Бекорчи «бешлик» жиноятга қўл урди

Бекорчи «бешлик» жиноятга қўл урди


Одатда бирор-бир тайинли ишнинг, яъни касбу корнинг, фойдали машғулотнинг бошини тутган кишида деярли бўш вақт бўлмайди. Аксинча, қилар ишининг тайини бўлмаган шахснинг охир-оқибат жиноятга қўл уриши мумкинлиги ҳаётда кўп бора ўз тасдиғини топган. Аксарият бу тоифа кишилар мўмай пул топиш илинжида юришади. Негаки, кундалик шахсий эҳтиёжлар, тирикчилик ва рўзғор ташвишлари кутиб ўтирмайди, ҳеч кимга шафқат қилмай, туғилгандан туғилаверади.

Зангиота туманида яшовчи Ҳаким Ортиқов, Абдулла Каримов, Достон Одилов, Жасур Орипов ва Султон Аҳмедовлар (исм-фамилиялар ўзгартирилган-муаллифлар) айни навқирон, тоғни урса талқон қиладиган ёшда(33, 24, 32, 24, 33 ёшда)ги йигитлар. Аммо уларни бекорчилик — ишсизлик, меҳнат қилмай пул топиш каби иллатлар жиноий мақсадда бирлаштирди. Ачинарлиси, мазкур жиноят иши доирасида тумандаги фермер хўжалигида қоровул бўлиб ишловчи, 52 ёшли Музаффар Валиев ҳам суднинг қора курсисига ўтирдики, бунинг тафсилотларини кейинроқ келтириб ўтамиз.

Гап шундаки, Ҳаким, Абдулла, Достон ва жиноят ишининг унга оид қисми алоҳида иш юритувига ажратилиб, қидирув эълон қилинган Насрулла Зулфиқоров туманнинг марказий шоҳкўчасида яшовчи Назир Қосимовнинг уйида катта миқдорда пул ҳамда моддий қимматликлар борлигини яхши билишарди. Бинобарин, ишсизликдан ҳамёни деярли пул кўрмаётган бу ҳамтовоқлар ана шу бойликларни қўлга киритишни режалаштиришди. Шу мақсадда 2019 йил 24 июнь куни тунги соат 02:30ларда юзларига ниқоб кийган ҳолда девордан махсус арқон ёрдамида ошиб ўтиш орқали мазкур хонадонга бостириб киришди. Табиийки, бу маҳал Назир ака ва рафиқаси Салтанат опа ухлаб ётишганди. Босқинчилар эса бундан фойдаланиб, ўзлари олиб келган темир занжир, ёғоч бита ва болта билан эр-хотиннинг боши ҳамда танасининг турли қисмларига ура бошлашди. Сўнг Н.Қосимовнинг қўл-оёқларини боғлаб ташлашди. Қолаверса, уларнинг оғзини скоч билан ёпиб, пул ва бошқа моддий қимматликларини талаб қилишди. Шунда жони омон қолишини ўйлаган Салтанат опа тилла тақинчоқларнинг сейфда турганлигини, пуллар эса ошхонада эканлигини айтади.

Дарҳақиқат, унинг кўрсатмасига асосан жиноятчилар сейфдан тилла тақинчоқларни олиб, ошхонага чиқишади. Ошхонага ўтишда ётоқхона эшигини қулф­лаб қўйишади. Вақтдан унумли фойдаланган С.Ботирова эрининг қўл-оёғини ечиб юборади. Натижада Назир ака деразадан ошиб тушиб, қўни-қўшниларини ёрдамга чақиради. Буни сезган “меҳмон”лар бўлса ошхонадан пулларни олиб, жуфтакни ростлашади. Кейинчалик уларнинг 110.­000.­000 сўмлик тилла тақинчоқлар ва 283.577.500 сўм нақд пулларни олиб кетгани маълум бўлади.

Шундан сўнг оғир жароҳатланган Назир Қосимов тез тиббий ёрдам бўлимига олиб кетилади. Босқинчилар қўлга киритилган пул ва тилла тақинчоқларни “Навқирон” маҳалласи ҳудудидаги маккажўхори экилган далага яшириб қўйишади. Жасур Орипов ва Султон Аҳмедов эса буни била туриб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар беришмайди. Қолаверса, эртаси куни тунги соат 01:00ларда Жасур “ўғрини қароқчи урди” қабилида иш тутади. Яъни у маккажўхори ичига яширилган тилла тақинчоқларнинг 3.100.000 сўмлигини ўғирлаб, уларни Чилонзор туманидаги “Фарҳод деҳ­қон бозори” ёнида жойлашган тилла буюмлар савдо дўкони соҳибига 3.075.000 сўмга сотиб юборади. Ўшанда Жасур бу ўғирлиги учун Ҳаким, Абдулла ёки Достон эътироз билдиргудек бўлса, уларнинг “сири”ни фош қилишни хаёлидан ўтказган ёхуд босқинчиларнинг ўзлари унинг олдида тиллари қисиқлиги боис лом-мим дейишолмагандир балки? Бироқ жабрланувчининг мурожаатига асосан ишга киришган қонун ҳимоячилари кўп ўтмай айни жиноятни фош этишади.

Буни қарангки, тергов-суриштирув жараёнида худди тилла занжир ҳалқаларидек, “қаҳра­мон”ларимизнинг бошқа жиноятлари ҳам кетма-кет ошкор бўлади. Аниқланишича, Музаффар Валиев ўша йилнинг баҳор фаслидан буён ҳовлисидаги иссиқхонада таркибида тетрагидроканнабинол моддаси мавжуд бўлган каннабис ўсимлигини парваришлаётган, шу билан бирга, молхонасида соф вазни 42 граммга тенг бўлган марихуана гиёҳвандлик воситасини сақлаб келаётган экан. 

Бундан ташқари, Абдулла Каримов ва Ҳаким Ортиқов Б.Ас­қаровнинг ҳовлисига яширин равишда кириб, 179 грамм марихуанани ўғирлаб кетишган. Сўнгра мазкур гиёҳвандлик воситасини Ҳ.Ортиқов ўзининг уйи­да сақлаб келган.

Албатта, юқорида тилга олинган ҳолатларнинг барчаси тегишли экспертиза хулосалари билан ўз тасдиғини топган. Бинобарин, айбдорларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳар кимнинг қилмишига яраша деганларидек, мазкур жиноят ишлари Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми “а”-банди(жуда кўп миқдорда босқинчилик), 169-моддаси 1-қисми(ўғирлик), 241-моддаси 1-қисми(тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган оғир ёки ўта оғир жиноят ҳақида аниқ билгани ҳолда хабар бермаслик), 270-моддаси 1-қисми(тақиқланган экинларни етиштириш), 271-моддаси 2-қисми “б,ж” бандлари(бир гурух шахслар томонидан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда эгаллаш), 273-моддаси 4-қисми(гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш), 276-моддаси 2-қисми “а” банди(гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда кўп миқдорда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бош­қа ҳаракатлар)ни ўз ичига олади. Шу боис жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди Ҳаким Ортиқов, Абдулла Каримов, Достон Одиловларни узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш, Жасур Орипов, Султон Аҳмедов ва Музаффар Асқаровларни эса озодликни чеклаш жазосига маҳкум этди. Шунингдек, суд ҳукмида Ҳ.Ортиқов, А.Каримов, Д.Одиловлардан жабрланувчи Н.Қосимов фойдасига солидар тартибда 290.959.934 сўм миқдоридаги моддий зарарни ундириш ҳам белгиланди.

Шу ўринда масаланинг бир жиҳатига эътибор қаратиш лозим. Юқорида мазкур жиноятга бекорчилик — ишсизлик сабаб бўлганини таъкидладик. Негаки, жиноят иши материалларида 6 нафар судланувчидан 5 тасининг ишсиз эканлиги қайд этилган. Ҳаттоки, улардан 2 нафари ўрта махсус маълумотга — аниқ бир касбга эга бўла туриб, ҳеч қаерда ишламагани ҳам ҳудуддаги мутасаддиларнинг, сектор раҳбарининг, маҳалла фаолларининг аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги масъулиятсизлиги “самараси” эмасми?

Ёки 5 нафар судланувчининг туманнинг Эшонгузар ҳудудида истиқомат қилиши, судланувчи Музаффар Асқаровнинг эса узоқ вақтдан буён ўз уйида таркибида гиёҳванд модда мавжуд бўлган ўсимликни парваришлаганлиги ёхуд марихуана гиёҳвандлик воситасини сақлаб келганлиги маҳалла оқсоқоли ва профилактика инспекторининг ҳудудда назоратни сусайтириб юборганидан, аниқроғи, маҳалладаги вазиятдан тўлиқ бохабар эмаслигидан дарак бермайдими?

Шундай экан, ҳамма айбни жиноятчига, унинг оиласига ағдаравермасдан ён-атрофдагилар — жамоатчилик ҳам бундай масалада ўз дахлдорлигини, лоқайдлигини ҳис этиши шарт.

Зафар ШАРОПОВ,

жиноят ишлари бўйича

Зангиота туман судининг судьяси

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист
Бизни кузатиб боринг:👇👇👇

@Gazeta_Adolat

Report Page