Битта жигар трансплантация операцияси учун 30 литргача қон плазмаси керак

Битта жигар трансплантация операцияси учун 30 литргача қон плазмаси керак


Республика қон қуйиш маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Аълонур Саидов билан аҳоли ўртасида донорлик ҳаракатини тарғиб қилиш, бу борада эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар хусусида суҳбатлашдик.  

Юртимизда қонга бўлган талаб ортмоқда. Сабаби...

Бугун мамлакатимизда тиббиёт соҳаси жадал ривожланмоқда. Натижада нафақат пойтахтимиз, балки вилоят ва туман марказларида ҳам мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказиляпти. 

Албатта, бундай муолажаларни бажариш учун биринчи навбатда қон компонентлари зарур. Айниқса, юрак жарроҳлик амалиётларида керакли аъзога муттасил қон қуйиб турилмаса, операция муваффақиятли кечмаслиги мумкин.  

Қолаверса, авваллари юртимиздаги хусусий шифохоналарда беморларга қон қуйилмас, ҳозир эса аксинча, уларда ҳам мураккаб амалиётлар ўтказиляпти. Бу, ўз навбатида, қонга бўлган талаб янада ортишига сабаб бўлаётир.  

Бундан ташқари, шу кунларда мамлакатимизда инсон тана аъзоларини кўчириб ўтказиш бўйича янги қонун лойиҳаси тайёрланмоқда. Бунгача эса тегишли низом асосида тана аъзолари кўчириб ўтказилган. Агар ушбу қонун амалиётга тўлиқ татбиқ этилса, қон маҳсулотларига бўлган талаб яна ортади.

Сизга бир мисол айтаман: битта жигар трансплантацияси операциясини ўтказиш учун 30 литргача қон плазмаси керак. Бу компонент эса 120 нафар донордан олинади. Шунинг ўзиёқ донорлик аҳамияти нақадар муҳим эканини кўрсатади. 

Ҳар бир соғлом инсон донор бўлиши керак!

Кўпинча донорлар сони камайиб кетса, қон хизмати ходимларига эътирозлар ортади. Бироқ қон захирасини яратиш фақат соҳа ходимларининг вазифасигина эмас. Бунинг учун, аввало, халқнинг ўзида донорлик маданияти юқори бўлиши лозим. Қаерга, қайси ташкилотга борсак, ҳамма “лаббай” деб қон топшириши зарур. Ўзингиз ўйланг: агар бу ишга ҳеч ким бош қўшмаса, қонни ерда қазиб ололмаймиз-ку!

Мен доим айтаман: фақат 14 июнда эмас, ҳар доим, ҳамма вақт донорликни тарғиб қилиш, бу иш билан эса бутун жамият шуғулланиши лозим. Айниқса, бунда ОАВнинг ролини янада мустаҳкамлаш керак. Бир нарсани унутмайлик: биз аҳолининг донорлик маданиятини оширмай туриб, қон хизматини ривожлантира олмаймиз. 

Эътибор берсак, чет мамлакатларда бу жараён жуда яхши йўлга қўйилган. Уларда ҳар қандай соғлом инсон қачон қон топшириши кераклигини яхши билади. Ҳатто, кўп давлатларда қон топширмайдиган инсонга ёмон кўз билан қарайди. “Одамларга ёрдам беришни хоҳламайсанми ёки касалмисан?” дейди.

Шундай экан, юртимизда ҳам қон хизматини ривожлантириш учун ҳар бир соғлом инсон донор бўлиши керак. 

Донорликда "таниш-билишчилик" муҳим

Бизда бир жиҳат бор: таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ва ҳоказо. Афсуски, бу “ўзига хослик”ни кўпинча ёмон мақсадда ишлатишга ўрганиб қолганмиз.

Қон донорлигида эса бу аксинча яхши самара беради. Ҳар бир соғлом одам қариндош-уруғи, таниш-билиши, ошна-оғайнисига қон топширса, шунинг ўзи етарли. Лекин, афсуски, донорликда "таниш-билишчилик" қилмаймиз.  

Баъзилар келиб, “Ака, оғайнимнинг фарзанди шифохонада ётибди, пулини бераман, тайёр қон беринг” дейди. Ваҳоланки, пул қонга айланмайди. Шу боис уларга “Соғлом бўлсангиз, қон топширинг” деймиз. 

Ҳудудларда қон хизматини ривожлантириш керак

Бугун юртимиздаги қон захираларининг 3/1 қисми жойларда тайёрланади. Яъни ушбу хизматга қарашли мобиль гуруҳлар махсус автобусда ҳудудларга чиқиб, аҳолидан қон йиғади. Лекин ҳамма вилоятларда ҳам автобус йўқ. Фақат Фарғона вилояти ва Республика қон қуйиш марказидагина мавжуд.  

Агар қолган вилоятларга ана шундай транспорт воситалари ажратилса, ўйлайманки, ўша ҳудудларда ҳам қон хизматлари янада ривожланади.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.

▶️@ssvuz

▶️@ssvmatbuotkotibi


Report Page