Бону

Бону

Иқбол МИРЗО

роман

21-қисм.


28 март


Тонг отди.

Қўл-бетимни ювиб, ишга отландим. Пешинга бориб директордан рухсат сўраб, банкдан Рухсорага пулни жўнатиб келдим.

Оқшом уйга қайтсам, Жонтемирнинг юзлари юлинган, Маринанинг лаби шишган, кўзлари кўкарган аҳволда ҳовлида бир-бирига ҳурпайишиб турибди. Юрагим товонимга тушиб кетди... Остона ҳатлашга журъат тополмай, довдираб қолдим. “Оббо! Билишибди! Ана шармандалик!.. Ўлдим энди иснодга!”

Бир амаллаб бор қувватимни тилимга жамлаб:

– Нима гап, тинчликми? – деб сўрадим эшик тутқичидан қўл узмай.

Жонтемир юзига рўмолчасини босиб, тиришганича:

– Мановини туғилган кунига узук ваъда қилгандим. Эрталаб турсам пул йўқ, – деб иҳради.

– Қаерга қўйган эдингиз? Балки, эслолмаётгандирсиз қўйган жойингизни, – дедим ясама жонкуярлик билан.

– Йўқ, мана бу еримда эди, – деб чакмони ёқасини қайириб, мен пул олган кўйлаги чўнтагига шаппат урди.

– Балки, ишлатиб қўйгандирсиз, кеча кўп харажат қилдингиз, – дедим енгил тортиб.

– Йўқ. Хариддан ортгани ёнимда эди, – Жонтемир негадир киссаларини пайпаслаб қўйди.

– Ёки тушириб қўйгансиз. Кеча анчагина “етилиб” қолувдингиз.

– Йўқ, аниқ анави олган! – “Йигитни гули” ияги билан Маринани кўрсатди, – Авваллари ҳам уч минг, тўрт минг пулим йўқоларди. Қачон тутиб олиб урсам, кейин бўйнига оларди. Ўғри-да, ўғри! – кейин “янгам”га тушунарли бўлсин учун ўрисчалаб “Варюга, сувка!” деб овоз кўтариб қўшиб қўйди.

– Ҳа-а, ёмон одати бор экан-да, сахти сумбатига қараган одам сизга муносиб оқила аёл деб ўйлайди, – дедиму хонамга кириб кетдим.

Деразадан қарасам, Марина хўпиқиб йиғлаб турибди.

“Роҳатига яйраган азобига ҳам чидаш керак, Маринажон! Ҳаёт шунақа! Учта гўдак қоқ нон еб, эгатда эмаклаб пахта териб юрганда сиз уларнинг насибасини қийиб, яйраб маст бўлиб, айшингизни суриб ётгандингиз! Тегирмон галма-гал-да, дугон...” деб қўйдим ичимда.

Марина юкларини кўтариб эшикдан ҳатларкан, Жонтемирга қайрилиб:

– Номард! Ароқхўр! Туҳматчи! – деганча кўчага чиқдию яна қайта эшикни очиб, – Ҳаҳ, ўзбек! – деб муштини силтади. 

Жонтемир ўрнидан ирғишлаб туриб, гап-сўзсиз унинг ортидан югурди...

Тавба, виждоним зиғирча қийналмаса-я...


* * *


Якшанба куни Рухсора гудок ташлади. Қайтиб чиқсам, ўзида йўқ хурсанд:

– Акам билан бозорга бордим. Пахта пулларимни ҳам қўшиб битта сигир, олтита товуқ олдик, раҳмат сенга, – деди.

Юрагим бир жойли бўлиб телефонни қўйдим...

Туғилган кунга узук эмиш, мана узук сенга!..

Ишқилиб, билиб қилган гуноҳларимниям худо кечирсин-да...


* * *


Туш – башорат деган гапни эшитгансиз-а?

Сизда ҳам шундай бўладими – рўй бераётган воқеа қандай якун топишини билиб турасиз, фақат бу ҳолат тушингизда аён бўлган ҳодисадан кейингина идрокингизга келади. Бу ҳар қандай бандада учрайдиган оддий ҳол бўлса керак. Лекин шундай тушлар ҳам борки, кўпинча бомдоддан олдин хобга киради, сиз кўрганларингизнинг ёрқин таассуротидан терга ботиб уйғониб кетасизу руҳиятингизда аввал кўрилмаган енгиллик ёки ғашликни ҳис қиласиз. Бундай тушда келажакка ишорат, тақдирга башорат бўлади.

Ҳа, айрим одамларгина тушини тўғри йўя олади, эҳтиёт чораларини кўришга фаҳми-фаросати етади. Шу мақомга эришган инсон ғайб билан ришта боғлаган азизларга яқинлашган ҳисобланади.

Мен ҳам уйқуда кўрганларимдан таъбир излаб, ишора қидирадиганлар хилиданман.

Кўпинча тушим тескари келади. Бошқалар илон кўрса бойлик деб қувонса, менинг “илон”ларим ғам-ғусса келтиради.

Бугун ҳам шундай туш ҳаяжонида кўз очдим: тушимда сочим қирқилган эмиш. Мен қўлимда қораилондай тўлғаниб турган кокилимга қараб, ким қилди бу ишни, ким мендан сўрамай қайчи урди, деб ҳайрону лол эмишман.

Бу туш Олмос кўп такрорлайдиган байтни менга эслатди:


Уйқучи бахтим қаро чинини доим туш кўрар,

Ваҳки, таъбир ичра бордур: тушта соч кўргон – бало... *


* * *


Икки кун ўтиб кечқурун дарвоза тақиллади.

Чиқиб қарасам, Жонтемир ёнида ёшини аниқ айтиш мушкул бўлган аёл билан суянишиб турибди.

Бир қўлида ароқ, иккинчисида бир бўлак колбаса ва буханка нон, шими чўнтагидан пиво шишаси мўралаб турибди...

Салом беришга улгурмасидан эшикни ёпиб, дарвозага лўкидон уриб уйимга кириб кетдим. Қопқани тақиллатди, илтимос қилди, ялинди, барибир киришга қўймадим. Охири ҳовлидаги қўшни болаларга қўнғироқ қилиб ёлворганидан кейин улар орқа тарафдаги эшикчани очиб, ичкарига киргизиб юборишибди.

“Жуфтлик” улфатчиликни давом эттириб, мастликда тамаки тутатганча пинакка кетибдию чўғ кўрпага тушибди, кўрпадан полга ўтиб, ёнғин чиқишига бир бахя қолганда қўшни болалар кўплашиб ўртага олиб ўчиришибди.

Эрталаб Володя амаки келиб қараса, Жонтемир бегона аёл билан тутун ҳидига дудланиб, қўранта боғлаб ётибди.

Хўжайиннинг эси оғгудай жаҳли чиққанини ҳеч қачон кўрмаган эдим. “Йигитнинг гули”ни “жонон”ига қўшиб қорга судраб олиб чиқиб, роса пўстагини қоқди.

Жонтемирнинг паспортини тортиб олиб, “Зарарни қоплаб берганингдан кейин оласан”, деб кўчага тепиб чиқарди.


* * *


Янги йил арафаси...

Байрамни россияликларга чиқарган. Йигирма кун ишхоналар ёпилади, ҳамма ёппасига ичкиликбозликка ўтади. Рождество, Янги йил, Эски янги йил... каби номи ҳар хилу моҳияти бир хил бўлган айёмлари жуда кўп. Кўчада соғ одамни тополмайсиз. Яйрашади!

Дўкондан ўн учинчи ойликка қўшиб совға ҳам беришди: бир халта шоколад, шампан виноси ва олтита қордай оппоқ бордоқча. Бордоқчаларни онамга юбораман деб ният қилиб қўйдим.

Ҳовли ҳувиллаб ётибди – болаларнинг бари Арчабайрамни ўтказгани юртга қайтган.

Тоқ бошимга дастурхон тузадим: қўй гўштидан кабоб, емакхона дўлмаси, ширинликлар ва шампан... Қараб туриб, ўпкам тўлиб кетди. Оиламиз даврасида “дадамнинг эркаси” бўлиб кутиб олган Янги йилларим кўз олдимда гавдаланди...

Онамга, опаларимга, акамга қўнғироқ қилиб табриклаб чиқдим. Лекин негадир ҳеч юрагим ёришмади... Ҳеч нарса томоғимдан ўтмади... винони очиб, бир пиёла ичдим, кабобдан бир дона тишладим...

Ҳайҳотдай хонамда юрагим гумириб кетаверди, иссиқ кийиниб, ўзимни чалғитай деб кўча айландим. Қарасам, бир жойда чегирма билан ўзимизда чиққан ичимликларни сотишаётган экан. Битта “Ўзбекистон” коньяги олиб уйга қайтдим.

Коньякни очдим-да, совғага берилган бордоқчаларни қатор қилиб териб, ҳаммасини тўлдириб чиқдим. Битта қадаҳни олиб, қолганлари билан чиқиллатиб тўқиштирдим-да, ўзимни-ўзим қуюқ табрикладим:

– Янги йил муборак, Бону! Бепоён ёлғизликка қўйилган янги қадам қутлуғ бўлсин!

Ўзим учун: худо қўшқўллаб урган бахтиқаро қиз учун – биринчи қадаҳ...

Дадам учун: чинакам меҳр ва инсонийлик учун – иккинчи қадаҳ...

Бобом учун: оқиллик ҳамда инсоф учун – учинчи қадаҳ...

Барибир... Олмос учун: яксон бўлган муҳаббат, чилпарчин орзулар учун – тўртинчи қадаҳ...

Онам учун: самимият ва соддалик учун – бешинчи қадаҳ...

“Ҳувайдо” бобо учун: муҳит қурбони бўлган бегуноҳ бандалар учун – олтинчи қадаҳ...

Сўнгги қадаҳни ича олмадим...

Ерга уриб синдирдим...

Кайфим ошиб, бошим айланиб, узуқ-юлуқ хотиралар кўз олдимдан айқашиб ўта бошлади... Бобом билан кечган беғубор, беғам кунларим... “Невараларнинг ичидан сени танладим, зеҳнинг ўткир, сен ҳаммадан бошқачасан, буни ўзинг билмайсан ҳали”, деганлари қулоқ остимда қайта-қайта янгради...

Намозни олтинчи синфда ўрганган эдим. Онам қаерга таъзияга борса, ёнларида мени олиб юрарди. Қаерга борсак, мен дуойи фотиҳа ўқирдим...

Шуми энди бошқа неваралардан ўзгачалигим?

Шу кўйга тушишимни билганида Қуръон ўқишни ўргатар эдими?

Бобомникига дўстлари келса:

– Мана, бизни шогирд, бир савол-жавоб қилинг-чи, имтиҳондан ўта олармикан, – дерди мени кўрсатиб.

Саволларга жавоб бериб, мақташларини кутиб турардим.

Кўриб қўйинг, бобожон, ўша фахрланган шогирдингиз аҳволини...

Юсуф воқеасидан кейин дадам аламини ароқдан оладиган бўлиб қолганини айтганим эсингиздами? Ўша кунларнинг бирида дорилфунундан қайтсам, қўлида бир шиша ароқ, ёлғиз ўзи ичиб ўтирибди.


Ичимдан зил кетдим-у, сир бой бермай, ёнига ўтириб, “Қани, менгаям қуйинг, якка ичиш бехосият бўлади”, деб ҳазиллашиб, ароқ тўла пиёлани қўлимга тутдим. Дадам кутилмаган қилиғимдан эсанкираб, пиёлани қўлимдан шарт тортиб оларкан:

– Сенга ярашмайди, – деди бўзариб.

– Сизга-чи, ярашадими, дада? – кўзимга ёш олдим.

– Мен аламимдан ичаман, қизим, – кўзларини олиб қочди у.

– Нима аламингиз бор? Қизларингиз бўлса, ўғлингиз бўлса! Иссиқ-совуғингизда онам ёнингизда... Ё мен сабабми? Айбим йўқлигини ҳеч ким билмасаям сиз биласиз-ку! – деб юкинганимда:

– Ҳар қандай ҳолатда ҳам сен ичма, – дея ароқни пойгакка сепиб юборган эди.

– Ичсангиз ичаман – қасам ичаман! – деганча пўписа қилгандим ўшанда...

Охирги кунлари дўхтирлар:

– Қонингиз қуюқлашган, ҳар куни ярим пиёла ароқ ичинг, – деганида ҳам унамаган эди...

Отасини ичкиликдан қайтариш учун ҳатто ўзини қурбон қилишга тайёр турган қиз... мана, не аҳволга тушиб ўтирибди...

Талабалик пайти биз ҳашарга чиққан туман режани тўлдиргани учун байрам уюштирилиб, Раъно Ҳусанова деган қўшиқчи аёл келганди. Машинадан тушиб, саҳнага яқинлашган ҳам эдики, оёғи чалмашиб, гандираклаб йиқилиб тушди... Югуриб бориб қўлидан тортаман десам, вужудидан ароқ ҳиди гупиллаб ётибди. Икки эркак судраб, қайтариб машинасига ортиб юборишганда ҳамманинг кайфияти бир пул бўлганди. Шундан кейин бу аёлнинг қўшиқларини тингламай қўйдим...

Эртаси куни мажлис чақирган деканимиз надомат билан а-анча гапирган, қа-анча асабийлашган эди:

– Ўзбек аёлига ярашмайди бу! 


* * *


Хаёл беихтиёр Хожа Уббонга етаклади... Таниш-билишларнинг ҳоли, тақдири нима кечди экан?..

Яна кўз олдимда “Ҳувайдо” бобо...


Кўнгулда дард кўп, айтурға бир маҳрам тополмасман,

Кетарға бош олиб чўллар аро ҳамдам тополмасман...*


*Ҳувайдодан


29 март


Эрталаб уйғонсам, полда ётибман.

Тўшагимгача ҳам етиб боролмабман...

Бош оғриғию кўнгил айниши мазамни қочирди.

Туриб қарасам, коньяк шишаси думалаб ётибди.

Қўл-юзимни ювиб, бир пиёла сув ичдим. Яхшики, бугун байрам... дам олиш куни... а-ҳа, келган жойидан давом эттирамиз...

Битта коньяк олиб келсам бўлди, бошқа ҳамма нарса бор. Пальтомни кийиб кўчага чиқдим.

Кўприкдан ўтаётиб тўрт-беш ўспирин соҳилдаги ўриндиқни ўраб олиб, беҳаё бақириб кулишаётганини кўрдиму таққа тўхтадим. Уларнинг ёнидан ўтишга юрагим дов бермади. Орқамга қарадим: икки эркак ва улардан сал орқада ўрта ёшли аёл келяпти. Қадамимни секинлатиб, эркакларни ўтказиб юбордим.

Катталарни кўриб болалар шовқин-сурон кўтариб шаҳарчага қараб жуфтакни ростлашди. Ҳалиги аёлга эргашиб бориб, ўриндиқда бир жувон маст ҳолатда “ўчиб” ётганини кўрдим. Кеча байрамни “муносиб” нишонлаган шекилли, изғиринни сезмай, битта кўйлакда ястаниб ётибди. Устини ёпиб қўйиш ўрнига шумтакалар текин томоша деб бошқа жойларини ҳам очиб қўйишибди. У болаларни ёш десак, бояги икки эркак-чи? Ёнимдаги ҳамроҳим ҳам унга қараб тупуриб, сўкина-сўкина ўтиб кетди. Мен эса... ташлаб кетишга кўнглим бўлмади.

Бир лаҳза ичида неча хаёл кўчасига кириб чиқмадим.

Эгнидаги кўйлаги билан устини ёпаман десам... таги ҳўл... Ёш болачалар “чушша” қилиб қўйса, шамоллаб-нетмасин, ҳиди ўтириб қолмасин деб дарров таглигини алмаштирамиз... Бу хушрўйгина, ёш жувон бўлса...

Кўйлаги билан имкон қадар баданини ёпдиму ортимга зув қайтдим.

Йўл-йўлакай иситмам чиқиб, “Мен бундай томоша бўлишни, аёл шаънини, ўзбек аёли деган номни булғашни истамайман! Бошқаларга эрмак бўлишдан ўзинг асра... Тамом! Бошқа ичмайман! Ҳеч қачон, ҳеч қаерда! Ит бўлай қайтиб ичсам!..”

Хонамдан уринган жункўрпани олиб югурганча соҳилга бордим-у, кўприкка оёқ қўяр-қўймас ўзимни тўхтатдим. Нариги соҳилга ёндош йўлда усти ёпиқ панжарали юк машинаси гуриллаб турар, иккита барзанги беҳуш жувонни бир оёқ бир қўлидан ушлаб судраб борарди.

Хонамга қайтиб, совуқ сувда чўмилиб чиқдим. Кечаги гуноҳим, иродасизлигим учун ўзимни ўзим шундай жазоладим.

Кейин ҳамма жойни супуриб-сидириб, полни ювиб, эшик-деразаларни ланг очиб, хонани шамоллатдим. Овқатни иситиб, лаганга сузиб, энди ўтираман деб турганимда телефоним қисқа занг урди – хат келди. Очиб қарасам: “Янги йил билан! Орзулар ушалсин, армон қолмасин! Ким ватанни севса, ватан ҳамма жойда у билан! Алишер. P.S.: Кеча Тошкент вақти билан янги йил кираётганда қўнғироқ қилдим, олмадингиз. Байрам базми қуюқ бўлди шекилли. Яна бир бор чин дилдан қутлайман!” деган ёзув.

Ичкилик асорати гаранг қилган калламга дабдурустдан хат муаллифи кимлиги келавермади. Рақамига қараб эсладим, мени вокзалдан олиб келиб қўйган таксистнинг ташрифномасига кўз ташлаб, сонлар тартиби Навоийнинг туғилган куни, ойи ва йилига тўғри келганидан бу шунчаки тасодифмикан ё атай исмига мослаб танлаганми деб кўнглимдан ўтказгандим.

Қизиқ йигит экан-да ўзи. Менда нима иши бор? Россияда юрган ўзбек қизлари анқога шафемаски, мен унга тансиқ кўринсам... Ўзимдан қолар гап йўқ, чирой-у ҳусн тўғрисида сўз ортиқча...


Ўйланиб ўтирсам, эшикдан қорбободек бўлиб Володя амаки кириб келди. Қўлидаги қоғозхалтани тутқазиб:

– Ҳаммасини дастурхонга қўй, – деб буюрди.

Икки хил салат, мева-чева, торт, пицца, шоколад ва яна... Шампан виноси...

– Кеча кечқурун соат бонг урганда эсимга тушдинг, келаман десам Светка йўқ деб оёқ тираб олди. Ёлғиз кутдингми? – сўради пишиллаб курсига чўкаркан.

– Ҳа, уйқуда бир ўзим кутдим, – дедим.

– Нега бизникига бормадинг, бирга кутардик, – деб винога қўл чўзди.

– Бу ўзбекларни байрами эмас. Бизда Янги йил йигирма биринчи мартда киради, Наврўзда, – дедим.

– Шунинг учун бизни байрамни нишонламадингми?

– Сизларга ўхшаб нишонладим, лекин вақтлироқ ухлаб қолимман.

– Сен ичмайсан-а? – деди амаки қўлида винони салмоқлаб.

– Умуман ичмасдим, шу кеча ичдим.

Володя амаки кўзларини катта-катта очиб, менга ишонқирамай қаради:

– Сен ичмайсан, алдама, кўп кузатганман сени, ҳатто пиво ҳам ичмайсан. Ҳамма болалардан сўраб чиққанман. Ичмайсан-ку, а? – деб сўради қайтадан. – Кеча келиб сендан хабар ололмадим, – кечирим сўраган бўлди у.

– Мен хафа бўлганим йўқ, узр сўрайдиган иш ҳам бўлмади, – деб кулдим.

Унга ҳам кечаги кабоб ва дўлмадан олиб келдим. Халтада ароқ ҳам бор экан. Очиб:

– Бугун мумкин – байрам, озгина ич, – деб қадаҳ тутди.

– Умуман ичмайман, амаки, сиз ҳам ичмасдингиз-ку. Болалар Володя амаки ичмайди ҳам, ичгани ҳам қўймайди, деб айтишган, – дедим.

– Сенга қойилман, ироданг мустаҳкам. Бир йил яшадингми шу ерда, ҳа, бир ярим йил... бирор бир камчилигингни кўрмадим, – деб мақтади амаки биринчи қадаҳдан сўнг. – Агар шу вақтгача ичмаган бўлсанг, бундан кейин ҳам ичма!

Кейин мен қизи Светадан эшитган ва тунов сизга баён қилганим ҳикояни айтиб берди...

– Мен буюк давлатнинг душманларини йўқ қиляпман, она халқимга фарзандлик бурчимни ўтаяпман, деб астойдил ишонардим. Бу дунёда энг катта фожиа – сен ишонган, эътиқод қўйган ғоя пуч бўлиб чиқса, доҳийлар ашаддий жиноятчи-ю, уларнинг ақидалари сафсатадан иборат экани фош бўлса...

Ароғи тугагунча суҳбатлашиб ўтирдик. Кейин яна бир бор Янги йил билан табриклаб:

– Мен энди бир ҳафта ичиб ётаман, телефоним ўчиқ бўлади, уйимдан ҳеч қаёққа чиқмайман, уйимга ҳам ҳеч кимни қўймайман. Сен ҳам ҳовлига бировни киритма, – деб тайинлаб, хайрлашди...

Бунча қийин бўлмаса бу оламда яшаш?!

Кўнглим муз-муз, тунд, хомуш бўлиб қолди. Кечаги ишим учун ўзимдан нафратланиб кетдим...

Қайтиб ичсам ит бўлай, деб қўйдим. Итда нима айб? Энди ичиб унинг номини ҳам маломатга қолдиргим йўқ...          


* * *


Мен бирор илинж билан ёзмаяпман ўтмишимни, менга шафқат ҳам, мурувват ҳам, алқов ҳам керак эмас. Фақат битта тингловчи керак... бошқа ҳеч нарса...

Худо сизга сабр берсин...

Қаерда хато қилганимни билолмаяпман.

Тўғри маслаҳат беришингиз учун тафсилотларни тўлиқ ёзяпман.

Мени тўғри тушунинг...


30 март


Янги йил нашидаси тарқамай туриб, Эски янги йилга тадорик бошланди. Сурункали меҳмонвозликдан толиққан қиёфаларда яна байрам кайфияти: ҳамма ўзини бозор-ўчар, совға-саломга урган, дўкону новвойхонамизда яна жонланиш, савдо-сотиқ авжига миниб, қўлимиз қўлимизга тегмай қолган.

Ҳориб-толиб уйга келсам, дарвозанинг қўш табақаси очиқ, ичкарида қизил “Тойота” турибди: демак, Светахоним ташриф буюрибдилар. Қувониб кетдим. Янги йилда дадаси табриклаган эди, одамгарчилик бор-да, энди дугонам қутлагани келган кўринади.

Ичкари кириб, тарвузим қўлтиғимдан тушди: кўрпа-тўшакларим, лаш-лушларим қорда сочилиб ётибди. Иккита ўрис йигит тамаки тутатиб, иккинчи қават деразасидан шанғиллаётган Светага қараб туришибди.

Мени кўриб у бир зум ғойиб бўлди-да, эшикни зарб билан очиб чиқиб келди.

– Ҳа, кўрнамак келгинди! Дадамни авраб иш битириб юрибсанми, қанжиқ? Уйни кунпаякун қилай дебсан-ку!

Тилим айланмай қолди. Русчани яхши биламан, лекин қани бирорта сўз тилимга келса. Тахта бўлиб қолдим. Бу нима ҳақорат? Бу нима хўрлик?

Света менга яқинлашиб, поча-пўстини устидан кўксига мушт урди:

– Бу менинг юртим! Бу менинг уйим! Йўқол, қорангни кўрмай, лаънати! – Сўнг бамайлихотир томошабин бўлиб турган йигитларга қаради. – Игорь, Серёга, бу ялмоғизни дарёга улоқтиринглар! Яхшиликни билмайдиган қораялоқ!

Мен зўрға “Володя амаки...” дея олдим, у оғзимдан юлиб ёқамга ёпиштирди:

– Ҳа, сен мияси айниган чолни қўйнига кириб, бутун мол-мулкини эгалламоқчи бўлдингми? Чучварани хом санабсан! Янги йил эртаси бу ерда айш-ишрат қилганингни билмайди дейсанми? Деворни кўзи, қулоғи бор! – Яна йигитларга юзланиб, – тез йўқотинглар буни кўзимдан! – деб буюрди-да, бир қўли билан кўчани кўрсатиб, бир қўли билан пешонасини ушлади.

Тушунарли... Мусофирнинг нафақат думи, тилиям қисиқ.

Қўлга илашган нарсаларимни йиғдиму лом-мим демай кўча томон юрарканман, оёғим остида бир нима “қирс” этди. Қарасам, онамга аталган бордоқчалардан бири қорга ботиб, бандидан ажраб ётибди...


* * *


Дўконга бориб бўлган воқеани Шакаржон опага дастурхон қилдим.

Опа менга бирпас ачиниб қараб турди-да, “Манғлайи кара, сани яшулли ахшам ишдан алди, анув бала сотган аял иши бўйинча уни судга чақирмишла, “Ман неердаги одамла учун судда тик турадиган кишиманми?” деб жини коришиб, биза бакирди. Новвойхонанг иясигаям бизим гўзимизча тилпон атиб, унгаям уқтирди. Манимча, у ишданам айрилдинг, бичара. Ўзим билан апкитийин дасам, икки хана уйда ети киши турамиз. Хўжайин дим иплас адам, кунда башимизи санийди... Тўхта, бир аёл бор ади Дилбар диган, гўрсанг, бамаънига ўхшийди, намозхон. Манда раками бўлса герак. Бўлди-е, мизиллама!” деб телефон тита кетди.

Урди худо, бу не кўргилик? Ҳам ишдан, ҳам бошпанадан айрилиб ўтирсам-а? Бунча толеим қаро бўлмаса? Қайга борай, кимга додимни айтай?

Шакаржон опа ғудрана-ғудрана уч-тўрт уринишда Дилбар билан боғланиб, вазиятни тушунтирди. У ёшимни сўради шекилли, опа мени бир кўзи билан чамалаб, “Яш, ўттиза бармаган”, деб телефонни менга узатди.

– Ҳозир қаердасиз, опа? – деб сўради Дилбар салом-аликсиз. Кейин жавобни ҳам кутмай, – Москвани яхши биласизми? Манзилни айтсам топиб келоласизми? Мен ҳайҳотдай уйда яккамохов бўлиб бир ўлимсанги кампирга термулиб ўтирибман. Келинг, танишайлик, агар маъқул тушсак, бирга яшайверамиз, пул-мулингиз ҳам керакмас. Унча-мунча эркагингизга мардликдан дарс бераман, хўпми? – деб ҳамма масалани бирпасда ҳал қилиб қўяқолди.

Шалдир-шулдур, кўнгли очиқ аёлга ўхшайди. Яна кайфиятим ростланиб, икки қўлимда кўч-кўроним посанги, дарҳол у айтган манзил томон йўл олдим.


* * *


Москва дегани билан хонадони шаҳарнинг ўрмонга туташ четроқ туманида, тупканинг тагида экан.

Топиб боргунча она сутим оғзимга келаёзди.

Дилбар ёшгина, келишган, қувноқ аёл чиқиб қолди. Ҳамма гапни шарт-шурт юзингизга айтавераркан.

Ичкарига кириб нафасимни ростлаганим ҳам йўқ, ўтирар-ўтирмасимдан савол ёғдира кетди:

– Биринчи йил Москвага келишингизми?

– Йўқ, икки йилдан бери шу ердаман.

– Ҳечам ўхшамайди-да!

– Нега ўхшамайди? Москвани кўрганларни шохи-бутоғи бўладими?

– Ғирт ўзбеклигингизча қоп кетибсиз, одам деган сал ўзига қараб юради-да, опа. Сочингизни сариққа бўяб, қошни териб, қалам суриб, қичиқ бўлиб юрмайсизми?

– У нима деганингиз? Қизиқмайман бўёқ-сўёқларга. Тўғрироғи, ярашмайди, масхарабозга ўхшаб қоламан.

– Ҳа, майли, ойлигимни олай, бирор кун сизни сартарошга элтиб сочингизни кестириб, бўятиб, келинчакдай қилдириб келаман!

– Мен новвойхона ва дўкондан бошқа жойда ишламаганман... У ерлардагилар ҳам худди мендай оддий одамлар. Пардоз-андозга қизиқиш ҳам, вақт ҳам, адашган пул ҳам йўқ... Қолаверса, афту башарамни кўриб турибсиз...

– Юзингизга нима қипти? Упа-элик, рангли крем бор, муаммо йўқ! Бу ерликларнинг яхши томони, одамни нуқсонига парво қилмайди, бизникиларга ўхшаб ижирғанмайди.

– Кераги йўқ! Ё аслингдек кўрин, ёки кўринганингдек бўл, деган гап бор.

– Жинни бўпсиз, ҳали сизни шундай пардозлаб ишлов берайки, ўзингизни ўзингиз танимай қолинг...

“Мен сенга қумсувоқ деворманми пардозлаб ишлов берасан?” деган эътирозни тилимдан зўрға қайтариб қолдим.

Қарасам, гап-сўз фақат енгил-елпи томонга қараб йўрғалаб кетяпти. Бошқа хаёлларга бормасин деган ўйда ҳар эҳтимолга қарши ёлғон ишлатдим:

– Мен оилали одамман, иккита фарзандим бор. Хўжайиним яхши одам, фақат соғлиғи туфайли оғир ишга ярамай қолди. Шунинг учун мен мусофирчилик нонини еб юрибман. Ҳалол топиб еб юрибман...

Дилбарнинг қиладиган иши шу хонадондаги эси кирди-чиқди бўлиб қолган қоқшол кампирга қараш экан. Унинг ёлғиз қизи ойда бир бозорлик келтириб, Дилбарнинг иш ҳақини бериб кетаркан...

Уч хонали шинамгина уй...

Жавонларга териб қўйилган китоблар диққатимни тортди. Ўҳ-ҳў, кимларнинг асарлари йўқ бу жавонда... Жуковскийдан тортиб Пастернак, Арастудан Айтматовгача, Шекспирдан то Коэло... Бир уй китоб... Бинойидек кутубхона дейсиз...

Мана шу ноёб асарларнинг ўзи хонадон соҳибаси ким ва қандай инсон бўлганидан дарак бериб турибди.


* * *


– Бонужон, китобларни тахла десам, ҳалиям расмини томоша қилиб ўтирибсанми? Сени ёрдамга обкелгандим-ку, дадасини эркаси... – қора духоба муқовали қалин китобни қўлимга олиб очишим билан қадрдон бўй димоғимга урилдию онамнинг меҳрли дашноми янграгандай бўлди.

Бизнинг кутубхонада аксар ўзбекча китоблар бўларди. Онам уларни нондай авайлаб эҳтиётлар, бирортаси нописанд муносабатда бўлса, астойдил ранжиб:

– Иби, айланай, бу азиз нарса, ўзи нон бўлмасаям, бир куни сенга нон беради... – дерди.

21-қисм тугади.

©️Иқбол Мирзо.

@Ummuzaynabummuijodi

Report Page