Бону

Бону

Иқбол Мирзо

роман.

Муаллиф: Иқбол МИРЗО

23-қисм.


6 апрель


“Поччам” кетгандан кейин Дилбар билан ўтириб чой ичдик.

– Дилбар, мен зерикдим. Бу ерда ўтиришдан фойда йўқ. Мен иш излайман, – дедим дастурхонни йиғаётиб.

– Қаёқдан излайсиз? Чирсиллаган қаҳратонда сизни қайси иш кутиб турган экан? Маза қилиб қишдан чиққунча яшайвермайсизми шу ерда? Қорнингиз тўқ, устингиз бут бўлса. Ҳеч ким сиздан пул сўраётгани йўқ, кунингиз ўтиб турибди. Опа, хўп денг, баҳорда бирга-бирга иш қидирамиз.

– Баҳоргача тоқатим етмайди. Мен кўпчиликка ўрганганман, югуриб-югуриб ишламасам, томирларим тортишиб қолади. Кейин, уйдагиларга пул жўнатишим керак. Агар қишда дам оламан десам, қишлоғимда онамни дуосини олиб ёнида ўтирардим, – бирдан оилалиман, иккита болам бор, деганим эсимга тушиб, – сандалда жужуқларимни ачомла-аб, эртак айти-иб... – деб қўшиб қўйдиму кўнглим бузилиб, кўзимдан ёш тирқираб кетди.

– Бўлмаса, кампирни емишини бериб, “ухлатайлик”, кейин иш излаймиз... Шошманг, қурилишда Муҳиддин акамни қариндошлари ишлайди. Шуларни олдига борамиз. Зора-мора сизбоп юмуш чиқиб қолса, – деди у бироз ўй суриб тургач.

– Сизниям роса жонингизга тегдим. Яхшиси, сиз кампирингизга қаранг. Ўзим чиқаман, – деб этигимни кия бошладим.

– Нимага бирдан ўзгардингиз? Ёки мендан хафа бўлдингизми? Опа, худди ёш болага ўхшаб аразлайсиз. Дунёқарашингиз гўдакларникидай, – деб кампирни “аллалаб”, кийиниб чиқди...

Кета-кетгунча “почча”си билан ёшликдан бирга қатиқ ялашиб ўсганини, ўз акасидан яқинроқ бўлиб қолганини ҳикоя қиларкан, боёқиш умуртқа чурраси дардига учраб, кўп азоб чекканини, хуруж тутганда келиб малҳам сурдириб кетишини айтиб, бундан опасининг ҳам хабардорлигини, мусофирликда оқибат қилиб туришни ўзи тайинлаганини атай кўзларимга тик қараб қайта-қайта таъкидлади.

Сўнг бирдан таққа тўхтаб:

– Ишонмаяпсиз-а? Майли, ишонмасангиз ишиб кетинг... – деб қийқанглаб кулди.

Кўп гап ёлғоннинг устини ёпиш учун ишлатилади. Ёлғон ҳар қанча гўзал бўлмасин, унинг оқибати шунча хунук бўлади. Мен эшитганларимдан кўра кўрганларимга кўпроқ ишонаман, демоқчи бўлдим, худодан қўрқмаган келиб-келиб мендан қўрқиб, ўзингни оқлайсанми, дегим келди. Лекин, нима дейсиз, ўзбекчилик, ўзимни ҳеч нарса кўрмагандек, ҳеч нарса сезмагандек овсарона тутишга мажбур эдим.

Одамнинг юзи офтобдан иссиқ.

Автобусга чиқдик, метрога тушдик, кейин таксида Муҳиддин яшайдиган жойга келдик...

Атрофи тахта билан ўралган қурилиш майдони қишгарчилик туфайли ҳувиллаб ётибди. Уч-тўртта вагонда қурувчи ўзбеклар яшар, Муҳиддин буларга ишбоши экан.

Гулхан ёқиб, қўл тоблаб ўтирган тўрт-беш эркак Дилбарни кўриб ўрнидан турди. Улардан қайлиғининг вагони калитини олиб, мени ичкарига таклиф қилди:

– Опа, мана шу ерда Муҳиддин акам келгунича яшайверасиз. Ижара пули бермайсиз. Ҳеч ким сизга ғинг демайди, мен йигитларга айтиб кетаман, иш ҳам топиб беришади.

Капалагим учиб кетди. Яшаш учун мутлақо шароит йўқ, вагон қўлбола печда кўмир ёқиб иситилганидан ҳаммаёқ моғорлаб, сасиб кетган. Ювиниб-нетиш учун кўчадаги умумий эҳтиёжхонага қатнаш керак. “Хона”да анчадан бери Муҳиддин яшамаётган бўлсаям, ҳаво оғирлигидан одамнинг кўнгли озади. 

– Йўқ, бу ерда қололмайман! Шунча эркак, ҳаммаси бегона...

– Вой, маза қилиб шу-унча эркакни эркатойи, ягона маликаси бўлиб юравермайсизми? Менга қолса жон-жон дердим.

– Булар ўзи ишсиз ўтирибди-ку, менга йўл бўлсин.

– Иш топилса, қоласизми? Ҳозир, қараб туринг! – Дилбар ишбилги одамлардай дадил одимлар билан қўшни йигитлар томон ўтиб кетди. Бироздан кейин пахталик тўн кийган бир ишчи билан қайтиб келиб, мени меҳмондорчиликка етаклади. Соч-соқоли патак бойлаб, юзлари совуқдан гезариб кетгани туфайли ёшини аниқлаб бўлмайдиган тўртта ўзбек чакмонига ўраниб-қунишиб, дастурхон атрофида ўтирарди.

Бир маҳал ўртага иккита сопол лаганда рангпаргина ош қўйилди. Биздек “азиз меҳмонлар” шарафига ароқнинг салласи ечилди. Юрагимда қўрқув ва ваҳима борган сари болалаб борар, бу ердан тезроқ даф бўлиш дардида эдим. Дилбар эса узатилган пиёлаларни бўшатиб қайтаришдан чарчамас, “Борган жойини обод қилсин! Совуқда жуда силлиқ кетади-да қурғур”, деб алёр айтиб, алқаб, шўр бодринг кавшарди.


Бир вақт қурилиш бригадири – Муҳиддиннинг хўжайини хўмрайиб кириб келди. Дилбар отасини кўргандай ўрнидан туриб тавозе билан қуюқ салом берди. Бригадир бош ирғаб, тил учида сўрашган бўлди холос. Кейин “ишёқмас ароқхўр”ларга “Ҳатто ит ҳам ётган жойини думи билан супуриб ётади, сенлар итчалик ҳам эмассан!” деб ўшқириб, ҳовли атрофини тезда тозалашни буюрди-да, оёқ тагидаги бўш шишани данғиллатиб тепиб чиқиб кетди. Дилбар унинг орқасидан югургилаб етиб, мен учун иш сўради. У илтимосни охиригача эшитиб ҳам ўтирмай, “Бўлди, қайтиб ўзбекларни ишга олмайман, ўзинг ҳам тезроқ туёғингни шиқиллат!” деди дағдаға билан.

Яхши бўлди! Барибир бу ерларда қололмасдим. Ажаб бўлди!

Ошхўрлар орқаваротдан вайсаб-вайсаб, хўжайин тўхтаган заҳоти дамлари ичига тушиб, майдонни супуришга тушди.

Биз орқамизга қайтдик...


* * *


“Василиса” деган рангдор ёзув пештоқида ёниб-ўчиб турган гўзаллик салони ёнига келганда Дилбар гўё уйида жўмракни очиқ қолдиргани эсига тушган бекадай кўзларини ваҳимали чақчайтириб:

– Опа, опа, менга қаранг, хоҳласангиз бир иш қиламиз! Ҳозир ичкарига кириб сочингизни қирқтириб, бўятамиз. Нозаниндай бўласиз. Кечки пайт мен одам чақираман. Пулни бетига қарамайдиган, кўнгилхушлик деса ўзини томдан ташлайдиган танишларим кўп. Сиз рози бўлсангиз бўлди, таништириб қўяман. Бир йилга қолмай сизни уйли қиламан, – деди.

Музлаб қолдим. Тилим калимага келмай, бақрайиб турганимга “тақдирга тан беряпти, кўнгиси бор” деган хулосага келдими, энди қатъий ишонч билан бидиллай кетди:

– Иш қидириб юрмайсиз. Мана, сизга иш! Кўчама-кўча итдай изғимайсиз. Мен ўттиз беш минг ойлик оламан, яна Муҳиддин акам беради, биринчи эримдан ҳам улушимни олиб тураман. Бошқа мижозларим ҳам кўп. Туғмас хотиннинг нархи қанчалик баланд бу ерларда, биласизми? Ҳар ой ўлдим деганда икки минг доллар жўнатаман уйга. Мана сизга иш! – деди “қойилмисан” деган оҳангда.

Юрагим бир ағдарилиб, этим увишиб кетди. Туш кўрмаяпманми, деб ҳайрон бўлиб Дилбарга қарадим. У худди ҳеч ким эплолмай келган ишни бир ўзи қойиллатиб қўйгандай мамнун қиёфада мағрур турарди.

Дунёда паст-баланд аёл зотини кўп кўрганману, ўзига ўзи нарх қўйиб олган хотинни биринчи кўришим.

Туғмас хотиннинг нархи баланд, дейдими? Унда туғмаган аёлнинг баҳоси қанча бўларкан?.. Ҳарҳолда, дунё бозорида битта фоҳишанинг нархи бир буханка нон пули билан баравар, деб ўйларканим.

Дилбарга муносиб сўз қидириб тополмадим. “Ўзинг расвойи жаҳон бўлсанг, куйган охиратингни кулини чангитиб юрган бўлсанг, энди мениям жаҳаннамга судраяпсанми, сифатларинг қаторига қўшмачиликниям қўшиб олиб, “ҳунари комила” бўлмоқчимисан? Нима бўлсанг бўлиб ўл! Фақат менсиз! Мени тинч қўй! Мен хор бўлишим мумкин, зор бўлишим мумкин, лекин у дунё-бу дунё ғар бўлмайман!..” деб ёзғирдим-у, фақат ичимда, унсиз, товушсиз айтдим-да, шарт ўгирилиб, бу урғочи шайтондан тезроқ қутулиш орзусида жадаллаб кетдим.

– Нимадан қўрқасиз, опа? Ким билиб ўтирибди? Шунча қийналяпсиз, ким ёрдам беряпти сизга? Ким қизиқяпти тақдирингиз билан? – Дилбар мендан осонликча айрилмоқчи эмасди. Мен қисматимни қарғаб, ўзимдан нафратланиб кетавердим-кетавердим, у тилёғламалик билан мени товлаш умидида тоғ-тоғ ваъдалар берди, эчкиқасамлар ичди, охири тоқати тоқ бўлиб, шарт йўлимни тўсиб, маҳкам қучоқлаб тўхтатди. Шунда тилга кирдим:

– Дилбар, бўлди, мени аврайман деб овора бўлманг... Ўзбекистонга қайтаман...


8 апрель


Олмос менга теша тегмаган, чиройли фикрларни йўллар, мен ҳам муносиб жавоб қайтариш мақсадида ҳикмат дурларини теришга одатлангандим: “Биз ҳаётимизнинг маълум бир қисминигина ярата оламиз. Қолганларини танлаган ҳамроҳимиз ҳосил қилади...”

Бу сўзларнинг туб моҳиятига етиб бормай туриб ишқ дардига яқинда мубтало бўлган маъшуқага хос ошиқиб, Олмосга завқ-шавқ билан йўллаганим аниқ. Аммо бир қора кунда – мусофирчиликда, хорликда ана шу ҳаётий хулоса “ярқ” этиб шууримда чақнаб, “Ўқиганинг, уққанинг эмас, танангдан ўтказганинг фалсафадир”, деган бошқа фикрни етаклаб келишини хаёлимга ҳам келтирмагандим.


* * *


– Ўзбекистонда нима бор? Жинними бу хотин? Ҳой, менга қаранг, нимангизга ноз қиласиз, ўн етти яшар бокира қиз бўлсангизам бошқа гап эди. Ҳа, майли, хўп-хўп, бўлди, опа! Мен куйганимдан, сизга қайишганимдан гапиряпман. Менга бу ишдан нима фойда? Агар бировга қўшиб қўйиб соққа ишламоқчи деб ўйлаётган бўлсангиз, номаъқул бузоқни гўштини ебсиз! Мен унақа паст аёлмасман. Унча-мунча эркагингизни мардликда қочираман, хўпми? Тушундим сизни, хўп, сиз истаган ишни савобгарчиликка қидириб топамиз, илтимос, ўзингизни босволинг. Тамом, анави масалада оғзим қулф, мана, қулфладим, – деб қўли билан лабларини бураб “қулфлаган” бўлди.

Шайтон ёнингда, дейишади-ку, бирдан ғазабим сув ургандай ўчдию Дилбарнинг қилиғига кулиб юбордим.


* * *


Йигит киши ўттизида бир айнийди деган гап бор-а?

Кенжа амаким шу ёшида жўрабозлик қилиб, худонинг берган куни уйига тонгга яқин кириб келадиган одат чиқаради. Пешингача ухлаб, кейин яна дайдиб чиқиб кетаверади.

Янгам бечора қон бўлиб йиғлаб, бобомга арзи дод қилиб келади.

Бобом амакимни чақиртириб, пойгакка ўтқиздириб қўйиб, ўз отасининг замонидан тушади. Қандай қилиб падари мардикорлар рўйхатига қўшилиб қолганию Оқпошшонинг гўрига ғишт қалаб, ўрис ўрмонида Пўлкан шоир билан терма айтишгани; Фрунзе деган жаллод айроплан билан амирни тирқиратиб, раиятни чўчитиш учун Аркни тўпга тутгани; немисга қарши урушга ўн олти яшар акаси кўнгилли бўлиб кетганию асир тушиб, Освенсимда печкада ёқилгани; ўлмас Сталинни маккор Берия нима учун заҳарлагани; қимматчилик ва қаҳатчиликнинг фарқи... ҳақида узундан-узоқ гапириб ўтираверади.

Танбеҳ қачон бошланаркан, деб тоқати тоқ бўлган амаким юрак бетлаб сўз айтолмай, муллаваччалардай қўл қовуштириб бош ирғашдан нарига ўтолмайди.

Бугун ўйласам, бобом раҳматли профессионал психолог ўтган экан.

Вақт алламаҳал бўлганда амакимнинг бардоши чок-чокидан ситилиб:

– Бўлди, тушундим, қайтиб жўрабозликка бормаганим бўлсин! Тушундим, оқшом тушиши билан уйда бўламан, рўзғорни ғамини ейман, – деб тавба келтирганига мен гувоҳ бўлганман.

Амаким чин дилдан тазарру қилаётгани аён эди: ҳар бир сўзни ҳижжалаб “алифбо”чи боладай талаффуз этаркан, қалқиниб-қалқиниб кетар, мижжаларига ёш сизган бўлса керакки, бошини ердан кўтармасди. Шундагина бобом муддаога ўтди: 

– Ҳар битта гуноҳинг битта ризқинг риштасини қирқади. Сен санғи, боланг билан хотинингни насибасини ўтга ташлаяпсан. Халқда боласидан қайтади, деган гап бор. Албатта, отасини ҳафталаб кўрмайдиган, у ҳақида яхши гап эшитмайдиган фарзанд отабезори бўлмай Мусо алайҳиссаломга қўзи бўлармиди?


9 апрель


Ҳар ким ўз манзилига ўзи танлаган йўлдан боради.

Нима ҳам дердим, пулдорлар, қулдорлар, “дилдор”лар сайрайдиган замон.

Лекин энг катта фожиа шундаки, мен ҳозирча ана шу “булбулча”нинг ҳукмига бўйсунишга мажбурман. Биринчидан, ҳужжатларим унинг хобгоҳида қолган, қолаверса, Володя амаки билан алоқа боғлагунча қаердадир яшаб туришим керак.

Кўчада баҳслашиб, тортишиб уйга келсак, кампирнинг қон босими ошиб, яна қулаб тушибди, бурни қонаб, кийимлари олабайроқ тусга кирган, юз-кўзи шишиб, худди ёш болачалардек сирқираб йиғлаб ётибди. 

– Мен ўзим иш излайман десам... кампирингизга қараб туришингиз керак эди, – дедим дилим хуфтон бўлиб.

Дилбар ярим қулоч докани сувга ботириб келди, кампирни юзларини авайлаб артдим, сув ичириб, оғриқ қолдирувчи, тинчлантирувчи ҳапдори бердик. Кейин икковлашиб кўтариб, ўрнига ётқизиб қўйдик.

Кампир карахт ҳолда қўлларини осилтириб ётар, кўкси сал кўтарилиб-тушаётганини демаса, ҳаёт аломати сезилмасди.

Кутилмаганда Дилбар эркакча сўкиниб, кампирга тарсаки тортиб юборди. Мен унинг кутилмаган бу қилиғидан жаҳлим чиқиб:

– Одаммисиз, нимага урасиз бечорани? – дедим.

– Э, опа, булар ўлмайди! Бало ҳам урмайди жодугарга! Бу сиздақаю мендақаларни нечтасини бошига сув қуяди...

– Дилбарой, – дедим қайнаб-тошиб келаётган нафратимни бир амаллаб жиловлаб, – буям инсон, қолаверса, шу кампир туфайли нон еяпсиз... Бу ишингиз худога хуш келмайди...

У жавоб қайтармади...


* * *


Излаган одам имкон топар, излагани эринган – баҳона, деганларидек, тушдан кейин суриштириб, катта бозорнинг ёнида жойлашган озарбойжонларнинг ошхонасидан иш топдим. “Идиш-товоқ ювадиган, супуриб тозалайдиган чаққонқўл керак”, дейишди. Кунига беш юз рублдан келишдик.

Ўша куни пешиндан кейин иш бошлаганим учун уч юз беришди.

Худога шукур... Телефонга пул ташлаб, уйдагиларга қўнғироқ қиламан, онам, Шоира опам билан гаплашаман.

– Эртага эрталаб саккизда келасан, – деди иш эгаси. – Тушлик ва кечки овқатинг менинг гарданимда...

Володя амакига қўнғироқ қилдим. Яна ўша аҳвол: ўчирилган ёки “ўчган”.

Дилбар уч юз рубль ишлаганимни эшитиб, оғзини кафти билан ёпиб, силкиниб-силкиниб роса кулди. Нечта танишию дугонаси қўнғироқ қилган бўлса, ҳаммасига латифа қилиб айтиб чиқди...

– Опам-ей, опам, соддасиз-да! – деди елкамга кафт уриб.

– Нега? Нима соддалик қилдим?

– Қадрингизни билмайсиз! Ҳозир носвой пулига ишлайдиган замон эмас! Кўчада ўтирган чўлоқ гадой ҳам сиздан кўпроқ топади.

Жаҳлим чиқди:

– Бировларни ҳаром-хариш ғазнасидан ана шу носвойпули аъло, хўпми? Ҳалолни камига худо барака беради. Эртага беш юз оламан, – дедим...

– Ҳай, майли, ўзингиз биласиз, – деди ниҳоят ҳафсаласи пир бўлиб.


* * *


Кечги овқатдан кейин Дилбар телефонини ҳозирлаб:

– Опа, сизни битта суратга олай, – деб қолди.

– Мени нимамни суратга оласиз? Ўзим кўзгуга қарагани кўнглим чопмайди, қўйинг-е! Ўзи кунимни кўриб, бўларим бўлиб турибман.

– Кунингизга нима қипти? Мени айтганларимга кўнмаяпсиз-да, бўлмаса-ку, зўр яшардингиз, – Дилбар бош бармоғини ҳаволатиб кўрсатди. – Диққат, оляпман, “ширин” деб туринг, чиройли чиқади.

– Ҳа, майли, менга ҳам ўтказиб берарсиз кейин. Эссиз давримдан эсдалик, деб кўриб юрийман.

– Агар эсли бўлганингизда мени йўриғимга юриб, там-там бойвучча бўлардингиз, опагинам!

– Дилбар, мен сизнинг шахсий ҳаётингизга аралашяпманми?

– Йўқ.

– Бўлмаса сиз ҳам бурнингизни суқманг! Ўзи зўрға тоқат қилиб турибман.

– Қийналиб пул топаётганингизга айтаман-да, опа. Нимага тушунмайсиз, топган ақчангизга икки ўрам ҳожат қоғозиям бермайди-ку.

– Дилбарой, қадамингиз катта-ю, қаричингиз калта! – дедим яна феълим айниб.


* * *


Мен орзиқиб кутган воқеа содир бўлди: учинчи уринишимда Володя амаки телефон яшил тугмасини босди.

– Салом, бу мен, Бонуман, – деярли қичқириб юбордим.

Кейин алоқа узилиб қолишидан қўрқиб, шоша-пиша Света билан бўлган ҳодисани ҳикоя қила бошладим... “Айиқполвон” боши оғриб, хуноби ошиб, кимдан аламини олишни билмай турган эканми ё қизи ўз қилмишини бошқача шарҳлаб тушунтирганми, нима бўлганда ҳам, етган жойим шу бўлдики, у ланж, бўғиқ овозда:

– Жонга тегдинг баринг! Жин урсин ҳаммангни! Бор, йўқол сенам!.. – дедию қизил тугмани босиб қўйди.


10 апрель


Йиқилаётган одам тиланчининг таёғига тирмашади, чўкаётган эса хасга... Мени ҳаёт уриб-суриб тор кўчага тиқиб қўйди. Истайманми, йўқми шу кўчадан кетишга, ҳамроҳ танлаш имконини қидирмай, борига кўниб мутеларча йўл босишга маҳкумман. Бу кўча мени катта йўлга олиб чиқадими ёки қашқа пешонам яна бориб деворга уриладими – фақат Ўзигагина аён...

Албатта, эски жойга қайтиш умиди узилганини Дилбарга айтиб ўтирмадим. У руҳиятимдаги синиқликни пайқади чоғи, шаҳдам келиб қўлимдаги китобни олиб, ёпди-да:

– Опа, сиз бир чўмилиб чиқинг. Мен кечки овқат тайёрлайман, – деди ишчан руҳда.

Чўмилиб чиқиб, телевизўр кўриб ўтирган эдим, у планшетдан интернетга уланди. Бир муддатдан сўнг бизиллаган телефонини кўтариб ошхонага кириб кетди. Мен бекорчиликдан унинг планшетини томоша қилишга ўтдим. Битта профилдаги очиқ қолган хабар остида суратимни кўриб қолдим. “Бу опа ўзимиздан. Сал довдирроғ-у, тарбияласа одам бўлади”, деб ёзилган изоҳни ўқиб иситма чиқиб кетди. Алам қилгани “ўзимиздан” дегани бўлди. Наҳотки мен дилбарлар қаторига тушиб қолган бўлсам? Ҳа, шеригинг олақарға бўлса, емишинг гўнг бўлади! Аммо мен ноиложликдан у билан бирга турибман, лекин шерик бўлганим йўқ-ку!

Профиль эгасидан жавоб келмаган ёки ёзган бўлсаям ўчириб ташланган... Эй худо, нима қилиш керак? Қаерга борай? Бўлди, эртагаёқ уй топиб кўчиб кетаман! Озарбойжонларга айтиб кўраман, бирор таниш-паниши бўлса, сўраб беришар...

Планшетини отиб юбордим.

Бош чангаллаб ўтирсам, эшик тақиллаб қолди. Юрагим типирчилаб, бесаранжом бўлиб кетди... Ишқилиб, бир балони бошламадими бу манжалақи, деб хаёлимдан ўтказдим.

Инсоннинг ички сезгиси камдан-кам панд беради. Дилбар ошиқиб эшикни очди, икки эркак узун-қисқа бўлиб кириб келди. Биттасини танидим, “биринчи эрим” деб аталган нусха. Ёнидаги кўзи олмакесак тераётган мўйловли йигитни “жияним Собир” деб тантанавор таништирди.

Дилбар чой дамлади, йигитлар келтирган сомса, шашлик ва ароқни дастурхонга қўйди... “Биринчи эр” ароқни очиб, қадаҳларга тўлдираётганда Дилбар, менга коньяк олиб келмабсизлар, деб аразлаб тумшайиб олди... Меҳмонлар унга ортиқча парво қилмасдан, бир-бирларини сийлаб, еб-ичиб ўтираверишди. Ниҳоят нафси ором топган собиқ почча чап кафти билан оғзини тўсиб, тишини гугуртчўпда ковларкан:

– Бу йил яна Ўзбекистон шарманда бўлди. Ўл-а, карислар билан Тошкентдаги ўйинда ўзига ўзи гол уриб турибди-ю! Маза қилдим! – деб кўзларини қисиб, бирпас “ҳи-ҳи”лаб турди.

Мен гап нимадалигини англаб улгурмай жиян илиб кетди:

– Бизникилар футболчимас, ўйинчи! Уларни бозорга обчиқиб арава торттириш керак. Футболни тепасида ўтирганлар ҳар битта ўйинни манавинга сотади, – у ўрта бармоғига бошмалдоғини ишқалаб, фавқулодда фикр айтгандай атрофга кеккайиб назар ташлади.

Футболни тушунмайман, лекин уларнинг ўз спортчиларимиз ҳақидаги масхараомуз сўзлари менга оғир ботди:

– Аста-секин-да, худо хоҳласа, ёшлар орасидан зўрлари чиқиб қолар...

Тоға-жиян гапирадиган қуённи кўргандай ажабланиб бир зум менга қараб қолишди.

Вазиятни юмшатиш учунми, билмадим, бирдан Дилбар ўтирган жойида бир қимирлаб олди-да, суҳбатга аралашди:

– Айтгандай, туманимизда ўқитувчиларни қама-қама қилишибдими?

– Учтасини холос.

– Нега? – дедим беихтиёр. – Нима гуноҳи бор экан уларни?

– Гуноҳи? Жинояти денг! Ҳаммаси намозхон экан, жумага боришаркан.

– Шунга қамайдими?

– Қамайди. Режа бор, топшириқ бор, қамайди. Ўзимизам шунақа қилардик.

– Ўзимиз?

– Ҳа, бизам ўша тизимда ишлаганмиз. Биламиз. Маза-да, олдинига йўқ айбларини бўйинга қўярдик, кейин, ҳукмни енгиллаштириш ваъдасини бериб патларини юлардик. Биздан қолганини катакни хўжайинлари афвга туширамиз, муддатингни қисқартирамиз, деб қоқиштирарди. Бизнес-да тайёр...

– Сиз унда нима қилиб юрибсиз бу ерда... тайёр бизнесни ташлаб? – дедим кесатиқни бекитмай.


Собиқ почча бир жойида санчиқ тургандай афтини бужмайтирди:

– Кетишга мажбур қилишди, – алам билан қўл силтади, – э-э, тарихи узоқ...

– Ўзиям сизнинг шарофатингиз билан қишлоқда бирор қариндоши судланмаган, “кесилмаган” оила қолмади-ёв. Ўшан-чун уйга оёғим тортмайди. Борсам ҳам тезроқ сурвориш пайида бўламан. Душманингиз кўп, билиб бўладими, бирортаси ўчингизни мендан олиб “Собирга жир битиб қолди, соғиш керак”, деб етказса, қарабсизки, ертўлада яримўтказгичга айланиб ўтирибман-да, – Собир зўраки ишшайди. Дилбар ўз ёқасини тутамлади:

– Худо сақласин-е, юзини тескари қилсин! Унчаликмасдир?

– Сен нима деяпсан! Узоқ йили, роса тобга келган пайтим Оқариқда бир фермерни буқаси йўқолиб қолди. Арз қилиб келган эди, “Суюнчини олдиндан чўзинг, молингиз бир соатда топилади”, деб эллик доллар бадалига бутун қишлоқдаги ўспиринларни йиғиб келиб обдон чиғириқдан ўтказдим...

– Бегуноҳ болаларни-я? Яна уялмай мақтанишингизни қаранг! – давомига сўз тополмай, дудуқланиб қолдим. Аммо бу сафар бирортаси менинг эътирозимга парво қилмади. Аксинча, почча янада илҳоми жўшиб, овозини кўтарди:

– Тасаввур қил, юзга яқин бола ертўлада бир-бирига қапишиб, сувсиз, нонсиз икки кун ўтирди. Ҳаммасини бир-бир пўстагини қоқиб, “Уюшган гуруҳ жонлиқни ўғирлаб, далани бир четида сўйиб, лаҳм жойини пуллаб, қолганини пишириб еб юборган”, деб жиноят тарихини ёздирдим. Қиёмат! – шу жойга келганда почча завқи тошиб қарсак чалиб юборди. – Роса жиноий гуруҳ “фош этиладиган” пайтда ҳалиги фермер қайтиб келиб, “Узр, ака, адашибман, укам менга айтмай қўшни қишлоқдаги фермерга ғунажинларини қочиргани ижарага бериб юборган экан... Бизни буқалар наслдор-да, харидори кўп”, деб турибди-ку!

– Ота-оналарни нима деб тинчитдингиз? – Дилбар собиқ эрига иштаҳа билан термилди. – Узр сўрагандирсиз?

– Узр сўраган мелисани бандаси кўрганми? Профилактика қилдик, жиноят олдини олиш учун тадбир ўтказдик, деб қўяқолдим.

Кайфиятим расво бўлди – разиллиги билан оғиз кўпиртиришини кўринг! Ёнидагиларни ҳайбаракаллачилигига қаранг! Шунақаларни иқим суймайди. Индамай ўрнимдан туриб, бўшаган идишларни ошхонага олиб кириб юва бошладим. Дилбар ортимдан кириб:

– Мен хўжайинжон билан кўчага чиқиб коньяк олиб келай, жиянни бир ўзи зерикиб қолмасин, опа, – деб илтимос қилди.

– Чарчадим, Дилбар, у билан ниманиям гаплашардим? – дедим ҳафсаласиз.

– Йигитга айтасиз, уқалаб, сийпалаб қўяди, чарчоғингиз чиқади, – деди эшикка суянганча тиржайиб.

– Мени ўзингизга ўхшатяпсизми?

– Ҳазил, опа! Тез келамиз. Қўрқманг, емайди, – деб пальтосини кийиб чиқди...


Мен меҳмонхонага қайтиб кирдим. Дилбар чиқиш эшиги ёнида поччага йўл бераркан:

– Опа, жиянни хафа қилманг яна, – деб беҳаёларча кўз қисиб қўйди.

– Йўғ-е, нега хафа қиламан? Менга ёмонлик қилгани йўқ-ку, – дедим.

– Хўп, яхши ўтиринглар. Ортиқча шовқин қилманглар, яна кампирим уйғониб кетмасин. Эрталабгача ғингшиб чиқади кейин, – деб эшикни ёпди...

Биз ёлғиз қолдик... Бола чой қуйиб берди.

– Ичмайман, – дедиму пиёлани олиб дастурхонга қўйдим.

– Камгап, тортинчоқ экансиз. Менга шунақалар ёқади. Янгамни қаердан танийсиз?

– Шакаржон опа таништириб қўйган эди, – дебман у опани танийдигандай.

– Янгам бало! Шайтонгаям дарс беради, – деб ўрнидан турди.

– Билмайман, – елка қисдим. Фикри-зикрим тезроқ Дилбар қайта қолсаю хонамга кириб оғриган бошимни рўмол билан танғиб ётсам... Орага тиғиз сукут чўкди...

– Одамни зериктираркансиз, гапириб туринг, – деди у дераза пардасини суриб ташқарига қараркан.

– Нимадан гапирай? – сўрадим. – Достоевскийни “Телба”си ҳақида гаплашамизми?

У менга анқайиб қаради:

– Ким у? Ўрисми? Девонами?

– Ёзувчи.

– Биз тарафда бировни устидан ёзадиганларни ёзувчи дейишади. Битта ёзувчи қўшним бор, ҳар қандай одамга лой чаплаб, ишини чаппа қиворади. Лекин тегмаганга тегмайди. Мени ҳурмат қилади. Борганимда сигарет-пигарет бериб тураман. Сиз чекмайсизми?

– Нима? Нос чекаман! – дедим ғазабим қайнаб.

У:

– Носкашга тортмаяпсиз. Мен биттада биламан, қани, ҳидлаб кўрай-чи, нос чекадиган хотинни ёнида туриб бўлмайди, – деб менга яқинлаша бошлади.

Мен ўрнимдан туриб, столнинг нариги томонига ўтиб олдим.

– Келинг энди, худди ўн тўрт яшар қизчалардай ноз қиласиз, – деди у юз мускуллари учиб. ¬– Лекин қадди-қоматингизга гап йўқ. Мўрчамиён, мўрчамиён! Бўлинг, янгам айтди кимлигингизни...

Тутақиб, қалтираб:

– Оғзингга қараб гапир! Яқинлашма! – дедим ва ўзимни ҳимоя қилиш учун дастурхондан пичоқми, санчқими олмоқчи бўлдим.

– Тўғри-да, бунча тарозига соласиз? – деб яна бир қадам ташлади.

– Онанг қатори аёлга шилқимлик қиляпсан, эсинг жойидами?! Мен сен ўйлаган ёмон хотин эмасман!

– Ёшни нима аҳамияти бор, нафас олса бўлди-да, – деб икки ҳатлаб йўлимни тўсиб, чироқни ўчирди. Тамом бўлдим. – Бунча ялинтирдингиз. Бўлинг тез. Ҳозир келиб қолишади, – деб ёпиша кетди. Жон ҳолатда силтаб ташладим. – Қуруқ қўймайман, азоб берманг одамга бунча, – деб қўлига эрк берди. Қучоғидан юлқиниб чиқиб, кампир ётган хонага қочиб кирмоқчи бўлдим. У яна йўлимни тўсди. Сенсираб, – Бунча нархингни оширдинг, нима, тиллоданми? – деди тиш ғижирлатиб.

Нима дейишимни билмай қолдим:

– Ўчир овозингни, уятсиз!

Қани энди лаънати Дилбар кела қолса!

– Йўқ нарсага овора қилиб нега чақирдиларинг! Мен сенларга ёш боламанми? Башарангга бир қара, олачипор бўлиб ётибсан!

– Мен сен баттолни чақирганим йўқ! Ит чақирсин сени!

– Ҳаққингни бердим Дилбарга, кам бўлса айт! Беш мингни оз десанг, яна қўшаман! Ке, хом терига жин урармиди!

Чидолмадим, чойнакни чой-пойи билан юзига қаратиб отдим. “Торс” этиб нишонга тегди. У “вой онам-а!” деб бошини чангаллаб ўтириб қолди.

Қўлимга кирган кийим-кечагимни қўлтиқлаб, ҳужжатларимни қўйнимга тиқдиму ўзига келиб улгурмаган “меҳмон”ни четлаб ўтиб, кўчага отилдим.

23-қисм тугади.

©️Иқбол Мирзо.

@Ummuzaynabummuijodi

Report Page