Барчаси ўз қўлимизда!

Барчаси ўз қўлимизда!


Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2020 йил 3 апрелдаги коронавирус келтириб чиқарадиган иқтисодий инқирозни юмшатиш бўйича халқимизга йўллаган навбатдаги мурожаатномасига муносабат.

Мамлакатда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, аҳоли учун қулай экологик шароит яратиш ва ноёб табиатни сақлашга жамиятнинг барча кучларини сафарбар қилиш, ҳудудий ва маҳаллий экологик муаммолар ечимини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жамиятда экологик маданият даражасини кўтариш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларида миллий ғурур, Ватанга ва табиатга содиқлик ва муҳаббат ҳиссини шакллантириш, ёшларни табиат ва унинг ресурсларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш ишларига ҳисса қўшиш, атроф муҳит, табиатни моҳофаза қилиш ишларида фуқаролар фаоллигини ошириш Ўзбекистон Экологик партиясининг бош мақсадларидир. Бугунги кунда дунёда рўй бераётган машъум касаллик “Сovid-19” инфекцияси инсониятни табиатдан устун бўлолмаслигини исботлаб берди.


Биз инсонлар табиатга бир вақтнинг ўзида жуда кўп босим ва таъсир кўрсатиб келдик. Атроф муҳит ҳолатига эътиборсиз муносабатда бўлиш, табиий ресурслардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш ва экологик талабларни менсимаслик кундалик одатларимизга айланиб борди. Инсоният ўзини энг қудратли жонзот санайдиган бир пайтда, кўзга кўринмайдиган ушбу тириклик, барча одамларга табиат нақадар қудратли эканлигини шунингдек, сир-синоатларга бойлиги, инсоният ундан устун бўлолмаслигини, қайси соҳа бўлмасин табиат билан ҳисоблашишга мажбурлигини  исботлаб берди. Биз хоҳлаймизми, йўқми табиат билан чамбарчас боғлиқмиз. Унинг яратувчиси эмас, шунчаки бир бўлагимиз холос!

Биз табиатга ғамхўрлик қилмасак, ўзимизга ҳам ғамхўрлик қила олмаймиз. Бутун инсоният ривожланиши давомида Ер сайёрасига мисли кўрилмаган таъсир кўрсатар экан унга жавобан табиатнинг 10 миллиардлик ер аҳолисига зарба бераётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ривожланишда табиатни энг кучли иттифоқчимиз сифатида кўриб, унинг талаб ва меъёрлари асосида ривожланишимиз керак.

Коронавирус пандемияси глобал инқироз ҳолатларига қолаверса, иқтисодиёт тармоқларига ўзининг салбий таъсирини намоён этмоқда. Сармоялар ривожланаётган бозорлардан ва мамлакатлардан қочар экан, ушбу давлатлар коронавируснинг энг кучли зарбаларини ўзлаштирмоқдалар. Дунёнинг энг олд қатордаги туризм корхоналари эса инқироз остонасида туриб, ўз ходимларини муддатсиз таътилга чиқармоқда. Албатта мамлакатимизда ҳам ушбу инфекция ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Афсуски, 2 нафар ҳамюртимиз ушбу касаллик қурбони бўлди. Ҳозирги вазиятда мамлакатимизда иқтисодий вазиятни юмшатиш, иқтисодий инқирозни олдини олиш бўйича тинимсиз чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу борадаги ишларнинг давоми сифатида президентимиз Шавкат Миромонович, жорий йил 3 апрелда коронавирус пандемияси ва инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича халққа мурожаат қилди. Мурожаат давомида Юртбошимиз юртимизга келган ушбу синовли жараёнидан метин ирода ва сабр-бардош билан ўтиб олишига халқимизга ишонч билдириб ўтди. Бугун дунёда жуда кўп минглаб одамлар бу касалликнинг қурбонига айланди. Ушбу касаллик бир неча давлатларни қамраб олди ва халқларни бирдек ташвишга солмоқда.Унинг давосини топиш бўйича ишлар самарасиз бўлиб қолмоқда. Касалликни маҳалламизга, оиламизга олиб кирмаслик учун ҳар бир фуқаро ўзи масъуллиги, барчаси ўз қўлимизда эканлиги мурожаатномада айтиб ўтилди. Президентимиз бу синовдан халқимиз кўп нарсаларни ўрганиб, қудратли ва ўзига ишонган мамлакат сифатида ўтиб олишига ишонч билдирди. Ушбу вирус билан курашиш учун Республика махсус коммисияси 24 соатлик иш режимида ишлаётгани таъкидлаб ўтилди. Мамлакатда касаллик билан курашишда барча чора-тадбирлар қўлланилаётганлигига қарамасдан 2 инсон вафот этгани, уларнинг оиласига халқимиз номидан чуқур ҳамдардлик билдирилди: “Албатта йўқотиш осон эмас, вафот этганларнинг қариндошларига сабр-бардош, бардамлик тилаймиз” дея таъкидлади Шавкат Миромонович. Сovid-2019 билан курашишда Корея, Хитой, Россия, Германия каби кучли мамлакатлардан мутахассисларнинг ташрифи кутилиши айтиб ўтилди.

Афсуски, мана шундай таҳликали ва хушёр бўлишимиз керак бўлган бир пайтда тиббиёт ходимлари талабларини бузаётган, ўзининг соғлигига бепарво бўлиб, бу орқали ўзининг ҳам, атрофдагиларнинг ҳам саломатлигига жиддий хавф туғдираётган юртдошларимиз ҳам борлиги шунинг учун ҳам азиз халқимиз ўзига, оиласига, фарзандлари, қўшниларига огоҳ бўлиши, тиббиёт ходимлари бераётган кўрсатмаларга амал қилган ҳолда ҳаёт тарзини амалга оширишлари кераклиги таъкидланди. Қатъий интизом ва тартиб бўлмаса, ушбу касалликни осонликча енголмаслигимиз мурожаатнома тингловчиларига етказилди. Бугунги кунда мамлакатимизда 100 минг киши карантинга олинган. Шунингдек, чет элдан 13,5  минг фуқаро олиб келиниб, улар ҳам тўла карантинга олинган. Тошкент вилоятида 10 минг киши қабул қилишга мўлжалланган карантин зонаси барпо этилмоқда. Унинг дастлабки бир қисмига ҳориждан келган 2 минг 200 дан ортиқ фуқаролар жойлаштирилди. Зангиота туманида 10 минг ўринли 2 та вирусология шифохонаси қурилмоқда. Яқин кунларда ушбу шифо масканларидаги 2 мингга ўрин ишга туширилиади. Ҳозирги кунгача 245 минта тест, 700 мингга яқин ҳимоя воситалари олиб келиниб даволаш муассасаларига етказилди. Мана шундай тинимсиз чора-тадбирлар натижасида 25 киши тўлиқ соғайиб реабилитизацияга ўтказилди. Лекин орамизда карантин қоидаларни бузаётганлар ҳам борлиги ачинарли ҳол. Ҳозирги кунга қадар 22000 мингта мана шундай қонунбузарликлар бўлганлиги, 330 нафар инсон карантин зонасидан қочгани ҳам сир эмас. Бунинг натижасида эса ҳуқуқни мухофаза этувчи органлар ҳамда Миллий Гвардия ёрдамида бу инсонлар карантин зонасига қайтарилди. Аҳир ушбу инсонларнинг ҳаёти ва саломатлиги ўзи учун, унинг оила аъзолари учун муҳим. Наҳотки шуни англаш қийин бўлса.

Шунингдек, президентимиз ўз нутқида: ”Муҳтарам юртдошлар! Коронавирус тарқалмаслиги учун давлат барча чора-тадбирларни кўради. Аммо ҳар бир Ўзбекистонлик, жамоатчилик вакиллари, бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз. Айрим мамлакатларда кундалик ўта юқори гигиена, ушбу касалликни енгишда муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, аҳолиси зич, қўшнилари билан савдо алоқалари ўта ривожланган бўлишига қарамасдан Япония вируснинг кенг тарқалишига йўл қўймади. Нимага? Тартиб-интизом қаттиқлиги учун. Мутахассислар “япон феномени”ни улардаги ўзига ҳос саломлашиш, шахсий масофани сақлаш, тез-тез кийим алмаштириш, юз-қўлни ювиш, тўла ювиниш тўғри овқатланиш, фаол турмуш-тарзи ва спорт каби 13 та қоида ва урф одатлар сақлаб қолгани билан асосламоқдалар. Бу эса бизда ҳам азал-азалдан мавжуд қўлни кўксига қўйиб саломлашиш одоби борлиги, ўзи асли биздан чиққан бу урф-одат; бундан ташқари  уйга меҳмон келганда қўлга сув қуйиш, жамоат жойларда масофани ушлашни тақозо этади. Шунингдек жамоат жойларида, маҳалла ва ҳонадонларда дезинфекция ишларини мунтазам давом эттириш лозим. Барча корхона ва ташкилотлар ҳар ҳафтада ўз ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиб туришлари зарур. Аҳоли ўртасида ваҳима ва саросима гаплар тарқалишига асло йўл қўймаслик лозим. Талаба ёшларни карантин даврида вақтларини бекор ўтказмай онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиришлари, китоб ўқиб билимларини ошириб боришлари, бадантарбия ва жисмоний машқларни қолдирмаслигини ва бу борада ота-оналар ўрни ва масъулияти айни дамда катта. Яна ушбу карантин яқинларимизга бўлган меҳр-оқибатни мустаҳкамланишига ҳам олиб келиши, баъзилар ўн йиллардан буён ота-она ва фарзандлари билан бир кун ҳам ўтирмаганларини тан олишмоқда. Шунга эътибор берайлик. Баҳорни иссиқ кунлари ҳам яқинлашмоқда. Мавжуд қийинчиликка қарамасдан ҳаёт давом этмоқда. Фермерлар, деҳқонлар ва тадбиркорлар олдида ўта муҳим вазифа турибди. Ҳар биримиз кундалик юмушларимизни хавфсизлик ва санитария қоидаларига тўла амал қилган ҳолда давом эттиришимиз зарур. Чунки бугун йўқотган имкониятларимизни эртага тиклаш қийин бўлади, вақтни эса орқага қайтариб бўлмайди” дея таъкидлади.

Пандемия келтириб чиқараётган иқтисодий инқирозни олдини олиш учун барча чоралар кўриляпти. Бу борада жорий йил 19-март куни президентимизнинг биринчи фармони имзоланган бўлса, ушбу фармоннинг давоми сифатида 3 апрелда бир қатор қўшимча чора-тадбирлар қаъбул қилинди. Фармонга асосан, катта миқдордаги маблағ тадбиркорлик ҳамда қишлоқ хўжалигидаги ер-томарқалардан самарали фойдаланишга сарфланади. Ҳамда бу борада фуқароларга яқиндан кўмак берилади.

Ҳурматли юртдошлар! Президентимиз ва тегишли ташкилотлар томонидан тинимсиз саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётган бир пайтда биз ҳам ушбу касаллик билан курашишда ўз хиссамизни қўшайлик. Касалликни ўз ҳудудимизга яқин йўлатмаслик ўз қўлимизда! Ўта юқори даражада гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда касалликни енгамиз. Уйда, оила даврасида қолайлик!


Анвар Ниёзов

 Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро

вилоят партия ташкилоти раиси



Report Page