Бону

Бону

Иқбол Мирзо

роман

12-қисм.


* * *

17 январь

Биринчи курслигимда дадам раҳматли дорилфунун домлаларини бирма-бир санаб, Баҳрулло Аҳмад ҳақиқий аллома, этагидан ушласанг одам бўласан, деган эди. Шу-шу, домлага ғойибона меҳрим тушиб қолган эди. 

Аксига олиб, у киши бизга дарс бермас экан... Сўраб-суриштириб топдим. “Мени шогирдликка олинг”, деб икки-уч ёнига бордим. “Нега айнан мен?” деб сўраганида дадамнинг гапларини айтдим. “Унда сени эмас, отангни шогирдликка оламан”, деб қайирган эди ўшанда. Қовун тушириб қўйганим учун кечирим сўраб, яна келавердим. Тақиллатилган эшик очилмасдан қолмайди деганларидек, бир-икки суҳбатдан кейин менга китоб беришни бошлади, фикрлашиб, баҳслашиб-тортишиб устоз билан яқин бўлиб кетдик. 

Иккинчи курсда дарсга кира бошлагач, яна ҳам меҳрим ошди. Ҳақиқатан риёга бегона, тақводор инсон, энг муҳими, камдан-кам учрайдиган ҳодиса – имонли олим эди. 

Ўша даврларда Олмос билан шаҳар айланиш одатимиз бўларди. Бир куни суҳбатлаша-суҳбатлаша Минораи Калонга келиб қолибмиз. Эсдалик учун аввал мени Олмос ўз телефонига суратга туширди. Мен уни минора соясида расмга олаётсам, негадир хижолат тортиб ер чизиб қолди, қарасам, Баҳрулло устоз шундоқ ёнгинамда жилмайиб турибди. Жиноят устида қўлга олинган ҳаваскор ўғридай тангу тор аҳволга тушиб қолдим. Қўрқа-писа салом бергандим, овозим бўлиниб-бўлиниб чиқди. 

– Эй аҳли ушшоқ! Ишқ дайрида сайр этиб, дунёвий сабоқлар сабил қолмасин тағин, – деди домла ёлғон пўписа билан. 

Барибир айбдорона бош эгдим. 

Маълум бўлдики, устоз Олмосга ҳам дарс берар экан. Унга қараб: “Ҳа, толиби ишқ, “шифо тилаб борсам табибим бемор”, дегандай, мудом ҳардамхаёлсиз, десам, кўнгил шаҳбозининг човути дорилфунун андалиби қасдида экан-да”, деб сўрашгани қўл чўзди. Кейин қош чимириб, “Муносабатларинг жиддийми?” деб қадим лисонидан ўзимизнинг давр тилига ўтди. Иккаламиз ҳам ийманиб бош ирғаб тасдиқ ишорасини бердик. 

– Унутманг, муҳаббатли оила инсоннинг олий бахтидир, уни Аллоҳ ўзи танлаган, муносиб кўрган бандаларига беради, – деди. – Аммо бировнинг қалбини, ҳис-туйғуларини топташ, эрмак қилиш, бозорга солиш гуноҳи азим, муҳаббат саройида садоқат ва ишонч сизларга посбон бўлғай, – деб қиблага қараб дуо қилиб, юзларига фотиҳа тортди. 

Биз ҳам устозга қўшилиб юзимизга кафт сурдик. 

Шундан сўнг домла қачон дарсга кирса, “Синолардан салом сизга”, деб сабоқни бошлайдиган бўлди. 

Бошқа талабалар:

– Устоз, нега ҳар сафар шу гапни айтиб хонага кирасиз? – деб сўрашганида:

– Гап эгасини, бўталоқ тевасини топиб олади, – деб кулиб қўярди. 

Олмос дорилфунунга келавергач, сиримиз ошкор бўлиб, оғизга тушганимиздан кейин “Гуруҳ амалдорига тиб аҳлидан салом келтирдим”, дейдиган бўлди. 

Устоз мени қаерда кўрса, “Ҳа, аҳли дил, аҳволинг нечук?” деб мутойиба қиларди. Мен кулиб қўйиб, салом бериб ўтиб кетардим... 

Шуларни эслаб турсам, хонага устоз кириб келди. Саломлашгач, ким йўқлигини сўради. Гуруҳ сардори талабалар биттага кўпайганини айтди. Устоз:

– Қани янги талаба? – деб бўй чўзди. 

Ўрнимдан турдим. Ёнимга келди:

– Қаердан келдингиз, Миллийданми?

– Йўқ, устоз, мен ўтган йил ҳам қўлингизда ўқиганман, – дедим ерга қараб. 

Кўзойнагини тақиб, узоқ термилди:

– Гуруҳ амалдори? Аҳли дил? 

– Ҳа, – дедим тўлқинланиб. 

Яна бир оздан кейин хотираларига куч бериб: 

– Минораи Кало-о-он... – деди. Мен кулиб, устознинг фикрларини тасдиқладим. – Тиб аҳли-и, – деди сўнг Олмосни назарга тутиб. Мен фикрларини давом эттириб: 

– ...эди, – деб қўйдим. Устоз:

– ...эди? – дедию бирдан бўшашиб, жойига бориб ўтирди. Домланинг қалин кўзойнаги ортидан қорачиқлари “йилт-йилт” этдию бош эгганча сукутга чўмди. Сўнг аста туриб, вазмин қадамлар билан чиқиб кетди. 

_______


Ўн-ўн беш дақиқа ўтгач, гуруҳбоши безовталаниб, ташқаридан хабар олиб қайтиб, устоз деразага термулганча ўйчан турганини айтди. Ҳамма ҳайрон: “Нима бўлди? Биз ҳеч нарсани тушунмадик...” 

Гуруҳбоши менга юзланди:

– Илгаридан танишмисизлар, устоз билан яқинмисиз? 

Ҳеч кимга ҳеч нима демадим. Нима ҳам дея олардим? Бир пайтлар устоз Олмос номидан уйимга совчи бўлиб борганди, дермидим? 

Китоб-дафтарларимни йиғиб, ижаражойгача йиғлаб келдим... 


* * *

21 январь

Ўқув жиҳозлари сотиб олгани дўконга кирсам:

– Опажо-он, – деб бир қизча югуриб келяпти. Қарасам, Дилдора – Шоира опамнинг кенжаси. Опам билан дўконга ҳарид учун киришган экан. Қучоқлашиб кўришдик. Ўқишга қайтганимни айтдим. 

– Бир томондан хурсандман, лекин бизга билдирмай келганингдан хафаман. Акангга айтсам, уям хафа бўлади, биз сенга бегона эмасмиз-ку, кетдик уйга, – деб қовоқ уйиб туриб олди. 

– Боролмайман, опажон, менга ноқулай... аввалги ҳолатим бўлганидаям сўзингизни икки қилмасдим. Ҳозир боролмайман, болаларингиз катта бўлиб қолишди, буни устига ҳар куни уйингизда меҳмон. Биламан, сиз ҳам, акам ҳам ирганмайсизлар, бироқ... мен ҳам, сизлар ҳам ноқулай аҳволга тушамиз... Яхши бўлган куним бораман уйларингизга, – дедим ёлғон хушчақчақлик билан... 

Опам кутилмаганда ўн минг пул сўраб қолди.

– Унча пулим йўқ эди, опажон, – дегандим, беш минг сўради. Яна тортиниб, – озроқ пул билан чиқувдим, – дедим. 

– Қани, айт-чи, бу гапдан кейин мен уйимда қандай тинч ўтираман, қандай уйқум келади? Эркак тўқчиликдан ёмон йўлга юриб кетади, аёл эса йўқчиликдан... Даданг сени бизларга ишониб ўқишингга кўнган эди, – деб ёнчиғидан бир даста минг сўмлик чиқариб, қўлимга тутқазди. Олмадим, қайтардим: 

– Сизларга фойдам тегмаяпти, зарарим ҳам тегмаслиги керак, – дедим. 

– Мен билан сен бир кунлик одамлар эмасмиз, қиёматлик опа-сингиллармиз, биз бозоргачамас, мозоргачамиз... Укаларингни ўқитасан ҳали. Хижолат бўлма, – деб пулни чўнтагимга солиб қўйди... 

Атай ижарауйимга келди, шароитимни кўриб қониқди шекилли, яшаса бўларкан, деб қўйди. 

Қишлоққа икки-уч ҳафтада бир борар эдим. Шу кундан бошлаб Шоира опамнинг бир оёғи менинг ижара кулбамда бўлиб қолди. Ҳеч қурса кунора укаларим орқали егулик ва пул бериб юборар, шанба-якшанбада бир нимани баҳона қилиб уйларига чақирар эди. 

Баъзан ҳасратга чўмиб:

– Ўшанда болаларимга қарайсан, деб уйимга олиб келмаганимда, қишлоққа қайтиб турмушга чиқиб кетган бўлардинг... Шунча азоб емасдинг, шу ўлиб кетгур дардга ҳам чалинмасдинг, – деб ўзини айбларди. 

– Опажон, нега нуқул шу гапни такрорлайверасиз, буни қисмат дейдилар. Одамзоднинг тақдирига нима ёзилган бўлса, шуни кўради. Ундан кейин, сизнинг нима дахлингиз бор бу касалликка? – десам:

– Мен ўзимни айбдор ҳис қилишимни истамасанг, биздан узоқлашиб кетма, чақирган вақтимда кел, – деб таъкидларди. 

– Сўз бераман, сиз билан акамга бир умрлик сингил, укаларимга садоқатли опа бўламан, – дердим кулиб. 

Шўр тақдир мени сийлаб, шундай олижаноб инсонларни туҳфа этганига ич-ичимдан шукроналар айтардим. 

Икром акам шартнома пулимни тўлаб турди. 

Дарсдан кейин у кишининг ипак корхонасида бошқарувчи бўлиб ишлай бошладим. “Эпли бўлсанг, сепли бўласан”, деганга амал қилиб, акам бир марта кўрсатган ишни қайта ўргатишга эҳтиёж қолдирмасдим. 

Дарсдан чиқиб тўғри шу ерга келаман, ишчиларни назорат қилиб, кирим-чиқим дафтаримни очаман. Ҳамма қоғоз ишлари менинг зиммамда, ишхонанинг икир-чикиригача ҳисобимда бор, чунки корхона менинг номимда эди... 

Шундай қилиб, ҳаётим яна изга туша бошлади... 


* * *

23 январь

Мусофирлик бу – ўз ихтиёринг билан келиб, ўзгалар ихтиёри билан яшайсан дегани... 

Ихтиёрим ўзимда, эркин бўлганимда Сизни бир дақиқа ҳам куттирмас эдим... кечиринг. 

Хавотирга ўрин йўқ, безовта бўлманг. 

Бўш вақт топдим дегунча ёзаман. Фақат юмуш кўпайиб кетган вақтлари узримни қабул қилиб турасиз...

* * *

25 январь

Дадамнинг даъвати билан битирувчи синфга ўтиб кундалик тутадиган бўлганман:

“Ҳаётингни кунма-кун ёзиб, хулосаларингни битиб бораверсанг, бундан ортиқ сабоқ бўлмайди. Ҳар қандай одамда ҳар куни, албатта, эсда қоларли бирор воқеа ёки гап бўлади. Сен ёзаётиб ўз умрингни таҳлил қилиб борасан, энг муҳими, фикрлашга ўрганасан. Буюк одамларнинг кўпи кундалик тутиб, шунинг орқасидан шараф топган”.

Шу йил баҳорда уйга қайтганимда дафтарларимдан бири қўлимга тушиб қолди. Бир варағини ўқиб кулиб қўйдим... (ўша вақтдаги дунёқарашимга...) иккинчи варағини ўқиб йиғлаб юбордим... (ўша вақтдаги дунёқарашимга...) Қолганини ўқишга журъатим етмади... 

Кундаликни жойига қўйиб узо-оқ ўйладим... Одам ўз хотирасидан, ўтмишидан шунчалик қўрқиб, хадиксираши, қочиши мумкинми? Бугун сизга битаётганларимнинг кўпини қоғозга ўраб ёзяпман...

* * *

Сарой аъёнларининг сохта мулозаматларию лўттивозлигидан чарчаб, безиб кетган подшоҳ бетама ва холис дўст қидириб бир ўзи дарвеш кийимида чўлу биёбонга чиқиб кетибди. Одамиятга ишончи қолмаган, вазир-вузароларию мушовирлари хиёнатидан юрак олдириб қўйган олийзот тилсиз дилдош истаб, Турон йўлбарсини топибди. Энди шарҳи дил қилмоқчи бўлиб оғиз очган экан, одамзод зулмидан озурда йўлбарс оғир бош чайқаб, ўзини қиёқлар аро уриб, кўздан ғойиб бўлибди. Подшоҳ яна йўл юриб, янтоқзор яқинида тортилган камондек турган хонгулни учратибди. Унга ҳам арзини айтишга оғиз жуфтлаши билан жонивор ер тепинибдию ўқдек учиб, уфққа сингиб кетибди. Шу тариқа ҳукмдор қайси жонзотга юз бурса, у кўздан ғойиб бўлаверар экан. Ниҳоят ҳориб-толиб ташландиқ қудуқ ёнига етиб келиб қараса, терскай тарафда ёввойи қовоқ ўсиб ётганмиш. Бор дарду аламларини калладек келадиган қовоққа айтиб солибдию ўзини енгил ҳис қилиб, саройга қайтибди... 

Орадан маълум-номаълум вақт ўтиб, яна ўшандай сил аҳволга тушибди ва тағин ўша дардкаш қовоқ униб-ўсган жойга сир ва ҳасратларини айтмоқчи бўлиб келса, ҳалиги ҳамдард қовоқ зардобга айланиб, оқиб ётганини кўрибди. Алам ва изтироб тўкилган жой зардобга айланаркан-да, деб бошқа ҳеч кимга ҳеч нима демай, қайғуларини ичга ютишни одат қилибди. Аммо кундан-кунга озиб-тўзиб, узлат излайдиган одамови бўлиб бораверибди. Подшоҳдаги бу ҳолни сезган вазири аъзам:

– Шоҳим, сиздаги маълуллик сабаби нима? – деб сўраганида подшоҳ: 

– Сир сақлашни уддалайдиган дўстимдан айрилиб қолдим, – деган экан...

Ўзим билан ўзим андармон бўлиб, жи-им юрганимда бу ривоятни дадам менга айтиб берганди... 

– Сиз ҳам ошқовоққа ўхшаб қолманг тағин, – деб ҳазиллашсам: 

– Мен вазирнинг жавобини айтмадим-ку ҳали, – деб бироз тин олиб қўшимча қилганди, – шоҳим, одамнинг тафтини одам олади, ўғлингизга эмас, қизингизга айтинг юрак дардларингизни, деган экан... 

Дадам “Қани энди гапир-чи, дадасини эркаси, ичингда зардобга айланиб қолмасин”, – деса, ҳамма гапни айтиб қўяр эканим... 

Негалигини билмайману, онамдан кўра дадам билан яхши чиқишардим. Иккаламиз ҳам бир касб эгаси бўлганимизданми ёки бобом қайтиш қилгандан кейин ҳаммавақт ёнларида юрганим учунми... Балки дунёқарашларнинг мутаносиблигидир... билмадим... сирларимни онамдан кўра дадамга кўпроқ ишонардим. Кўп ҳазиллашардим ҳам... малол олмасди, кўтарарди...

Беш йил бўпти дадам билан дардлашмаганимга. Ҳолбуки, ҳафтада бир уйга келсам:

– Қани, ол, гап қопингни боғичини еч, қани, шаҳрингда нима гаплар, – деб тиззасига кафт тираб, астойдил ўрнашиб ўтириб оларди... 

Бетоблигида мактаб ўқувчиларини Наврўзга тайёрлаётган пайтим ҳар кунги гапни батафсил айтиб беришим одатга айланган эди... 

Баъзан чарчаб келганимда, телевизўрни ўчириб қўйиб: 

– Ҳай, гапир қани, бугун нималар бўлди, – деса:

– Э, чарчадим, дада, кейин айтиб берарман, – деб уй ишларига шўнғир ёки китоб варақлаб, куттириб қўярканим... 

Қанийди ҳозирги ақлим ўшанда бўлганида... Қанийди дадам ғанимат эканини ва икки жаҳонда бундай меҳрибон, яқин одам топа олмаслигимни билганимда... Қанийди инсониятга қилган хатоларини тузатиш учун бир дақиқа бўлса ҳам имкон берилганида... 

Баъзан узоқ ўйга толаман, дадамга мен айтадиган кун янгиликларининг қизиғи бормиди? Йўқ, аниқ биламанки, қизиғи ҳам, зарурати ҳам бўлмаган... Дадам дардимни ичимга ютиб, ошқовоқ ҳолига тушиб қолмаслигим учун шундай йўл тутган... Буни яқиндагина англадим... Кеч, жуда кеч... Дадамдай тингловчимни йўқотиб бўлганимдан кейин тушуниб етдим...

Ҳай, майли, нима бўлганда ҳам бу охирги пушаймон...


* * *

27 январь

Шаҳарга қайтиб Шоира опамларникига келсам, кўнгилхонлик –ҳокимиятга шикоят тушган экан, корхонамизни ёпиб кетишибди... 

Кечқурун Икромиддин ака бўлган воқеани гапириб берди. Маҳаллий корчалонлардан бири ишни шерикчилик асосида юритишни “яхшиликча” таклиф қилган экан, акамиз қизишиб, “Бу қанақаси, сармоя меники, қанча одам ишли бўлди, солиқларни вақтида тўласам, ҳаммаси қонуний бўлса... Тайёр ошга баковулликми?” деб қўполроқ гапириб юборибди. Мулозим совуқ тиржайиб, “Ҳа, шунақами, ҳалолман, денг-а, билмаган эканмиз, фариштанинг қанотига нос тупуриб қўйибмиз-да, майли, боринг, ишингизни қилаверинг, узр лекин”, деб кесатиб, рухсат бериб юборибдию эртасига корхона ички эшикларини сурғучлаб, муҳрлаб, дарвозага калладек қулф урдириб қўйибди.  

– Энди нима бўлади? – деди опам ингичка қошларини чимириб. 

– Пойтахтга арз қиламан, ҳақиқат қилишар... – деб пешонасини уқалади акамиз. 

Аммо ариза-шикоятлар, ёзув-чизувлар бесамар кетди. Бесамар кетгани майли-ку, акс натижа берди. Раҳбарнинг қўли ҳам, тили ҳам узун экан, ҳамма у тараф бўлди. Корхона менинг номимда бўлгани учун сўроқ-жавобларда асосан мен иштирок этдим. Ғўрлигим, тажрибасизлигимдан фойдаланиб, мени роса қўрқитиб, довдиратишди. Чўлпоннинг Зебиси кўйига тушдим-қолдим. 

Ака мени эҳтиётлаб, ҳаммаси меники, мен бош-қошман, у қўғирчоқ, холос, еди-ичдиларига ўзим жавобгарман, деб имзо чекиб берди. 

Марғилондан келтириладиган ипак ўрамлари “ўғирлик маҳсулот” бўлиб чиқди. 

Сотган ашёларимиздан намуна топишиб, сифати паст деб баҳолашдию харидорни алдаган, солиқдан даромад беркитган, ишчиларга вақтида маош бермаган, мансабини суиистеъмол қилган... каби айбномаларни ёпиштиришди. 

Бу ҳам етмагандай, Эски шаҳардаги озиқ-овқат дўкони, сартарошхона хизмати ҳам эгри топилиб, жиноят иши қўзғатилди. 

Бу кўргиликларнинг ҳаммаси шунчалик тез содир бўлдики, ярим тунда зилзила рўй бергандай эсанкираб, довдираб қолдик. 

Икки ҳафта ичида акаму опам чўпдек озиб кетишди. Устига-устак, руҳий изтиробни айтмайсизми? Куни кеча меҳмон билан тўлиб-тошган, дастурхони йиғилмайдиган хонадонга биров қадам босмай қўйди. Ҳатто қариндошлар ҳам қўнғироқ қилсак бир балога гирифтор бўлиб кетмайлик деган қўрқувда тамом алоқани узишди. 

Опам мени маҳкам қучиб, кўзёшларини ичига ютиб, “Қара-я, Бонужон, бирпасда яккамохов қилиб қўйишди-я! Ишқилиб, акангни қамашмаса бас”, дерди. 

Ўчакишган ўт қўяр, деганларидек, ҳалиги раҳбар муштумига туфлаб, яниб, қасд қилиб қўйган экан, акамизни турмага тиқиб, сўроқ-жавобга тортишди. Ана энди ҳақиқий шўриш бошланди: опам бечора кунда-кунора авахтага қатнайди, бу ёқда мол-мулк мусодарага тушиб, хатлов авжида, болалар ҳеч нарсани тушунмай чирқирайди, мен нотавоннинг қўлидан юпатишга уринишдан бошқа иш келмайди.

Икром акам ички терговда Отбозорда узоқ қолиб кетди... 

Қарийб бир йил аччиқ ичакдек чўзилган терговдан сўнг ёпиқ суд бўлиб ўтди ва акамиз ўн битта модда асосида айбланиб, ўн уч йилга “кесилди”. Жазони ўташ муддати қатъий тартибда Жаслиқ авахтасига белгиланди... 

Барча мол-мулк давлат ҳисобига мусодара қилинди. Машиналари “кимошди” савдосига қўйилиб, кепак баҳосига пуллаб юборилди. Битта “Мерс”ни ўзимиз сотиб, ҳақдорларнинг қарзларига тўладик. Бу “ҳисобли дўстлар”нинг ҳисоби йўқ эди. Бирови беш йил бурун минг доллар берганман, деса, бошқаси ўн минг сўмини ҳам қистаб, эшик турумини бузарди. Улар орасида яқин қариндошлар бўлгани каби, ҳеч ким кўрмаган, танимаган, эҳтимолки, товламачи-фирибгарлари ҳам йўқ эмасди... 

Ўлаксахўрга ўхшаб йиқилишингни пойлаб турадиганлар бор. Опамнинг номард директори қайта-қайта тушунтириш хати ёздиравергач, охири бор-е, деб бўшашга ариза ёзиб қўлига бериб келди. 

Омадинг бир чўчиса, бахтинг ҳуркиб қочар экан.... 

12-қисм тугади.


Давоми бор...


©️Иқбол Мирзо.

@Ummuzaynabummu

Report Page