Бепул операцияларни кимлар қилади?
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг хабар беришича, юртимизда ихтисослаштирилган ёпиқ турдаги таълим муассасаларини тарк этаётган 310 нафар боланинг ижтимоий мослашувини қўллаб-қувватлаш лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа доирасида “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”га кирган оилаларнинг юрак касалликлари мавжуд бўлган ва жарроҳлик амалиётига муҳтож фарзандларига бепул операциялар ва реабилитация хизматлари тақдим этилади. Шунингдек, республика миқёсида номли дафтарларга киритилган оилаларнинг, “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланувчи лаб-жағ соҳасида нуқсони бўлган, тананинг турли қисмларида куйиш оқибати пластик жарроҳликка муҳтож 200 нафар болага худди шундай хизматлар кўрсатилади. Мазкур лойиҳа учун Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан 550 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ажратилиши режалаштирилмоқда.
Муаммо нимада? Конституциянинг 40-моддасида “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга” деб ёзилган. Маълумки, бизда тиббиёт иккига бўлинган — бепул давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳамда хусусий тиббиёт. Аммо баъзи ҳолатларда хусусий тиббиёт ҳам маълум бир рўйхатдагилар учун вазиятдан келиб чиққан ҳолда, бепул тиббий хизмат кўрсатиши белгилаб қўйилган. Юқоридаги маълумотга аҳамият қаратсак, шундоқ ҳам ўша болалар шифохоналарга олиб борилса, бепул жарроҳлик амалиёти бажарилиши керак эмасми? Ўзимизнинг болаларимизни ўзимиз операция қилишимиз учун бошқа давлат бизга пул бериши керакмикан? Бундай ҳолатда ушбу ажратиладиган пулларнинг ўз жойида ишлатилишига ҳам шубҳа туғилиши тайин. Ўша жарроҳлик амалиётига муҳтож болажонларни малакали шифокорлар операция қиладими ёки амалиётчи шифокорлар? Саволлар кетидан саволлар туғиляпти. Шундоқ ҳам боласи бемор бўлган ота-она ҳеч қачон қараб турмайди. Бор-будуни сотиб бўлса-да, боласини даволатишга ҳаракат қилади. Асосийси, тўғри ташхис ва тўғри даволашдир.
Нима қилиш керак? Агарда жарроҳлик амалиётлари хорижлик мутахассислар жалб этилган ҳолда амалга оширилса, бу бошқа гап. Бундай ҳолатда текин операция қилиб берилади, дея жар солинса, ярашган бўларди. Масъуллар тақдим этаётган маълумотлар борасида яна бир карра ўйлаб кўрса, яхши бўлармиди? Олдинлари хорижлик мутахассислар келиб, операция қиладиган вақт белгиланарди. Шунга қараб ҳамма ҳаракатини қиларди. Кимдир пул билан, яна кимдир “таниш-билиши” орқали навбатга ёзиларди. Бу бўлган ҳолат. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам бемор болалар учун яхши имконият эди. Худди шундай лойиҳалар қилинса, токи хорижга даволанишга боролмаётган болалар учун айни муддао бўлармиди.
Нилуфар ЮНУСОВА.