Батафсил
Мамлакатимизда сўнгги йилларда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бунинг натижасида, охирги 5 йил давомида ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми жумладан,пахта, ғалла, мева-сабзавотчилик, чорвачилик маҳсулотлари, ўрмон ва балиқчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми ортиб бормоқда.
Шу билан бирга, жаҳон бозорида маҳсулотларга қўйилган сифат ва хавфсизлик талабларининг тобора кучайиб бориши, республикамизда етиштирилаётган маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш учун қўшимча чоралар кўришни талаб қилмоқда.
Бугунги кунда, Республикада Organic ва Global G.A.P. халқаро стандартлари талабларига мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш, тартибга солиш ва мувофиқлаштириш тизимларини ривожлантириш, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини яхшилаш, экспорт географиясини кенгайтириш, шунингдек, мамлакатимизнинг органик маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида қишлоқ хўжалиги корхоналарига бир қанча шароитлар яратиб берилган.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тарихида ушбу амалиёт ўз ўрнига эга, яъни асрлар давомида шаклланган анъанавий сабзавотчилик ва боғдорчилик маданияти маҳаллий ўғитлардан ҳамдаўсимликларни ҳимоя қилишнинг биологик усулларидан фойдаланишни кўзда тутадиган биологик деҳқончилик тамойилларига асосланган.
Бу генларни модификация қилиш технологияларини қўлламасдан, озуқавий қиймати юқори, ўзига хос таъм ва истеъмол хусусиятларига эга бўлган органик (экологик тоза) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш имконини беради.
Шунга қарамасдан, ҳозирги кунда органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ўсимликларни ҳимоя қилиш учун ишлаб чиқарилаётган биологик маҳсулотлар ва уларни қўллашда давлат томонидан белгилаб қўйилган стандартлар ва меъёрий ҳужжатларга тўлиқ амал қилинмаётганлиги, ушбу усулнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда.
Бугунги кунда, Тошкент вилоятида ўсимликларни ҳимоя қилишнинг биологик усулларини қўллашда фойдаланиладиган фойдали ҳашаротларни, яъни “трихограмма”, “бракон” ва “олтинкўз” каби биомаҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш фаолиятини амалга ошираётган 37 та биолаборатория ўз фаолиятини амалга ошириб келмоқда.
Инспекциянинг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан ушбу ишлаб чиқарилаётган биомаҳсулот (энтомофаг)лар Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги, “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунлари ҳамда соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида ишлаб чиқарилаётганлиги ва реализация қилинаётганлиги назорат тартибида ўрганилди.
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Тошкент вилоят бошқармаси Меъёрий хужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими томонидан Оққўрғон ва Қуйичирчиқ туманларида фаолият юритаётган биолабораторияларда ўтказилган текширувда ўлчов ва синов воситаларини давлат қиёсловидан ўтказмаган ҳолда фойдаланиб келаётганлик ҳолатлари аниқланиб, инспекция ваколатлари доирасида 6 нафар биолаборатория раҳбарларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, белгиланган тартибда жиноий судларга юборилди.
Инспекция томонидан бу каби, назорат тадбирларининг амалга оширилиши аҳоли ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш, сифатли маҳсулотлар сотилишини таъминлаш ҳамда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишда қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйилмаслигини таъминлашдан иборат.
“Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилояти бошқармаси Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими бош инспектори Л.Б.Исабеков
“Ўзагроинспекция”нинг Янгийўл
туман бўлими бошлиғи Э.Д.Бўтаев
✍️ Янгийўл туман ҳокимлиги Ахборот хизмати
Telegram (https://t.me/yangiyul_tuman)
Instagram (https://instagram.com/axborot_xizmati_77?igshid=yrbeg6ojuocd) Youtube (https://www.youtube.com/channel/UC2vczo-HUIpMVOjusRPbYZA)