Бону
Иқбол МИРЗОроман
13-қисм.
* * *
28 январь
Опамнинг йиллар мобайнида йиғиб юрганлари ой ўтар-ўтмас момақаймоқдай тўзғиб битди. Икром акамнинг отасидан мерос қолган эски уйидан бошқа ҳамма мулки сотилди. Йил бурун етишмовчилик нималигини билмайдиган болалар энди нонни кўзга суриб ейдиган бўлишди. Ҳатто боғча пулини тўлашга, музқаймоқ билан сийлашга ҳам йўқчилик йўл қўймасди. Акамни кўришга боргани кира тополмай сарғайди шўрлик опам...
Бир куни у:
– Эртага бизникига кел, ёрдаминг керак, ¬– деб қолди...
Вазият мен ўйлагандан ҳам оғирроқ экан. Яхшиям, Москвадан жияним Бобур онамга атаб жўнатган икки юз доллар ёнимда эди.
Мунғайибгина ғариб бўлиб ўтирибди опагинам. Ҳар қанча қисталанг қилсам ҳам пулни олмади.
– Ўзинг бир аҳволда бўлсанг, бебилиска пул бўлсаям бошқа гап эди. Шундоғам қариндош қилмаганини қиляпсан, йўқ, ололмайман, – деб қўлимни қайтарди. Хафа бўлдим:
– Яхшиликларингизни шунақа кунда қайтараман деб ўйламаган эдим, яхши кунлар ҳам келар, ўшанда ҳам қўлдан келганча хизматда бўламан, опа... – пулни стол устига қўйиб, ўкиниб давом этдим, – агар мени бегона билсангиз, қарз деб олинг, агар қизим деганингиз рост бўлса, омонат деб ҳисобламайсиз!
Опагинам ичикиб-ичикиб йиғлади...
Мен, опам, Дилдора, Сирожиддин – биттадан кўрпача ташлаб, ҳаммамиз бир хонада ётиб ухладик. Илгари буларнинг уйида бирор вақт ерда ётмаган эдим...
Болалар ухлаб қолишди.
– Яхшиям сен борсан бахтимга, на опамга, на дугоналаримга ва на овсинларимга айта олмаган ҳасратларимни сенга тўкаман... – опамнинг товушида йиғи бор эди.
Бу жуфтликка – опам билан акамга доим ҳавасим келарди. Бир-бирларига жуда мос: иккови ҳам ўқиган, маданиятли, илмли, дунёқараши кенг, палаги пок инсонлар.
Опам Чингиз Аҳмаров ишлаган суратлардаги гўзал бекачларга ўхшар, қўлигул пазандалиги, уйим-жойим дейдиган саришталиги менга ибрат эди.
Икром акам ҳам диёнатли одам, менга бегона назар билан боққанини сезмаганман.
Ҳаттоки, шу бедаво дардга чалинганимдан кейин ҳам лаб жийириб четга суриб қўйишмади-ку... Уларнинг оғир кунларида мен-да ҳамдам эканимдан қалбимда бир қатим нур бор эди.
Эрталабгача дардлашиб, эски гапларни эслашиб ётдик. Опам тергов пайти мулозимлар шилқимлик қилганини ижирғаниб гапириб берди...
Тонгга яқин минг истиҳола билан:
– Бонужон, эртага уйни йиғиштириб, сарак-пучак қиламиз. Укаларингга тор келиб қолган кийимларни лаш-луш бозорига элтиб сотиб келамиз, майлими? Борасанми мен билан? Уялмайсанми? Шунга чақирган эдим, – деди.
Юрагимга қўшилиб суякларим симиллаб ўтди...
Ё фалак!..
Дунёнинг терс келганини кўринг энди!..
Минг қўйлининг иши бир қўйлига тушади, деганими бу? Ёки ҳар замонда бир замон деганими?..
Эҳ опагинам...
Шу аҳволда бўлатуриб ҳам мард келиб, пулингни олмайман, деганини қаранг...
Ҳеч нима деёлмай яхлаб қолдим...
У ноқулай вазиятга изоҳ бериб:
– Укаларинг катта бўлиб қолди. Эскиларини ҳеч ким киймайди барибир. Сотамиз-келамиз, – деди.
Хижолат бўлавермасин деб:
– Бўлди, опажон, ғам еманг, келиштирамиз, – дедим.
Шу билан ҳар иккаламиз ўз хаёлимиз уммонига ғарқ бўлдик.
Бироз вақт ўтиб:
– Бонужон, ухладингми? – деди паст товушда...
Уйқум келгани йўқ эди-ю, бироқ жавоб бермадим...
* * *
29 январь
...Уйларни йиғнаб, болалар кийимию акамнинг костюм-шимлари, чакмонлари, опамнинг кўйлакларини тахладик. Аёллигимга бордимми, ҳарқалай, ҳар бир кийимни ачиниб-ачиниб тугунга жойладим. Асл мол бўлганидан кийилганига қарамай оҳори тўкилмаган либосларга роса ҳайфим келди. Начора...
Икки-учта гиламчани ҳам қўшиб, Эски бозорга олиб бордик...
Опам бечоранинг юзлари хижолатдан лов-лов ёнади денг. “Ишқилиб, битта-яримта таниш чиқиб қолмаса гўргайди”, деб мени тезроқ сотишу қочишга ундайди. Сотувчи ғўр бўлса, олувчи сур бўлади. Бирпасда қайсидир гўрдан чиққан даллол қўлимиздагиларни алдаб-сулдаб кўтарасига арзон-гаров ола қўйди. Опам бўш, мен баёв, бунақа бозор кўрмаганмиз...
Қўлимиздаги пул кун сайин ошиб бораётган нарх-навога кўра “бандасига банди бўлган” акамдан хабар олиш харажатига урвоқ ҳам бўлмасди.
Опам рўзғор учун “томоққа ямоқ” деб картошка, пиёз, сабзи, ошқовоқ, шолғом жамғариб қўйди...
Тушдан кейин иккита тилло занжирини олиб, жуҳуд бозорига бордик. Кўзи қотган бозоргирлар соф олтиндан ясалган тақинчоқларни ерга уриб, авраб, ялиниб-ёлвориб, раҳмимизни келтириб, гумон баҳога илиб кетишди.
– Ҳар сафар акангни олдига боришга бир милёндан кўпроқ пул кетяпти, – деди опам ўзига ўзи гапиргандек.
– Опажон, биламан, сизга оғир, лекин бу кунлар ҳам ўтади. Ишга киришингиз керак, муаммоларни бу йўл билан ҳал қилиб бўлмайди, – дедим.
– Ўзим ҳам шуни режалаштириб турибман. Бетим қолмади бировлардан пул сўрашга, – деди опам юзимга қарамай.
Кейин таниш-билишларидан иш суриштирдик. Икром акамнинг қамоқдалигини эшитган раҳбар борки, эшикни юзимизга тарақлатиб ёпаверди: “Бизда қисқартиш, тайёр ишчиларни бўшатяпмиз...”
Шаҳарнинг нариги четидаги бир мактабдан чоракталик иш чиқди: қип-қизил майнавозчилик – ойлигинг бир ҳафталик йўл кирангга етмайди...
Дорилфунунга котиба бўлиб расмийлашаётган жойида кимдир акамиз “жиноятчи”лигини шипшитиб қўйган экан, эртаси декан ўдағайлаб берибди: “Нима, бу ерда каллакесарлар тўдаси тузмоқчимидинг? Мениям тортиб кетмоқчимидинг? Ўв, адашдинг, мен халқимга содиқ одамман, бор, тошингни тер!”
Шифохонага фаррошликка ҳам олишмади: “Иш? Иш отлиққа йўғу, сизлар яёв кепсизлар...” деди тарвуз ютгандай юмалоққорин маъмур кўзларини гўлайтириб.
Опам ҳам алам, ҳам ғазабга тўлиб, “Бўлди, буларнинг берадиган бебарака пулига қараб болаларимни қақшатиб қўймайман, ундан кўра гўмма пишириб сотаман”, деди.
* * *
1 февраль
Мен ҳам ишга киришим керак.
Шоира опамга ёрдам беришим шарт. Онамга:
– Шаҳарда ишламоқчиман, – десам, узоқ ўйланиб:
– Сенинг уйда бўлганинг яхши. Ўзинг ўқиган мактабда дарс бераверасан, – деди.
Индамай рози бўлдим. Чунки икки-уч кун олдин акам четга ишлашга кетган, уйда икки жияним ва янгам қолганди. Онам янгамнинг қўлига қараб қолишини маъқул топмадим.
Ўз вақтида мактаб директори Тўрақул амакини дадам ўқитган, ёшлигимизда байрам кунлари келиб қутлаб, хабар олиб кетарди. Сал таранг қилди-ю, охири ўриндошликка ишга олди. Бешинчи “Б” синфига раҳбар ва мактаб хотин-қизлар қўмитаси раисига ёрдамчи этиб тайинландим.
“Хўш болаларнинг имкониятини юзага чиқариш учун нима керак бўлади, Бону?”
“Меҳр... меҳнат...”
Дадам бир гапни кўп таъкидларди:
“Ўқувчини ўз болангдай кўрсанг, у ҳам сени ўз онасидай яхши кўради. Яхши кўрдими, назарингга тушишни, сен ҳам уни яхши кўришингни истаб, биринчи бўлиб сенинг дарсингни тайёрлайди...”
Мен болаларга бор меҳримни бердим.
Фикри-зикрим уларнинг қум босган идрок булоғи кўзини қўмитиш бўлди.
Яна дадам:
– Ҳурмат ҳам ғалабага ўхшайди. Худди жангда ғалаба қозонилганидек, иш жойингда ҳурмат қозонасан. Бу осон эмас. Урушни муддати аниқ бўлиши мумкин, лекин ишда ҳурмат топиш учун соатга қарамасдан ишлаш керак.
Аста-секин ўқувчиларим менга эликди. Энди улар юз-кўзимга ачиниш ва ҳадикда эмас, нима десам экан, ихлосми, эътиборми, ҳарқалай, ҳурмат билан қарай бошлади.
Умуман, тақдиримга бош эгганим сари кунба-кун этим ўлиб боряпти шекилли, бировларнинг жунжикиб кўз ташлашига, ҳамкасбларимнинг мендан ҳазар қилаётгандек равишларига парво қилмайроқ қўйдим.
* * *
2 февраль
Бошланғичда ўқиб юрган кезларимиз мактаб радиоси бўларди. Ана шу минбардан шеър айтишга, ҳикоя ўқишга ҳаммамиз қизиқардик. Катта танаффусда “Булбулча”нинг қўшиқлари қўйилса, қўл ушлашиб дикир-дикир сакраганимиз завқи ҳалиям ёдимда: “Диққат! Диққат! Мактаб радиоузелидан гапирамиз!” деган ширали овоз ҳануз қулоқ остимда янграб туради.
Директор билан кенгашиб, радио фаолиятини йўлга қўйишга келишдик. Эски ускуналар аллақачон темир-терсакка топшириб юборилганидан ишни мутлақо янги пойдевордан бошлашга тўғри келди.
Туманга ариза билан чиқдим, барака топгурлар жуда илиқ кутиб олишди, жонкуярлик билан жўяли-жўяли тавсиялар беришди. Лекин ҳеч бир амалий кўмак кўрсата олишмади.
Абдулла Қаҳҳорнинг Қобил бобосига ўхшаб туман ҳокимига, ундан кейин вилоят бошчиларигача чиқдим. Ҳамма жойда таҳсину тасаннолар, маслаҳату кўрсатмалар бир дошқозон, ёрдам эса... бир чойқошиқ ҳам эмас.
Кейин ўз ҳисобимдан микрофон сотиб олдим. Фонограмма чиқиб, бозори касод бўлган мусиқа ўқитувчимиз Илҳомжон акадан тўйма-тўй юравериб ёғ босиб кетган эски овоз кучайтиргични “отанг яхши, онанг яхши”, қилиб ижара олдим. Ғайратим жўш уриб, енг шимариб ижод отига миндиму, битирувчи синфлардан бир жуфтдан йигит-қизни саралаб олиб, сўзамолликка тайёрладим.
Кундалик ярим соатлик эшиттиришимиз дастури, асосан, таълимга оид янгиликлар, мактаб хабарлари, қолоқ ўқувчилар танқиди ва мусиқий табрикдан иборат эди.
Ишимиз юришиб кетди. Бора-бора ёши улуғроқ тажрибали муаллимлар учун “Панднома” саҳифаси ҳам очилдики, бир ҳафтага қолмай талабгор устозлар қуръа ташлаш таклифи билан чиқишди.
Болаларнинг илҳом булоғи қайнаганини айтмайсизми! Саккизинчи “Б”да ўқийдиган Олимжон Суяров деган оғиркарвон бола ўзи тўқиган “Устоз” номли шеърини радиомиз тўлқинлари орқали таратдию бутун мактаб шоирга айланди-қолди. Улар орасида қофия кўчасидан ўтмаган, умрида шеър ёдламаган дўлворилари бўлганидек, таъби назмини тушовлаб юрган Зулфияхоним издошлари ҳам анчагина экан.
Айниқса, Саидахон ва Мавжудаларнинг қўнғироқдек овозлари мактаб деворларидан ошиб, чор-атрофдаги маҳалла аҳлининг ҳам диққатини торта бошлади. Катта танаффусда хотин-халаж, кўнгли бўшроқ эркаклар мактаб яқинида тўпланиб, радиомушоира бошланишини интиқ кутадиган бўлишди.
Алқисса, минбар талаш бўлиб кетди...
Қилаётган ишингдан завқ олсанг, буям катта бахт экан. Мен мактабда ижодий муҳит уйғотганимдан беҳад мамнун бўлиб юрган кунлардан бирида директор ўқитувчиларни навбатдан ташқари машваратга йиғиб, ўта жиддий қиёфада сўз бошлади:
– Ҳурматли жамоа, менинг камтарона ташаббусим билан мактаб радиоси ташкил қилинганидан хабарингиз бор, албатта. Кечаю кундуз бош қотириб, етти ўлчаб бир кесиб, режа асосида изчил олиб бораётган саъй-ҳаракатимиз ўз самарасини бера бошлади. Энди бу муваффақиятни янада мустаҳкамлаш, янгидан-янги ижодий уфқларни кўзлаб иш олиб бориш бурчимиз десам, сизлар ҳам фикримга қўшилсангиз керак. Бизга янги таклиф, оҳорли мулоҳазалар сув ва ҳаводек зарур. Сўз ҳурматли директор ўринбосари Лазизбек Маҳмудовга!
“Ҳурматли директор ўринбосари” аввал худо назар қилган Раҳбарга ҳамду санолар ёғдирди, сўнг “устози аввал ҳам, устози соний ҳам ўзлари бўлган Тўрақул ҳожи Шербоев”га бир қулоч пахта тўшади. Тоқатимиз тоққа ёндашганда ниҳоят муддаога ўтди:
– ...бирламчи, биз бир вақтлар “Ёшлик” журналида кўрганмиз – муҳаррир минбари бўларди. Шундан келиб чиқиб, радиомизда “Директор минбари” ташкил этилса ва мактаб муҳтарам бош устозимизнинг ибратли тафаккур дурдоналаридан ҳафтада икки бор баҳраманд бўлса... Иккиламчи, ушбу фикримни қўллаб-қўлтиқлашларингни сўрайман...
Кутилмаганда гулдурос қарсак янграб, қулоқ-чаккамга шапалоқ тушгандай бўлди. Шарт ўрнимдан туриб:
– Кечирасизлар, шундоғам мағзи пуч гаплар кўпайиб, ўқувчилар зада бўляпти. Радио болалар учун ташкил қилинган экан, бас, уларнинг интеллектини ривожлантириш учун хизмат қилиши керак... – дейишимни биламан, бутун жамоа бараварига бобиллаб менга ташлана кетди.
Ноилож муроса кўчасига кирдим – домла ҳар душанба беш дақиқа “дурдона” сочадиган бўлди...
* * *
3 февраль
Ёмон кўрганим – ялтоқлик, кўзбўямачилик.
Кун сайин директорнинг хурмача қилиқлари гул очиб, радиомиз сўз эркинлигини бўға бошлади. Умуман танқид берманглар, деб талаб қўйди.
– Домла, танқид келажак меваси-ку, – деди ботиниб-ботинмай тарих ўқитувчиси Шуҳрат ака.
– “Келажак” ҳеч қачон келмайди, фақат “бугун” бор холос, “кеча”дан ҳеч қандай фойда йўқ. Гегелни ўқиганмисиз? Фалсафадан баҳо неччийди, Шуҳратжон болам? – деди директор кўзойнаги тепасидан ўқрайиб. – Кошки танқиддан биров наф кўрган бўлса... Мақташ керак, мақтов ғалабанинг отаси! Масалан, мактабимиз қўлга киритаётган ютуқларни озгина ошириб кўрсатсак, эшитган ўқувчининг ғурури ўсадими? Ўсади! Бу ғурур уни юксак марралар сари чорлайдими? Чорлайди! Каллани ишлатиш керак, каллани, Шуҳратбой! – домла қалам билан ўз бошига уч-тўрт такиллатиб уриб қўйди.
Шу тариқа радиомиз қолоқ ўқувчилар, ножўя хатти-ҳаракатлар ҳақида оғиз очмайдиган, Тўрақул ҳожи Шербоев раҳнамолигида вилоят, республика ва жаҳон айвонларида қўлга киритилаётган оламшумул ютуқлар ҳақида сайрайдиган бўлди. Гоҳида тайёрлаган эшиттиришимизни ўзимиз тинглаб, кулгидан буралиб қолардик. Гўё бизнинг зиё масканимиз шу қадар юксалиб кетгандики, мактабимиз олдида Маъмун академияси хижолат бўлиб, мулзам тортиши аниқ эди. Буям майли, энг ёмони, томирида йиллаб мудраб ётган тиранлик қони уйғонган директор мени қошига чорлаб:
– Бугундан бошлаб Фалончиев билан Пистончиевни эфирга чиқишига йўл қўйманг, – деб буюрди.
– Нима учун, домла? Уларнинг нима айби бор? Қандай қилиб “Сизлар чиқмайсизлар”, деб айтаман? – дедим устозларнинг савол назари билан менга боқишларини кўз олдимга келтириб.
Оқсоқоллар олдида хижолатпазлигим тарқамай туриб мактабда ягона халқ маорифи аълочиси ҳам “қора рўйхат”га тушди.
Шу тарзда ой охирига бормай муаллимларнинг аксари эфир юзини кўрмайдиган “урилганлар” сафига қўшилди. Аста-секин навбат шогирдларга келди. Сабр косам тошиб:
– Домлажон, сиз менга узундан-узоқ рўйхат бермасдан, радиода чиқиши мумкин бўлганларнинг номини айтсангиз кифоя. Ўзи бор-йўғи ўринбосарингиз билан Расул миршабни қизию яна сиз танимайдиган икки-учта ўқувчи қолди, холос...
Нўноқ дўхтир зирапчани суғуриш ўрнига бармоқни кесиб қўяқолади.
Радиомиз ёпилдию ҳаммамиз енгил нафас олдик.
Ижодкор шогирдларимни ўйлаб, “Турон” номли деворий газетага асос солдим. Аммо раҳбарнинг мижғовлиги, калтабин ва восвослиги туфайли ёзма нашр ҳам юлдуз кўрмай ўчди.
Мен қўлимни совунлаб ювиб, қўйнимга урдим...
* * *
5 февраль
Кунлар захкаш ариқнинг сувидек бир маромда иш-мактаб, уй-рўзғор ташвишлари билан оқиб борарди...
Янги йил арафасида етим ва камхарж оилаларнинг фарзандларига қишки уст-бош берилиши эълон қилингач, синфимдаги шу тоифа болалар рўйхатини тузиб, директорга имзолатиб олдим.
Улар ёши улуғроқ қариндошлари етовида келишгач, бирга хўжалик бўлимига учрадик. Мен кийимларни болаларнинг бўйига мослаб танлаётсам, масъул қилиб қўйилган ўқитувчи елкасига чакмон ташланган етим қизчага:
– Аҳа, сигирга тўқим ургандай ярашди-ку, қизий, – деб оғзини қийшайтириб кулди.
Мен:
– Опа, бола бўлсаям кўнгли бор, бугунги гап эрта эсидан чиқмайди, тилингизни назорат қилинг, – дедим аччиқланиб.
У бирдан менга ташланди:
– Менга қаранг, сиз бозордан нарса харид қилаётганингиз йўқ, бу ерда танлаш ҳуқуқи ҳеч кимга берилмаган. Тор бўлсаям олиб бераверинг, ўзи киймаса, укалари кияди!
– Манави ўқувчим, айтганча, танийсиз – Робия, маҳаллангизда туради, совуқ тушгандан бери мактабга келмаяпти. Бугун ўзим олиб келдим, онаси оламдан ўтиб, бувисининг қўлида қолган, эшитгандирсиз? – дедим-да, яна ўқувчиларимга лойиқ пойабзал қидириб топиб кийгизавердим.
Масъул энсасини қотириб, “Вой-бў, яхшиям ўзингиз туғмагансиз, агар болангиз бўлса, тилингизни тагига солиб юраркансиз-да”, деб пичинг қилди. Ёшман, элбурутдан тортишиб ўтирмай деб эшитмаганга олдим.
Кийимлар ўз эгаларини топгач, у сурбетларча қўл ҳақига шама қила бошлади.
– Қанақа қўл ҳақи? – тишларим ғижирлаб кетди.
– Йўл харажатларига, – деб дудмал жавоб қилди у.
– Давлат томонидан – бепул, деб айтдиларингми? Бўлди, тамом! Мен ўқувчиларим олдида ёлғончи, муттаҳам бўлишни истамайман, – деб ўзимникиларга жавоб бериб юбордим...
Тортишув директоргача чувалиб етиб борди.
У мени хонасига чақиртириб, тизимдаги катта-кичик чиқимлар ҳақида гапира кетди...
– Менинг ўқувчиларим бир тийин ҳам бермайди! – унинг сўзини бўлиб, қатъий қилиб айтдим.
– Унда ўзингни маошингдан қирқиб, ҳисса чиқариб оламан, – деб тумтайди директор, – қарорим шу!
– Бўпти, қарорингизни қоғозга ёзиб беринг, ўқувчиларимни ўлган ота-оналаридан пул йиғиб бераман, – дедим заҳарханда қилиб.
Директорнинг жазаваси тутди:
– Ўв, пулинг менга керакмас, айтяпман-ку, туманга, туманга! – у қўли билан осмонга ишора қилди.
– Масала сиз билан битмайди шекилли, домла, эртага ўша... туманга бориб ҳал қилиб келаман, – деб чиқиб кетдим.
13-қисм тугади.
©️ Иқбол МИРЗО
@Ummuzaynabummuijodi