Бойсун туман адлия бўлими туман бозоридаги ҳақиқий ҳолатни ўрганди

Бойсун туман адлия бўлими туман бозоридаги ҳақиқий ҳолатни ўрганди

Н.Мамадиев, туман адлия бўлими бошлиғи 

Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Бойсун тумани ҳокими эски бозорни буздириб, савдогарларни янги бозорга ўтказмоқчи”, деган мазмунда эълон қилинган материал юзасидан Бойсун туман ҳокимлиги томонидан қуйидагилар маълум қилинган.

Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “2017 – 2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида Бойсун туманининг “Мустақиллик” МФЙ ҳудудидан “Деҳқон (озиқ-овқат) бозори” учун 1,67 гектар ер майдони ажратилган. Бу ерда замонавий талаблар асосида савдо хизмати кўрсатиш учун барча шароитларга эга III типдаги замонавий савдо мажмуаси қуриб битказилган.

Шу сабабли, тумандаги “Тузбозор” МФЙ ҳудудида жойлашган эски деҳқон бозорида савдо-сотиқ қилиб келаётган сотувчилар ўз фаолиятларини ушбу янги бозорда давом этиришлари кераклиги тўғрисида огоҳлантирилган.

Аммо ижтимоий тармоқларда тарқалган видео материалда маълумотлар  нотўғри талқин қилинган. Аслида, эски бозорга кираверишдаги чорраҳада турган бульдозер ушбу бозорни бузиш учун эмас, балки “Ўзбектелеком” АК вилоят филиали Бойсун телекоммуникация боғланмаси томонидан А.Навоий номли ҳамда “Истиқлол” кўчалари бўйлаб халқаро оптик толали алоқа кабелини ётқизиш мақсадида, бу кўчаларда қазиш ишларини бажариш учунгина киритилганлиги, қолаверса, ушбу кўчаларда транспорт қатновининг вақтинча чекланиши бу ерда ишлаётган ишчи-ходимларнинг фаолият хавфсизлигини таъминлаш учун қилинган.

Шунингдек, ушбу ҳолат фуқаролар орасида турли тушунмовчиликка сабаб бўлганлиги учун, туман ҳокимлиги ва бошқа алоқадор соҳа ходимлари бу ерда бўлиб, вазиятни уларга тўғри тушунтиришган. Ҳозирда мазкур англашилмовчилик билан боғлиқ муаммо йўқ. Бу кўчаларда халқаро оптик толали алоқа кабелини ётқизиш ишлари ўрнатилган тартибда давом эттирилиши билдирилган.

Президентимиз томонидан 2020 йил 28 апрелда имзоланган “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2020 – 2021 йилларда барча соғлиқни сақлаш муассасалари, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларини, шунингдек, қишлоқлар ва маҳаллаларни юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш ҳамда алоқа хизматлари сифатини оширишни кўзда тутган ҳолда мамлакатнинг рақамли инфратузилмасини тўлиқ модернизация қилиш ва замонавий телекоммуникация хизматларидан барча ҳудудларда фойдаланиш имкониятини таъминлаш вазифаси белгиланган.

Бироқ юқорида қайд этилган ҳолатлар юзасидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан расмий сайтида берилган баёнот юзасидан жорий йилнинг 13 май куни Kun.uz сайтининг Telegram канали орқали билдирилган маълумотларга кўра, Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Бойсун бозоридаги можаро бўйича берган муносабатига раддия берилиб, унда Бойсунда можароли ҳодиса видеосида кўринган экскаваторнинг “Ўзбектелеком” АКнинг Сурхондарё филиали Бойсун телекоммуникация боғланмаси иш фаолиятига алоқаси йўқлиги маълум қилинган.

Хусусан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ушбу расмий баёнотдан келиб чиқиб маълум қилишича, “Магистрал ва мультисервис маълумотлар узатиш тармоғини кенгайтириш” (DWDM) лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш учун “Ўзбектелеком” АК Сурхондарё филиали Бойсун телекоммуникация боғланмаси туман марказидаги Алишер Навоий ва Истиқлол кўчалари кесишмасида 200 метрлик канализация қуриш ишларини олиб борга бўлиб, ушбу қурилиш ишлари 2020 йил 6 май куни тугатилган.

Шу ўринда айтиш мумкинки, туман аҳолисининг кундалик ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти инобатга олинган ҳолда тумандаги “Мустақиллик” МФЙ ҳудудида қуриб, ишга туширилган ушбу замонавий “Деҳқон (озиқ-овқат) бозори” савдо мажмуасида харидорлар учун қулай шароитлар яратилди. Хавфсизлик чоралари, хусусан, бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлиги талаблари, санитария қоидалари ва нормалари, гигиена нормативлари тўлиқ инобатга олинган ҳолда, бозор ҳудудига яқин масофада автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойи ташкил этилган.

 Аммо янги қурилган ушбу бозорда замонавий талабларга мувофиқ савдо хизмати кўрсатиш учун яратилган шундай шароитларни ҳисобга олиб, сотувчилар ўз фаолиятларини янги бозорда давом этириш тўғрисида бир неча бор огоҳлантирилганликларига қарамасдан, уларнинг айримлари, шунингдек, турли маҳаллалардан келган фуқаролар томонидан “Тузбозор” маҳалласи ҳудудида жойлашган эски деҳқон бозорининг ташқи томонидаги йўлаклар устида фаолият олиб бораётган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат дўконларлари ёнларида уй шароитида етиштирган мавсумий мева-сабзавотларни сотиш ишларини давом эттираётганликлари кузатилмоқда.

Юртимиздаги эпидемиологик вазият ҳали барқарорлашмаганлиги, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Республика махсус комиссияси томонидан мамлакатимизда жорий этилган чекловлар тўлиқ бекор қилинмаган ва янги тартиблар ўрнатилган.

Хусусан, деҳқон бозорларида, шу жумладан, бозор ҳудудидан ташқарида жойлашган йирик озиқ-овқат дўконларида савдо ижтимоий масофа (2 метр) сақлаган ҳолда “зигзаг” тартиби (қувурлар, бантлар ва бошқа шу каби тўсиқлар орқали) ташкил этилиши белгиланган.

“Тузбозор” маҳалласи ҳудудида жойлашган эски деҳқон бозори ва унинг ташқи тарафида кесишган кўчалар эни бўйича торлиги боис, автотранспорт ва фуқароларнинг кўплаб ўтиб қайтиши тирбандликлар келтириб чиқаради. Баъзи ҳолатларда савдо-сотиқ жараёнларида ижтимоий масофа 2 метртугул, 50 сантиметрга ҳам бормаслигини кузатиш мумкин.

Туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан ана шу мураккаб вазият ҳисобга олинган ҳолда, “Мустақиллик” маҳалласи ҳудудида қурилган янги бозорнинг самарали фаолиятини ташкил этиш, қолаверса, карантин даврида коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, туман аҳолисининг соғлиғи ва ижтимоий муҳофазасини қатъий таъминлаш мақсадида эски деҳқон бозоридаги ҳамда унинг ташқи томонидаги ёйма савдо хизматларини тўлиғича янгисига кўчирилишига эътибор қаратиб келмоқда.

Бугунги кунда белгиланган тартибда карантин чекловлари юмшатилганлиги муносабати билан тумандаги “Тузбозор” маҳалласи ҳудудида жойлашган эски деҳқон бозорининг ташқи томонида жойлашган барча савдо дўконлари ўз фаолиятларини давом эттириб, туманимиз аҳолисига хизмат қилиб келмоқда.

Н.Мамадиев, туман адлия бўлими бошлиғи 


Report Page