Бону
Иқбол МИРЗОроман.
15-қисм.
* * *
16 февраль
Маълумингизким, камина мактабдан “ковушим тўғриланиб”, ғирт бекорчилар сафида пешқадам эдим.
Ишсиз киши кўчада ётган гувалага ўхшайди – ўтган одам ё қоқилади, ё бир тепиб ўтади.
Бекордан худо безор, бирма-бир опаларимнинг уйига бориб хўжалик ишларига қарашган бўлдим.
Барчиной опам қабатига болаларини олиб, енг шимариб шўрданак қилаётган экан. Болалигимизни эслаб апоқ-чапоқ қаймоқлашиб, учта саватни тўлдирдик.
Сиз бу юмушни билмасангиз керак. “Фойдали маслаҳатлар” кўрсатувида айтадигандек, бунинг учун бизга ўрик данаги, ғишт, тешача, шўрсув ва албатта қозон керак бўлади. Ғиштга данакни қири билан тик қўйиб, тешача билан оҳиста урасиз. Зарб шундай маромда бўлиши талаб этиладики, данак оғзи “қирс” этган қисқа товуш билан нимтабассум ёрилишига эришиш лозим. Акс ҳолда қўлингизда ё мағизнинг ўзи, ёки мажақланган қолдиқ қолади.
Биз болаликдан бу ишнинг ҳадисини олганмиз. Ёз чилласи кирган пайтлари аммамнинг каттагина ўрикзор боғида уруғ-аймоқлар ҳашарга йиғилардик.
Йигитлар челаклаб-челаклаб супага тиллатоб ўрикни уяверади, биз оналаримизга ёндош ўтириб аввал ўрикнинг данагини ажратиб чойшабга ташлайверамиз. Шилта данаклар оқар сувда обдон ювилганидан кейин уч-тўрт соат жавзо қуёшида селгитилиши керак. Ана ундан сўнг қўлимизга яраша тешача олиб, “чақ-чуқ”ни бошлаб юборамиз.
Мен уёқ-буёқни ахтариб, ўтган йилги ҳашарда сандонлик қилган ғиштлардан бирини топардим, унда бошига теша еган данаклардан ўзига хос чуқурчалар бўларди.
Маза, қолипга солинган данак “қочиб” кетолмайди.
Бу ҳашарнинг гашти шундаки, аёллар ўтган-кетгандан ривоятлар айтар, оқшомда ваҳимали ҳикоялар авж олар, эркаклар қозон-товоққа баковул бўлиб, дошқозонда ўрикқиём, ўртамиёнасида ош пиширишарди.
Аммамнинг инжиқлиги сабаб шўрданак сархил чиқарди, харидори кўп эди. Биз қизалоқлар эса қариндошлар бир жойда жам бўлганидан хурсанд, ҳар хил ўйину эрмак ўйлаб топардик.
Бу ўйинларда тоғам Ботир шалайим даврамизга қўшилиб олар, оналаримизга шикоят қилиб, “Самовару самовар, самоварда ҳамма бор. Шунча қизнинг ичида Ботиржонга нима бор?” деб уни кулгига олсак-да қийшанглаб тураверар, анча бетаъсир бола эди.
* * *
19 февраль
Бир куни кечқурун ўша Ботир тоғам Москвадан телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўради. Онам унга:
– Ёнингда иш бўлса, Бонуни ҳам чақир, ҳаво алмаштириб, ишлаб келсин, ҳарна чалғийди, – деди “маъқулми”, дегандай мен томонга бош ирғаб.
Тоғам айни иш борлигини, зудлик билан учоққа минсам, Москвада ўзи кутиб олишини айтиб қолди.
– Ҳа, менга қолса, тоғангни ёнига борганинг дуруст. Қачондан бери сени сўрайди, тайинли одам, қийналмасанг керак, – деди онам менга синовчан боқиб. Онамдан бундай маслаҳат чиқишини кутмаган эдим. Юзимдаги ифода ўзгаришини сезди шекилли, – кўряпсану, бизда маошнинг баракаси йўқ. Тоғанг ойда бўлмаса, ой оралатиб тузуккина пул жўнатяпти. Шу пиёнистаки шунчалик жамғараётган экан, сендай тишли-тирноқли қиз рўзғоримизни оёққа қўйсанг ажабмас. Тоғанг билан ишинг ўхшамаса, акангниям қўли тош орасидамасдир, – деб қўшиб қўйди.
– Кетсам сизга ким қарайди?
– Мен ўз кунимни ўзим кўраман. Ҳеч кимга оғирлигим тушмайди. Нафақам ўзимга етади. Сенинг муаммоларинг кўп. Жойингни топиб узатиб, тинчитмасам, икки кўзим орқамда кетади, – деди дарров йиғламсираб.
– Менсиз қийналиб қоласиз, онажон, – дедим-у, ичимда онам ҳақ эканини ҳис қилдим.
– Йўқ, болам, опаларинг хабар олиб туради, мендан хавотир олма, – онам енгларини қовоғига босди.
Рост гап, бу ерларда хунук кўриниб юргандан кўра олисга, бегоналар орасига кетганим аъло.
Очиғи, сизга ҳам таниш бўлиб қолган муҳитдан батамом безиллаб бўлгандим.
Кетай, “Ҳувайдо” бобомдай бош олиб кетай, манглайда бўлса бир кунимни кўрарман, бўлмаса пешонадан... Ҳечқурса, уч-тўрт танга топиб, онажонимнинг жонига ора кирарман, опаларимга, Шоира опамга қарашарман. У ёғига худо пошшо...
Таваккал деб чиптани олиб, мусофир тўнини бичиб, ҳозирлик кўра бошладим.
Йўлга чиқишимдан бир кун олдин “сафар оши” бериб, опалар, жияну поччалар, амаки, аммалар билан хўшлашдик. Қариндошлардан шўрданакчи аммам норози бўлганди, онам:
– Ишласин, ҳозир вақти бор, ўзини даволатсин, акангиз мозоридан туриб қайтиб келмайди бунга қайишгани, – деб қайириб ташлади...
Шу билан ҳамма тилини тишлади...
Мен йўлга отландим...
Поездга чиқиб жойлашиб олганимдан кейин Олмос билан хайрлашиш мақсадида қўнғироқ қилдим. Телефонни хотини Ҳилола кўтарди. Ноқулай қолиб:
– Олмоснинг курсдоши бўламан, Тошкентдан қўнғироқ қиляпман, – деб ёлғон гапирдим.
Қизчасини бешикка белаётган экан шекилли:
– Ҳо-зир, ҳози-и-р, ну-ну-уш, эгалари келди, бабалари ке-етсин, бир дақиқа-а, – деди-да, телефонни ўчирмасдан хўжайинини чақирди.
Билмадим, Олмос қандай юмуш билан банд экан, ҳадеганда келавермади. Бироздан кейин Ҳилола:
– Олмос акам уйда йўқ эди, келса айтаман, сизга телефон қилади, – деб жавобимни кутмасдан ўчириб қўйди.
Кўнглимдаги милтироқ шам ҳам бир қалқинди-да ўчди...
Поезд жилгандан кейин бир оз вақт ўтиб Олмос қўнғироқ қилди.
Узр сўрадим:
– Телефонни Ҳилола кўтарди, Олмосни курсдоши бўламан дедим. Ишқилиб уришиб қолмасангиз бўлди, – дедим.
– Ҳеч нима бўлмайди, хавотир олманг. Нима гап, тинчликми, қуёш қаёқдан чиқибди?
– Кетаётувдим... шунга...
– Ҳа, яхши-ку, қаёққа, ким билан? Айланганими ёки даволанганими?
– Бир ўзимман. Поездда, Москвага кетяпман. Хайрлашгани телефон қилгандим.
– Нима?! Қаерга? Бир ўзингиз? Жинни бўлдингизми? Нима қиласиз Москвада? Бегона жойга маҳрамсиз чиқасизми? – саволлар қалашиб кетди.
– Маҳрам?.. Мен рухсат сўрагани эмас, хайрлашиш учун қўнғироқ қиляпман.
– Кетмайсиз дедимми, кетмайсиз! У ерларда... кимингиз бор?
– Менга ишонмаяпсизми? Бошқа йўлим йўқ, мусофирчиликни ҳам бир кўрай... Хайр, соғ бўлинг!
Яна қайтиб сим қоқди.
– Сизга ишонаман, бироқ уларга ишонмайман! У ер сизга Ўзбекистон эмас, – деди. – Мени десангиз чиптани йиртасиз! Биринчи тўхтаган станцияда тушиб, ўша ерда кутиб туринг, кечки поезд билан бораман. Иш топаман, ишлайсиз! Ўзим ёрдамлашаман... Тушинг поезддан, – деди куйинчаклик билан.
– Мен ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож эмасман энди. Сизни кўп кутганман. Бошқа кутолмайман...
– Охирги маротаба...
– Поезд кетиб бўлди, Олмос, анча бўлди, – дедим...
Телефоним қуввати тугаб, “тинг-тинг” этиб... жон берди...
* * *
22 февраль
Йўл юриб, йўл юрсак ҳам мўл юриб, тўрт кун деганда Қозон вокзалига келиб тушдик.
Ваъдага биноан тоғам кутиб олди.
Онамга соғ-омон етиб келганимни айтиб қўйиш учун қўнғироқ қиламан, десам:
– Икки кундан бери МТС ишламаяпти. Банкрот бўпти, – деди.
Мусофирчиликда эшитган дастлабки совуқ хабарим шу бўлди. Миямга келган биринчи фикр – “Олмосни қандай қилиб топаман энди?!”
Москва ҳам кўзимга рангсиз суратдай кўриниб кетди...
Тоғам билан бир шаҳарчага келдик. Шу ердан сим қоқиб, онам билан гаплашдим.
Шундан кейин ҳар кун эрталаб биринчи бўлиб онамга қўнғироқ қилишга аҳд қилдим. Ахир бу ёруғ дунёда волидамдан бошқа кимим қолди?
* * *
23 февраль
Компания қайтиб тикланмади...
Олмоснинг бошқа рақами йўқ эди...
...Қачон Олмосни кўргим келса, суҳбатини соғинсам, у билан боғлиқ хотиралар муҳрланган, ўқийверганимдан ёд бўлиб кетган кундалик дафтаримни такрор-такрор варақлардим...
Энди танишган вақтларимиз ўқишдан чиқиб, кўпинча Шоира опамнинг уйигача пиёда келардик. Шундай сайрлардан бири якунланиб, хайрлашаётганимизда қўлимдаги китоб орасидаги дафтарча ерга тушиб кетди. У чапдастлик билан дафтарчани ердан олдию қизиқсиниб очиб кўрмоқчи бўлди. Мен қўл узатиб:
– Илтимос, очманг, – дедим.
У ранжиб:
– Мендан яширадиган сирларингиз бор экан-да, – деб аразлади.
– Йўқ, сирим йўқ, – дедим кулимсираб.
– Унда нега яширяпсиз? – деди баттар аччиқланиб.
– Хўп, топинг-чи, нимани яшираётган эканим?
– Билмасам, балки, ким биландир ёзишмаларингиз бордир-да, – у тамом тумтайиб олди.
– Майли, шунчалик бўлса, ўз ижодингизга қизиқсангиз...
– Ижодим?
– Ҳа-да, очиб ўқинг, бўлар иш бўлди...
У дафтарни ботинмай очдию варақлаган сари чеҳраси ёришиб бораверди: мен ундан келган СМСларни битта қолдирмай кўчириб олган эдим:
– Шундай асраяпман ҳар бир сўзингизни...
– Сизники ҳаммаси телефонимда турибди, – деди у чўнтагига мамнун шапатлаб.
Ана шу дафтарни ўзим билан доим олиб юрардим...
Мана, бир ёзишмадан кўчирма:
У: “Чинакам ошиқ ва маъшуқа кўз билан қўлга ўхшайди, Бонужон...”
Мен: “Нега? Қанақасига?”
У: “Кўздан ёш силқиса қўл уни артиб сийпалайди. Агар қўл оғриса, кўзга ёш келади...”
Мен: “Қойил... Қанийди шундай бўлса...”
* * *
24 февраль
Тоғам ўрмоннинг ўртасидаги бир қаровсиз қўрғонга “хуш келибсан”, деб етаклаб кирдию дарров иштиёқ билан кафтини кафтига ишқаб, хушнуд кайфиятда шўрва солди. Мен уйларни супуриб-сидириб, уюм бўлиб ётган кийим-кечакларини ювдим.
Ҳамқўрғон болалар ишдан қайтишди. Биргаликда чой ичдик.
Тоғам йигитларга:
– Бу мени жияним, сизларнинг опаларинг бўлади, бирорта ортиқча гап эшитмай бирортангдан, – деди ҳукмфармо оҳангда...
Беш эркак ичида ўтириб овқат егандай ҳам бўлмадим. Идиш-товоқларни йиғиштириб-ювиб, ҳордиқ олгани тоғам кўрсатган хонага кирдим.
Бирдан дилимни ваҳима қоплаб олди: бундан кейинги қисматим нима бўлар экан? Бу ерда мени ҳимоя қила оладиган ким бор? Тоғамни обрўси унинг гапига йигитлар майнавозчилик билан ўзаро кўз уриштирганидан маълум.
Нега Олмоснинг таклифини қабул қилмадим? Унинг жонкуярлиги сохта кўриндими? Сўз оҳангида мен узоқлашиб кетаётганимдан хурсандлик аломатини сездимми? Ё у батамом бегоналигини энди узил-кесил тушуниб етдимми?
Эртага мени нималар кутяпти?
Кўз олдим туманлашиб кетди.
Келажагимда тумандан бошқа ҳеч нима кўринмаяпти...
* * *
1 март
Ассалому алайкум, акажон, саломатмисиз? Баҳор муборак!
* * *
...Ниҳоят ўргимчак ипидек чувалган тонг отди...
Нонушта қилиб бўлгач, тоғам болаларни ишга жойлаб келиш учун кетди. Ошхонани тартибга келтириб, тушлик тайёрлаб қўйдим.
Тоғам келгач, ариқдан сал каттароқ ирмоқ ёқалаб шаҳарчага тушдик. Мўлжалга етиб келгунча кун қиёмдан ошди.
Бир дўкон хўжайини аввал “Иш йўқ”, деб тихирлик қилиб турди-да, сўнг менинг ўрисчалаб бемалол гапираётганимдан қониқиб дастёрликка олди...
* * *
2 март
Иккинчи курсни тамомлаб, таътилга чиққан кунимоқ Икромиддин акам:
– Қўлинг бўшагани яхши бўлди, Бону, Тошкентга шойи матолар кўргазмасига опанг билан бориб қатнашиб келасан, – деб қолди.
Кутилмаган таклиф-топшириқ мени шошириб қўйди: Тошкентга-я, кўргазмага-я! Маза-ку!
Саккиз-тўққиз ёшимда дадам пойтахтда бўладиган курсдошлари учрашувига мениям олиб борганди. Биринчи таассурот: музқаймоқнинг кўплиги... Қишлоғимизга кун қизиганда келадиган Фахриддин бўтқа деган музқаймоқфуруш юпқадан пиширилган жигарранг катак-катак нонпиёлага наридан-бери суриб берадиган “яхшири лазиз”ида сут билан шакардан бошқа ҳеч нарса бўлмасди.
Тошкентда оёқли косачага тўлдириб бериладиган қаймоқли, шоколадли, мевали музқаймоқ чинакам роҳати жон эди. Кейинчалик Бухорода ҳам минг турли музқаймоқлар пайдо бўлди. Лекин “Мовий гумбазлар” деб аталган емакхонада дадамнинг завқига завқ қўшиб икки косачани бўшатганимдаги мазани бошқа ҳеч тополмадим.
Иккинчи таассурот: курсдошларнинг олашовур байрамидан сўнг Марказий катта дўконга кирганимиздаги қувончим. Бу ерда йўқ нарсанинг ўзи йўқ, қўғирчоқ қўнғир айиқчадан тортиб яшил тимсоҳгача, қулоч етмайдиган глобусдан онам ёқтирадиган гиламларгача... тиқилиб ётибди. “Ҳаммасини уйга обкетайлик, Мирхонд хурсанд бўлади”, десам дадам чаккасини қашлаб, синиқ кулимсираб, бахмал дўппили курсдошига қараб қўйгани ҳам эсимда.
Тошкентга Сужи ҳам борадиган бўлди. Атласу адрас ортилган “Нексия”да йўлга чиқдик.
Янги Тошкентни кўрганда уйғонган илк таассурот шу бўлди: кўча-кўйдаги ёзувлар, ресторан, дўконларнинг пештоқидаги битиклар аксари ё ўрисча, ё европача тилда экан. Бу ҳолдан Сужи ҳайратга тушди:
– Нега одам ўзини ҳурмат қилмайди? Онасини ҳурмат қилмайди? Она тили дейсизлар-ку...
Иккинчиси ҳам биринчисига боғлиқ: кўргазмадан кейин менинг илтимосим билан ўша Марказий дўконга бордик. Ичкари кириб эшик ёнидаги соат растасида телефон ўйнаб ўтирган малласоч қиздан сумкалар қаерда сотилишини сўрадик. У нигоҳини телефондан узмай, улама киприкларини пириллатиб елка қисиб қўяқолди. Мен саволимни яна қайтардим, сотувчи бу сафар ўрисчалаб “Мен соат сотаман”, деди истар-истамас. Меники тутди:
– Менга қаранг, хоним, – дедим мен ҳам ўрисчалаб, – давлат тилига шуми ҳурмат? Мижозга шуми эътибор? Муомала маданияти деган ибора сизлардан чиққан эди шекилли?
Менга алам қилгани, шунча жон койитиб жавраб ётибман, қизгина итмисан, эшакмисан деб бош кўтариб қараб қўймайди. Фақат “Нари кет, йўқол, бошимни қотирма”, деган маънода тамаки тутунини ҳайдагандай қўл қоқди. Қарасам, сўз қўшмай турган Шоира опам чала пишган гилосдай қизариб-бўзариб кетибди. Учовлон ғазаб отига миниб, адолат ўрнатиш учун дўкон эгасини излаб кетдик.
Иккинчи қаватга кўтарилиб, ҳашамдор қабулхонага кирдигу, у ерда ҳам фиғонимиз фалак бўлди: мактаби бир шекилли, котиба қиз сотувчининг муомаласини айнан такрорлади. Бизни бошлиққа рўпара қилиш тугул, тезроқ қутулиш пайида “Ҳозир тушлик бошланади, уч-тўрт соатдан кейин хабар олинглар”, деб эшик томон қисиб келаверди. Шу пайт бахтимизга кабинетдан салмоқланиб раҳбар чиқиб қолдию бирдан котибанинг попуги пасайиб, вазиятни мулойимгина қисқача изоҳлаб, жойига бориб ўтирди. Дўкондор киши беҳаё, қаттиқ нигоҳи билан учаламизга бош-оёқ сўзсиз қараб чиқди. Сўнг ўрисчалаб:
– Қайси қишлоқдан келдинглар? Нима керак сенларга? Нима муаммо? – деди ижирғаниб.
Мен бўлган гапни ҳаяжондан тутилиб-тутилиб ўзбекча тўкиб солдим. У менга гезариб қараб:
– Миллатчимисан? Ирқчимисан? Биласанми бунинг учун қанча беришади? Тезда пастга тушиб, Дилфузкадан узр сўрайсан! – деди пишқириб.
– Дилфузка? Ўзбекми у ҳали? – деярли ўкириб юбордим.
– Нима деб ўйловдинг? Русчани фақат Россияда гапиришадими? Менам ўзбекман... – деб котибасига юзланди, – анави Ички ишлардаги террорга қарши бўлим бор-ку, оти нимайди, майор Гаппаровмиди раҳбари, рақами неччийди, – у қўл телефонини кўзига яқинлаштириб, бош бармоғи билан сийпалаб қидирув бошлади.
– Отангга раҳмат сенларни! Кечирим сўрасам, кўнглинг жойига тушадими? Юр, узр сўрамаган номард! – бу гал негадир сўзларим лўнда-лўнда, хотиржам чиққанига ўзим ҳам ажабландим.
Дўкондор ҳафсала қилмадими ё одам йиғилишидан чўчидими, ҳарҳолда, Сужининг ҳайратдан имкон доирасида думалоқлашган кўзларига бир-икки назар ташлаб, “Ҳа, эсизгина одамлар”, дегандек бош чайқаганча хонасига кириб кетди.
Биз котибанинг истеҳзоли табассуми остида серрайганча қолавердик.
15-қисм тугади.
Давоми бор.
©️Иқбол МИРЗО
@Ummuzaynabummuijodi