Бир қиз айтади:

Бир қиз айтади:

fitrat.uz
«Қулоғим сенда, қизим!»

Бир қиз айтади:

«Жуда кўп йиллар давомида ғам-ташвишсиз жойда бўлиб қолишни орзу қилиб яшадим. Уйимизда муаммоларнинг кети узилмасди, ота-онам мени хафа қилиш бўйича гўёки кимўзарга ўйнашарди. Ҳатто овқат пайти ҳам тинчлик йўқ эди, доим бақир-чақир билан ўтарди. 

Бозордан кийим-кечак сотиб олишим ҳам онамнинг бақир-чақирлари учун бир баҳона эди. Мен онам хоҳлагандек кийим сотиб олишга қанчалик ҳаракат қилмайин, барибир тирноқ остидан кир қидириб, мени маломат қилаверардилар. Хуллас, онамнинг менга муомаласи худди уйдаги хизматкорга қилинадиган муомала эди. 

Ҳамма дам олганда менинг ҳам дам олишга, ҳамма кулганда менинг ҳам кулишга ҳаққим йўқ эди гўё.

Мен ўзи бу дунёда бахт юзини кўрармиканман, деб ўкинардим, ўзимга дардкаш дугона қидирардим. Лекин ҳозирги қизларнинг аксарияти ҳам ўзимга ўхшаб, ғам-қайғу манбаига айланиб улгурган экан. Уларнинг ҳар бири дугонасининг бахтсизлиги эвазига бўлса ҳам, бахтга эришишни истайди.

Бу ҳаётда менга бахт улаша оладиган биргина инсон – бувим бор эдилар, холос. Лекин бувим ҳам тўсатдан вафот этиб қолдилар. Бувимнинг вафотидан шунақанги қайғуга ботдимки, ҳатто бир нечта тишим тўкилиб тушди.

Ёшим ҳам улғайиб қолди. Лекин ҳамон ҳаёт уммонида сарсон бўлиб юравердим, юравердим... Ниҳоят, Аллоҳ таоло мени ҳидоят қилди -- масжидга йўл топдим. Ҳақиқий сакинатни, бетакрор роҳатни шу ерда ҳис қилдим. 

Ҳаётимда илк бор ғам-қайғусиз, тинч жойни топган эдим. Қачон ғам-алам ҳис эта бошласам, масжид сари ошиқар, Аллоҳ таолога сиғиниб, ёлвориб, мени қийнаётган ғамлардан халос бўлиб қайтардим.

Бир куни масжидда жаннат ҳақида маъруза бўлди. Имом бир оятни эслатиб, жаннат аҳлининг «У Зот Ўз фазли ила бизни шундай жойга жойлаштирдики, у ерда бизга чарчоқ ҳам, хорғинлик ҳам етмайди» дейишини айтди. Ана шунда умримда биринчи марта қайғусиз жой фақат Жаннат эканини тушундим. 

Шунда англаб етдимки, Жаннатда бериладиган неъматларнинг энг яхшиси – у ерда мутлақо қайғу бўлмаслиги экан! Демак. мен шунча пайтдан бери қидириб юрган қайғусиз жой – Жаннат экан. 

Шундан кейин қачон ғам чексам, Жаннатга муштоқ бўлавердим. Шундай қилиб, ғам-ташвишларим кўпайган сари, Охиратга муҳаббатим зиёда бўлиб бораверди».

«Қулоғим сенда, қизим!» китобидан

Report Page