Бисмиллаҳ...
@havaskor_adabiyotchiБисмиллаҳ...
Бу гал жаҳон адабиётининг мумтоз асарларидан бири —
рус ёзувчиси Лев Толстойнинг қаламига мансуб "Анна Каренина" романини таҳлил қилишга ҳаракат қиламан. "Анна Каренина" романида ХIХ асрдаги рус жамиятининг ижтимоий-сиёсий ҳолати акс этган. Романда 1861 йилги озодлик ислоҳотлари, яъни Россия императори Александр II олиб борган либерал ўзгаришлар ҳақида сўз боради. Ёзувчи бадиий образлар воситасида ушбу ўзгаришларни чуқур таҳлил қилади. Шунингдек, асарда муҳаббат, хиёнат, оила, талоқ каби мавзуларга оид масалалар муҳокама қилинади. Илоҳиёт ва одам масаласи ёритилади. Ёзувчи ушбу асарда "нега дунё пайдо бўлди?", "одамзоднинг яшашдан мақсади нима?" деган саволларни ўртага қўяди. Ва шу саволларга ўз дунёқарашидан келиб чиқиб жавоб беришга ҳаракат қилади. Лев Толстой рус жамиятидаги иллатларни Облонскийлар, Каренинлар ва Левинлардан иборат уч оиланинг бир-бирига чатишган, аммо мустақил сюжет чизиғига эга бўлган тарихи мисолида кўрсатади.
Лев Толстой аксар рус ёзувчилари каби, насроний динига қаттиқ эътиқод қўйган, ҳаётда рўй бераётган воқеаларга ва кишиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳам шу дин нуқтаи назаридан ёндашган. Асарда бу яққол сезилади. Ёзувчи ўз асарларида рус жамиятидаги оилавий муаммоларни ёритар экан, хиёнат ва талоқ масаласига катта эътибор қаратади. Бу муаммоларга адолатли ечим ахтаради. Лекин черков таълимоти билан дунёқараши шаклланган ёзувчи, бу масалаларга тўғри ечим беришга қийналади. Масалан, Анна Каренина ва отлиқ офицер граф Алексей Кириллович Вронский ўртасидаги никоҳдан ташқари муносабатларга ёзувчининг билдираётган реакцияси, кўрсатаётган ечимлари инсонни қаноатлантирмайди. Чунки насронийлик шариатининг ўзида ҳам бу масалаларга адолатли бир ечим топилмайди. Маълумки, насронийлик шариатида талоққа руҳсат йўқ. Фақат биргина ҳолатда бундан истисно қилинади. Яъни хотинини хиёнатда ушлаб олган эрга талоқ қилиш жоиздир. Аммо бу ҳам жуда мушкул иш ҳисобланади. Бу масалани Аннанинг қонуний турмуш ўртоғи Алексей Александрович Каренин мисолида таҳлил қилиб кўрамиз. Қуйида асардан парча келтираман:
"Алексей Александрович ҳаяжондан юзи тиришиб, ўзича бир нималар деб дўнғиллади-ю, ҳеч қандай жавоб қилмади. Степан Аркадьич назарида осон кўринган нарсаларнинг ҳаммасини Алексей Александрович минг марталаб ўйлаб кўрган эди. Оқибат, бу нарсалар ёлғиз унга Степан Аркадьич ўйлаганидек осон кўринмай, балки иложи йўқ нарсага ўхшаб кўринган эди. Икир-чикирларигача билиб олган ажралиш-талоқ масаласи унга ҳозир имкон хорижида кўринарди, чунки ўз иззат-нафси ва динга бўлган ҳурмати риёкорлик билан хотинини зинода айблашга, гуноҳини кечган ва ўзи севган хотинининг бадном этилишига, шарманда қилинишига асло-асло йўл қўймас эди. Талоқ яна бошқа, яна ҳам муҳимроқ бир сабабга кўра имконсиз нарса бўлиб кўринарди.
Ажралиб кетишса ўғлининг тақдири нима бўлади? Онаси билан қолдиришнинг эса асло иложи йўқ. Эридан ажралган хотиннинг қурган оиласи ғайриқонуний бўлади, унда ўгай ўғилнинг аҳволи ва унга бериладиган тарбия, албатта, ёмон бўлади. Ўзи билан қолдирганда-чи? Алексей Александровичнинг фикрича, ўғлини ўз ёнида қолдириш — хотинидан қосос олиш демак эди, ҳолбуки у қосос олишни истамас эди. Лекин булардан ташқари, Алексей Александрович талоқни яна шу сабабли имконсиз нарса деб ҳисоблардики, талоққа рози бўлиш билан Аннани ҳолокат қилган бўлур эди. Москвада Дарья Александровнанинг айтган гаплари кўнглига жо бўлиб қолган; ўшанда Дарья Александровна: "Талоққа рози бўлишингиз билан бирга, фақат ўзингизни ўйлайсизу, шу ҳаракатингиз билан Аннани абадул-абад ҳалок қилаётганингизни ўйламайсиз" деган эди. Алексей Александрович ўша сўзларни ўз кечирими билан, болаларга бўлган меҳри билан боғлаб кўриб, энди уларни ўзича тушуна бошлади. Талоққа рози бўлиш, Аннага эркинлик бериш, унинг фикрича, ўзи севган болаларидан маҳрум бўлиш, Аннани эса, эзгулик йўлидаги сўнги таянчидан маҳрум этиб, ҳалок қилиш демак эди. Агар Анна талоқ қилинган хотин бўлиб қолса, у ҳолда Вронский билан топишиб кетишини, бу алоқа ғайри қонуний, жинояткорона тус олишини биларди, чунки черков қонунига кўра, эри ҳаёт бўлган хотиннинг никоҳига йўл йўқ эди.
"Анна у билан топишади-ю, аммо бир икки йилдан кейин ё у Аннани ташлаб кетади, ё Анна яна янги алоқага киришади, — деб ўйларди Алексей Александрович. — Шунинг учун ғайри қонуний талоққа рози бўлиш билан мен унинг ҳалокатига сабабчи бўламан". У бу нарсаларни юз марталаб ўйлаган ва талоқ иши, қайнағаси ўйлаганидек, у қадар осон бўлмай, балки имкон хорижидаги бир нарса эканлигига қаноат ҳам ҳосил қилган эди."
Алексей Александровичнинг руҳий кечинмалари, изтиробларидан маълум бўладики, ўша даврдаги черков қонунлари рус жамиятидаги насронийликка эътиқод қўйган инсонларни мушкулотга солган. Алексей Александрович ўзига хиёнат қилган хотинини жазолай деса, эътиқоди бунга йўл бермайди. Чунки насронийликда қасос олиш йўқ. Фақат афв қилиш керак. Черков таълимоти: "Чап юзингга уришса, ўнгин тутиб бер" дейди. Талоқ қилай деса, кейин башқа аёлга уйлана олмайди. Чунки черков қонунига кўра, хотинини талоқ қилган эркак бошқа оила қуриши мумкин эмас.
Шунингдек, эридан ажрашган хотинга ҳам бошқа турмуш қуриш таъқиқланади. Агар эри тирик аёл бошқа билан оила қурса, бу муносабат ғайри қонуний бўлади. Шунинг учун ҳам бечора Алексей Александрович хотинининг ҳар қандай номаъқул ишларига чидашга мажбур. Аннанинг фожиали тақдири замирида рус жамиятидаги талоқ қилинган аёлларнинг қисмати ётади. Талоқ қилинган аёлга тавба қилиб, бошқатдан ҳалол ва покиза оила қуришга йўл йўқ. Насронийликда хиёнаткор аёлларга на жазо берилади ва на тавба қилишга имкон. Аёллар умидсизлик уммонига ғарқ қилинади. Улар жисмонан эмас, балки руҳан қатил қилинади. Хиёнаткор аёлларнинг олдида факатгина икки йўл қолади: бузуқ йўлга кириш ёки ўз жонига қасд қилиш. Бошқа чора йўқ. Бундан кўра ўлим жазосига ҳукм қилиш минг марта яхши эмасми? Йўқ, улар учун бу "ваҳшийлик" ҳисобланади. Насроний ёзувчиларнинг асарларига эътибор берилса, уларнинг бу масалани ёритишдаги танлаган сюужетлари деярли бир хил: Муҳаббат — Хиёнат — Талоқ — Фожиа. Бошқа ечим йўқ.
Бундан кўринадики, ҳалол никоҳни қийинлаштириш, бузуқликка йўл очади. Жамиятда фаҳш урчишига сабаб бўлади. Насоролар Исо алайҳиссалом келтирган рисолатни бузиб, ўзгартириб, унга турли хурофотларни аралаштириб ташлашди. Черков роҳиблари ўзига динни ниқоб қилиб, оддий ҳалққа кўп зулм ўтказди. Инсонларнинг тоқати кўтармайдиган қонунларни жорий этди. Бунинг натижасида инсонларнинг ақийдаси бузилди. Ҳаёти издан чиқди. Черковнинг зулмидан безган ҳалқ охири диндан юз ўгирди. Жамиятда динсизлар кўпайди. Улар ҳокимиятга қарши кураш олиб борди. Оқибатда, динсизлар ҳокимиятни эгаллади. Ва динни ҳокимиятдан ажратди. Улар инкор этган дин аслида Исо алайҳиссалом келтирган рисолат эмас, балки черков роҳиблари ўзи учун ясаб олган сохта бир "дин" эди. Аммо буни англашмади. Ўзининг черковидан хулоса чиқарилиб, барча динларга бир хил ҳукм ўқилди. Динга қарши курашилди. Динсиз ҳукуматнинг қилган хунрезликлари эса барчага маълум. Хуллас, гапирса гап кўп.
Ушбу асарни ўқир эканман, мусулмон жамиятида туғилганим учун Аллоҳга ҳамдлар айтдим. Чунки динимизда ҳар қандай масалага гўзал ва адолатли ечимлар берилади. Насоролар динида: "оила қурдингми, нима бўлса ҳам чидайсан, мажбур яшайсан"," талоқ қилсанг бошқа уйланмайсан, тоғ ўтасан" дейилади. Бизнинг шариатда эса, турмуш қурган икки инсон бир-бирига маъқул келмаса, яхшилик билан ажрашиши мумкин. Кейин талоқ қилган эр ҳам, талоқ қилинган хотин ҳам бемалол бошқа оила қуриши жоиздир. Бу гўзал ечим эмасмм? Яна шунингдек, хотинининг хиёнатига сабр қилиш насронийликда эр-киши учун фазилат ҳисобланади. Бизда эса бу даюслик дейилиди. Бизда хиёнаткор хотинлар ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди. Улар жазоланади. Тавба қилишга, гуноҳини ювишга имкон берилади. Ислом дини ҳеч бир инсонни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмайди. Насронийлик ва Ислом шариатини солиштириб кўрган соғлом фитратли инсон Исломнинг ягона ҳақ дин эканлигига иймон келтиради. Шундай экан, динни холис ўрганинг. Шунда ҳақ йўлни топасиз, иншааллоҳ! Бизга ҳидоят берган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
@havaskor_adabiyotchi