Китобдан эзгулик қасрин қургайсан.....

Китобдан эзгулик қасрин қургайсан.....


@Bekobodhaqiqati 🇺🇿 канали учун махсус тайёрланди.

Атрофимизда адабиёт, шеърият муҳитида яшайдиган оилалар талайгина. Ана шундай хонадонлардан бирида яшайдиган туманимизнинг тажрибали ижодкори Карим Мавлон узоқ йиллардан бери шеъриятга ошно яшайди. Ўзининг ижоди билан Бекободликлар меҳрини қозонган шоирнинг шеърлари содда ва самимийлиги билан ажралиб туради. Нафақат туман, балки вилоят ва ҳаттоки республика миқёсида ижодкорнинг ўта самимий ёзилган шеър ва ҳикоялари ўз мухлисларини топган. Серқирра ижодкорнинг ўз асарларида, айниқса, қишлоқ кишиларининг самимий ҳаёт тарзини соддалик билан тилга олишлари оддий қаламкашга хос эмас. Шунингдек, ҳеч қайси китобхонни бефарқ қолдирмайди, албатта. Устоз ижодкорнинг ўз шогирдларига бераётган маслаҳатлари ҳам ана шундай самимиятга йўғрилган, десак, муболаға бўлмайди. Бобоси изидан бораётган унинг набираси Мухтасар Каримова ўз овозига эга бўлаётган ёш шогирдларидан ҳисобланади. Қуйида шоир ва журналист Карим Мавлон ҳамда Халкаро Ислом академияси талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти сохибаси Мухтасар Каримова ижодидаги намуналар билан танишасиз:


ОТА НАСИҲАТИ

Ҳаёт йўли ўткинчи,

Унга маъюс қараяпман.

Унда мен бир йўловчи,

Болам, қариб боряпман.


Сочларга укпар қўнди,

Юзга ажинлар инди,

Гўё лойқа сув тинди,

Болам, қариб боряпман.


Нозиклашиб борар дил,

Сал нарсадан тунд кўнгил,

Шунда мени тушунгил,

Болам, қариб боряпман.


“Уфф” деб қотмасин энсанг,

Ўрарсан нима эксанг,

Тўкиламан – сал тегсанг,

Болам, қариб боряпман.


Менга дунё керакмас,

На ташвиш ҳою хавас,

Ширин сўзинг бўлса бас,

Болам, қариб боряпман.


Менга меҳр бер фақат,

Бошқа нарса не ҳожат,

Тинч қилайин ибодат,

Болам, қариб боряпман.


Дил тугунинг менга еч,

Жонинг оғримасин ҳеч,

Дуодаман эрта-кеч,

Болам, қариб боряпман.


ЖАННАТГА ПОЙДОР ЗОТГА

Меҳр нури балқирди юзу кўзида,

Ҳикмат хиди анқирди ҳар бир сўзида,

Ибрат садо берарди босган изида,

Ким деб мендан сўраманг, Каъбам эди ул,

Жаннат пойида бўлган маъвам эди ул.


Дерлар: яхшилик қил аввал онангга,

Ва яна онангга, яна онангга,

Яхшилик раво кўр сўнгра отангга,

Бу хадис ҳикмати дилни поралар,

Кўзларим ёшлатиб, қалбим яралар.


Охирги нафасин илғай олмадим,

Сўнгги сўзларини тинглай олмадим,

Билмам, розилигин олдим-олмадим,

Барчасин ул Қодир Аллоҳ билгайдир,

Охират кунида сўроқ қилгайдир.


Қиёматда унинг васлин кўрайин,

Ҳар бир сўроғига қойим турайин,

Беҳиштда онам-ла бирга бўлайин,

Майлига ёнма-ён юрмасам ҳамки

Волидам оёғин гарди бўлайин.


МУНОЖОТ

Фикру ёдим сенда доим нотавон бир бандаман,

Ишқинг ила гоҳ саҳрода, гоҳида чамандаман.


Лаин изни бирла гоҳи гуноҳ чоҳига тушиб,

Эл-юрт аро шармусору олдингда шармандаман.


Қўрқув босиб юрагимни азобларинг ўйласам,

Лек висолинг умидини қилмадим ҳеч канда ман.


Ожизликда, гумроҳликдан гарчи чексам нолалар,

Само узра сенинг Аршинг, мен эса тубандаман.


“Ўқи” деган даъватинг-ла Китобинг қўлга олдим,

Тилу дилимда каломинг, алхусус мен сандаман.


Сенинг зикринг билан Аллоҳ ҳаёлим дунё кезар:

Гоҳ Мисрда, гоҳи Шомда, гоҳида Ямандаман.


Гоҳи Макка, Мадинада Расулга салом айтиб,

Пайғамбарлар пойи теккан муборак Ватандаман.


Қўлим эзгу ишда Карим, қалбим эса сендадур,

Охиратда бўлай дейман сенга аржумандаман.


Тўртлик

Дўстларим, сўз кўрки матал, мақолдир,

Қариялар кўрки эса соқолдир.

Минглаб гулдан йиғилган нектар мисоли,

Кексаларнинг сўзи асалдир, болдир.


Карим Мавлон,

Шоир ва журналист

@Bekobodhaqiqati 🇺🇿


ҲАЗРАТ НАВОИЙГА

Баъзан оғир келар дардни ёзмоқлик,

Не керак сурурли шеърлар - ҳавойи.

Ғарқ бўлгум ташбеҳи маржон сўзларга

Ишқийнавосини куйлар Навоий.


Сўз оқа бошлайди томирларимда,

Лайлитол тебраниб эгади бошин.

Дилларни титратган гўзал ташбеҳ-ла

Жунун водийсида юрдим адашиб.


Ўқийман, тонг отар хуфтон дилимда,

Сочилар кавкаби шабдек андуҳим.

Қалбимда тамуғий сифатлар бисёр,

Сўзидек бир ужмоҳ истайди руҳим.


Мажнун сафар қилар ўз Ишқи томон,

Фарҳодлар йўнади севги тошини.

Ўқийман, қалбларга солиб қўяди

Оламнинг энг олий Сангтарошини.


Қалбни мусаллам этар Ҳазратим, токи

Ёр бўлса, ишқийсўз фақат ёр бўлсин.

Шу сўз-ла меҳр кўп кўргузар, ахир

Меҳрибоне топар даргоҳ бор бўлса!


ЭРТАК

Пешайвонда қатор кўрпача,

Ётиб олиб санаймиз юлдуз.

Бир, икки, уч... Анав меники,

Ўн, йигирма, ўттиз, қирқ, юз...


Онам айтиб беради эртак,

Бир бор экан, бир йўқ экан...Сўнг

Қадим-қадим замондан келар

Баҳодирда қиличида чўнг.


Асов отин елдиради у,

Яхшиларга беради ёрдам.

Қиличини кўтариб кўкка

Ёвга қарши курашар илдам...


Битта-битта ухлаб қоламиз,

Тугатади онам эртагин.

Йўқолади саналган юлдуз,

Тушда эртак кўрамиз тағин.


... Ҳозир ўзимники бўлмаган

Юлдузларни санайман - эрмак.

Ва ишонмай қўйган ўзимга

Айтиб бера бошлайман эртак:


Бор экану йўқ экан,

Бўри баковул эмас,

Тулки ясовул эмас,

Қадимдамас, шу замон

Менга ўхшаш бир ёмон.

Зоҳирида битта ёв,

Ботинида мингта ёв,

Содиғи ҳам ичида,

Хоини ҳам ичида.

Курашади беқилич,

Ғолибликка йўқ илинж,

Енголмайди ўзини,

Тугаб қолар тўзими...


Шундай алжирайман ўзимга,

Тезда тугаб қолади эртак.

Ухлаш учун осмонга қараб

Юлдузларни санайман - эрмак.


***

Булутларнинг кўзларига ҳузн етди,

Деразамнинг сукутида тўзим битди.

Сўнг томчилар уйғотганда ўнгларимдан

Мен соғинган тушларимни узун этди.


Томчиларни чулғаб олган ҳарир овоз,

Хуш ёқарми сенга унинг шивирлари?

Билмам, балки ёмғирлардан сасинг келар,

Қулоғимга аста босдим шитирларни...


Ёмғир тинар... Мен шалаббо кўнгил билан

Ухлолмайман, ётсам ботар дил синиғи..

Бу бегона ташқарига эшитилмас

Хонам деворининг оғир хўрсиниғи.


***

Отар яна бир сабоҳ,

Ҳамдлар сенга Ё Азим.

Жаннат исларин туяр

Митти қушлар - муаззин.


Ҳабибимга изҳорин

Етказур ҳар ким бугун.

Шивирлайди майсалар:

«Ассалому алайкум».


Чап кўксимни жом этгум,

Қуйилса ишқий оят.

Дилларга нур берган кун

Топмасайди ниҳоя.


Қўлим дуога очсам,

Сизларсиз мустажобим.

Меҳрингиз диллардаги

Ёмонликлар ҳижоби.


Юзимни қора этмиш

Кинларга хайрларим.

Эй яхшим, сизга бўлсин

Жуманинг хайрлари.


ОТ МИНГАН ҚИЗ ҚЎШИҒИ

1.

Қани кенглик?

Тўрт девордан чиқмаганман, чўчиб келдим.

Ана кенглик,

Сукунатдан шовқинликка кўчиб келдим.

Мана кенглик,

Отим билан эркинликка учиб келдим,

Чоп-чоп дедим.

Шамолларга : -Етолмайсан, энди ҳолинг хароб, - дедим.

Чоп-чоп дедим,

Чопишми гап?

Чопоғоним шамоллардан ўтиб кетди,

Ер кўксини титиб кетди,

Қулоқларим битиб кетди.

Оҳ озодлик, на осмонда на ердаман,

Қушга қараб гердаяман,

Дод озодлик!!!


2.

Тулпоримнинг белларида оғриб кетди,

Кўп тортилган ёлларида оғриб кетди.

Тортдим шартта

Тобеликка кўнган эркни.

Сакраб тушдим:

- Аё тулпор, дардинг бўлса айт дейманов,

Ўзинг югур, ҳайда-ҳайда «ҳайт» дейманов.

Чопди, чопди, кетаверди, тўхтамади,

Юрак ғашлаб: - Қайт дейманов,

Қайт дейманов.

Ҳеч кимда йўқ чин эркинлик,

Сўйламадим сенга ўтрук.


3.

Мен ким? - Нодон.

Қараб қолдим адир томон,

Шу кеч гала бўриларнинг оғизлари қон…


КУЗ

Осмон қовоғидан ёмғир ёғади,

Далада деҳқоннинг хирмон лашкари.

Тиниқ осмондаги ойга талашиб

Довулда булутлар ўйнар кўпкари.


Тутқун қушчаларнинг очиқ қафаси,

Ҳу-ув гулгун шафаққа кетади сингиб.

Шамол ғиносидан тўкилар япроқ,

Мусича бир четда қолади инграб...


Сарғайган майсалар ўқийди сура,

Кўкка шох чўзади дарахтлар беун.

Вақтин қандай қилиб харжлаганини

Билмасдан уйқуга тайёрланар дун.

Марҳабо,

Куз!!!


ТАҚИЛЛАЙДИ ТАХТАКАЧ...

Тақиллайди тахтакач,

Она тўғрайди пиёз.

Секингина артади,

Кўздан ёш оқса бироз.


Қўшиб кесар ғамини

Она пиёзи билан.

Юрагидек онанинг

Тирналади тахта ҳам.


Пичоқ тақ-тақ урилар,

Маржон ёшлар тўкилар.

Юрагининг иплари

Битта-битта сўкилар.


Тақиллайди тахтакач...

Пичоқ унга ҳамхона.

Мақсад- ғам ёшин тўкиш,

Пиёз бу- бир баҳона.


Мухтасар КАРИМОВА,

Халкаро ислом академияси талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти сохибаси


@bekobodhaqiqati телеграм канали учун махсус тайёрланди.

Report Page