Боғчалар вақтинча ишламайди. Ишловчи ота-оналар қандай йўл тутади?

Боғчалар вақтинча ишламайди. Ишловчи ота-оналар қандай йўл тутади?


Карантин сабабли боғчага бормайдиган боланинг ташкилотда ишловчи қаровчисига 14 кунгача меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилиши мумкин.

Маълумки, 16 мартдан бошлаб Ўзбекистондаги барча боғчалар, мактаблар ва олий таълим муассасалари коронавирус тарқалишига қарши профилактика мақсадида карантинга ёпилади.

Шу муносабат билан таҳририятга айнан мактабгача таълим муассасаларининг карантинга ёпилиши сабаб, корхона, муассаса ва ташкилотларда ишловчи боғча ёшидаги болалари бор ота-оналарнинг болага қараш учун ишга бора олмаслигига оид саволлар келиб тушмоқда.

Дарҳақиқат, боғчаларнинг вақтинча ишламаслиги болаларга уй шароитида қаровни ташкил этишни талаб қилади. Бундай вазиятда боғчага борувчи болаларнинг қаровчилари қандай йўл тутмоғи лозим?

Адлия вазирлигида 2015 йил 17 апрель куни 2667-сон билан рўйхатга олинган Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 37-бандида мактабгача таълим муассасасида ёки олти ёшга тўлмаган болага ўрнатилган карантин даврида болага қараш учун ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан карантин белгиланган, лекин ўн тўрт календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилиши назарда тутилган.

Мазкур йўриқнома талабига кўра, карантинда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармаларининг рухсати асосида эпидемиолог ёки санитар врач томонидан берилиши мумкин.



Report Page