Бизнесни қўллаб-қувватлашнинг зарур чоралари кўрилмоқда.

Бизнесни қўллаб-қувватлашнинг зарур чоралари кўрилмоқда.


Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш унинг барқарор ишлашини таъминлашнинг зарур чоралари кўриб борилмоқда, айниқса бугунги жаҳон миқёсида бўлаётган глобал инқироз ҳолатларини иқтисодиёт тармоқларига таъсирини камайтириш муҳим ва долзарб бўлмоқда.

Ҳар бир тадбиркорлик субъекти барқарор фаолият юритишда, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга оширишда қонун ҳужжатларини ўзлаштириши, жорий этилаётган имтиёзлар ва преференцияларни фаолиятида қўллаши ва имкониятлардан самарали фойдаланиши унинг молиявий икониятларини яхшилашга муҳим омил бўлади.

Жаҳон миқёсида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, тадбиркорлик соҳасидаги қийинчиликларга давлат томонидан кўмаклашиш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 19 март куни алоҳида Фармони қабул қилиниб, базнесни қўллаб-қувватлашнинг муҳим  чоралари белгиланди.

Хусусан, 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда, якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилиши;

алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари миқдори 5 фоиздан 3 фоизга пасайтирилиши;

умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга камайтирилиши белгиланди.

Шунингдек, 2020 йил 1 апрелдан 1 июлгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.

Қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилди.

2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августга қадар узайтирилди.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябрга қадар узайтирилди.

2020 йил 1 апрелдан жисмоний шахслар томонидан хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган даромадларни солиққа тортишдан озод қилиниши ҳам белгиланди.

Фармон билан, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига фаолияти туризм соҳасига бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини 30 фоизга камайтириш тавсия қилинди.

Шулар билан бир қаторда, 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш ҳам тўхтатилди;

солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб туради, шунингдек, солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари кўрилмаслиги белгиланди.

Қайд этиш лозимки, 2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш тўхтатилди (жиноят ишлари доирасида ва юридик шахсни тугатиш муносабати билан солиқ аудитидан ўтказиш бундан мустасно).

Тадбиркорлик субъектларига ҳисобот йилида амалга оширилган товарларнинг умумий экспортига нисбатан 10 фоиздан ошмаган муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, кафолатланган тўловни таъминламасдан товарлар экспортини амалга оширишга;

2020 йил давомида ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлигини сўндириш эвазига технологик асбоб-ускуналар ва хомашё товарларини импорт қилиш бўйича бир марталик операцияларни амалга оширишга рухсат берилди.

Шу ўринда, тадбиркорлик субъектлари томонидан экспорт ва импорт операцияларини амалга оширишда уларнинг юкларини чегара божхона постлари орқали тезкорлик билан ўтказиш, уларнинг узлуксиз божхона расмийлаштирувини, шунингдек, экспорт ва импорт қилинаётган товарларга рухсат берувчи ҳужжатларнинг берилишини таъминлаш бўйича тезкор чоралар кўрилиши қайд этилди.

Бу борада, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб, импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг тезкор тартибда, шу жумладан, рухсат берувчи ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келгунга қадар бериш орқали божхона расмийлаштируви механизмини жорий этилиши белгиланди.

Шулар каби, ҳудуд ва тармоқларда экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари бўйича республика комиссиясига 2020 йил 1 октябрга қадар экспорт қилувчиларнинг транспорт харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш учун Экспортни рағбатлантириш агентлигига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан субсидиялар тақдим этиш ҳақида мустақил қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи берилди.

Фармон билан, тижорат банклари томонидан - туристик операторларга, меҳмонхона бизнеси субъектларига, транспорт-логистика компанияларига ва туризм тармоғининг бошқа корхоналарига, шунингдек, ташқи савдо операцияларига жорий этилган чекловлар туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган кредитлар бўйича умумий суммаси 5 трлн сўмлик қарздорликларни тўлаш бўйича кечиктиришни (жарима санкцияларини ҳисобламаган ҳолда) 2020 йил 1 октябрга қадар узайтириш;

хусусий тадбиркорлик корхоналарига тақдим этилган айланма маблағларни тўлдириш учун, шу жумладан, истеъмол бозорини энг зарур товарлар билан тўлдириш учун қайта тикланадиган револьвер кредитлар ажратилиши жорий этилди.

Айтиш лозимки, Бизнес-омбудсман, Бош вазир қабулхоналари, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда короновирус пандемияси натижасида фаолиятида зарар кўраётган тадбиркорлар мурожаатини кўриб чиқишда ҳамкорликдаги ишларни олиб бормоқда.

Шу жумладан, Андижон вилоятида ҳам Бизнес-омбудсманнинг вилоятда фаолият кўрсатувчи ходимлари, Бош вазирнинг вилоят, туман (шаҳар)лардаги қабулхоналари ва  Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлинмалари билан короновирус пандемияси натижасида фаолиятида зарар кўраётган тадбиркорлардан келган мурожаатларни моҳиятига кўра масъул идора ва ташкилот томонидан кўриб чиқилиши business.gov.uz портал орқали амалга оширилади.

Шу ўринда, барча тадбиркорлик субъектларидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда барча эҳтиёт чораларини кўришни, ушбу касалликдан сақланишда санитария-гигиена қоидаларига риоя қилишни, шунингдек нарх-наволарни сунъий ошиб кетишига йўл қўймасликка чақириб қоламиз. Мурожаат учун тел.: 71-202-08-83.





Report Page