Бир қатор иқтисоди ривожланган давлатлар иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича 48 та шартнома имзоланишига эришилди

Бир қатор иқтисоди ривожланган давлатлар иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича 48 та шартнома имзоланишига эришилди


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Баҳром Абдувалиев маълум қилди.

Аввало айтиб ўтиш керакки, ҳисобот даврида Ташқи меҳнат миграцияси соҳасини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш юзасидан 2 та қўшимча норматив хужжатлар (“Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 59-сонли Фармони, “Ёшларни касбга (мутахассисликка) ва чет тилларига ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 213-сонли Қарори) қабул қилинди.

Мазкур хужжатлар билан хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни аниқлаш, улар билан манзилли ишлаш, кетишдан олдинги тайёрлаш тадбирларини соддалаштириш, моддий ёрдам кўрсатиш бўйича янги инструментларни жорий қилиш, меҳнат миграцияси географиясини кенгайтиришга қаратилган аниқ вазифалар белгиланган.

Белгиланган вазифалар ва мақсадли кўрсаткичлар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида қуйидаги ишлар амалга оширилди.

1. Германия, Туркия ва Болгария, Белорусь, Россия, Латвия, Сербия, Словакия, Саудия Арабистони, Литва, Хорватия, Венгрия ва Буюк Британия каби дунёнинг иқтисодиёти ривожланган давлатлари иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича 48 та шартнома имзоланишига эришилди. Шундай қилиб, жами келишувлар сони 309 тага етди.

2. “Хорижга иш - маҳалладан” тамойилига кўра, хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни аниқлаш ва улар билан манзилли ишлаш бўйича янги тизим яратилди.

Бунда, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда 63 минг 678 нафар фуқаронинг (Россия, Жанубий Корея, Буюк Британия, Қозоғистон, Германия, Туркия, Япония, Литва, Болгария, Латвия, Польша, Беларусь ва бошқа давлатлар) хорижий давлатларга ташкилий ва манзилли тартибда ишга жойлашишига кўмаклашилди.

3. Хорижга ишга кетишдан олдин фуқароларни чет тили ва касбларга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада:

Швецариянинг “GLOBOGATE”, Германиянинг “Nova Agency”, “Technoconsult” “CBZ Munchen” марказлари билан ҳамкорликда немис тилига ўқитиш курслари, Япониянинг “Nippon Educational Academy” компанияси, “AOIKAI Yaponiya”, “Yume” марказлари билан ҳамкорликда япон тили, маданияти ва меҳмонхона хизматига ўқитиш курслари, Жанубий Кореянинг “Qirol Sejong” маркази билан ҳамкорликда корейс тили ва маданиятига ўқитиш курслари ташкил этилди.

Хамкорликда ташкил этилган ушбу курсларига жами 5 191 нафар фуқаро жалб қилинди.

Умуман олганда, йил бошидан хорижда ишлаш истагида бўлган 31 876 нафар фуқаро турли касбларга ва чет тилларига ўқишга жалб қилинди. Уларнинг 27 651 нафари 30 га яқин турдаги касбларга ва 4 225 нафари хорижий тилларига ўқишга жалб қилинди.

4. Хориждаги ҳамюртларимизни қўллаб-қувватлаш тизими бўйича тўхталадиган бўлсак, 132 мингдан ортиқ фуқарога ахборот ва маслаҳат хизмати, 3,1 минг нафар фуқарога ҳуқуқий, 2,9 минг нафар фуқарога ижтимоий, 1,7 минг нафар фуқарога моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Шунингдек, 108 нафар меҳнат мигрантлари хорижий давлатларда бир марталик яшаш жойларига жойлаштирилди, оғир вазиятларга тушиб қолган 444 нафар юртдошимиз эса Ўзбекистонга олиб келинди.

Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари аралашуви билан юртдошларимиз иш берувчиларидан 376,6 минг АҚШ долларига яқин иш ҳақлари ундириб берилди.

5. Бугунги кунда Германия, Жанубий Корея, Туркия, Литва, Буюк Британия, Канада, Польша, Латвия, Япония, Финляндия, Руминия каби давлатларда тиббиёт, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, юк автомобиль ҳайдовчиси, пайвандлаш, электрик, IT каби соҳалар бўйича 154 мингта бўш иш ўринлари аниқланган.

Ушбу бўш иш ўринлари бўйича хорижий тилларни биладиган ҳамда малакага эга номзодлар ўзлари тўғридан-тўғри ёки маҳалладаги хоким ёрдамчилари орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Фурсатдан фойдаланиб, хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимиздан турли норасмий эълонларга ва воситачи шахсларга ишонмасликни, фирибгарлик ҳолатларига дуч келган тақдирда, зудлик билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ёки ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишларини сўраймиз.


Report Page