Бону

Бону

Иқбол МИРЗО.

роман.

22-қисм.


1 апрель


Дилбарнинг ҳаёти мусофирликда юрган унча-мунча одам ҳавас қилса арзигулик эди: альцгеймер дарди икки дунё оралиғидаги аросатга қамаб қўйган эсар кампирни уч маҳал едириб-ичиришдан бошқа иши йўқ. Суяккесар совуқда кўча-кўйда санғиб иш излаб юрмайди. Ўттиз беш минг рубль маоши ҳар ойнинг биринчисида қўлида нақдма-нақд.

Мен унга:

– Худога шукрона айтиб, маза қилиб китоб ўқиб ўтирсангиз бўлавераркан, – дейишим билан:

– Э-э, яхшиям эслатдингиз, намозим қазо бўлай дебди-ку! Сиз билан валақлашиб унутаёзибман... Нафасингизни ростлаб туринг, мен намозимни ўқиб олай, – деб ювиниш хонасига кириб чиқиб, жойнамоз тўшади.

Беихтиёр ҳавасим келиб кетди бу ажабтовур аёлга. Ёлғиз боши билан шунча ишни уддалаяпти, яна намоз ҳам ўқир экан. Ҳам дунё, ҳам охират ғамини еб, фарзу суннатларни адо этяпти. Эътиқодига, иродасига балли!

Мен-чи, битта бошимга эплаб туппа кесолмайман. Қайга оёқ қўйсам, лоп этиб ишкал чиқади. Ўзи, умуман, феъл-атворимни ўзгартириш керакмикан-а?

Менинг қаерим кам бу аёлдан? Ақлим бутун, доғларимни айтмаса, танам соғ. Фақат эътиқодим майиб... Қалбда иймон сусайган...

Ўқ илдизимдан тобора узоқлашиб кетяпман...

Тўхта, балки, айнан мана шу сабабдан бахтим қайтаётгандир? Пайғамбарнинг кўр мушугига ўхшаб нолиганим нолиган...

Миям ғовлаб кетди...

Бировнинг юртида, мусофирчиликда, ижара уйда “Ё худо”, деб жойнамоз устида ибодат қилаётган аёл кўзимга салкам фаришта кўринди...

Бобом менга намоз ўргатгунча қанча меҳнат сарфлаганини эсладим...

– Одамзод ўтиб кетганидан кейин уни йўқлаб ортидан борадиган дастурхони бу дуодир. Марҳумлар ҳар куни бир жойга жамланиб, бугун кимдан менга “дастурхон” келар экан, деб кутиб туришаркан. Аввал болаларидан, кейин невара, эвараларидан... Агар улардан ҳам йўқланди келмаса, Аллоҳ йўлида дуо ўқиб, “Савобини бир пуштимдан етти пуштимгача, етти пуштимдан етмиш пуштимгача бўлган аждодларимга бағишладим... Бағишладим гузаштаю гузаштагон, ғарибону ғурубон, бекасу бева-бечораларга”, деб билак кўтарадиган бегоналарнинг дуосидан савоб олар экан... Илоҳо, ўзгаларнинг “дастурхон”ига муҳтож қилмагайсан, – деб дуо қиларди...

Дилбар намозини тугатди...

Салом бериб кутиб олиб:

– Уч ракаат ўқидингиз-а? Шомни қазосимиди? – деб сўрадим.

Жавоб жуда ғалати бўлди:

– Йўқ, кечасини намозини ўқидим.

Бунақа иборани биринчи эшитишим. Ҳайратим ошди:

– Кечасини намози? – бир кулгим келди, бир ўлгим...

Кейин яна ўзимдан хафа бўлиб кетдим: барибир билиб туриб ибодат қилмаган одамдан кўра билмай туриб бошини саждага қўйган банданинг савоб тоши оғир-ку... Демак, қалбида иймон бор экан, деб ўйлаб турсам:

– Опа, сиз ҳам намозни ўрганинг. Жойнамозни устига ўтириб олиб ният қилинг, Эгам истаганингизни беради. Қачон ишим юришмай қолса, худодан сўрайман, йўлим ўз-ўзидан очилиб кетади, – деди.

– Ҳа, Аллоҳнинг карами кенг, даргоҳида қабул қилсин. Мен ҳам ўқирдим-у, мусофирчилик... Бир жойда муқим қўним топганимча йўқ. Уни устига, “Қунут” дуосини унутибман, айтиб турсангиз бўларкан, ёзиб олиб, ёдлаб, кейин бошлайман, худо хоҳласа, – дедим айбимни тан олиб.

– Нима деганингиз у қунт? Беқунт ўқиса ҳам бўлади. Асосийси, астойдил сўранг, худо бераверади, – деди худди кафилини олган одамдай.

Бобом эса...

Жойнамоз устида тоғдай бўлиб ўтираркан, пичирлаб: “Раҳмон ўзинг, беморларга, етим-есирларга, нотавонларга раҳм қилгайсан... Қодир ўзинг, адашганларга, мушрикларга, гумроҳларга тўғри йўл кўрсатгайсан... Собир ўзинг, бани инсон аҳлининг ношукурлигига, калтабинлигига, худбинлигига сабр қилгайсан... Розиқ ўзинг, марҳаматингни ҳеч бир бандангдан дариғ тутмагайсан...” деб Биру Борга ёлворарди.


* * *


Шундан кейин яна икки марта Дилбарнинг антиқа намозига гувоҳ бўлдим. Бири эрталаб соат тўққизда адо этилди. Бу “эрталабки намоз” экан. Иккинчиси кечқурун... Бу сизга таниш “кечасини намози”...

Нималар деяпман, тиззаси йиртиққа кулмаяпманми? Эчкиниям, қўйниям ўз оёғидан осишади. Унга баҳо беришга ҳаққим йўқ...

Эрталаб Дилбар:

– Ўлсин, юрагим сиқилиб кетди, юринг, дўконларни бир айланиб томоша қилиб, кўнгил ёзиб келамиз, – деб қолди.

– Ёнимда сариқ чақа йўқ, менга нима бор кўчада? – деганимда:

– Уйда ўтирсангиз ҳам, кўчада дайдисангиз ҳам вақт ўтаверади. Муҳими, кўриб қолиш, фурсатни ранг-баранг ўтказиш, – деди қаламқошини учириб.

– Кампирингиз уйғониб қолса-чи? – дедим баҳона топганимдан хурсанд бўлиб.

– Жодугар ҳали бери уйғонмайди... иккита уйқу дори бердим, катта даҳага кетди, – деди қақақлаб кулиб...

Юрагимда нимадир узилди:

– Нега ундай қилдингиз, ўлиб қолса нима қиласиз?

– Ўлмайди, хавотир олманг, бу биринчи марта эмас, – деди лабларини чўччайтириб бўёқ сураркан.


* * *


Ётоқ жойим тайин, еб-ичиш текин.

Аммо ётганда тиканга ағанагандек азобдаман, еган-ичганим томоғимни тирнаб ўтади. Бировнинг ҳиммати ортида миннатини кўп кўрганим учун алағдаман.

Нима дейсиз, меҳмоннинг меҳмониман-да. Қўшнингни эшагига минсанг, кетингни кўтариб ўтир, дейишади-ку. Кампир эшитса Дилбарга гап тегмасин, деб оёқ учида юраман, пичирлаб гапираман...

Кўнглимда бир илинж: яна уч-тўрт кундан кейин Володя амаки ўзига келиб, “майзада”ликдан чиқар, қўнғироқ қилиб “юз очди” қилиб оларман, инсофли одам “Қайт, қизим, тушунмовчилик бўпти”, дер, иш ҳам топиб берар, яна ҳаётим аввалгидек изига тушиб кетар деган умид мени ушлаб турарди. 


3 апрель


Бир куни китоб ўқиб кўзим чарчаб, меҳмонхонага чиқсам, Дилбар хиргойи қилиб дастурхон тузаяпти. Ҳа, десам, иккинчи эрим меҳмонга келяпти, яйраймиз, опагинам, деб кафтини кафтига урди. Тавба, “иккинчи хотин”ни эшитгандим-у...

Пешин маҳали торт, коньяк, қанд-қурс кўтариб хушнуд қиёфада “куёвбола” кириб келди... Йигитмисан йигит. Дид билан кийинган, сўзни танлаб гапирадиган давранинг гули...

Коньякни чапдастлик билан очиб, қадаҳчаларни тўлатиб, аввал Дилбарга, кейин менга узатди.

– Йўқ-йўқ, мен ичмайман, – дедим қўлини қайтариб.

– Нима? Опа?! Олинг қани! Муҳиддин акам шунча жойдан яхши ниятда кўтариб келганлар, – Дилбар дўрдоқ лабини бурди.

– Соғлиғим яхшимас. Кейин, юрак азоб беради, кўтаролмайман! – Янги йилда ичиб абгор бўлганим эсимга тушиб, кўнглим ағдарилай деди.

– Майли, ичмасалар мажбурлама, – деди Муҳиддин авзойимга хавотирли қараб.

Янги йилда янги бахт ҳамроҳ бўлиши учун қадаҳларни уриштириб, ширинсуханлик билан роҳатланиб ичишди. Биринчиси иккинчисига, иккинчиси учинчисига уланиб, Дилбархонимнинг ёноқлари лолагун бўлди.

Муҳиддин дастурхондаги ноз-неъматлардан, таомлардан бир бўлак-бир бўлак қилиб санчқида назокат билан севгилисининг оғзига тутди, эвазига келинчагидан оралатиб енгил-енгил муччилар олиб турди. Балки, илгари бундай ҳолатларнинг томошабини бўлмаганим учун менга эриш туюлгандир... билмадим. Ҳарҳолда, жуда бачкана кўринди... Бундай меҳрибончилик ота ёки она ҳали оғзини тополмайдиган болачага қилса ёки ёшини яшаб, умрининг охирида қўллари бўйсунмай қўйган қарияларга кўрсатилса ярашади...

Шиша бўшади... Бу манзарадан мен уларнинг ҳисобидан хижолатдаман... Менинг борлигимни “Лайли-Мажнун”лар батамом унутишди...


Гап орасида Муҳиддин юртга бориб келмоқчилигини айтди. Бу хабардан Дилбарнинг сочлари тик бўлиб, қайлиғини бўғиб қўйишига сал қолди:

– Ҳа, хотинчангизни олдигами? Ҳеч қаёққа кетмайсиз! Ёки соғиндингизми момишингизни? – деди икки қўлини столга тираганча чақчайиб.

Бирдан ҳушёр тортдим. Назаримда, ҳозир Муҳиддин Дилбарга тескари шапалоқ тортиб юборадигандек туюлди. Аммо жавобан Муҳиддин жилмайганча:

– Ғизиллаб бориб, ғизиллаб қайтаман, – деди.

– Ҳа, мен момишингизни соғингансиз деб ўйлабман, – Дилбар яна атай таъкидлади.

– Жим тур! Опа нотўғри тушунмасинлар тағин, – Муҳиддиннинг эсига мен тушиб қолдим.

Дилбар оғзини тўлдириб гапира кетди:

– Битта чирпити хотини бор, жойини ҳўллаб қўяди, ўшандаям бу кишимга тўтиё... Тавба қилдим, эркак зотига анжир билан олмани фарқи йўқ, еса бўлди...

Муҳиддин ҳам унинг фикрини бош ирғаб маъқуллашдан, ўзини жабрдийда кўрсатишдан нарига ўтмади. Мен яна хаёл дарёсига ғарқ бўлдим. Дилбар қаердан билади унинг хотини касаллигини? Уйининг камчилигини, оила сирини бировларга айтган эркак эркак бўлдими энди?!

Бир пайтлар амаким қўшни қишлоққа совчиликка бориб келайлик, деб дадам ва онамни ундаб уйга келгани эсимга тушди. Қайтганларидан кейин опаларим қиз ҳақида сўрашганида онам: “Шаванда, чиройли, ақлли қиз”, деб таъриф бераётиб, гапи охирига етмай дадамга қараб:

– Менга қаранг, салкам шарманда қилдингиз-ку, бўлажак қудага шунақаям савол берадими? Нимаймиш, янгамни хафа қилган пайтингиз у киши кўчага чопадиларми, уйгами? Шунақаям қўпол гап бўладими? Яхшики, уй эгалари “Дарвозани қулфлаб олиб, кейин уришамиз”, деб ҳазилга олиб қўяқолишди, – деди чимрилиб. Шунда дадам:

– Ҳа, онаси, давлатбошидан кўра оилабошига қийин. Мамлакатни бошқаришдан рўзғорни эплаш оғир. Кўриб турибмиз-ку, – деб бир томоқ қириб олиб, – энди-и, яхши қиз маҳрам гапни ҳар қандай ҳолатда кўчага олиб чиқмайди, оила сирини бегоналар билан бўлишмайди. Ҳусн фақат тўйда, ақл ҳар куни керак, – деб ўз саволига шарҳ берганди.

Опаларим иддао қилиб:

– Э-э, қайси ота қизини тўйдан олдин бегона эркакка урдириб қўяди? – дейишганда:

– Бу бир халқона ҳикмат, асосий гап мағзида, қолгани восита, холос, – деб кулиб қўяқолган эди...

Бўлажак келинга шунча талаб қўйилса, оила султони бўлган эркакка қандай вазифа қўйилар экан? Ёки ҳамма масъулият фақат аёлнинг зиммасидами?..

Дилбарнинг чакаги тикув мошиндай тинмасди. Гоҳ ликопни, гоҳ бўш шишани асабий у ёқдан бу ёққа зарда билан суриб:

– Сизни мен одам қилдим! Юргандингиз эгасиз итдай сакиллаб. Хизматингизни қилган мен, едириб-ичирган мен! Тумшуғингиз итялоқда-ю, хаёлингиз сарёғда! Мен билан ишингизни битириб, унинг ғамини ейсиз! Уни ғамини егунча... Ҳа! Нега уфлаяпсиз? Нима ваъдалар бергандингиз менга? Эркакмисиз? Бўлмаса, “чий” деб қўйинг, қайтиб башарангизга қарамайман! Менга берганингиз юз рубль, мегажинингизга юборганингиз – минг! Кетсангиз кетинг! Келиб, ажрашганингиз ҳақида суд қоғозини кўрсатмасангиз, бошқа қорангизни кўрмай, – деб жалосини солди...


4 апрель


...Тонг отиши жуда қийин бўлди.

Бир китобда ўқиган эдим: “Агар эр хотинининг ёки хотин эрининг нуқсонини билиб туриб яширса, қиёматда Аллоҳ уларнинг нуқсонларини яширар экан”.

Фаридуддин Атторнинг хотинлари жуда хунук, кўримсиз аёл бўлган экан. Одамлар у кишига:

– Сиз шу қадар машҳур аллома бўлсангиз, молу дунёнгизнинг ҳисоби йўқ, сизга манаман деган ҳурлиқолар маҳлиё... Қандай қилиб даражотингиздан паст аёл билан яшашингиз мумкин ахир, уни қўйиб бошқасига уйлансангиз бўлмайдими, – дейишганида, у зоти муҳтарам:

– Сиз айтган ишларга қурбим ҳам, имконим ҳам етади, бироқ қиёмат куни Аллоҳ “Мен даргоҳингга юборган одамни сен нега қувиб юбординг”, деса ва мени ўз даргоҳидан қувиб солса нима қиламан? – деган экан...


* * *


Эртасига Дилбарга яна қўнғироқ бўлди. Бу сафар бошқа эркакдан. Бир-бирлари билан роса бепарда гаплашишди. Кейин телефонни қўйиб:

– Опа, биринчи эрим... Тушида кўрганмиш мени, – деб кўзини қисиб қўйди...

– Нима дейди сизга? Қаердан топибди рақамингизни? – десам:

– Э, опажон, соддасиз, у менсиз яшай олмайди, жинни бўлиб қолади. Керакман-да, қидириб топган, – деди мамнуният билан.

Кейин яна телефон жиринглади. Менимча, унинг олдига келиш учун рухсат сўрашди.

– Келинг, дедим-ку, келаверинг! Қоламан десангиз уй бор. Чўмиламан десангиз душ тайёр. Ётаман десангиз мен бор, – Дилбарнинг гап якуни истиғнога уланиб кетди.

– Дилбар, ким билан гаплашдингиз? Қуюшқондан чиқиб кетдингиз-ку, – десам, бармоқларини қирсиллатиб, елка қоқиб, машҳур қўшиқ оҳангида:

– “Кутаман, кутаман, кутаман!” – деб куйладию илкис жиддий тортиб, менга уқдирди, – Зарари йўқ, ўргатволганман! Умуман, кишига қараб, ишига қараб гаплашишни билиш керак, опагинам!

Кейин ҳалиги одамга қўнғироқ қилиб, нималар еб-ичгиси келаётганини, кўнгли нималарни тусаётганини бирма-бир баён қилди...

Оқшом Дилбарнинг биринчи эри келди...

Яна ўша кечаги ҳолат...


* * *


Эрталаб Дилбар эрини кузатаётиб:

– Менга ўн минг пул ташлаб кетинг! Даволаниб, тезроқ туғишим керак. Вақт ўтиб кетяпти. Юраманми бировларнинг боласини кўрганда юрагим оқиб? Кампиршога, ана, опам қараб туради, – деб хархаша қилди.

“Эр” тезроқ қутулиш учунми, ҳеч қандай гап-сўзсиз ўнта мингталикни санаб берди...

– Опа, бўлинг, тез кийининг, сартарошга борамиз, – деди Дилбар меҳмон эшикни ёпар-ёпмас.

– Йўғ-е! Пулсиз бало борми? – дедим қўлимдаги китобни ёпиб.

– Пулдан ғам еманг. Мана, пул! – қўлидаги рублни қартадай ёйиб кўрсатди-да, кампир ётган хонага бир мўралаб қўйди.

– Қўйинг, ишга кириб олай, кейин кўрармиз. Ҳозир юракка сиғмайди, Дилбар, – деб китобга шўнғидим.

– Ташланг китобингизни! Сизга ош-нон берармиди? Э-э, турсангиз-чи, юринг, айланиб, кўнгил ёзиб келамиз. Бунча эр кўрмаган қиздай тарозига соласиз?

Энди ихтиёрсиз кийинаётган эдимки, кампирнинг қизи қўнғироқ қилиб, келаётганини айтиб қолди...

– Ана, опа, ниятингизга яраша! Наташа келаётган экан. Келиб кетсин, кейин чиқамиз. Лекин у кетгунча сиз кўчаларни, бозору дўконларни айланиб, бирорта кафега кириб кутиб туринг. Кетиши билан сизни чақириб оламан. Бегоналарни киритсам, менга гап тегади... Сени одамларингни боқиш учун бозорлик кўтариб келяпманми, деса мен бир тийин бўламан, – деб шошириб кўчага чиқариб юборди...

Кун бўйи шаҳар айландим.

Айтишларича, миллиардерлар кўплиги бўйича Москва биринчи ўринда турармиш. Йўқсил, дайдилар санаб чиқилса ҳам у етакчи кент бўлса ажабмас. Бошқа таърифга ўрин йўқ.

Устим юпқа... Қўлим калта... Дилдираб кўча кезаман...

Тушдан кейин бир қаҳвахонага кириб, битта гўмма билан бир бордоқ қора чой ичиб чиқдим...

Қош қорайганда Дилбардан садо келди...

Уйга қайтдим. Ҳақиқатан ҳам кампиринг қизи бир дунё бозорлик кўтариб кепти. Йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Фақат онаси учун пишириб, оғзига қошиқ тутишга вақти йўқ...


5 апрель


Володя амакига қайта-қайта сим қоқиб, уланолмадим.

Байрам давом этяпти чоғи.

“SOS!” деб хат ёзиб жўнатдим...


* * *


Орадан икки кун ўтиб, яна бир “меҳмон” ташриф буюрди.

Дилбар уни поччам деб таништирди. Почча ҳам ҳимматларига яраша бир нималар кўтариб келипти.

Ўтган меҳмоннавозликлардан буниси са-ал бошқачароқ, чамамда, меҳмон нисбатан топармон-тутармон шекилли, унга ўзгача ҳурмат ва эътибор кўрсатилди.

– Анави Гулмир боридию Бакир аптекачини хотини... – Дилбар поччадан “эсладим”, ишорасини олгач давом этди, – ўша ғирт бўлиб кетганмишми?

Почча бир зум ишшайиб турди, сўнг бармоқларини қирсиллатиб, мамнуният билан гапга тушди:

– Биз қассоблик қилиб юрган пайтларда ҳоким-покимлардан “етмиш-саксон килоли қўчқор топиш” топшириғи бўлиб қоларди. Унақа бўрдоқилар бозорга чиқмайди, фақат махсус хонадонларда боқилади. Шуларни қўрасига бориб савдо қилиб олиб келардик, – у суҳбатдоши ажабланиб қараб турганидан завқланиб, хулоса ясади, – Гулмиринг ҳам эскидан бозорда йўқ эди-ю, савдода бор эди...

Бу теша тегмаган ташбеҳдан Дилбар вужуд-вужуди билан яйраб-ёйилиб кулди.

У кишим бетакаллуф еб-ичиб, қисқа-қисқа кекириб, ҳеч бир манзиратсиз Дилбарнинг ётоқхонасига кириб кетди.

Энди кўзим илган экан, бир нима гурсиллаб кетдию сапчиб ўрнимдан турдим.

Бечора кампир каравотдан ағанаб тушибди. Ҳар қанча уринмай, бир ўзим кўтаришга кучим етмади. Кампир шўрлик кўзлари тепага қияланиб, иҳрашдан нарига ўтмайди.

Кўмак чақиришдан бошқа чорам қолмади. Ётоқхона чироғи ёниқ экан. Ҳали ухлашмабди-да булар, деб эшикни тақиллатиб очдим... Очдим-у, шу заҳоти қайта тортдим. Илғаганим, жуда хунук манзара эди. Уни тасвирлаб ёзишга худоданам, бандасиданам уяламан.

Эшикни қаттиқроқ қоқдим. Дилбар чиқавермагач, тирқишдан кампир йиқилганини, аҳволи оғирлигини айтдим. Ниҳоят зўр-базўр чиқди, “Илоё, оғзингдан қора қонинг қарқираб келгур! Суякларинг дўзахни ўчоғига ўтин бўлгур”, деб қарғаниб-қарғаниб кампирни қўлтиғидан олди, мен оёғидан кўтардим, икковлашиб ўрнига ётқиздик.

Кампир яна ғафлат уйқусига кетди.

– Қари, озғин бўлсаям оғир экан-а, Дилбар? – дедим нафасимни ростлаб. У гапимга эътибор бермай, зарда аралаш:

– Опа, ишингиз бўлса, қўнғироқ қилиб чақиринг, эшигимни тақиллатиб ўтириш шартмас, – деди.

– Кечирасиз, шошиб қолдим, қўрқиб кетдим. Васвасада хаёлимга келмабди, – дедим узрхоҳ оҳангда гўё умас, мен гуноҳ қилгандай.

– Поччамни буйраги оғриётган экан, малҳам суртаётган эдим, – деди кўзларини нари олиб...

Мен “Малҳам суришни бунақа усуллариям бор экан-да, отинча?” деб ниш уришдан ўзимни зўрға тўхтатиб, индамай хонамга кириб кетдим...

Эй худо, охири бормикан бу кунларингни? Бунчалар хор қилмасанг мени... Бу нима, синовми? Имтиҳонми бу менга? Мен кимманки, шунчалар кўп азобларга ташладинг?

“Эй фалак, чархинг бузилсин, кимларга хор этдинг мени?!”

... Шу кетишда ақлдан озмасам яхши эди...

22-қисм тугади.

©️Иқбол Мирзо.

@Ummuzaynabummuijodi

Report Page