Берберин нима?
Берберин — айрим доривор ўсимликлар таркибида учрайдиган табиий биологик фаол модда бўлиб, асрлар давомида халқ табобатида қўлланиб келинган. У асосан зирк (барбарис) ва шу каби шифобахш ўсимликлар таркибида мавжуд.
Мутахассислар таъкидлашича, берберин қондаги қанд миқдорини меъёрлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. У инсулин сезгирлигини ошириб, қандли диабетнинг иккинчи тури хавфини камайтиришга ёрдам беради. Шу билан бирга, моддалар алмашинувини яхшилаб, ортиқча вазн тўпланишининг олдини олади. Шунингдек, юрак-қон томир тизими фаолиятини қўллаб-қувватлаб, холестерин ва ёғ моддаларининг камайишига хизмат қилади. Унинг антибактериал ва яллиғланишга қарши хусусиятлари ичак фаолиятини яхшилаш, иммунитетни мустаҳкамлашда ҳам самара беради.
Бугунги кунда берберин турли биологик фаол қўшимчалар таркибида қўлланилмоқда. Аммо мутахассислар уни ўзбошимчалик билан қабул қилмаслик, айниқса қанд туширувчи дорилар истеъмол қилаётганлар шифокор маслаҳати ва тавсиялари асосида ичиши зарурлигини таъкидлайдилар.
Хулоса қилиб айтганда, берберин — табиат инъоми сифатида саломатликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим моддалардан биридир. Тўғри ва меъёрида қўлланилганда, у соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашда ишончли ёрдамчи бўла олади.