Беруний тумани ҳокими А.Х.Сапарбаевнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан юртдошларимизга байрам табриги

Беруний тумани ҳокими А.Х.Сапарбаевнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан юртдошларимизга байрам табриги

BERUNIY_NEWS

Ассалому алайкум ҳурматли ватандошлар!

Бугун барчамиз учун қувончли кун. Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллик байрами билан бутун халқимизни самимий муборакбод этаман.

“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” бу шиор мустақилликнинг бош шиори ҳисобланиб, янги Ўзбекистон ривожи, учинчи ренессанс давринингбошланишидаги эзгу мақсадни ўзида мужасам этган ғоядир.

Асрлар давомида мустақилликга эришиш, ўз эркини қўлга киритиш мақсадида аждодларимиз жонидан кечиб, бугунги тарихий кунларга эришган. Буюк тарихий шахслар Тўмарис, Широқ, Муқанна, Жалолиддин Мангуберди, Нажимиддин Кубро, мўғуллар истилосидан ватанни қутқарган ва Темурийлар сулоласига асос солган буюк Амир Темур сиймосида, маърифатпарвар жадидлар ҳаракатида биз мустақиллик асосчиларини кўрамиз. Халқимизнинг минг йиллик қадриятлари, урф-одатлари, маънавияти бугунги истиқлол нафаси билан чамбарчас боғлиқдир.

Мустақиллик йилларида кўп миллатли Ўзбекистон халқи ўзининг буюк салоҳияти, мустаҳкам иродаси ва матонатини намоён этди, оғир синов ва машаққатларни мардона енгиб, катта тараққиёт йўлини босиб ўтди.

Юртимиз илгариги иқтисодиёти бир томонлама шаклланган, қолоқ республикадан барча соҳаларда жадал ривожланиб, фуқароларнинг ҳаёт даражаси, сиёсий-ижтимоий фаоллиги, онгу тафаккури тобора юксалиб бораётган, жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида узоқ-яқиндаги барча мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини кенг миқёсда олиб бораётган миллатлараро ҳамдўстликни ўзида мужассам этган замонавий, очиқ ва демократик давлатга айланди.


Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларимиз натижасида, айниқса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга жорий этиш асосида мамлакатимизнинг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётини тубдан янгилаш, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини реал воқеликка айлантириш борасида салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда.

Жаҳон миқёсида давом этаётган коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқирозга, шунингдек, бошқа турли таҳдид ва хатарларга қарамасдан, халқимизнинг мустақил тараққиёт йўлидаги амалий ҳаракатлари изчил давом эттирилмоқда.


Жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, фуқаролар ва миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳити мустаҳкамланмоқда. Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар, ҳаётимизнинг барча жабҳаларини эркинлаштириш, иқтисодиёт ва унинг тармоқларини, хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасида катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда.


Жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ижтимоий дафтарларнинг аҳамияти боис бугун жамиятда аёллар ва ёшларга берилаётган эътибор янада кучайди. Беруний туманида 194 525 нафар аҳоли мавжуд бўлиб, шундан 111 902 нафарини (58,1 фоиз) ёшлар (0-30 ёш) ташкил этади.

“Ёшлар дафтари”га киритилган 7058 нафар ёшлардан 6577 нафар ёшларнинг муаммоларига амалий ёндашилиб ҳал қилинди.

Ёшларнинг тадбиркорлиги ва шижоатини кўриб, юрт келажаги ишончли қўлларда эканлигига яна бир бор амин бўламиз.


Аёллар дафтарини шакллантиришда 2020 йилда 1 босқич аёллар дафтарига 2002 нафар хотин-қизларнинг рўйхатлари шакллантирилиб уларни 9 тоифа бўйича бандлигини таъминлаш моддий ёрдам ажратиш ишга жойлаштириш тиббий кўрикдан ўтказиш ҳуқуқий маслаҳатлар бериш шунингдек кредит ажратиб ўз ишини бошлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

“Аёллар дафтари”нинг 2 босқич ишлари 2021 йил июн-июл ойларида Маҳалла ва овул фуқаролар йиғинининг ишчи гуруҳи томонидан аёллар ўртасида сўровнома ўтказилиб 2125 нафар хотин-қизларнинг рўйҳатлари шакллантирилди ҳамда 2021 йил 23 июл куни Халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланиб “Аёллар дафтари”нинг 2-босқичига руйхатга киритилди.Эртамиз эгаларининг ҳар томонлама баркамол, етук ва мард бўлиб камол топишида спортнинг роли жуда аҳамиятлидир.

Етишиб келаётган ёш авлоднинг бугунги ютуқлари том маънода мақтанса арзигулик. Беруний тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби жамоаси, тренер ва мураббийлари чемпионлар тайёрлашда, спорт соҳасида ютуқларга эришишда республикамизда етакчилардан биридир. Халқаро турнирлар, Жахон Чемпионати ва Кубогларида юқори марраларни эгаллаб келмоқда.

2021 йил 3-8 август кунлари Қирғизистон Республикаси Иссиқкўл шахрида спортнинг Усманов комбат системс (комбат айкидо) тури бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Жахон Чемпионатида 6 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритиб, энг юқори кўрсатгичга эга бўлди. Спортчиларнинг Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси миқёсидаги иштироки алоҳида таҳсинга лойиқдир. Соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшлар ўртасида спорт турларига қизиқишни орттиришда, бу ўғил-қизларимиз ёрқин намунадир. Шу фурсатдан фойдаланиб фарзандларимизни спортга ошно этиб тарбиялаётган, мураббий тренерларга ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман.

(қарсаклар)



Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТнинг 75 юбилей сессиясида сўзлаган нутқида, мамлакатимизда камбағалликга қарши курашиш ва уни тугатиш бўйича алоҳида тўхталиб ўтди. Республикамизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун “Темир дафтар”ни юритиш, маҳаллалар кесимида шакллантириш ва бу рўйхатда турган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ишлар тизимли ташкил этилди. Бу ишларнинг амалий давоми сифатида туманимизда “Саҳоват уйи” ташкил қилинди. Бу борада мен алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдим. 2019 йил охирида пайдо бўлиб, бутун дунёни таҳликага солган Коронавирус пандемияси барчани бирдек ташвишга солган вақтда берунийлик танти ва мард тадбиркорлар, фермер ҳўжаликлари рахбарлари, саҳоватпеша инсонлар “Темир дафтар”даги оилаларга ўзларининг беғараз ёрдамларини аямадилар. Бугунги байрам муносабати билан туманимиз тадбиркорларига ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни ва рахматимни билдираман.


“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили асосида ишлаш натижасида аҳолининг йиллар давомида ўз ечимини кутиб ётган минглаб мурожаатлари ҳал қилинди. Юқори турувчи органлар, Республика миқёсидаги вазирлик ва идоралар, сектор раҳбарлари бошчилигида ўтказилган оммавий сайёр қабуллар давомида фуқаролар мурожаатлари тингланиб, уларнинг ечимига қаратилган амалий ҳаракатлар олиб борилди. Шу ўринда уйма-уй юриб, аҳоли мурожаатлари тизимини шакллантирган, ҳар бир ёш тоифаси билан алоҳида шуғулланган, Беруний туманидаги 4 сектор ишчи гуруҳи аъзоларига шахсан ўз номимдан миннатдорчилик изҳор этаман.2020-2023 йилларда туманларни ижтимоий-иқтисодий ва комплекс ривожлантириш, шу жумладан ишлаб чиқариш ва инвестиция салоҳиятидан самарали фойдаланиш, муҳандислик коммуникация, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларини барқарор ривожлантириш, шу асосда аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш мақсадида устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Инвестиция лойиҳалари асосида 1 трлн. 763 млрд. сўм ҳисобига 87 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши ва 1328 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Инвестиция лойиҳаларнинг асосий улуши чорвачиликни ривожлантириш (18 та лойиҳа), савдо хизмати (15та), қурилиш материаллари саноати (10 та), боғдорчиликни ривожлантириш (10 та), маиший хизмат кўрсатиш (7 та), озиқ-овқат саноати (5 та), иссиқхона ташкил этиш (3 та) каби йўналишларга тўғри келади.

2020-2021 йилларда умумий қиймати 89,1 млрд.сўмлик 65 та лойиҳалар амалга оширилди ва янгидан 346 та иш ўринлари яратилди.

Беруний туманининг драйвер соҳалари қилиб қурилиш ва чорвачилик соҳалари белгилаб олинган. Бу йўналишлар борасида бизда имкониятлар кўп. Янги чорва комплексларини барпо этиш, наслли чорва молларини кўпайтириш натижасида, гўшт ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш, сутни қайта ишлаш шу билан бирга, ички бозорни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш ва экспорт бозорида ўз брендимизни яратиш, имкониятларни кенгайтириш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Туманнинг иқтисодий ўсиш нуқталарини ривожлантириш, иш ўринларини яратиш, бу орқали аҳоли даромадларини сезиларли ошириш каби юқори натижаларга эришишни мақсад қилганмиз.

Хабарингиз бор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди. Бу эса тадбиркорларимиз учун янги имкониятлар эшигини очиб берди. Аслида Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқоти тарихда бўлмаган, ўзига хос воқеа. Тадбиркорларимизга кўплаб енгилликлар берилди. “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дея Президентимиз ишбилармон доира вакилларини қорақалпоқ диёридаги чексиз имкониятлар билан қизиқтириб қўйди. Шу ўринда биз ҳам туманимизга тадбиркорларни жалб қилиш, туманнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш борасида режалаштирган ишларимизни янада юқори босқичларга кўтарамиз.

Қадрли дўстлар!

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бугунги кунда ҳар бир хонадонга кириб бормоқда. Республикамизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам янги кўринишдаги инфратузилма объектлари, замонавий типдаги уй-жойлар, маданият масканлари, маҳалла бинолари, мехнат гузарлари, яшил қопламали спорт майдонлари қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани фуқароларимизни янада қувонтирмоқда. Ҳудудларни ривожлантириш бўйича давлат дастурларининг қабул қилиниши бу борадаги ишларни янада жадаллаштиради.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Давлат дастурлари ҳамда инвестиция дастури, оғир ҳудудларни ривожлантириш дастурлари асосида қишлоқ жойларида тоза ичимлик суви қувурлари ётқизилиши, йўл инфратузилмасини яхшилаш, электр энергия, газ таъминоти, телекоммуникация тармоғини тортиш ишлари олиб борилди.

2021 йил давомида Ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича жами 9 млрд. 778 млн сўмлик 37,9 км ичимлик сув тармоғи янгидан тортиш ва 2 та иншоотни реконструкция қилиш режалаштирилган бўлиб, бу эса туманимиздаги Махтумқули, Олтинсой, Абай ва Қизилқалъа овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларда амалга оширилди.

Ички йўлларни яхшилаш бўйича жами 11 млрд. 203 млн сўмлик ишлар бажарилиши режалаштирилган бўлиб, ички кўчаларга тош шағал аралашмаси ётқизиш ва марказий йўлларга асфальт ётқизиш ишлари давом этмоқда. Туманда жами 77.4 километр йўллар ишланади.

Электр таъминотини яхшилаш бўйича жами 8 млрд.139 млн сўмлик 50,1 км электр тармоқлари тортиш ва алмаштириш, 14 та трансформатор пунктини (ТП) ўрнатиш ва алмаштириш, таянч устунлари ҳолати яхшилаш режалаштирилган.

Алоқа ва ахборотлаштириш тизимини яхшилаш бўйича Беруний туманида 2021 йил давомида жами 1 млрд. 125 млн сўмлик 62 км ер ости ва 62,5 км ер усти тармоғи яъни алоқа ва интернет тармоғи тортиш режалаштирилган.

Бу ишларимизнинг барчаси халқимизнинг фаровон турмушини таъминлаш, уларнинг янада яхши яшашини ўйлаб қилаётган ҳаракатларимиздир. Биз қачон натижадорликка эришамиз? Қачонки халқимиз биздан рози бўлса, амалга ошираётган ҳар бир ишимиз халқнинг олқишига сазовор бўлсагина, кулиб турган юзларни, рахмат тўла нигоҳларни кўрасггина биз натижага эришган бўламиз.

Қадрли юртдошлар!


Сўнги йилларда демографик ўсиш, фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини янада оширмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда кўп қаватли турар жойлар қуриш, шахар архитектурасига мос равишда мавзелар ташкил этиш ишлари Беруний туманида жадал суратларда олиб борилмоқда.


2020 йилнинг ўзида туман марказининг “Тўқимачи” МФЙ худудидаги “Гулзор” мавзесида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сонли Фармонига асосан банк кредити ва ўз маблағлари хисобидан қурилиши бошланган кўп хонадонли турар жойлар лойиҳа қиймати 74 млрд. 521 млн сўмлик 7 та 5 ва 4 қаватли 323 хонадонга мўлжалланган уй-жойлар қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шундан бугунги кунда лойиҳа қиймати 19 млрд.

521 млн сўмлик 2 та 4 ва 5 қаватли 99 хонадонга мўлжалланган уй-жой қуриб битказилди.

2021 йилда эса туман бўйича жами, 4 та 5 қаватли 110 хонадонли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган. Замонавий шароит, болалар ўйингоҳлари, спорт майдонларини ўз атрофига қамраб олган, барча шароитларга эга уй-жойлар фуқароларимиз орзу қилганидек бунёд этилган десам адашмаган бўламан.


Ҳурматли ватандошлар, байрам иштирокчилари!

Сизларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрами билан яна бир бор чин дилдан табриклайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва омад ёр бўлсин!

Фарзандлар, набиралар камолини кўриб юриш ҳаммамизга насиб этсин!

Гўзал ва бетакрор юртимиз ҳамиша тинч ва фаровон бўлсин!

Меҳнаткаш ва олижаноб, бағрикенг халқимиз доимо соғ-омон бўлсин!

Яратганнинг ўзи барчамизни паноҳида асрасин!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Эътиборингиз учун рахмат!

Report Page