Боди-камералар синовдан ўтказилмоқда

Боди-камералар синовдан ўтказилмоқда

Ички ишлар вазирлиги

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 июлда қабул қилинган “Ички ишлар органлари ходимларини мобил видеокузатув воситалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 556-сон қарори билан ички ишлар органларининг йўл-патруль бўлинмалари ва патруль-пост хизмати ходимларини мобил видеокамералар ҳамда планшетлар билан таъминлаш 2020 йил 1 январга қадар узайтирилган эди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг хабарига кўра, жорий йилнинг 22 июлидан Тошкент шаҳрида боди-камераларни синов-тажриба тариқасида ишлатиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ишлари бошланди.

Албатта, ЙПХ инспекторлари ҳайдовчи билан мулоқотга киришганда, уларнинг суҳбатлари боди-камерага ёзилаётгани ҳақида огоҳлантирадилар. Синов-тажриба натижалари нуфузли комиссия томонидан кўриб чиқилиб, ишлаб чиқарувчи ташкилотга тегишли таклиф ва тавсиялар тақдим этилади.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда боди-камералар билан бирга ЙПХ инспекторлари учун махсус ишлаб чиқилган жилетлар ҳам синовдан ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси

Report Page