бошларига уйингизга кириб боради худо хоҳласа. Лекин тезроқ ҳаракат қилиш керак. Бизнинг “танка” акангизни суриштирибди, аҳволи оғирмиш, сил касали бошланганга ўхшайди, дейишибди. Ҳар бир кун ғанимат...”

Пулни тақсимлашда сал шошибман-да... Унақа десам, Олмос шифтга қараб кун санаб ётган бўлса, опагинам ҳам, ўзи айтгандай, гадога салом бериб, сўрашиб ўтадиган даражада.

Энди онамдан сўрасамми? Акам ҳам жўнатиб турибман, деб эди.

Қишлоққа сим қоқдим, онаизорим ҳорғин товушда “Бонумисан, ўзингми?” деб қўйди. Гапни айлантириб, “Она, пулингиз борми ё юборайми?” десам, “Озгина бериб юборсанг соз бўларди, Гулшан опанг қизини узатмоқчи, мебель оламан деб уч кундан бери тирбанд қилади”, дея ёнчиғи қоқланганини маълум қилди.


9 май


Юзимга чарм тортиб, яна Ларисадан пул сўрадим.

У одатига кўра ўткир кўзларини кўзимга қадаб, “Кечирасан-у, шунча пулни нима қиляпсан?” деб терговга тутди. Тағинам соат ва билагузукни соттирганимни билмайди, бўлмаса мени еб-ичиб қўярмиди...

Бор гапни айтдим:

– Акам қамоқда, яна бири саратонга чалинган, нима қилай, оилада сизлар туфайли топармон бўлганимдан кейин уларга қўл чўзмасам, қанақа одам бўламан?

Лариса “оила” сўзини эшитиб, ҳовридан тушди. Лекин менга дона-дона қилиб уқтира кетди:

– Бону, билиб қўй, пул тежамни яхши кўради. Уни оёқости қилсанг, уям сени ертепки қилади. Маблағни шундай ишлатки, азизам, эртага фойдаси билан қайтиб келадиган бўлсин.

– Муаммоларни ёпиб олсам, худо хоҳласа, фермерлик қиламан.

– Қаерда, азизам? Юртингдами? Ер хусусийлашганми? Бўлиб берилганми? Сен яхшиси, савдо билан шуғуллан. Кореялик дугонангни расмини кўрсатувдинг, у нима иш қиларди?

– Эри билан зиравор қадоқлайдиган заводни бошқарарди. Ҳозир боласига қараяпти.

– Корейсларни бари савдогар, ишни кўзини билади. Азизам, ўша билан борди-келди қил. Тўхта, худди сен эртага кетадигандай, бугун хайрлашаётгандай гаплашяпмиз. Ҳали сенга Макар жавоб берадими, йўқми худога аён. У ичидагини сиртига чиқаравермайди-ку, лекин сени қаттиқ ҳурмат қилишини мен яхши биламан. Хуллас, қанча керак, азизам? Энди Макардан оламиз!

28-қисм тугади.

©️Иқбол МИРЗО.


@Ummuzaynabummuijodi.

Report Page