Башарият шоирига эҳтиром
Buxoro.uzҲар бир халқнинг қанчалар қадим ва навқирон эканлиги унинг бой ва қимматли тарихи билан ўлчанади. Темурийлар давлатининг барпо этилиши диний ва дунёвий илмларнинг, адабиёт ва санъатнинг юксак даражада ривожланишига имконият яратди. Алишер Навоий айни шу олтин даврда яшади. Нафақат яшади, балки бой илмий-ижодий мероси, буюк шахсияти билан мазкур давр силсиласида ўз бетакрор ўрнига эга бўлди. Мана, олти асрга яқин вақт ўтибдики, инсоният бу улуғвор сиймога алоҳида эҳтиром кўрсатиб келмоқда. Унинг асарлари нафақат юртимизда, балки умумтуркий маънавий мерос сифатида Ғарбу Шарқда бирдек ўрганилиб, ўлмас ва умумбашарий ғоялари кенг тарғиб этиб келинмоқда.
Юртимизда жорий йилда таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланаётган аллома асарлари кириб бормаган хонадонни топиш мушкул. Унинг бетимсол шахсияти ва ижодига шу даражада илиқ ва самимий муносабат шаклланганки, эндигина тили чиқиб, тетапоя бўлаётган жажжи фарзандларимиз ҳам шоир ғазал ва рубоийларидан намуналарни ёд айта олишади. Устоз-мураббийларимиз, нуроний отахону онахонларимиз нутқида Навоий ҳикматлари янграмаган, унинг безавол шахсияти каттаю кичикка ибрат қилиб кўрсатилмаган кунни эслаш амри маҳол. Буларнинг барчаси Навоий ижоди ва шахсияти халқимиз учун аллақачон муқаддас қадриятга айланиб улгурганлигидан яққол далолатдир.
Президентимиз қарорига кўра жойларда Навоийхонлик давраларини ташкил этиш кенг тус олаётган айни кунларда буюк мутафаккир илм ва ижод уммони бизга янада яқинроқ келаётгани, ўз маънавий қудрат ва салоҳиятидан барчамизни беғараз баҳраманд этаётгани ҳам айни ҳақиқат. Бу – вилоятимиз бўйлаб ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда такрор-такрор ўз эътирофини топаётир.
Вилоятдаги асосий тадбирлар 9 февраль тонгида буюк мутафаккирнинг Бухоро давлат университетида ўрнатилган бюсти пойига гул қўйиш маросимидан бошланди. Маросимда университет профессор-ўқитувчилари, шоир-ёзувчилар, ўқувчи ва талаба-ёшлар иштирок этишди. Унда сўз олганлар Алишер Навоий маънавий меросининг бугунги авлод камолотида тутган ўрни, айниқса, буюк шоирнинг одамийлик фазилати юксак даражада тараннум этилган асарлари ҳақидаги мулоҳазаларини баён этдилар. Талаба-ёшлар ижросида янграган шоир ғазал ва рубоийлари улуғ бобокалонимиз сиймосига ўзига хос эҳтиром рамзи сифатида маросимга ўзгача файз бағишлади.
Шундан сўнг аллома юбилейига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар бир вақтнинг ўзида икки масканда – вилоят мусиқали драма театри ҳамда Бухоро давлат университетида давом этди.
Бухоро давлат университети филология факультети ўқитувчи ва талабалари томонидан тайёрланган адабий-мусиқий дастур тақдимоти давомида шоирнинг умумбашарий ғоялари яна бир маротаба диққат марказида бўлди. Мазкур илм даргоҳининг санъатшунослик факультети талабалари иштирокида кечган, Навоий сиймоси акс этган расмлар кўргазмаси ҳамда мусиқий чиқишлар талаба-ёшлар қалбидаги улуғ бобокалонимизга бўлган чексиз эҳтиром намунаси сифатида олқишга сазовор бўлди.
Вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтган тадбир аввалида сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Шаҳриёров Алишер Навоий сиймосига кўрсатилаётган эҳтиром аслида халқимизга бутун дунё аҳлининг юксак ҳурмати ифодаси эканлигини қайд этиб, улуғ шоир маънавий олами, бетакрор шахсияти ва ўлмас ғоялари катта-кичик ҳар бир инсон учун ўзига хос дастуриламал бўлиб хизмат қилаётганлигини таъкидлади.
Шундан сўнг театр ёш режиссёри Лазиз Наврўзов раҳбарлигидаги ижодий жамоа томонидан тайёрланган театрлаштирилган адабий-мусиқий дастур йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди. Буюк шоирнинг туркий тилдаги илк “Хамса”си марказий ўринда турган томоша давомида мумтоз адабиётимиз ихлосмандлари шоир достонлари қаҳрамонлари билан яна бир маротаба юзлашдилар, уларнинг дарду ҳасрати, орзу-армонларига қулоқ тутдилар, буюк аллома ўгитларидан ўзига хос хулосалар чиқардилар.
Вилоят Намунали мақом ансамбли, Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлинмаси бадиий жамоалари ижросидаги куй-қўшиқлар, рақс композициялари назм ва наво кечасига алоҳида шукуҳ бағишлади.
Улуғ мутафаккир юбилейига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар вилоятимиз бўйлаб давом этмоқда.
Шодмон СУЛАЙМОНОВ