Боғчаларда болалар ота-оналаридан турли сабаблар билан пул йиғиш қатъиян тақиқланади

Боғчаларда болалар ота-оналаридан турли сабаблар билан пул йиғиш қатъиян тақиқланади

@Maktabgacha_talimuz

10:412236

Фото: yellowpages

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Мактабгача таълим вазирлигининг «Мактабгача таълим муассасасининг Васийлик кенгаши тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи жойлаштирилди.

Мактабгача таълим муассасасининг Васийлик кенгаши тўғрисидаги намунавий низомга кўра, кенгаш ҳар бир таълим муассасасида жамоатчилик асосида таълим-тарбия жараёнларини қўллаб-қувватлаш ҳамда унга молиявий ва ҳуқуқий соҳаларда кўмаклашиш учун ташкил этилади. Кенгаш юридик шахс ҳисобланмайди.

Кенгашнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

таълим муассасасида тарбияланувчиларнинг тўлақонли таълим-тарбия олишлари учун қулай соғлом муҳитни яратиш;

таълим муассасасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, унинг фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;

таълим муассасаси тарбияланувчиларининг мактабга тайёрлаш

ва маънавий-маърифий, маданий ҳамда соғломлаштириш тадбирларида иштирок этишлари учун шарт-шароитларни яхшилашда таълим муассасаси мудираси билан ҳамкорлик қилиш.

Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

таълим-тарбия ишларини шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаган ҳолда амалга оширишда, шунингдек тарбияланувчиларнинг ҳар томонлама камол топиши учун шарт-шароитларни яхшилашда таълим муассасасига кўмак ва тавсиялар бериш;

ҳомийлик маблағлари ҳисобидан таълим муассасасини моддий-техника базасини ривожлантириш, унинг биносини таъмирлаш ва ҳудудини ободонлаштиришга кўмаклашиш;

тарбияланувчилар билан турли оммавий тадбирлар, саёҳатлар, учрашувлар, соғломлаштирувчи тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда таълим муассасаси мудирасига кўмаклашиш.

Кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Мактабгача таълим муассасаси мудираси томонидан Кенгашни ташкил этиш бўйича йиғилиш ўтказилишидан ўн кун олдин йиғилиш ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисида эълон, шунингдек мазкур Низомнинг нусхаси барчанинг танишиб чиқиши учун таълим муассасасида осиб қўйилади.

Кенгаш етти кишидан кам бўлмаган тоқ сондан иборат таркибда тарбияланувчиларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари), таълим муассасаси фаолиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган фахрийлар билан ўтказиладиган умумий йиғилишда барча аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги асосида ташкил этилади. Кенгаш таркиби аъзоларининг сони чекланмайди.

Кенгаш таркибига мактабгача таълим муассасаси фаолиятига улкан ҳисса қўшиб келаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат ташкилотларининг вакиллари кириши мумкин.

Кенгаш аъзоларининг рўйхати унинг биринчи Умумий йиғилишида тузилади, Кенгаш раиси, унинг ўринбосари ва котиб сайлангандан сўнг Кенгаш қарори билан тасдиқланади.

Кенгаш ҳар йили раис, раис ўринбосари, котиб ва кенгаш аъзоларидан иборат таркибда шакллантирилади.

Мактабгача таълим муассасаси мудираси, унинг яқин қариндошлари Кенгаш аъзолари бўлиши мумкин эмас.

Кенгаш раиси, унинг ўринбосари ва котиб Кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози билан сайланади.

Кенгаш раиси ва унинг ўринбосари ўз навбатида мактабгача таълим муассасасининг педагогик кенгаши аъзоси ҳисобланади.

Кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Кенгаш раиси, унинг ўринбосарини ва котибни сайлаш;

Кенгаш фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш;

ҳомийлик маблағларидан фойдаланиш йўналишларини белгилаш ҳамда унинг ижроси бўйича ҳар чоракда ҳисоботлари эшитиш;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан кўрсатилаётган ҳомийлик маблағларини белгиланган тартибда таълим муассасасининг шахсий ғазна ҳисобварағига кирим қилинишини назорат қилиш;

ҳар чоракда Кенгаш раисининг Кенгаш фаолияти юзасидан ҳисоботини эшитиш ва тасдиқлаш;

Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини, шунингдек ҳомийлик маблағлари ҳисобига амалга оширилган ишларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

таълим муассасаси ички тартиб қоидаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, шунингдек педагогик кенгашга тегишли таклиф ва мулоҳазалар киритиш;

якуний давлат аттестацияси жараёнида жамоатчилик асосида кузатувчи сифатида иштирок этиш;

мактабгача таълим муассасаларида молиявий йил бошлангунга қадар Кенгаш йиғилиши баённомасига асосан тўловлардан озод қилинадиган кам таъминланган оилаларнинг болалари (тарбияланувчилар) рўйхатини тасдиқлашда иштирок этиш;

Кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Қуйидагилар Кенгашнинг мажбуриятлари ҳисобланади:

ҳар чоракда ўз фаолияти тўғрисида педагогик кенгашга ҳисобот тақдим этиш;

таълим муассасасида муаммоли масалалар ечимини топишда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиш;

Кенгаш зиммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

Мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчилар ва уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари)дан турли хил сабаблар билан таълим муассасаси мудираси ва бошқа ходимлари (тарбиячи, тарбиячи-ёрдамчилар) томонидан пул маблағларини йиғиш қатъиян тақиқланади.

Ота-оналар таълим муассасасида пул маблағларининг йиғилиши ҳолатлари ҳақида оғзаки ёки ёзма равишда бевосита Кенгашга мурожаат қилиши мумкин. Бундай ҳолат юз берган тақдирда, Кенгаш томонидан туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимларининг раҳбар ходимлари иштирокида муҳокама этилади ҳамда айбдор шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.

Кенгаш ҳар чоракда таълим муассасасининг умумий ота-оналар йиғилишида ўз фаолияти ва тарбияланувчиларни мактабга тайёрлашга йўналтириш ишлари тўғрисида ҳисобот беради.