Фарғонада Республика болалар миллий тиббиёт маркази мутахассислари иштирокида 30 та жарроҳлик амалиёти ўтказилди

Аввал хабар қилганимиздек, Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида Республика болалар миллий тиббиёт маркази мутахассислари иштирокида бир неча кун давомида маҳорат дарслари, тиббий кўриклар ва жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
Дастбалки кун республика мутахассислари иштирокида семинар-тренинг ва маҳорат дарслари бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилоятидаги болалар стомотологлари, болалар жарроҳлари иштирок этиб, соҳага оид янгиликлар ва замонавий билимларга эга бўлишди.
Шундан сўнг пойтахтдан келган шифокорлар иштирокида туғма лаб танглай соҳасида нуқсони бор ҳамда куйгандан кейинги чандиғи бор болалар учун юқори малакали тиббий кўриклар ташкил этилди.
Тиббий кўрикларда жами 291 нафар бола қатнашди. Уларнинг орасидан 30 нафар бола саралаб олинди ва шу ернинг ўзида маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда 29 нафар болада пластик жарроҳлик, 1 нафар болада эса кардиожарроҳлик муваффақиятли амалга оширилди.
– Пойтахтдан малакали мутахассисларнинг вилоятимизга келиб, бемор болаларга ёрдам бераётгани жудаям хайрли иш бўлмоқда, – дейди Марғилон шаҳрида яшовчи 66 ёшли Ҳанифахон Маткаримова. – Менинг набирам Оязимхон Аҳмаджонова кутилмаган фалокат туфайли 2017 йилда куйиб қолган эди. Ўшандан буён бир неча босқичли операцияларни бошидан ўтказди. Бугун саккизинчи маротаба операция қилиниши. Ҳар операциядан сўнг ҳолати анча яхшиланиб, куйгандан қолган чандиқлари йўқолиб боряпти. Шу боис пойтахтадан келган жарроҳларимизга, Фарғона вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг қўли енгил шифокорларига раҳматлар айтаман.
Республика мутахассислари билан ҳамкорликда ташкил этилган бу хайрли тадбирдан эҳтиёжманд аҳоли чексиз ҳурсанд бўлди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.