“Бир болага етти маҳалла ота-она!”
Buxoro.uzКогон шаҳри ҳамда туманидаги ихтисослигига кўра жиноят ва маъмурий судлари, шунингдек, прокуратура, Ички ишлар органлари, Маҳалла ва оилани қўллаб кувватлаш бўлими ҳамкорлигида вояга етмаганлар таълим-тарбиясига бағишлаб ташкил этилган профилактик тадбир ана шундай номланди.

Долзарб масала муҳокамасида Когон тумани прокурорининг ўринбосари Содиқжон Жўраев, Жиноят ишлари бўйича туман ҳамда шаҳар судлари раислари Қосим Холов ва Яшин Ниёзовлар, худди шундай шаҳар-туман Маъмурий судлари раислари Феруз Ибрагимов ҳамда Давлат Чориевлар, Когон туман ҳокимининг ўринбосари Зуҳриддин Ашуров жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар статистикаси, айниқса, вояга етмаганлар билан боғлиқ содир бўлаётган турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, ўсиб бораётган жиноятлар турлари, уларга имкон берган сабаблар ва шарт-шароитни бартараф этиш йўллари хусусида сўз юритдилар.

Ёшлар тарбиясида оила, мактаб ва маҳалланинг ўрни ва аҳамияти катта. Бу уч маскан юксак маънавият ўчоғи эканлиги, унда ўсиб вояга етаётган ўғил-қизлар эртаси учун барча бирдек масъулиятни зиммага олиши зарурлиги, ҳар болани эътибордан четда қолдирмаслик, жамоатчилик кучи билан баъзи носоғлом оилалардаги муҳитни ўзгартириш кераклиги алоҳида таъкидланди.
Шу маънода ички ишлар идораларида профилактик ҳисобида турган оилалар, хотин-қизлар, вояга етмаганлар билан ишлашда самарадорликка эришиш, бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга доир таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Тадбир иштирокчилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаоллар, ҳудуд профилактика инспекторлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Вилоят ИИБ матбуот хизмати