Бир сулола тарихи

Бир сулола тарихи

"Тошкент ҳақиқати" газетасининг 2024 йил 16 мартдаги 14 сонида: 

(Зойир Мирзаевнинг “Қаҳрида ҳам меҳр бор эди...” биографик эссесини ўқиб...)

“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди”.

Қуръони карим, “Исро” сураси, 23-оят

Ҳар бир инсон туғилганидан бош­лаб умр дафтарига ўз асарини ёзишга киришади. Бу асарнинг фожиали ёки бахтли якуни эса инсоннинг қандай мақсадларга интилиб яшаши, маънавий ва маърифий дунёси, хулқ-атвори, оиласи ва атрофидагиларга муносабати, юртига муҳаббати ва халқига беминнат хизмати каби мезонларга боғлиқ. Яхшиликка интилиб яшаган, қалби пок кишилар, таъбир жоиз бўлса, ўзларидан шоҳ асарлар қолдиришадики, уларнинг умр дафтарини варақлаб, ўзимиз учун ибрат ва намуна оламиз.

Ҳалол меҳнати ва туғма қобилияти билан элу юртда ҳурмат, обрў ва шараф топган таниқли агроном, самимий ва камтарин, фидойи инсон ­Тойир Мирзаев хотирасига бағишланган “Қаҳрида ҳам меҳр бор эди...” номли биографик эссени мутолаа қилар эканман, яхшилар ёди унутилмаслигига яна бир бор амин бўлдим.

Тойир Мирзаев 1947 йилда Самарқанд вилояти Булунғур (ҳозирги Жомбой) туманининг Тут қишлоғида таваллуд топган. Тақдирнинг синовларига қарангки, 9 ёшида опаси ­Мушарраф, 16 ёшида падари Ҳамдам ота вафот этиб, оилада волидаси Қурбоной онанинг ёлғиз суянчи бўлиб қолган. Табиатан илмга чанқоқ ва изланувчан бўлган Тойир Мирзаев ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлаган, аммо оиладаги қийинчиликлар, етишмовчиликлар сабаб дорилфунунда ўқиш учун имконияти етмаган. Бунга Қурбоной онани қўшнисининг ҳўкизи сузиб, узоқ вақт тўшакда ётиб қолгани ҳам сабаб бўлган. Шу кўргилик оқибатида онаизор умрининг охиригача қаддини кўтара олмайдиган бўлиб, букчайган ҳолда яшаган.

Ёш бўлишига қарамай, оиланинг бутун залворини елкасига ортган ­Тойир Мирзаев қишлоқда механизатор бўлиб ишлай бошлаган. Туғма қобилияти, меҳнатсеварлиги ва жонкуярлиги ортидан бригада бошлиғи даражасигача кўтарилган.

Мактабни тамомлаганига 11 йил тўлган бўлса ҳам, чин қалбидан илмга интилиб, олий маълумотли бўлиш орзу­си билан яшаган Тойир Мирзаев 1976 йилда Самарқанд қиш­лоқ хўжалик инс­титутига ўқишга кирган. 1981 йилда институтни муваффақият­ли тугатиб, Жомбой туманида хўжалик бош агрономи, колхоз раиси, кейинчалик хўжалик бошқаруви раиси лавозимларида меҳнат қилган.

Элнинг оғир кунида елкадош, қувончли дамларида даврадош бўлиб, халқнинг ҳурматини қозонган меҳнатсевар ва танти, очиқкўнгил ва бағрикенг, дўстпарвар Тойир Мирзаев жуфти ҳалоли Маҳкамтош ая билан биргаликда 7 нафар фарзандни камолга етказиб, олий маълумотли қилган.

Ушбу биографик эссе муаллифи, атоқли давлат арбоби Зойир Мирзаев шундай хотирлайди: “Отам: “Мен ёлғиз ўғил эдим, сизлар ёнимга кириб, биз катта уруғ бўлдик”, деб кўзларига ёш олиб гапирардилар. Айниқса, бу ҳол умрларининг сўнг­ги йилларида кўп такрорланадиган бўлди...”(134-бет).

Ҳақиқатдан ҳам, бугун Мирзаевлар авлоди катта сулолага айланган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Алишер Мардиев китобга ёзган сўзбошисида таъкидлаганидек: “Ҳаёти давомида турмушнинг аччиқ синовларига бардош бера олган, ҳар қандай ҳолатда ҳам инсонийлик фазилатини йўқотмасдан олға интилган бу инсон туманда ­Мирзаевларнинг ибратли сулоласини яратишга муваффақ бўлди.

Ушбу китобни фарзанди ­Зойир Тойировичнинг ўзи ёзиб, ниҳоятда тўғри иш қилибди. Чунки отасининг ўз сулоласига берган ибратини у яхши англаб етган. Бундан ташқари, уй-музей ҳам нафақат сулола раҳбари Тойир аканинг, балки Мирзаевларнинг шонли тарихини ибрат қилиб кўрсатиб турибди”. (6-бет).

Китоб юксак самимият ва маҳорат билан, ниҳоятда равон ва ишонарли ёзилган. Муаллиф падари бузрукворининг умр йўлини ҳикоя қилиш асносида ўзбек халқининг XX асрнинг иккинчи ярми ва XXI асрнинг бошларидаги тарихини ҳам ҳаққоний ва ҳаётий мисоллар билан ёритиб берган. Жумладан, ўтган асрнинг 80-йилларида мамлакатимизда содир бўлган “пахта иши” фожиалари холислик билан тасвирланиб, халқимизга хос букилмас ирода, сабр ва матонат каби юксак инсоний туйғулар аввало Тойир Мирзаев тимсолида, шунинг­дек, эсседа ҳикоя қилинган воқеалар иштирокчилари тийнатида тараннум этилган.

Китоб таркибан тўрт қисмга ажратилган.

Биринчи қисмда муаллиф ушбу ёдномани ёзиш унинг учун фарзандлик бурчи эканини, китоб фақат ҳаётий воқеаларга асосланганини алоҳида таъкидлаган. Унда Тойир Мирзаевнинг аждодлари, болалиги, мактаб даврлари, касбий фаолияти ва оилавий ҳаё­ти қизиқарли тарзда ҳикоя қилинган.

Иккинчи қисм “Отамдан эшитганларим” деб номланган. Ушбу қисмда муаллиф отасидан эшитган ва хотирасида ўчмас из қолдирган тарбиявий аҳамиятга эга 7 та ҳикояни келтирган.

Учинчи қисмда муаллиф – ­Зойир Мирзаевнинг отаси – Тойир ота ҳақидаги хотиралари баён этилган. У падари бузрукворидан ўз кучига ишониш, оғир аҳволда қолганларга ёрдам бериш, камтарлик, режали ишлаш, ҳар бир ишда аввало ўзи ибрат кўрсатиш, қийинчиликка сабр қила олиш, оилада ўз ўрнини топиш, болалар билан мунтазам шуғулланиш, билим олиш ва ҳунар ўрганишга иштиёқли бўлиш, рўзғор ишларини қила олиш, одамларни эшитиш, ҳар доим тўғри сўзни айтишни ўрганганини таъкидлаган. “Кўзингга қара, эҳтиёт бўл, тилингга эрк берма”, “Кун кўрмаган кундузи чироқ ёқармиш”, “Дангаса топаман деса, баҳона топилаверади” каби отасидан эшитган панд-насиҳатларни ҳам китобхон ­эътиборига ҳавола қилган. Ушбу қисмда Мирзаевлар сулоласи шажараси ҳам келтирилган.

Тўртинчи қисм “Замондошлари хотираларидан” деб номланиб, унда Тойир Мирзаевнинг фарзандлари, келин ва неваралари, шунингдек, уни шахсан таниган-билган инсонларнинг хотиралари (жами 23 та) жамланган. Хотираларда Тойир отанинг юксак одамийлик фазилатлари самимият билан эътироф этилган.

Тарихий ва тарбиявий, бадиий ва маърифий жиҳатдан юксак савияда ёзилган ушбу биографик эссе таниқли давлат арбоби, дўстимиз Зойир Мирзаевнинг носирлик истеъдодини ҳам намоён этган. Бу, айниқса, Самарқанднинг ширали ўзбекона шевасида сўзлашадиган асар қаҳрамонлари тилининг жонлилигида, улар тилидан халқ нақллари ва иборалари ўринли ишлатилганида яққол кўзга ташланади. Кези келганда қўлланилган “чорпут”, “меш”, “тентак” каби лақаблар ҳам асарнинг халқоналигини таъминлаган.

Тойир отанинг ҳаётий хулосалари унинг тилидан содда, шу билан бирга таъсирчан тарзда китобхонга етказилган. Масалан, Тойир ота онаси Қурбоной дардманд бўлиб қолганида шундай хулоса чиқаради: “Агар орқангда суяйдиганинг, ичи ачиб сўрайдиганинг бўлмаса, ҳаёт зарбалари сени эзиб ташлайди, ҳамманинг сўрагани ўз йўлига, лекин ака-ука ва жигарларнинг сўрагани бошқача. Умуман, аканг, уканг борлигининг ўзи катта бахт” (54-бет).

Отаси билан боғлиқ воқеаларни ҳикоя қилар экан, муаллиф ўзининг шахсий мулоҳазаларини ҳам заргарона тарзда билдириб ўтади. Жумладан, нафақадаги Тойир отанинг ҳамсуҳбат отахонлар билан гурунгларини тасвирлар экан: “Суҳбатларни эсласам, қариндошлар ўртасидаги самимийлик йўқолиб бораётганини, фарзандлар ота-она ҳолидан, опа-ука, қариндошлар бир-бирлари ҳолидан хабар олиши, деган қадриятлар унутилаётганини сезаман, асосийси, яқинлар ҳолидан хабар олиш, йўқлаш деган инсоний фазилатлар йўқолиб бораётганидан афсусланаман, ачинаман” (127-бет), дея фикр билдириб, китобхонни ҳам мушоҳадага чорлайди.

Мухтасар айтганда, ушбу биогра­фик эссе ҳалол меҳнати, илмга чан­қоқлиги ва фарзандларига берган оқилона тарбияси орқали эл ичра азиз бўлган табаррук инсон – Тойир Мирзаевнинг ибратли ёдномасидир.

Аслида, ҳар бир инсон ўз аждодлари ҳақида шу каби асарлар ёзиши керак. Демак, бу борада ҳам ушбу ёдномадан ибрат олсак арзийди.

Акмал САИДОВ,

Академик

Report Page