Бону

Бону

Иқбол МИРЗО.

роман

26-қисм.


19 апрель


Биринчи кун тонг ёришмасидан кампир назоратида ётоқхоналардаги кўрпа-тўшак жилдларини янгилаб, гиламларни чангютгичда тозаладим. Кейин полларни ювиб, жиҳозларнинг ғуборини артиб, хоналарни шамоллатиб чиқдим.

Иккинчи қаватда жойлашган эгизаклар хонасидаги дунё харитаси диққатимни тортди. Бу харита билан мен ҳам болалигимдан танишман. Айнан шунақасини дадам шаҳардан олиб келиб дарсхонамиз деворига ёпиштириб берган эди.

Амакию аммамларнинг қизлари ва тенгдош дугоналар билан қишнинг узун кечаларида бир жуғрофий ўйин ўйнардик: айтайлик, мен “Италия” дейман, харитага тескари турган Рухсора дарҳол қайрилиб, “Рим” деб пойтахтини кўрсатиши, кейин “Рим” “м” ҳарфи билан якунлангани учун “Малайзия”, “Миср”, “Монголия” каби давлат номини айтиши, мен ҳам бошкентини дарров топишим керак бўлади. Гоҳида менинг шайтонлигим тутиб, йўқ мамлакатнинг номини айтиб ҳаммасининг жиннисини чиқарардим...

Кампирнинг айтишича, жавонлардаги ҳар хил рангдаги юзлаб қимматбаҳо тошлар Африка ва Ҳиндистондан келтирилган бўлиб, болалар руҳиятини тинчлантирар эмиш.

Ундан ҳам қизиғи, хонада телескоп, дурбин, микроскоп ва яна мен умримда кўрмаган турли хил техник буюмлар қалашиб ётибди.

Булар бир пайт ўғилларининг эрмаги бўлиб, эндиликда оилавий мерос сифатида кичкинтойларга қолган, улар мурғаклигидан шундай ускуналарга ошно ўсишса, дунёқараши кенг шаклланади, деб тушунтирди кампир.

Ичимда, “Қойил, лўли момо”, деб қўйдим.

Бу халқ табиатан ялтир-юлтирга ўч бўлишини билардим, лекин кўзгуга ишқибозлигини энди кўрдим. Кийиниш хонасининг ўзида олтита кўзгу. Кийим-кечаклар жавони эшигиям ойнаванд, безаниш учун мўлжалланган тўмбалару камод ҳам ойнадор, дам олиш хонасида ҳам гирдо-гирд ойна...

Билдим, лўлилар кўзгуга қараб фол очишади, яна аллақандай қора сеҳр-жодули машваратлари бор.

Деворларда ноёб ва қимматбаҳолиги яққол кўриниб турган ромли суратлар қатор илинган. Булар ягона нусха бўлиб, ким ошди савдосида қозонилган экан.

Ҳамма кийим-кечаклари Туркия ва Ҳиндистондан келтириларкан...

Гиламларига оёқ қўйсангиз майсада юргандек ботиб кетасиз. Мана, шерози гилам, манавиниси туркмани...

Лўли, лўли деймиз-у, бунақа ҳашам унча-мунча ўрис бойида бўлмаса керак деб ўйлаб қолдим.

Дам олиш хонасидаги иккита эчки ҳайкалчаси ва бир кемача эътиборимни тортди. Эчкичанинг бирини қўлимга олиб, уёқ-буёғини айлантириб, тагидаги “999” тамғага кўзим тушиб, сергакландим.

– Ҳўппа!.. – кампир бақира кетди, – тегма-тегма! Бу буюмларга мени назоратимсиз, рухсатимсиз болаларим ҳам тегмайди!

– Нега?

– Синади, – деди у қўлимдан ҳайкалчани оларкан.

Мийиғимда кулги билан кампирга айёрона қараб:

– Тилланинг “999” тамғалиси эгилади, букилади, бироқ синмайди, – дедим.

– Сен буни қаердан биласан? Уйимда қанча хизматчи яшади, лекин бирови шуни тиллалигини пайқагани йўқ, – яна қайта сўради, – сен қаердан билдинг?

– Бобомда бўларди...

Бобом раҳматли энг соф тилла “999” муҳрлиси бўлади, дегани қулоғимда қолган. Мен кўрганларим кичикроқ чойнакнинг қопқоғидай келадиган танга бўлиб, эҳтиёт юзасидан мум билан қопланган эди...


Бир куни мактабдан келсам, бобом ерга ёзилган белбоғига энгашиб, ниманидир синчиклаб томоша қиляпти. Бир қулоғи учган, нимдош сопол кўза ёнида увадаси чиқиб кетган пахта, латта-путталар сочилган. Чўнтак соатидай келадиган қора лаппакчалардан бири пишган ёнғоқ пўстлоғидай ёрилиб ётибди. Бу нима, деб сўрасам, бобом индамай кафтини очиб, тўлин ойдай ярақлаган тангани кўрсатди... Ўшанда: “Булар асл тилла, муҳри йўғ-у, “999”дан тозароқ... Лекин зинҳор-базинҳор ҳеч кимга оғиз очма”, дедию бир зум кўзларимга қаттиқ қараб, “Агар мени яхши кўрсанг”, деб қўшимча қилиб қўйди.

Кампир биринчи қаватга тушиб, тез қайтиб чиқди-да, чўнтагидан танга олиб, менга кўрсатди: “Шунақамиди?”

Танидим, худди ўзи!

– Ҳа, – деди кампир, – бу тангаи ашраф, бухорий тилла... Жаҳонда энг қадрли олтин шу бўлади...

Мен:

– Қандай қилиб бизнинг танга бу ерларда юрибди? – десам, у айёрона кўз қисиб:

– Бу давлат сири, тилланинг ва лўлининг ватани бўлмайди, – деб тишларини ярақлатиб кулди.

Кейин жиддий тортиб, ҳукмфармоликка ўтди:

– Бориб чўмилиб, уст-бошингни алмаштириб кел, болаларга нонушта тайёрлайсан.

Эгизакларга ширгуруч, келинпошшо Ларисага сабзи шарбати, Макарга қовурилган колбаса ва тухум, чолга қайнатилган сосиска билан қора увилдириқ, кампиршога эса сули ёрмасидан бўтқа...

Битта нонуштага шунча ҳаракату шунча харажат...

Мен ҳаммадан кейин емакхонага кирдим.

– Нима хоҳласанг олиб еявер, музлатгичда тунов куни Алишер аканг обкелган ўзбекча колбаса бор, ҳаҳ, оти нимайди-я, – кампир пешонасига бир кафт уриб олди, – ўшандан хоҳлаганингча е, бизга тўғри келмайди – отгўштидан экан, барибир ташлаб юборамиз, – кейин биттадан идиш-товоқ, қошиқ, санчқи ажратиб, мен томон сурди, – бугундан бошлаб мана шулар сеники, гигиенага риоя қил!

Ҳақиқатан, ҳар бир одам, ҳаттоки эр-хотин учун ҳам алоҳида коса-ликоп бўлишини тўғри қабул қиламан. Алам қилгани, мени давраларига қўшишмагани, ошхонада ёлғиз қолиб кетганим бўлди.

Энди келиб-келиб лўлининг қўлига қараб хор бўлиб ўтирсанг-а... Лўлиям сени одам сонига қўшмаса, ундан ёмони йўқ экан.

Музлаткични очиб, ўзимга егулик изладим. Икки дона тухум олдим. Қарасам, қайнатилган қази ва мол тили бор экан. Тухумларни жойига қўйиб, улардан икки япроқдан кесдим. Кўк чой дамлаб, нон олдим...

Бироқ негадир иштаҳам тортмади. Бир бўлак тилни оғзимга солиб узо-оқ чайнаб, зўрға ютдим. Қазининг ҳам бир япроғини жилвирқоғоз кавшагандай у лунжимдан бунисига айлантирарканман, негадир ўзимга ўзим ачиниб кетдим.

Лайлакқор уриб турган қишнинг сеҳрли кечасида ҳар қандай ташвишдан холи бир тўп шўх-шаддод қизалоқлар харитага бармоқ суриб шаҳар қидирганда ҳеч ишим Московга тушганмиди? 

Иккиқат хотинини аравага қумғондай ўтқизиб олиб, яғир эшагини беаёв савалаб бораётган Мурод лўлидан чўчиб онамни қучиб олганим, Гулшан опам мени баттар ўтакамни ёриб “Она, дадасини эркасини мўлтонини қопига солиб берайлик, эвазига ҳамма олмақандимни ташлаб кетаман, деяпти”, деб қотиб кулгани ёдимга тушди. Кечқурун акам дорбознинг маҳсисидай юзлари тириш Мурод жўгидан олган пуфакни узатса, ушлашга ҳам таъбим тортмай, қўлларимни орқамга яшириб олган пайтим бир кун келиб шуларнинг эшигида чўри бўлишимни ўйлабмидим?

Дадамни, уйимизни, бирга рўза тутган кунларимизни эсладим. Ҳар рамазонда дадам икки жуфт қази олиб келарди. Ҳеч кимга ишонмай, ўзи ип билан чандиб, айлантириб игна уриб чиққач паст оловда қайнатар эди.

Ўша пайтлари бирорта опам ёки акам билан уришиб, аразлаб нонушта қилмасам, онам дадамга:

– Дадасининг эркаси туз тотмай, оч қоринга мактабга кетяпти... – деса, дадам аввалига панд-насиҳат қилиб:

– Ношукурчилик қилма! Худони қаҳри келади! Ношукурлик қилган одамга худо ҳамма нарсани бериб, хотиржамлигини олиб қўяди. Бир вақт келиб оғзимда ошим, кўзимда ёшим, деб йиғлаб юрма тағин, – дерди...

Мана ўша кун... Дадам айтган, мен қўрққан кун...

Отасизнинг оти оқсаркан...

Хотиралар гирдобига ғарқ бўлиб, қазили ликопга кўзёшим томиб ўтирсам, кампир эшикдан бош суқиб:

– Нонуштага йигирма дақиқа вақт! Бўлмаса бошқа ишларга улгурмайсан, – деди жаҳли чиққандай бўлиб.


20 апрель


Идиш-товоқларни ювиб, саранжом қилиб, чол ётган хонани тозалашга киришдик. Жилдини алмаштириш учун қўшқават ёстиқни кўтарсам, тагидан битта калта автомат ва тўппонча кўринди... Чаённи ушлаб олгандай бир зум ҳушим учиб, тўхтаб қолдим, танамни муздек тер қоплади. Аҳволимни кўрган кампир:

– Булар рўйхатдан ўтган қонуний қуроллар, хавотир олма, – деб таскин берган бўлди.

Бурчакдаги жавоннинг эшикларини очиб чанг-чунгини артаётсам, қуйи қутисида қисмларга ажратилган қурол-яроғларга кўзим тушди...

Қаерларга келиб қолдим?..

Кимлар билан яшаяпман?..

Булар қанақа инсонлар ўзи?..

Мени нималар кутяпти?..

Миямда айланган саволлар тинкамни қуритиб ташлади...

Тушлик тайёрлаш учун ошхонага ўтдик. Биринчисига карамшўрва, иккинчисига картошка ва нўхатдан бўтқа ҳозирлаб, гуруч ва маржумак қайнатиб, қўшимчасига мол гўштидан котлет пиширдик.

Кампир келинидан невараларини сўради. “Бугун сал кеч қолишдими? Ишёқмас Денисингга қўнғироқ қил!”

Денис – болаларга бириктирилган ҳайдовчи бўлиб, уларни хусусий боғчага олиб бориб, дарвоза олдида қўриқлаб кутиб турар, Макар ошпаз боғчахолаларнинг овқатига ишонмаганидан арзандаларни уйга тушлик учун олиб келтираркан.

Овқатни тайёрлаб бўлиб, жилдларни ювишга тушдим. Ундан кейин кампир бир қучоқ кийим-кечак олиб келиб ёнимга ташлади-да, дазмоллашни буюрди. Ички кийимларгача дазмол босиб, ҳар кимникини алоҳида-алоҳида ўз хонасидаги жавонига тахлаб қўйиш керак экан.

Бу ерда шахсият ҳам, ғурур ҳам бир тийин. Ишдан бўйин товлашга, талабларни рад этишга ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқ йўқ. Фақат иккита сўз ишлатилади: чақиришганида – “Лаббай”, иш буюришганда – “Хўп”.

Кутилмаганда дарвозахонада ўтирадиган қоровул кампирга қўнғироқ қилиб, кимдир мени сўраб келганини айтибди. Биргалашиб чиқиб қарасак, Алишер Шакаржон опа орқали Дилбарни топиб, телефонимни олиб келган экан. Бу мен учун умримдаги энг қадрли, энг азиз ва кутилмаган совғалардан бири бўлди.

Телефонимни ёқишим билан Дилбардан бир дунё тавба-тазарру хатлари ёғилиб келди.

Уни қўйиб, дарҳол онамга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрадим, Шоира опам билан боғланиб, гаплашиб, кўнглим тинди.

Бу телефон деган матоҳ аллақачон бизнинг муҳим бир тана аъзомизга айланиб улгурибди. Усиз ҳаво етишмаётгандек, овқат тузсиз ва тахирдек, табиат бўёқларини йўқотган каби, ўзимиз дунёдан узилиб, ғафлатда қолгандекмиз...

Ажаб, кўчада қуш сайраса, уйда мушук миёвласа ҳам телефонингиз сизни чорлаётгандек туйилиб кетаверади. Шунақамасми?


* * *


Уч кундан кейин Замира деган аёл пайдо бўлди.

У мураббийлигини тасдиқловчи ёрлиғини кампирга пешкаш қилиб, эгизакларга энага “лавозим”ини қўлга киритди. “Лавозим” деганим сабаби шуки, бу юмуш роҳатижон: отнинг калласидай маош, бекорчи вақт бир қоп, қиладиган иши эгизаклар боғчадан келгач кийимларини алмаштиришу об-ҳавога қараб келин билан сайрга олиб чиқиш...

Нега мен аввалроқ шуни билмадим, мен ҳам педагогман, дипломим бор деган худбинона ўй миямни таталаб ўтди. Рости, кун бўйи чанг-ғуборга беланиб, орада ошхонада ёғ ҳидлаб, кўчага ахлат челаги кўтариб чопиб одам нафақат жисмоний, балки маънавий ҳам чарчайди.

Қолаверса, Замирахонимнинг биринчи кундан димоғ-фироқ қилиши, каминага бурнининг тагидан қараши, нигоҳини обқочиб гапириши ғашимга тега бошлаган эди. Айтишича, ҳеч қачон паст ишларни қилмаган, Тошкентда данғиллама ҳовли-жойи бор, пул учун эмас, фақат малака оширгани Московга келгану лўлилар қандай яшаркан деган маънода қизиқиб, шу жойни танлаган эмиш.

Бор-е, дедим, энди сениям ўйлаб юрагимни сиқайми?

Менга деса Фиръавннинг хотини бўлмайсанми! Сен ўз аравангни торт, менинг ғилдирагимга таёқ тиқмасанг бас...


21 апрель


– Бугун чолимнинг меҳмонлари келади, хизматда қоим турасан, бирортаси норози бўлиб кетмасин! Ҳаммаси тагли-тугли, жиддий одамлар. Губернатор ҳам келади. Уни кимлигини биласанми? Ҳа, балли! Уқдинг-а?

Меҳмонхона дастурхонини Макар келтирган маҳсулотлар билан безадим. Лариса уни унга, буни бунга қўй, деб кўрсатма бериб турди. Катта-катта лаганларда баракали қилиб турли ошкўк, қуш гўшти, пишлоқ ва колбаса қўйилди. Булар кўкпиёз ва саримсоққа ўч бўларкан.

Қўй гўшти ейишмайди.

Бурчакдаги ғилдиракли хонтахта ҳар хил спиртли ичимликлар билан лиқ тўла...

Бирин-кетин меҳмонлар кела бошлади. Ҳаммаси басавлат, кўплари хўппасемиз, баъзилари қулфсоқол қўйган.

Сочи тепага силлиқ таралган, кўзи кулиб турадиган кишига ҳаммаси хушомад қилиб, ҳар бир қадаҳ сўзи айтган одам уй эгаси қолиб унинг шарафига ичишни таклиф қиларди.

Қуриб кетгурлар паравозда туғилганми ё ҳаммомнинг мўрихонасидами, ҳаммаси баравар кимўзарга тамаки тутатаркан. Кулдонларни алмаштириб улгурмайман. Чой ва қаҳвани янгилагунимча кулдонлар дўмпайиб қолади.

Қуюқ овқат тортилгандан кейин ҳаммалари ҳовлига чиқиб, губернаторни кузатиб қайтишди.

Азза-базза бильярд ўйини бошланди. Пул тикиб, баҳслашиб, жанжаллашиб, хохолашиб ярим кечагача соққа думалатишди. Ўзларининг тилида мен ҳақимда ҳам бир нарсалар дейишганини ҳаммаси менга қараб қолганидан сездим. Лекин назарларида ёмонлик аломати пайқамадим.

Соат ўн икки бўлди. Нима бало, ҳаммаси хотини билан уришиб кўчага чиққанми, бирортаси кетаман демайди. Бу ёқдан уйқу қора булутдай босиб келяпти. Эрталаб бешда уйғонганим. Эртага... йўқ, бугун яна шу вақтда туришим керак. Ўлвор-е, дедиму ҳеч кимга индамай, хонамга кириб таппа ташладим.


* * *


– Тур! Нега талтайиб ётибсан? Нимага вазифангни охиригача бажармадинг? Сенинг ишингни мен қиламанми?!

Кўзимни базўр очдим, тепамда ялмоғиздеккина бўлиб чақчайганча кампир турибди. Соатга қарасам, уч бўляпти.

– Шартнома келишувида эрталаб бешдан йигирма биргача иш вақтинг, дейилган эди. Мен ўн иккигача ўтирдим, бешда иш бошлашим керак, чарчадим... – дедим.

Кампирнинг жини қўзиди:

– Бу уйда фақат мен мулоҳаза қиламан, мен буйруқ бераман, мен нима десам шу бўлади! – деб қўлимдан тортиб турғазди.

Яна қайтиб ётиб олдим.

Кампир асабийлашганидан кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Бақириб, икки қўли билан билагимдан тортиб, бошларини сараклатиб, жазавага тушиб додлади. Тирноқлари қўлимга ботди, тирсагимдан қон сизиб, томчилай бошлади. Ўзимни ҳимоя қилиш мақсадида кампирни итариб юбордим. Ахир боссангиз қурбақа ҳам “вақ” дейди-ку!

Кампир шайтонлаб қолди, аламидан турган жойида товуқдай типирчилаб сакради, қўлини карнай қилиб аввал эрини, кейин ўғлини қичқириб чақирди.

– Мени урди! Хизматкорим менга қўл кўтарди! – деб эрига юзланди. Чоли қўл чатиштириб, толиққан кўзларини қисганча бефарқ турганидан ҳафсаласи қайтиб, ўғлига:

– Макар, бор, тўппончангни олиб келиб манави манжалақини отиб ташла! Ўзим бости-бости қиламан... Онангни хўрлашларига қандай чидайсан?! – деб кўзёши қилди.

Макар лўличалаб бир нарсалар деди. Билагимдаги жароҳатга ишора қилганидан у менинг тарафимни олаётганини тушуниб, тўппонча ваҳимам босилди. Кампир жаврай-жаврай қўл силтаб, хобгоҳига гумдон бўлди. Чол менга бирпас қараб турди-да:

– Қизим, билагингни ароқ билан артиб, боғлаб ол. Ким билади бу мегажиннинг тирноқларида қанақа вируслар борлигини, – деб ўғлининг бўйнига дўстона шапатлаб қўйди.

Макар менга тушунарли бўлсин деди шекилли, русчалаб “Ҳозир хотинимга айтаман, анави тарбиячини уйғотади, ўша йиғиштирсин”, деб иккинчи қаватга чиқиб кетди.


22 апрель


– Кўчадаги хазонларни супуриб, йўлнинг у четига тўплаб қўй. Эртага машина келиб олиб кетади! – деди кампир эртаси қовоқ осиб.

– Кўчанинг ишлари қоровулники эди-ку, – мен ҳам терсайдим.

– Кеча бешдан йигирма биргача иш вақтим дедингми? Менга қара, дедингми ё йўқми? Бас, энди шу вақт ичида нима иш айтсам қиласан! Алишеринг ҳам бир тийин!

Бўйнидан боғланган саркаш эчкидай судралиб кўчага чиқдим. Аслини олганда, супуришдан осон иш борми? Ҳаммаёқ асфальт, қўлингда қулинг ўргилсин супурги бўлса... Алам қилмаса бўлди. Гап шунда-да, алам қилганда-чи!

Жуда у айтган даражада инсофини ямлаб ютганлардан эмасман, кечаги хорлик паллам, ертўладаги абгорлик вақтим ҳечам эсимдан чиққани йўқ. Лекин хом сут эмганмиз-да...

Момақалдироқ гулдирамагунча кўкка қарамаймиз...

Шукур деган сўз шапалоқдан кейин келади...


* * *


– Мен нонуштани хонамда қиламан, негадир этим учиб, титраб кетяпман. Бону, илтимос, олиб чиқиб берақол! – Макар менга иккинчи қаватдан сўз қотди.

Бугун якшанба. Лўлича таомилга кўра келин болаларини олиб ота уйига кетган. Ҳадемай “бизникилар” ҳам Мамай лашкаридай бостириб келиб қолишади. Қиёматни ана ўшанда кўрасиз!

Ларисанинг қизчалари ўпиб токчага қўйгудай, бирам ювош, бирам ақлли, қанот битса фаришта мана шунинг ўзи, дейсиз. Анавилар бўлса, икки гуруҳга бўлиниб, уруш-уруш ўйнаганида ростакам қирғин-барот кўргандай бўласиз.

Хоналарда ўқ ўрнида олма, нок, норинжлар учади. Бир-бирларига тизиллатиб сув сепишади, башараларига торт чаплашади...

Ана ундан кейин шўрлик Бонужоннинг ҳолини тасаввур қилаверинг! Сувюқмас деворларни артган, гиламга сочиқ босиб намини қочирган, тит-пити чиқиб кетган ёстиқларни ўз ҳолига келтирган, ойналарни ярақлатиб дока сурган, ахлат челак кўтариб кўчага қатнаган ким? Кимлигини яхши биласиз...

Нонуштани патнисга жойлаб, юқорига кўтарилдим-у, остона ҳатлаб ичкарига кираман деганимда чап оёғим чети кўтарилиб турган гиламга илашиб, ўнг оёғим устидан босиб, ўмбалоқ ошиб беришимга сал қолди. Мувозанатни сақлайман деганимда патнис қалқиб, шакар ва туз солинган кўвачалар, арчилган бир жуфт тухум, қовурилган сосиска ерга тушиб сочилиб кетди... Тақсимчалар синмади-ю, бироқ шакардоннинг қопқоғи хонтахта оёғига тегиб, нақд иккига бўлинди...

Ана томоша! Шу етмай турувди ўзи! Кампир кўрса, теримга сомон тиқади... Уф-ф, нима қилиб қўйдим-а? Намунча полпис бўлмасам! Серрайиб қолдим.

Компьютер кўриб ўтирган Макар бир қараб қўйдию ишини давом эттираверди. Унга қараб:

– Кечирасан, нохосдан бўлди. Атай қилмадим, – дедим.

У елка қисиб қўяқолди...

Йиғлаб-йиғлаб, “чаққон”лигим маҳсулотларини йиғиштирдим. Шакар ва туз сочаласидан чангютгич нонушта қилди.

Қайтадан тухум қайнатаётсам, кампир иккинчи қаватдан тушиб келди. Салом бердим. Истар-истамас алик олди. Оббо, чап томонидан турдими бу қарға, нима бало, бунча авзойи бузуқ, сезиб қолдимикан деб кўнглимдан ўтказдим.

Макар мени сотмади...


23 апрель


“Кичкинтой-ширинтой”лардан қолган пачоқ ўйинчоқлару эзилган-нетган мева-чеваларнинг ўзи бир халта бўлди. Унга катталарнинг чиқиндиларини қўшиб, икки халта ахлатни ташлаб келгани кўчага чиқдим.

Қуёш худди бобомнинг бухори тиллосидай товланиб ботяпти. Ўша тангаларни эслаганингда вужудингга қандайдир илиқ ёғду югуради, лекин манави қуёшнинг кампир кўзгу олдида ёқадиган шамчалик ҳарорати йўқ.

Ҳовлидан эллик одимча наридаги сайҳонликда Лариса билан Замира қизчаларни сайр қилдириб юришибди. Иссиқ кийимлар кийганидан эгизаклар тўлпоқ пингвинларни эслатади.

Лариса мени кўриб бош ирғаб саломлашган бўлди, Замира эса ўзини кичкинтойлар билан тиллашаётгандай тутиб, орқа ўгириб олди. 

Халталарни ташлашим билан қайдандир бир жуфт дайди пайдо бўлдию мен томон ҳовлиқиб кела бошлади. Бир қарашда биттаси Ленага ўхшаб кетди, четланиб, разм солсам, хайрият, бошқа экан.

Шоввозлар ҳовузга калла ташлагандай ўзини ахлат қутисига урди.

Яна бир марта истиғфор айтиб қайтарканман, чўнтагимдан телефонимни олиб, Шоира опамга қўнғироқ қилдим. У ёқдан қизи Дилдора олди.

– Онанг қани, Дилдор?

– Қўшниникига чиқувдилар, чақириб келайми?

– Ҳай, майли, ўқишинг яхшими? Онанг яхшимилар? Уканг қалай?

– Яхши, ҳаммаси яхши...

– Нима қиляпсизлар?

– Укам билан тушлик қиляпмиз.

– Ҳа, нима еяпсизлар?

– Шу... нон...

Бўғзимга тошдек нимадир тиқилди. Ўксиб кетдиму “Кейин яна қиламан”, деб телефонимни ўчирдим.

Ҳали ўзимга келиб улгурмай, чиқиндихона ортидаги сайҳонликдан итнинг дарғазаб ҳургани, боланинг чинқириғи эшитилди. Жон ҳалпида ўша томон югурдим.

Бир ушоққина боланинг етовидаги пахмоқ кўппак олд оёқларини кўтарганча силтаниб, вовуллаб эгизакларга даф қилар, Лариса ердан тош қидирган бўлиб “Йўқол! Ўлдираман! Ҳой бола, маҳкам ушла!” деб бақириб-чақирарди. Замирахоним эса йўл четидаги дарахт ортига бекиниб олиб дағ-дағ қалтираб, “худойим”лаб турибди.

Мен бор кучим билан эгизаклар тараф чопдим. Етиб боришимга итнинг занжири боланинг қўлидан чиқиб кетди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Хирсдай кўппакни хипчиндек болага ишониб бериб бўладими?

Ит тўппа-тўғри қизалоқлар устига ташланди. Мен унинг йўлига ғов бўлиб, телефонимни кафтимга қисганча, тумшуғи аралаш жон-жаҳдим билан туширдим. У “инғ” деган товуш чиқазиб, чапга оғдию “ғарч” этказиб болдиримдан тишлаб тортди. Ер музлама – сирғаниб елкам билан тушдим.

Кўппак учун энди мен асосий нишонга айланган, мени ғажиб ташлашдан бошқа муддаоси йўқ эди. Ётган жойимда бир лаҳза нажот истаб атрофга боқдим, Лариса болаларини кўтариб қочиб боряпти, икки-уч ўспирин тиржайганча томоша қилиб турибди.

Кўппак бўйнимдан олмоқчи бўлиб оёқларини жуфтлаганча ташланган эди, тирсагим билан ҳимояланиб қолдим. Унинг сўйлоқ тишлари кўз олдимдан чақмоқдай ярақлаб ўтди, юзимга илиқ, шилимшиқ сўлаги сачраганини сезгандай бўлдим, бир нафасдан сўнг ириллаб, елкамни тишлаб, силталай бошлади. Хаёлимдан ўтган оний фикр шу бўлди: “Мана, Бонужон, ажалинг қаерда экан... мана, кунинг битди...”


24 апрель


Кўзимни очаман десам, кучим етмади, қабоғим оғирлик қилди...

Ўзим узу-ун қувурми, қуюнми ичида буралиб-буралиб учиб боряпман. Шиддат зўридан кўзларимни юмиб олганман, бироқ ҳув олдинда бобом, дадам, “Ҳувайдо” бобо бир нималар деб гапираётганини жудаям аниқ-таниқ кўриб турибман, фақат овозларини илғаёлмаяпман.

Бобом кулиб, қўли билан имлаб, “Келавер, келавер”, деб ўзи қаёққадир ғойиб бўлди...


* * *


Кўзимни очдим: ҳаммаёқ қор, еру осмон сутранг туман билан қопланган. Бошим айланиб кетди. Айланаверди, айланаверди. Менга қўшилиб бутун олам, коинот айланишга тушди. Атрофимдан сайёралар ҳандалакдай бўлиб доира чизиб ўтаверди. Юлдузлар бошимдан мушакдай сочилаверди. Қулоғимга эринчоқ, сокин жарангдор товушлар урилаверди: “ғу-анг-нг”, “ғу-анг-нг”...


* * *


Кўзимни очиб қарасам, қорақайин япроғига ўхшаган кулранг шарпалар сузиб юрибди. Бирдан улар орасида дадам бир замонлар менга совға қилган қўғирчоқ пайдо бўлди. Уни соч толаларигача, киприкларигача, лаъли жужунчасигача тиниқ-равшан кўрдим. Қўлимни чўзсам, чирпираб нари кетдию ҳув дўкон ёнида бечораҳол турган мушфиқ онанинг бозорга солинган хушбўй чақалоғига айланиб, катта-катта кўзларини мендан узмай тураверди. Ажаб, болачанинг билагидаги кўзмунчоқ ўрнида қоп-қора илон билагузукдек ўралиб олган эди...

Кимдир қўлимни оҳиста ушлади. Қарасам, дадам. Энгашиб манглайимдан ўпди: “Шошилма, қизим, ҳеч қаёққа шошма!” 


* * *


Бу сафар атрофимда бир гала ит тилини осилтириб иржайиб ўтирганини кўрдим. Орасида мени тишлаган кўппак ҳам бор эди...


26-қисм тугади.


©️Иқбол Мирзо.

@Ummuzaynabummuijodi.

Report Page